07.06.2023

ДАВЛАТ РАҲБАРИНИ ДУО ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

Жумъа кунлари ёки бошқа вақтларда масжидларда имом домлаларимизнинг, аҳли илмларнинг ўз давлатлари раҳбарларини дуои хайр билан эслашлари барча даврларда ва барча маконларда бўлганлиги ва бўлиб турганлиги айни ҳақиқатдир. Аммо, бу ҳолат айрим намозхонларга, негадир, эриш туюлади, айримларга эса умуман ёқмайди. Аслида эса бу ҳолат айнан аҳли суннат ва жамоат уламоларининг минг йиллардан бери келаётган анъаналарининг хайрли натижасидир. Аслида, барча даврларда ва барча давлатларда жумъа куни хутбанинг ўзидами ёки намоздан кейинми, ўз мамлакатлари раҳбарларига дуои хайрлар қилиб келинган.

Ҳанбалий мазҳабининг муассиси, буюк муҳаддис, улуғ фақиҳ Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ўз даврида “меҳна” деб аталган маҳкамага тортилганлигини кўпчилик эшитган бўлса керак. Бу Қуръони каримни махлуқ – яратилган ёки махлуқ эмас – яратилмаган илоҳий калом, деган ақида билан боғлик эди. Исломдаги илк ажралиб чиққан тоифалардан бири мўътазилийлар Қуръонни махлуқ, дейишни бошлади ва ўша давр султонларига ҳам таъсир ўтказишди. Натижада халифалар уларнинг гапларига ишониб, ҳаммани имтиҳон қила бошладилар, мўътазилийларнинг ақидаси куч билан тарқатила бошланди. Ким Қуръонни махлуқ, деса, уни қўйиб юборар, акс ҳолда азобга гирифтор қилардилар. Минг-минглаб олимлар, илм аҳли “меҳна”га тортилди, хор-зор қилинди. Ҳатто, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳни ҳам таъқиб қила бошладилар. У зот 2 йилу 4 ой ҳибсда сақланди, таҳқирланди. 220/835 йилда эса саройда ҳамманинг кўз олдида бир неча кунлар қамчи билан саваланди. Хуллас, бу хилдаги “меҳна” иши аббосийлардан Маъмун (813-833), Мўътасим (833-842) ва Восиқ (842-847) даврида давом эттирилди. Бунинг оқибатида жуда кўпчилик, сонсиз-саноқсиз уламолар қатоғон қилинди, бардарға қилинди, бидъатчига чиқарилди... 

Давлат тепасига Мутаваккил (847-861) келгандан сўнг, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан аҳли суннат ва жамоатнинг асл ақидаси қандай бўлиши кераклиги баён қилинган мактуб йўллашини буюрди. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ мактубни батафсил қилиб ёзди ва уни Вазири аъзамга олиб бориб беришларини топширди. Аввал Вазири аъзам мактубни ўқиб кўришини, вазиятни у ҳаммадан кўра яхши билишини, агар мактубда маъқул бўлмаган жойлари бўлса, бемалол олиб ташлаши мумкинлигини айтиб юборди. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Мактубдан олиб ташланган жойларни менга кўрсатиш шарт эмас, агар бирор нарса қўшиш керак бўлса, уни мактуб йўлловчига бирров кўрсатиб олишни илтимос қиламан”, деди. Ўша даврнинг ақлли вазирига мактуб маъқул бўлди. Лекин, мактуб охирида султонни озроқ мақташ ва дуои хайр қилиш кераклигини, бу султонга хуш ёқишини тавсия қилиб қайтарди. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ дарҳол бу ишни бажонидил амалга оширди, султонни тавфиқли ва яхши инсон бўлишини тилади, унинг ҳаққига узоқ дуои хайр қилди. Унда “Мен Аллоҳ таолодан мўъминлар амирининг тавфиқи бардавом бўлишини сўрайман. Аллоҳ уни  қўлласин ва азизу мукаррам қилсин!”, деган дуолар бор эди. Бу воқеа Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ўғлининг “Китоб ас-Суннат” номли асарида қисқача зикр қилинган (Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал. Китоб ас-Суннат. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 21-22).

Худди ана шу дуои хайр ижобат бўлди! Подшоҳ Мутаваккил мўътазилийларни ҳайдади, асл аҳли суннат ва жамоатни қўллаб-қувватлай бошлади, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг тавсияси билан қозикалонни ҳамда шайхулисломни аҳли суннат ва жамоат олимларидан таъйинлади. Ана шу дуои хайр оқибатида аҳли суннат ва жамоат аҳли ғалаба қозонди!

