26.05.2023

Султон Валад асарларида Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий ўртасидаги  устоз-шогирдлик муносабатлари

 Шамс Табризий ўз даврида нафақат Мавлоно Жалолиддин Румийни руҳий тарбия беради, балки бу зот қатори Жалолиддин Румийнинг ўғли – Султон Валадни ҳам маънавий камолот сари юксалишига сабабчи бўлган. Султон Валад ёшлигидан отасининг дарс ва зикр мажлисларида қатнашиб келарди. Шамс Табрезийнинг зикр мажлисларидан баҳраманд бўлган Султон Валад бу зотни “маънавий пир” сифатида кўп бора асарларида эслайди. Мутафаккир “Валаднома” асарида 17 та маноқиб мазмунли маснавий жанридаги шеърларида Шамс Табризийни васф этади. Султон Валад айтадики: “Нубувват ва рисолатнинг азамати билан Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломга толиб бўлгани каби Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам  ўз даврида шунча фазилатлар, хислатлар, мақомлар, кароматлар, раббоний илмнинг сир-асрорлари соҳиби бўлиши билан бирга Шамсидддин Табризийнинг толиб бўлган”. Шунингдек, уни улуғ эҳтиром билан тилга олиб,  سلطان المحبوبين و المعشوقين شمس الدین محمد تبریـزی[1] (маҳбублар ва ошиқларнинг подшоҳи Шамсиддин Муҳаммад Табризий),  деб зикр қилади. 

Султон Валад айтадики, мени қиблагоҳим – Мавлоно қуддиса сирруҳу гарчи ўз замонида илму ирфонда беназир ва замондош муфтийларга дарс берган бўлса ҳам, лекин умрининг охиригача абдол[2] зотлардан дарс олган. Ушбу абдол зот – Шамс Табризий бўлганини қуйидаги маснавийда шундай баён этади:

بــــا چنــــين عـــــز و قــــدر و فضــــل وکمـــــال

دایمـــــــــــا بـــــــــــود طالـــــــــــب ابـــــــــــدال

Мазмуни: Шунча камол, фазилат, қадр ва илм йўлидаги улуғлиги билан доим у (Жалолиддин Румий) абдол зотларга толиб эди. 

Жалолиддин Румий ўз замонида илму ирфонда кенг шуҳрат қозонганди, узоқ ва яқин ўлкалардан ҳазратни зиёрат қилиш ва дарсларидан баҳраманд бўлиш учун турли тоифадаги кишилар келарди ва файзли суҳбатларидан баҳраманд бўларди. Шунга қарамай доимо руҳий тарбия ва илм йўлида ўзини толиби илм сифатида кўрарди. У Шамс Табризийни шундай улуғ зот ва комил устоз бўлганлигини пайқаб муриди бўлишга азм қилади. 

Толиби илм мақсадга эришиши учун доимо ўзига лозим нарса – илмни талаб қилиши шарт. Ошиқ маъшуққа етишиши учун – ишқ йўлида бардавом кўрашиши керак. Шу сабабли Румий ҳам Шамс Табризийнинг маслагига муштоқ бўлиб эргашган. Султон Валад “Валаднома” асарида Шамс Табризий Жалолиддин Румий учун Хизр алайҳиссалом каби улуғ бир зот бўлганини қиёслаб айтади. 

خضـــــــــرش بـــــــــود شـــــــــمس تبریـــــــــزی

آنکــــــــــه بــــــــــا او اگــــــــــر درآمیــــــــــزی

هــــــــیچ کس را بیــــــــک جــــــــوی نخــــــــری

پــــــــــرده هــــــــــای ظــــــــــلام را بــــــــــدری

آنکـــــــــه از مخفیـــــــــان نهـــــــــان بـــــــــود او

خســــــــرو جملــــــــه و اصــــــــلان بــــــــود او

اولیــــــــا گــــــــر ز خلــــــــق پنهــــــــان انــــــــد

خلـــــق جســـــم انـــــد و اولیـــــا جـــــان انـــــد

جســـــــم جـــــــان راکجـــــــا توانـــــــد دیـــــــد

راه جــــــــان را بجـــــــــان تــــــــوان ببریـــــــــد

این چنــــــــين اولیــــــــا کــــــــه بینــــــــا انــــــــد

از ازل عـــــــــــــالم انـــــــــــــد و والاانـــــــــــــد

شـــــــــــــمس تبریـــــــــــــز را نمیدیدنـــــــــــــد

در طلــــــــب گرچــــــــه بــــــــس بگردیدنــــــــد

غــــــــيرت حــــــــق ورا نهــــــــان میداشــــــــت

دور از وهــــــــــم و ازگمــــــــــان میداشــــــــــت[3]

