26.05.2023

УМАР ТЕРМИЗИЙНИНГ “ИХЛОС” КИТОБИ

Умар Термизий ҳижрий IX аср, милодий XV асрларда яшаб ўтган. Умар Термизийнинг оиласи ва туғилган манзили ҳамда қабри ҳақида бизгача маълумот етиб келмаган. Фақат қўлимиздаги “Тафсиру суратил ихлос” китоби етиб келган. У ҳам бўлса асарнинг нусхасидир асли эса Мисрда кутубхонада сақланмоқда. “Тафсиру суратил ихлос” асарини 857/1453 йиларда вафот этган Миср  подшоҳларидан бири  Зоҳир Муҳаммад Абу Саъид[1] учун таълиф этади.Подшоҳ Зоҳир Муҳаммад Султон, олим, одил, зоҳид, тақводор, муҳаққиқ,  Аллоҳ уни улуғласин ва умрини саодат ила узун қилсин. Каминанинг ихлос ва муҳаббати Султон замонасида мувофиқ бўлгач, дунё арзимас бир мато бўлишига ва мусофирлик қийинчилигига ва  зеҳнларнинг заифлигига қарамасдан ихлос сурасининг тафсирига киришдим. Сўнг, ушбу китобни олимлар ва фозиллар жамоасига тақдим этдим, улар бунинг бадиий томонлари ва ундаги машойихларнинг ҳикматли сўзлари ва ундаги киноя, баҳслар ва қизиқарли масалалар билан ажабланган ҳолатда таҳсинлар ўқишди.

Кейин, бу китобимни подшоҳ, Зоҳир Муҳаммад  мавлойимиз, султон, олимлар мураббийси, фозиллар қаноти, заифлар кўмакчиси, одил ва олимнинг китоблар хазинасига етиб борувчи туҳфа ва ҳадя қилдим. Подшоҳга китоб орқали холисликка, риёдан узоқ бўлишга  ва бир қанча эзгу ишларда яна-да бардавом бўлишликка чақиради. Нафақат подшоҳга балким китоб орқали барча ўқувчиларга   ўз насиҳатларини етказади. Умар Термизий ёзилажак китобини подшоҳга инъом этиш нияти борлигини ва бу ишни тўғри қилиш қилмаслигига ўзи ҳам иккиланади,  мен гавҳарни денгизга улоқтирган одамга ўхшаб қолмайманми, – деб  ўтади. Эй Роббим, Сен унга мудроқсиз кўзинг ила назар қил, Сен уни халқлар қалбида маҳбуб қилғин, давлатини куну тун зийнатлаб боқий қилгин.

Мен у кишинг хизматларига шай бўлганимда у кишидаги азизлик, гапидаги фасоҳат ва саодат нурларини, зотининг ва этагининг тозалигини,  адолатлигини  ва улуғлик хислатларини кўрдим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло подшоҳлардан бирортасида мана бу сифатларни жамламаган. Менда ушбу китобни эслатма бўлиб туриш учун Султонга тақдим этишлик фикри туғилди. Бундаги мақсадим мавлойимиз, Султоннинг умрини Аллоҳ таоло узун қилсин ва у кишини улуғ қилсин берган неъматларини тўлиқ қилган бўлсин, қўлининг содиқ ихлосини билишлиги ва ботинининг қуввати ва қалбининг жозибасини билишлигини рост қилсин, каминанинг ҳам агарда олимлар ўртасида зикри бўлмаса-да, фузолалар ичида алоҳида ажраб турмаса-да ушбу китобни Султонга тақдим этаман. 

Шеър:

 “Гуноҳ, кўзнинг юлдузни кичик қўриши каби эмасдир”. Хаёлимда ҳазрати олийга юборадиган ҳадямни тўғри қилдимми йўқми дурни денгизга, гулни нажосатга ташлаган одамга ўхшаб қолмайманми – деб ўйладим.

Ҳар қанча иккиланса ҳам китобни подшоҳга тақдим этади.

Биз агар “Тафсиру суратил ихлос” таркибий қисмини ўрганадиган бўлсак, унинг асл нусхаси қўлимизда йўқ. Миср кутубхонасидан нусха олинган бўлиб, 200 бетга яқин. Ёзилиш услуби ат-тафсир бил маъсур йўналишида ёзилган бўлиб оят, ҳадис, турли ривоят ва шеъриятдан ҳам фойдаланган. У киши таълиф этилажак китобини бош қисмида  шундай дейди: “Биз аввало ихлоснинг ҳақиқати, фазли ва даражаларини баён қиламиз. Сўнгра суранинг тафсири, унинг таъвили, нозил бўлиш сабаблари ҳамда Замахшарийнинг китобига мувофиқ тарзда калималарнинг таркибларини айтиб ўтамиз”.

Муаллифнинг ёзган тафсир китоби орқали у киши ўз панду насиҳатларини оят ва ҳадис орқали ўқувчиларга етказади. Амалларни холис қилишликка ва қалбдан риё, сумаъ, васваса ва бир қанча ёмон иллатлардан покланиш ҳақида панд насиҳатлар қилади. Китобда келтирилган баъзи ҳадис ва ҳикматларни келтирамиз: Ихлоснинг фазилати ва шарафи ҳақида ворид бўлган оят, хабар ва асарлар.

Аллоҳ таоло “Баййина” сурасининг 5-оятида шундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу, тўғри (миллат)нинг динидир”. Ва яна “Зумар” сурасининг 3-оятида шундай марҳамат қилади: “Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир”. Ва яна “Каҳф” сурасининг 110-оятида шундай марҳамат қилади: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани ширк келтирмасин”.

Ушбу ояти карималар холис ва мухлис бўлиб,  фақат  Аллоҳнинг розилигини истаб амал қиладиган кишилар учун нозил бўлган, шу боис Аллоҳ таоло Ўзининг мақталишини ва  Унга  сано айтилишини яхши кўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: “Амалингни холис қил. Шунда унинг ози ҳам сенга кифоя қилади”, дедилар.

Хулоса, ушбу китоб бугунги кундаги ёшлар тарбиясига нафақат ёшлар балки жамиятимиздаги барча қатламдаги кишиларнинг қалб касалликларидан покланишга муҳим роль ўйнайди.

 

Муҳиддин Чориев 

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Умар Термизий. Тафсиру суратил ихлос китоби. Электрон қўлёзма нусхаси. 
  2. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т., 2019.


[1] Зоҳир, Султон, Сайфиддин Абу Саъид  Чақмоқ милодий 1373 туғилиб, 1453 да вафот этади. У киши милодий 1438 йилда Мисрда мамлуклар султонинг ўттиз тўртинчиси бўлиб тахтга келади. У киши то умрининг охиригачи, яъни 1453 гача тахтда қолади (ҳижрий 842-857). 

Izoh qoldirish