Фузайл ибн Иёз (723-803) қуддиса сирруҳунинг номини кўпчилик эшитган. У Самарқандда туғилган, Макка ва Кўфада яшаган улуғ авлиёлардан бўлиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди, ҳанафий мазҳаби олимларидан, тақводор зотлардан биридир. У Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳга ҳам устозлик қилган. Ана шу зот бундай деган эди:

لَوْ كَانَتْ لِى دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ مَا جَعَلْتُهَا إِلَّا فِى السُّلْطَانِ

“Агар менинг мустажоб бўладиган дуойим бўлганда эди, уни подшоҳ ҳаққида (дуои хайр) қилган бўлардим!” (Абу Нуайм. “Ҳилят ал-авлиё”, 8/91-92).

Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳудан ушбу сўзини тушунтириб беришни сўрашган. Шунда у зот бундай деб жавоб берганлар: “Агар ушбу мустажоб бўладиган дуони ўзим ҳаққимга қилсам, унинг фойдаси мендан ўтиб кетмасди. Агар уни султон ҳаққига қилсам, дуои хайр бўлса, у яхши инсонга айланади. У яхши бўлса, бандалар ва шаҳарлар яхши бўлади!”. Баъзи ривоятларда, унинг: “Агар подшоҳ яхши бўлса, шаҳарлар ва халқ омонда бўлади!”, деб жавоб берганлиги зикр қилинган. Унинг бу гапини ва жавобини эшитган Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ келиб унинг пешонасидан ўпган ва “Эй, яхшиликнинг муаллими! Сиздан бошқа ким ҳам бундай гўзал гапни айта оларди?!”, деган эканлар.

Абу Муҳаммад ал-Барбаҳорий раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг улуғ олими, аҳли суннат ва жамоатнинг тарғиботчиси, Саҳл ат-Тустарий қуддиса сирруҳу ва Абу Бакр ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлиб, 329/941 йили вафот қилган. У ўзининг “Шарҳ ас-Суннат” номли асарида бундай деган:

إِذَا رَأَيْتَ الرَّجُلَ يَدْعُو عَلَى السُّلْطَانِ فَاعْلَمْ أَنَّهُ صَاحِبَ هَوًى وَ إِذَا رَأَيْتَ الرَّجُلَ يَدْعُو لِلسُّلْطَانِ بِالصَّلَاحِ فَاعْلَمْ أَنَّهُ صَاحِبَ سُنَّةٍ إِنْ شَاءَ اللهُ

“Қачон бирор кимсанинг подшоҳни дуои бад қилаётганини, қарғаётганини кўрсанг, билгинки, у бидъат соҳибидир! Агар бирор кимсанинг подшоҳнинг ҳаққига яхшилик билан дуои хайр қилаётганини кўрсанг, билгинки, у суннат соҳибидир!”. (Абу Муҳаммад ал-Барбаҳорий. Шарҳ ас-Суннат. – Мадина: Мактабат ал-Ғурабо, 1993. – Б. 116).

Шу сабабли мусулмонлар азалдан, ҳар бир юрт аҳли мамлакат раҳбарини дуои хайр қилиб келганлар. Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ “ат-Тамҳид” асарида бундай гапни нақл қилган: 

مَا سَبَّ قَوْمٌ أَمِيرَهُمْ إلَّا حُرِّمُوا خَيْرُهُ

“Фуқаролар ўз подшоҳларини сўкмас эканлар, яхшиликдан маҳрум бўлмайдилар!”.

Шунинг учун ҳанафий олими, аҳли суннат ва жамоат ақойиди мутакаллими Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг ақидавий матнида қуйидагилар мавжуд:

وَ لَا نَرَى الْخُرُوجَ عَلَى أَئِمَّتِنَا وَ وُلَّاةِ أُمُورِنَا وَ إِنْ جَارُوا وَ لَا نَدْعُو عَلَيْهِمْ وَ لَا نَنْزَعُ يَدًا مِنْ طَاعَتِهِمْ وَ نَرَى طَاعَتَهُمْ مِنْ طَاعَةِ اللهِ عَزَّ وَ جَلَّ فَرِيضَةً مَا لَمْ يَأْمُرُوا بِمَعْصِيَةٍ وَ نَدْعُو لَهُمْ بِالصَّلَاحِ وَ الْمُعَافَاةِ وَ نَتَّبِعُ السُّنَّةَ وَ الْجَمَاعَةَ وَ نَجْتَنِبُ الشُّذُوذَ وَ الْخِلَافَ وَ الْفِرْقَةَ

“Подшоҳларимизга ва ишларимизнинг ҳокимларига гарчи улар жабру ситам қилсалар ҳам, қарши чиқишни жоиз демаймиз! Уларнинг ҳаққига дуои бад қилмаймиз! Уларга итоат қилишдан қўл тортмаймиз! Уларга итоат қилишни, Аллоҳ таоло фарз қилган тоати деб биламиз! Модомики улар гуноҳга буюрмасалар, бўлди. Уларнинг ҳаққига яхшилик ва офиятни тилаб дуои хайрлар қиламиз! Аҳли суннат ва жамоатга эргашамиз, ҳар хил гуруҳлар, қарши ҳаракатлар ва фирқалардан узоқ бўламиз!”. (Ақоид матнлари. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 13).

