01.06.2023

Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг йўқолган деб айтилган Тафсири нашр этилди

Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Aли ибн Ҳасан Термизий (тахминан 205-320 / 820-932 йиллар) исломнинг турли йўналишлари, жумладан, Қуръон тафсирига оид алоҳида китоб ёзган олим, лекин манбалардан маълумки, у ушбу асарни тугатишга улгурмаган. Бу ҳақда Ҳужвирий (467/1074 ваф.) "Кашф ал-маҳжуб", Aбдураҳмон Жомий (817-898 / 1412-1494) "Нафахот ал-унс" ва Aлишер Навоий “Насойим ал-муҳаббат”да (845-907 / 1441-1501) маълумот берган.

Масалан, Ҳужвирийга кўра: "Дарҳақиқат, у зот тафсир (китоб) бошлаган, лекин тугатишга улгурмаган. Унинг бир қисми, у ёзишга муваффақ бўлган миқдордагиси илм аҳли орасида тарқалгандир”.

Алишер Навоий эса “Насойимул муҳаббат”да Ҳаким Термизий шундай дейди: “...бир тафсир ҳам ибтидо қилғондур. Аммо итмомиға умр вафо қилмайдур”.

Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳаёти ва ижодини ўрганган тадқиқотчилар асарларида ушбу тафсир "йўқолган" ёки "Ҳужвирий китобида келган" деб қайд этилган. Тадқиқот жараёнида бу ноёб шарҳнинг қўлёзмаси Туркияда топилди ҳамда барча кўрсаткичлар ва батафсил кириш сўз билан араб тилида нашрга тайёрланди ва Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Дор ал-кутуб-арабийя” нашриётидан 2023 йил, 27 май куни нашр этилди.

Бу нашрга Ҳаким Термизийнинг бошқа тафсирларда учрайдиган тафсир ҳақидаги ривоятлари алоҳида тўплам тарзида илова қилинди ва китоб барча қисмлари билан жами 777 бетни ташкил этди.

Асар Муфтий ҳазрат Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Муқаддима” қисми билан бошланади ва унда илмнинг фазли, Ҳаким Термизий шахсияти, китоб аҳамияти каби масалаларда қимматли маълумотлар тақдим этилади. 

Шундан сўнг унга Марокашдаги Татвон шаҳридаги Абдулмалик Саъдий университетининг “Усул ад-дин” факультети ақида илмий бўйича профессори, доктор Холид Заҳрий томонидан 28 бетлик “Муқаддима” битилган. Шунингдек, тадқиқот муаллифи ҳам Термиз ва Термизийларнинг ислом дунёсида тутган ўрни ҳамда асарнинг аҳамияти ҳақида йирик кириш қисм қилган.

Ҳаким Термизийнинг “Тафсир”ига келсак, унинг нодирлиги шундаки, унда Қуръон оятлари ҳам оят, ҳадис ва олимларнинг сўзлари билан нақлий жиҳатдан, шунингдек, ақидавий, фиқҳий, тасаввуфий, луғавий жиҳатлар, қолаверса, оятларга мустақил фикрий ёндашув билан ҳам тафсир қилинган. Буларнинг бари эса Ҳаким Термизийнинг улуғ донишманд – ҳакимлик унвонига сазовор бўлиш сабабларини кўрсатиб бериб, тафсир услубини ҳам ҳикмат асосида бўлганлигини кўрсатиб берган. Кейинчалик Қуръони Каримни шу тарзда кенг миқёсда таҳлил этиш Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Абулбаракот Насафий каби улуғ зотларнинг тафсирга бағишланган асарида ҳам кўринган ва Мовароуннаҳр муфассирларининг асосий йўналишига айланиб, Ислом дунёсининг бошқа илмий марказларида ҳам бу йўналишнинг бошланишига сабаб бўлган. 

Тадқиқот муаллифи – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими доктор Жўрабек Чўтматов. Шунингдек, китоб Марказ ходимлари Маҳмуд Нормуродов, Фахриддин Худойназаров, Аббосхон Абдуллаев ва Умарали Ўлжаевлар томонидан таҳрир қилинди. Шундан сўнг у Ҳаким Термизийнинг дунёдаги етакчи тадқиқотчиларидан бири бўлган марокашлик олим, доктор Холид Заҳрий томонидан ҳам кўриб чиқилди ва ушбу асар ҳар томонлама нодир манбалиги сабабидан “улуғ кашфиёт” сифатида баҳоланди. 

Муфтий ҳазрат бошчилигидаги ушбу нашр юртимиз мусулмонларига муборак бўлсин! Мовароуннаҳрнинг қутлуғ меросини юзага чиқаришда барчамизга Аллоҳнинг Ўзи мадакор бўлсин! 

Имом Термизий ХИТМ Матбуот хизмати

Izoh qoldirish