ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ
Дунёдаги дин ва эътиқодлар орасида Ислом дини ақидавий жиҳатдан ўзининг аниқ ва тушунарлилиги билан алоҳида ажралиб туриши маълум. Шундай бўлса-да, инсоний онг савиясининг турличалиги оқибатида ушбу ақидавий қарашлар талқинида муаммолар туғилиб келган. Аввало, Қуръони Карим оятларидаёқ бу масалада юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида сўз боради:
“У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар” (Оли Имрон, 6).
Оятдан кўриниб турибдики, тўғри ақидадан четлашиш инсоннинг шахсидаги ноқисликлар – қалбидаги камчиликлар, унда мустаҳкамлик ва тўғрилик асосларининг бўлмаслиги натижасида юзага келар экан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу умматнинг етмиш уч фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадислари замирида ҳам мана шу омил ётади.
Аммо юртимиз – тарихий Мовароуннаҳр олимларининг юксак илмий-амалий салоҳиятлари туфайли халқимиз ушбу тафриқа бурҳонларидан омон қолишган ва бу бизнинг миллатимиз учун улкан шарафдир. Бунинг замирида эса кўплаб олимларимизнинг Аллоҳ инъом этган салоҳияти ва саъй-ҳаракати ётади. Ана шундай олимларимиздан иккитаси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий (205-318/820-932) ва Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий (ваф. 333/944) Мотуридийдир. Бу икки улуғ алломанинг асарлари мағрибу машриқда катта қизиқиш билан ўрганилиб, шу вақтгача миллионлаб, балки миллиардлаб инсонлар томонидан фойдаланиб келинмоқда. Зеро, уларнинг денгиз мисол теран ва улкан меросларида жам бўлган соф илму маърифат, динимизнинг тўғри ва ҳакимона тадқиқлари дунё тургунча туриш даражасига етгандир. Қуйида бу икки аллома қарашлари орасидаги узвийлик ва бир-бирини тўлдирувчи жиҳатлардан биттаси билангина танишиб ўтамиз. Мана шу орқали ҳам ушбу зотларнинг қанчалик улкан шахсиятлар бўлишганини англаб етишимиз мумкин.
Ҳаким Термизий ва Имом Мотуридий асарлари ўртасидаги ворисийлик тамойилларини кузатиш мумкин. Ҳаким Термизий ўзидан сўралган яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги саволга жавобан дейди: “Бу Аллоҳ таолодан тарбиякунандалик жиҳатидандир, бандалардан эса ҳаракатлардир. Ҳақ аҳли уларнинг бири билан иккинчисини “уришдан” (уларни бир-бирига зид қўйишдан) сақланадилар. Исми баракотли Аллоҳ тарбиякунандалиги узилмайдиган Зотдир. Бандалар эса то тирик экан ҳаракатлари узилмайдиганлардир. Аллоҳ тарбиякунандалиги орқасидан бирон нарсани талаб қилувчи эмас. Бандалар эса ҳаракатлари билан бирон нарсани талаб қилувчилардир” [2, б. 113].
Бу матн ўз ичига улкан ҳақиқатларни олади. Хулоса шуки, Аллоҳ амалларни бирон-бир эҳтиёж юзасидан қилмайди, демак, илоҳий қадардаги ёмон кўринган нарсалар ҳам бандаларнинг тарбиясига учун бўлади. Кишилар доимо ҳаракатда бўлиб, ҳам қалб ва ақлга, ҳам нафсу ҳавога эга бўлганлари туфайли яхши ёки ёмон ҳолда ёки иккови аралашган ҳолда бўлишлари тинимсиздир. Бу эса уларга нисбатан доимий тарбиякунандаликни тақозо этади. Аллоҳ таоло эса ҳар бир ҳаракатнинг тақдир этувчиси ўлароқ, уларнинг ҳисоб-китобини олиб, оқибатини белгилайди ҳамда булар натижасида бандаларига нисбатан тарбия чораларини кўриб боради. Буни яхши ёки ёмон нарсалар орқали амалга ошириб туриши ҳам мумкин. Бу мукофот ёки жазо тарзида ёки булар бирикка ҳолда тарбия мазмунида бўлади. Шаъни улуғ Аллоҳ:
“Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз” (Анбиё, 35) дейди.