Аҳли суннат ва жамоат ақидаси мана шу! Ҳамманинг ҳаққига, айниқса, бошлиқлар, раҳбарлар ҳаққига фақат дуои хайрлар қилинади. Абу Усмон Исмоил ас-Собуний (373-449/983-1057) раҳимаҳуллоҳ ўзининг аҳли суннат ва жамоат ақидасини акс эттирган асарида бундай дейди:

وَ يَرَوْنَ الدُّعَاءَ لَهُمْ بِالْإِصْلَاحِ وَ التَّوْفِيقِ وَ الصَّلَاحِ وَ لَا يَرَوْنَ الْخُرُوجَ عَلَيْهِمْ بِالسَّيْفِ وَ إِنْ رَأَوْا مِنْهُمْ الْعُدُولَ عَنِ الْعَدْلِ اِلَى الْجَوْرِ وَ الْحَيْفِ وَ يَرَوْنَ قِتَالَ الْفِئَةِ الْبَاغِيَةِ حَتَّى تَرْجِعُ اِلَى طَاعَةِ الْإِمَامِ الْعَدْلِ

“Ҳадис муҳаддислари ва аҳли суннат уламолари подшоҳ ҳаққига ислоҳни, тавфиқни ва салоҳиятни дуои хайр қилиш керак, деб ҳисоблайдилар. Уларга қурол билан қарши чиқишни, гарчи уларнинг адолатдан жабру ситамга ўтиб кетганларини кўрсалар ҳам, жоиз кўрмайдилар. Қарши чиққан гуруҳлар билан то подшоҳга адолатли равишда итоат этгунларигача курашиш кераклигини айтадилар”. (Абу Усмон ас-Собуний. Ақидат ас-Салаф ва Асҳоб ал-ҳадис. – Б. 131). 

Зотан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам ўз шогирди Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга бундай васият – насиҳат қилганлар: “Султоннинг ҳурматини ўрнига қўй, унинг мартабасини эъзозла!” (Имоми Аъзам. Асарлар. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2003. – Б. 112). Хуллас, давлат раҳбарларини ҳурматлаб, уларнинг орқасидан дуои хайрлар қилишимиз, айнан аҳли суннат ва жамоатнинг ақидаси экан.

Дуо ибодатнинг мағзидир! Ҳамиша дуои хайр қилишимиз даркор. Ғоибона дуонинг эса ижобат бўлишига шак-шубҳа йўқ! Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

مَا دَعْوَةٌ أَسْرَعُ إِجَابَةٍ مِنْ دَعْوَةِ غَائِبٍ لِغَائِبٍ

“Ҳеч бир дуо ғоибнинг ғоибга қилган дуосичалик ижобати тез эмас!” (Термизий, 4/1980).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Адаб ал-муфрад” асарида бундай ривоят қилган:

إِنَّ دَعْوَةَ الْأَخِ فِى اللهِ تُسْتَجَابُ

“Албатта Аллоҳ учун биродарнинг дуоси ижобат қилинади!” (Бухорий, “ал-Адаб ал-муфрад”, 1/624).

Имом ад-Дайламий раҳимаҳуллоҳ ва Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, тўрт дуо рад қилинмайди: ҳожининг дуоси уйига қайтиб келгунча; аскарнинг дуоси хизматдан бўшагунча; беморнинг дуоси касалликдан тузалгунча; дўстнинг ўзининг ғоиб дўстига қилган дуоси. Бу дуоларнинг орасида ижобатга энг тез етувчиси ғоиб дўстига қилган дўстнинг дуосидир! (Дайламий, 1/167; Суютий, 4/3064).

Хуллас, дуои бадга, ёмон қарғишу сўкинишларга тилингиз асло бормасин! Бу аҳли суннат ва жамоатда барқарор бўлганларнинг одатидир. Кимнинг дуои бад қилаётганини, сўкинаётганини кўрсангиз, у аҳли суннат ва жамоатдан оғишаётган биридир. Сиз яхши инсон сифатида юртингиз раҳбарлари ҳаққига дуои хайрлар қилинг, ҳеч бўлмаса ихлос билан “Омин!”, деб туринг. 

                                                                                                                                                                                          Ҳамидуллоҳ Аминов

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

Илмий тадқиқот бўлими катта илмий ходими

         Фойдаланилган манба адабиётлар

  1. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал. Китоб ас-Суннат. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003.
  2. Абу Нуайм. “Ҳилят ал-авлиё”.
  3. Абу Муҳаммад ал-Барбаҳорий. Шарҳ ас-Суннат. – Мадина: Мактабат ал-Ғурабо, 1993.
  4. Ақоид матнлари. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006.
  5. Имоми Аъзам. Асарлар. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2003.

Izoh qoldirish