Мазмуни: Шамс Табризий Жалолиддин Румий учун Хизр алайҳиссалом каби эди. Агар у билан қалбдан алоқа ўрнатсанг шунда унинг мақомини билиб оласан. Агар зулмтлар пардасини кўз олдингдан олиб ташласанг шунда унинг улуғлигини англаб етасан. У киши кўзлардан ғойиб ва сир аҳли зотларидан бўлиб, барча ошиқларнинг подшоҳига айланган. Валий зотлар гарчи халқдан пинҳон бўлишга интилсалар ҳам, шуни билингки, улар руҳ ва халқ жисм кабидир. Шу нуқтаи назардан халқ – яъни жисм уни кўришга қурби етармиди? Жон йўлини фақат руҳ билан кесиб ўтиш мумкин. Валий зотларнинг қалб кўзлари доимо очиқдир. Азалдан Аллоҳ таоло уларни олим ва мақомларини юксак қилиб яратган. Инсонлар Шамс Табризий мақомини билмасликларининг сабаби – улар шу мақомга етмаганликлари ва бу йўлни талаб қилмаганликларидадир. Ҳақ таоло берилган ғайрат у кишининг мақоми ва сир-асрорларини доимо яшириб турарди ҳамда  вужудини қўрқув ва гумондан пок этганди. 

Юқоридаги шеърда билдирилган сифатлардан маълум бўладики, Шамс Табризий ўз замонасининг абдоли бўлиб, халқнинг кўпчилиги бу кишининг мақомотидан бехабар бўлишган. Аллоҳ таоло ўз дўстларига шундай қудрат берадики, бир назар ва бир суҳбат билан кўплаб кишиларни қалбини ром этиб, ўзига эргаштиради. Шамс Табризий Мавлоно Жалолиддин Румий билан бир учрашганида ана шундай ҳолат юз берганди. Бу борада Султон Валад бошқа бир маснавийсида келтиради:

دیـــــــد آن راکـــــــه هـــــــیچ نتـــــــوان دیـــــــد

هـــــم شـــــنید آنچـــــه کـــــس زکـــــس نشـــــنید[4]

Мазмуни: Юзини кўриш имкони бўлмаган кишининг жамолини кўрди, инсон бир инсондан эшитмаган сўзни ундан тинглади. 

Бу ерда Султон Валад: Румий ва Шамс Табризий ўртасида илк учрашувдаги ҳолат ҳақида сўзламоқда. Шамс Табризий жамоли қамардек нур таратгани ва сўзида олам-олам маъно борлигини тавсифий тарзда баён этмоқда. 

شـــــد بـــــر او عاشـــــق و برفـــــت از دســـــت

گشـــــت پیشـــــش یکـــــی بلنـــــدی و پســـــت[5]

Мазмуни: Унга шундай ошиқ бўлдики, бор ихтиёрини топширди ва унинг оёғи олдига гоҳ йиқилиб гоҳ турарди. 

Валий зотларнинг нурли жамоли ва ўткир назари кўплаб муридларни камолот сари тарбиялайди. Бу икки зотнинг учрашуви ҳам дастлаб назардан, сўнгра суҳбатдан, кейин эса муроқаба қилишга олиб борган. Шамс Табризийнинг бутун вужудидаги илоҳий муҳаббат Жалолиддин Румийга шунча таъсир этадики, унинг фазилати ва мақомотига боғланиб қолади ва ўзини йўқотиб ҳушидан кетади.

یــــــــــک زمــــــــــانی بهــــــــــم همی بودنــــــــــد

مـــــــــدت یـــــــــک دو ســـــــــال آســـــــــودند

Мазмуни: бу икки зотнинг бир муддат қилинган файзли суҳбатлари бир- икки йиллик қалб хотиржамлигига эриштирарди. 

Жалолиддин Румий Куниянинг бир қанча мадраса ва хонақоҳларда шариат ва тариқатдан дарс берарди. Муридлари ҳар куни у кишининг суҳбатларини интиқлик билан кутиб турарди. Бироқ Шамс Табризий билан қилинган илк мулоқотдан сўнг Румий ваъзхонлик ва дарс беришни тўхтатиб зикр ва муроқабага ғарқ бўлади. Муридлари ва халқ Румийдек зот бир пасда ўзгариб Шамс Табризий каби бир дарвеш изидан эргашишни тасаввурларига сиғдира олишмасди. Одамлар бу ҳолатни таъна-маломат қилишарди. Ушбу воқеани Султон Валад қуйидаги маснавийда шундай изоҳлайди:

