ИСЛОМДА ДИН ВА ВИЖДОН ҲУРРИЯТИ
Инсон ҳуқуқлари деганда ақлга келадиган асосий маъно бу инсонлар эга бўлиши керак бўлган эркинликлардир. Бу эркинликлардан бири виждон эркинлигидир. Виждон эркинлиги табиий ҳуқуқ ва эркинликлар сирасига кирувчи, ҳар бир шахснинг ажралмас ҳуқуқларидан биридир яъни қайси динга эътиқод қилишдан қатъи назар эркинлигини билдиради.
Виждон эркинлигининг муҳим тушунчаларидан бўлган бағрикенглик эса ҳеч кимни айбламаслик, ранжитмаслик, камситмаслик, кечиримли бўлиш, бошқа эътиқод вакилларини ҳурмат қилишдир.
Одамлар ўртасида меҳр-муҳаббатни оширувчи, гина ва нафратни йўқотувчи бағрикенглик фазилатининг энг яхши намуналарини Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида, «Албатта Сиз Юксак Хулқ узрадирсиз» (Қалам сураси 4-оят) дея мадҳ этилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам кўриш мумкин.
Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар» (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Ислом таълимотига кўра бу дунёдаги барча инсон борки, улар ирқи, насл насаби, келиб чиқишидан қатъи назар тенгдирлар. Бошқа миллат ва дин вакиллари билан ҳамжиҳатликни чуқурлаштириш учун мусулмонлар улар билан мулоқот қилмоқлари лозим. Қуръон бу дунёни барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин деб эълон қилди. Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, улар билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган. Аллоҳ таоло ўз Каломи шарифида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ ۚ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
“Эй иймон келтирганлар! барчангиз «тинчлик ва омонлик» (Силм, Ислом)га киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. У сизга очиқ душмандир” (Бақара сураси 208-оят).
Аллоҳ таоло одамларни ёмонликдан сақланишни буюрди ва куфр, туҳмат, исён, шафқатсизлик, зулм, ўлдириш ва қон тўкиш ман этди. Аллоҳнинг бу амрига итоат қилмаганлар, оятда айтилганидек, «шайтоннинг изидан эргашганлар»дир.
Инсонларга фикр ва ҳаёт эркинлиги ва кафолатини берган дин бўлмиш ислом — кескинлик, келишмовчилик, бир-бири ҳақида салбий гап-сўз ва бузғунчиликни тақиқловчи амрларни келтирди.
Ислом нафақат терроризм ва турли зўравонлик ҳаракатлари, балки инсонларнинг бир бирига энг кичик босимни ҳам тақиқлайди:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ ۖ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
“Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради” (Бақара сураси 256-оят).
Шунингдек бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
لَسْتَ عَلَيْهِمْ بِمُصَيْطِرٍۙ
“Сен улар устидан ҳукмингни ўтказувчи эмассан” (Ғошия сураси 22-оят).
Одамларни бирор динга эътиқод қилишга ёки у диннинг амалларини бажаришга мажбурлаш исломнинг моҳияти ва руҳига зиддир. Чунки Ислом дини ирода эркинлигини ва эътиқодни виждонан қабул қилишни талаб қилади. Албатта, мусулмонлар бир-бирларини Қуръонда баён қилинган ахлоқий фазилатларни амалда қўллашга огоҳ этишлари ва рағбатлантиришлари мумкин. Лекин бу масалада ҳеч қачон мажбурлаш бўлиши мумкин эмас.
Жамиятнинг қарама-қарши моделини фараз қилайлик. Масалан, одамларни ибодат қилишга мажбурлашди дейлик. Бундай жамият модели Исломга мутлақо зиддир. Чунки иймон ва ибодат Аллоҳ таолога қаратилган бўлсагина қадрли бўлади. Агар бирор тузум одамларни эътиқод ва ибодат қилишга мажбур қилса, одамлар ўша тузумдан қўрқиб диндор бўлиб қоладилар. Дин нуқтаи назаридан мақбул бўлган нарса, виждонлар бутунлай озод бўлган муҳитда Аллоҳ ризоси учун динга амал қилишдир.
Ислом тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мусулмонлар Қуръон ахлоқининг бу муҳим хусусиятини ўзларининг ижтимоий ҳаётларига қандай татбиқ этганликлари аниқ бўлади. Мусулмонлар етиб келган ҳар бир нуқтада нотўғри тушунчаларни бартараф этиб, эркин ва бағрикенглик муҳитини яратдилар. Ислом маданияти дини, тили ва маданияти жиҳатидан бир-бирига мутлақо қарама-қарши бўлган халқларнинг бир том остида тинч ва осойишта яшашига имкон яратди, халқларга улкан билим, бойлик ва устунлик келтирди. Хусусан, қадим ва кўпмиллатли Мовароуннаҳр заминида ҳам диний бағрикенгликнинг асрлар давомида барча этник гуруҳлар узоқ йиллар давомида ўз динларида эркин яшаб келган, бундан ташқари, улар ўз дини ва маданиятига амал қилиш учун барча имкониятларга эга бўлган.
Таъкидлаш лозимки, ҳар бир диннинг ўзига хос ақидалари мавжуд. Улар баъзан бир-бирига мутаносиб бўлса, баъзан бир-бирига зид ҳам келиши мумкин. Диний бағрикенглик ана шу хилма-хиллик асосида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олади, турли эътиқодларнинг ёнма-ён ва бир пайтда мавжуд бўла олиши учун хизмат қилади.
Исломнинг энг гўзал фазилатларидан бири бўлган бағрикенгликка оилада, маҳаллада, кўчада, мактабда, ижтимоий тармоқларда ва ишда, бир сўз билан айтганда, одамлар билан боғланган ҳар бир муҳитда эҳтиёж бор. Бу эҳтиёж, айниқса, бугунги кунимизда ижтимоий тармоқлар тилида ўзини кўпроқ ҳис қилдиради. Чунки ижтимоий тармоқлар орқали онгсиз равишда баҳам кўриш бағрикенглик муҳитига зарар етказади. Ҳар бир инсон бунга эътибор қаратиши муҳим. Зеро, улуғ туркий забон шоир Юнус Эмро айтганидек:
Яратилганни сев, Яратганнинг хотири учун,
Юнус, сен бу дунёга не учун келдинг?
Дарҳақиқат, бағрикенглик осуда ижтимоий ҳаётнинг ажралмас унсурларидан биридир. Муҳими, бир жамиятда яшовчи инсонлар ҳамиша бир-бирига меҳр, ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари асосида иш тутсин.
Жониев Музаффархон –
Имом Термизий халқаро илмий-
тадқиқот маркази директори в.в.б.,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Izoh qoldirish