Бу талқин эса кенгроқ шаклда Имом Мотуридийда учрайди. Термизий ҳакимлик услуби тақозосига кўра зидлик орқали қисқача ва ҳикмат билан тушунтирса, Мотуридий калом илми услуби тақозосига кўра масалага кенгроқ тўхталади ва “Зарарли жавҳарларнинг яратилиш ҳикмати” номли боб очади. Унга кўра, ақллар бунинг туб моҳиятига етиб бормаса ҳам, унинг айрим ҳикматларини санаш мумкин. Жумладан, ўша ёмон нарсалар оқибатида кишилар ишлардаги оқибатни бу дунёда кўриб-билишади: яхшиликка яхшилик, ёмонликка ёмонлик. Яхшилик ва ёмонликни ўз жисму жонларида татиш орқали эса бунинг нималиги, азоб ва лаззатини тушуниб, бундан хулоса чиқарадилар. Ёки улар ўзларида зарарли нарсаларнинг аламини тотиб кўриш орқали бу каби нарсалар маърифати билан эҳтиёткорлик ва ёрдам каби тушунчаларни ҳосил қилишади. Ёш болаларни тарбиялашда уларни жазолашнинг мисоли ҳам шу каби. Заҳарли нарса гарчи одамни ўлдирса ҳам, унинг оз миқдордагиси шифо бўлади. Олов куйдирса-да, унинг манфаатлари каттадир. Сув эса ҳаёт манбаи бўлгани билан тошқин сифатида балога ҳам айланиши мумкин.
Энг муҳими, яхшилик ва ёмонлик, зарар ва фойда бир-бирига зид кўринса-да, аслида улар далолат ва шаҳодат (гувоҳлик) масаласида иттифоқдадир. Бу “ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”га (Аллоҳдан бошқада куч-қувват ва ўзгартириш йўқ) ҳам тегишли. Яхшилик ва ёмонлик, зарар ва манфаатлар бир-бирига зид кўринса-да, булар далолат жиҳатидан ваҳдониятга (Аллоҳнинг бирлигига), шаҳодат (гувоҳлик) жиҳатидан эса рубубият (яъни, тарбиякунандалик) эканлиги билан бир ўзакка қайтиши жиҳатидан бирлашиб кетади! Яъни, ўзаро қарама-қаршидек кўринган нарсаларнинг фойда ва зарар беришда маълум меъёрларга бўйсуниши Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига, кишиларни тарбиялаш хусусиятига эгалиги эса Аллоҳнинг рубубияти – тарбиякунандалигига бориб тақалади [1, б. 175-176].
Кўриб турилганидек, ҳикмат тамойили Имом Мотуридий қарашларида ҳам устуворлик қилиши билан бирга, икки аллома фикри ҳам ёмон кўринган нарсаларнинг мақсади илоҳий рубубият – тарбиякунандаликка қайтишида жам бўлган. Бу икки улуғ зот асарларининг қиёсий таҳлили бундан бошқа мисоллар ҳам мавжудлигига ишор қилмоқда. Қолаверса, ушбу масала Холид Заҳрий, Айюб Палмер каби шарқу ғарб олимларининг эътиборини тортганки, буларнинг бари келажакда Мовароуннаҳр калом мактаби борасида жиддий тадқиқотлар олиб боришимизга имкон беради.
Улуғ олимларимизнинг бу каби ҳикматга тўла сўзлари ва қарашларини ўрганиш халқимизни, айниқса ёшларимизни юксак тафаккур, чуқур билим ва кенг дунёқараш эгаси бўлишга чорлашига ишонамиз. Энг асосийси – уларнинг асарларини ўрганиш инсонни том маънодаги комилликка етакловчи Ислом динини тўғри англашга йўллайди. Бунинг учун уларнинг асарлари билан бирга ҳаёт йўлларидан ҳам имкон қадар хабардор бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим. Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан бир қаторда, шу кунларда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши динимиз асосларини янада чуқурроқ ўрганиш, илмий ва ақлий салоҳиятимизни янада ошириш йўлида улкан қадам бўлишини истаб қоламиз.
Жўрабек Чўтматов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Адабиётлар рўйхати
- Абу Мансур Мотуридий. Китоб ат-тавҳид. Байрут: Дору Содир / Истанбул: Иршод, 2001.
- Ҳаким Термизий. Манозил ал-қурба. Работ: Маншуроту куллия ал-алаб вал улум ал-инсанийя, 2002. 113 б.
Izoh qoldirish