چــــه کــــس اســــت اینکــــه شــــیخ مــــا را او

بـــــرد از مـــــا چـــــو یـــــک کهـــــی راجـــــو

ان چـــــه جـــــوی اســـــت کانچنـــــان کـــــه او

هم چــــــوکــــــاهی ربــــــود و بــــــرد از جــــــا

کـــــــــرد او را ز جملـــــــــه خلـــــــــق نهـــــــــان

مـــــــی نیایـــــــد کســـــــی ز جـــــــاش نشـــــــان

روی او را دگـــــــــــــر نمـــــــــــــی بینـــــــــــــیم

هم چـــــــــو اول بـــــــــرش نمـــــــــی شـــــــــینیم

ســــاحر اســــت ایــــن مگــــر بســــحر و فســــون

کــــــرد بــــــر خــــــویش شــــــیخ را مفتــــــون

ورنـــــه خـــــود کیســـــت او و در وی چیســـــت

بـــــــا چنـــــــين مکـــــــر می توانـــــــد زیســـــــت

کمترینــــــــــــی ز ماســــــــــــت بهــــــــــــتر از او

در ســـــــرش اینکـــــــه نیســـــــت مهـــــــتر از او

نـــــی ورا اصـــــل و نـــــی نســـــب پیداســـــت

مــــــی نــــــدانیم هــــــم کــــــه او زکجاســــــت

ای دریغـــــا دگـــــر چـــــه زخـــــم اســـــت ایـــــن

کـــــــه از او شـــــــد خـــــــراب ایـــــــن آئـــــــي

همــــــه خلقــــــان ز وعــــــظ شــــــد محــــــروم

طـــــــالع ســـــــعد مـــــــا از او شـــــــد شـــــــوم

جملــــــــــه گشــــــــــته بخــــــــــون او تشــــــــــنه

ســــــــــاخته بهــــــــــرکشــــــــــتنش دشــــــــــنه

گـــــــــاه گـــــــــاهیش چـــــــــون بدیدنـــــــــدی

تیـــــــــــــغ بـــــــــــــر روی اوکشـــــــــــــیدندی

فحــــــش هــــــا پــــــیش و پــــــس بگفتنــــــدی

همــــــــه شــــــــب از غمــــــــش نخفتنــــــــدی

همـــــه در فکـــــر ایـــــنکـــــه کـــــی از شـــــهر

رود او یــــــــــا فنــــــــــا شــــــــــود از قهــــــــــر[6]

 Мазмуни: У қандай кишидирки, бизнинг шайхимизни худди бир хасни дарё суви оқизиб кетганидек биздан йироқлаштирди. Ўша дарё қандай дарёдирки, шундай бир тоғдек улуғ бир зотни хас каби ўз жойидан ағдарди. Уни бутун бошли халқдан айри бир жойга олиб кетдики, қаерга олиб борганини ҳеч ким билолмайди. Энди на унинг жамолини кўрамиз ва на мажлисларида қатнашамиз. Магар, у бир сеҳр қилувчи ёки афсун этувчимидики, шайхни ўзига ром этиб бизни фироққа солди. Бўлмасам, ўзи ким ва унда нима сир яширин? Шу каби макр билан яшаш мумкинми ўзи? Ҳатто  унинг улуғлигини билдирувчи бирон белги ҳам йўқдир. Бизнинг энг қуйи даражадаги маслакдошларимиз ундан улуғдир. Энг ажабланарли жойи шуки, уни на насаби-ю на аслияти бизга маълум! У асли қаердан эканлигини ҳам билмаймиз. Афсус! Бу қандай ярадирки, қалбларни тирнаб динимизни хароб қилди (бизни руҳий тушкунликка туширди). Бутун бошли халқ унинг панд-насиҳатидан маҳрум бўлиб, бахтли онларимиз бахтсизликка айланди. Одамлар  шу даражага келдики, унинг қонини ичишга тайёр ва ўлдиришга эса қиличини ўткирлаб турибди. Ҳатто, баъзан уни (Шамс Табрезий) кўрганларида қиличларини яланғочлаб, ўлдириш учун бўйнига қилич тортишарди. Унинг ҳузурида ва ғойиблигида фаҳш сўзлар билан ҳақорат қилиб, бу етмаганидек кечалари ҳам ухламасдан йўқотиш ғамида бўлардилар. Қачон шаҳримиздан чиқиб кетади ёки қаҳру ғазаб устида кўзимиздан йироқлашади, — деб ҳайқиришарди.

Мазкур мисраларда келган воқеа аслида тарихий ҳақиқат. Чунки Шамс Мавлоносиз ва Мавлоно Шамссиз дунёга шунча машҳур бўлиши имконсиз бир ҳол эди. Румий Шамсга шунчалик боғлаган эдики, “Девони кабир” каби асарини устози номига бағишлаб “Девони Шамс”га ўзгартирди. Устози фироғи Румий учун дард-алам ва катта айрилиқ эди. Султон Валад юқоридаги байтларда Жалолиддин Румийни Шамс Табризийга маънавий боғланганлигини одамлар тушунмаганлигидан шунча фитналар келиб чиққанлигини таъкидлаб ўтмоқда. Иш шу даражага етиб бордики, Румийнинг яқин шогирдлари Шамс Табризийга туҳмат ва маломат қилишга ҳатто ўлдиришгача боришади. Улар зоҳирга қараб баҳо беришди ва билишмадики, бу муносабат аслида шариат ва тариқат мезонлари асосида бино қилинганди.

