ХУШМУОМАЛАЛИК АҲИЛЛИКНИНГ АСОСИДИР (Бир ҳадис шарҳи)
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَيْسَ الْمُؤْمِنُ بِالطَّعَّانِ وَلَا اللَّعَّانِ وَلَا الْفَاحِشِ وَلَا الْبَذِيءِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кўп таъна қилувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўз айтувчи ҳам ва тили бемаза ҳам эмасдир», дедилар».
Имом Термизий ривоят қилганлар.
Сўзлашиш инсонга берилган энг энг улуғ неъматлардан биридир. Бу билан одамлар ўзаро тил топишиш имкониятига эга бўладилар. Инсон жамиятда яшар экан инсон ҳар куни ушбу неъматдан кўп марта фойдаланиб, ўз атрофида дўсту ёрон орттиради. Бу борада инсонлар ўртасидаги ўзаро хушмуомалалик, бахтиёр ва мустаҳкам жамият барқарорлиги учун муҳимдир. Бу гўзал фазилат инсонлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантирувчи ва йўналтирувчи муҳим жиҳатлардан биридир.
Шундай экан, бу неъматдан фақат яхши сўзлар билан фойдаланмоқ даркор. Аллоҳ таоло тилни тўғри, фойдали ишларга ишлатишни буюриб, бундай марҳамат қилган:
«Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг ва тўғри сўзланг!» (Аҳзоб сураси 70-оят). Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам ўз умматларини тилни фойдасиз сўзлардан сақлашга чақириб: «Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин», деганлар.
Одамларга яхши муносабатда бўлиш, гўзал сўз айтиш динимиз тамойилларидандир. Хатто Фиръавнни ҳақ динга даъват қилгани борган пайғамбарлар Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга ҳам Аллоҳ шундай амр қилган:
«Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар» (Тоҳа сураси 44-оят).
Тил – қалб таржимони, қалб эса имоннинг маскани ҳисобланади. Демак, инсоннинг қалби покиза, мусаффо бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, маъноли сўзлар чиқади. Аксинча, тил ёмон, фаҳш сўзларни сўзласа, инсоннинг қалби қорайиб, имони сусайиб боради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Банданинг тили тўғри бўлмагунича имони тўғри бўлмайди», дея марҳамат қилганлар.
Имом Термизий томонидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши йироқда бўлиши лозим бўлган қуйидаги тил офатлари ҳақида ҳақида сўз юритмоқдалар:
Кўп таъна қилувчи. Кишиларга турли нарсалардан таъна қилавериш мўмин бандага лозим эмас. Бу одат кишилар учун озор бўлади. Мўмин киши ҳеч кимга озор бермаслиги лозим.
Кўп лаънатловчи. Аввал ҳам ўрганиб ўтганимиздек, бировларни ва ҳатто нарсаларни ҳам лаънатлаш дуруст эмас. Кўпчилик ҳолатларда лаънат лаънатловчининг ўзига қайтиб келиши турган гап.
Фаҳш сўз айтувчи. Баъзи бир одамларнинг оғзидан сал нарсага уятсиз сўзлар чиқаверади. Бундай одамлар бўлган-бўлмаган нарсага шармсиз, ҳаёсиз гапларни айтаверадилар. Мўмин банда бундай нарсадан мутлақо узоқда бўлиши лозим.
Тили бемаза. Тили бемаза одамни баъзилар сассиқ сўзли одам ҳам деб атайдилар. Мўмин киши ширин каломли инсон бўлиши керак. Бемаза гапларни айтиш унга муносиб эмас. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. "Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Кераксиз ва бефойда сўзлардан сақланиш, тўғри сўз ва хушмуомалалик мўминнинг гўзал фазилатларидир. Ўйламасдан айтиладиган жуда кўп кераксиз сўзлар инсон учун оғир мусибатларга сабаб бўлади.
Бу борада ҳазрат Мир Алишер Навоий шундай дейдилар: “Тил ширинлиги –кўнгилга ёқимлидир, мулойимлиги эса – фойдали. Қанддан май тайёрланса ҳаром бўлгани каби чучук тил аччиққа айланса кўпчиликка зарари тегади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир, зеро болалар учун гўзал муомалали одам – ҳалвофуруш каби севимлидир”.
Хулоса қилиб айтганда, бошқаларни ҳақоратлаш ахлоқсизлик бўлиши билан бирга жамиятда ўзаро нафрат ва адоват уйғотади. Ислом дини жамият иттифоқига путур етказадиган ҳар қандай ишни қоралайди, одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган, ўзаро дўст бўлишга ёрдам берадиган ҳар қандай ишга тарғиб қилади. Бировни ҳақорат қилиш нафрат уйғотганидек, кишини у ёқтирган исм билан чақириш меҳр-муҳаббат пайдо қилади.
Жониев Музаффархон –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори в.в.б.,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Izoh qoldirish