Румий маънавий камолотини юксалтириш учун шундай устозга муҳтож бўлган экан. Шундай устоз эса – Румий учун Шамс Табреизий бўлган. Мадраса ва ваъзхонликдан воз кечиб руҳий тарбия олиш учун Шамс Табризийга мурид тушиши аслида Румий учун фойдали бўлди. “Девони Шамс” ва “Маснавий” каби қимматли асарлар ёзишга бу боғлиқлик ва фироқ тўртки бўлгани аниқ. Лекин афсус билан айтиш керакки, кўплаб замондошлари масаланинг моҳиятига қараб баҳо беришмаган, балки баъзи зоҳирий нарсалар билан чекланиб баҳо беришган ва оқибатда икки улуғ донишмандни бир-биридан айрилишга сабабчи бўлишган. 

Султон Валад воқеани якунида айтадики: Аллоҳ таоло ўзининг дўстларига доимо бало, мусибат ва турли фитналар гирдобига солиш орқали имтиҳон этади. Пайғамбарларга келган мусибатлар энг катта мусибатлар саналади. Улар кўплаб азият ва фитналарга сабр қилганлар ҳамда бу каби синовлардан муваффақиятли ўтганлар. Валийлар ҳам Пайғамбарлар меросхўрлари саналади. Шунинг учун уларни Аллоҳ таоло ҳақиқий меросхўрнинг шартларига мувофиқ келиши ёки келмаслигини азалий илми билан имтиҳондан ўтказади. Шамс Табризий ва Жалолиддин Румийга қилинган туҳмат ва иғволар тагида – кўролмаслик ва жоҳиллик ётади. Бир-бирига қарама-қарши бўлган нарса бир жойда жамланмайди, — дейди Султон Валад. Шамс Табризий ва Румий бир томонда бўлган бўлса, ихтилофчилар иккинчи томонда турган. Нафс ва зоҳирий зебу зийнат изидан қувган кишилар ботинга қарамайди. Чунки уларнинг кўзларини зоҳирнинг зебу зийнати кўр қилиб қўйилган. 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳар бир амални фақат зоҳирига қараб баҳо бермаслик лозим. Бир нарсанинг хабари келганида биринчи ўринда ушбу хабар тўғри ёки нотўғрилигини нақлу ақл билан текшириш зарур. Биров шундай иш қилибди деса, унга дарров ишониб кетмаслик зарур. Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатларнинг моҳиятини ҳам замондошлари ва ҳатто ўзининг шогирдлари нотўғри тушуниб, турли фитналарни чиқартирдики, бу эса ҳалигача манбаларда номлари нафрат билан зикр қилиниб келади. 

 

Жамаҳматов Каромиддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази в.в.б. ўринбосари
 

[1] Султон Валад. Валаднома. / Ба тасҳиҳи устод аллома Ҷалолиддин Ҳумоий. –  Теҳрон: Интишороти Иқбол, 1376. – С. 21. 

[2] Абдол أبدال – валий зотларнинг бир тоифасидан бўлиб, ўзлари халқ ичида бўлсалар-да, уларнинг абдол эканликларини ҳеч ким билмайди. Абдол форс ва туркий тилларда “чиҳилтан” (қирқ кишидан иборат), — деб юритилади. Улардан қайси бири вафот этса, ўрнига дарҳол янгиси тайин этилади. Олдинги кишига бадал (ўринбосар) бўлиб келгани учун ҳам уларга «абдол», яъни ўринбосарлар деб ном берилган. Баъзи манбаларда уларнинг адади 400 талиги қайд қилинган. 

[3]Султон Валад. Валаднома. / Ба тасҳиҳи устод аллома Жалолиддин Ҳумоий. –  Теҳрон: Интишороти Иқбол, 1376. – С. 47

[4] Султон Валад. Валаднома. / Ба тасҳиҳи устод аллома Ҷалолиддин Ҳумоий. –  Теҳрон: Интишороти Иқбол, 1376. – С. 47

[5] Султон Валад. Валаднома. / Ба тасҳиҳи устод аллома Ҷалолиддин Ҳумоий. –  Теҳрон: Интишороти Иқбол, 1376. – С. 47

[6] Султон Валад. Валаднома. / Ба тасҳиҳи устод аллома Жалолиддин Ҳумоий. –  Теҳрон: Интишороти Иқбол, 1376. – С. 49

Izoh qoldirish