Шамс Табризий асарларида шариатга истиқоматнинг муҳимлиги баёни
Шамс Табризий ўз даврининг ориф зотларидан бири бўлиб, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг машҳур муршиди саналади. Бу зот ошиқ, ориф, файз ва кашфлар соҳиби бўлган. Шамс Табризий муридларига дарс бериш жараёнида шогирдлари у зотнинг ваъз-насиҳатларини кўчириб, “Мақолоти Шамс” номли асар шаклига келтиришади. Ушбу асар мутафаккирнинг Қуръон ва суннат асосидаги орифона қарашларини ўзида жамлаган. Бундан ташқари унинг яна бир кичик ва ниҳоятда арзирли “Марғубулқулуб” (“Қалбларни рағбатлантирувчи”) номли асари бор. Ушбу асар бугунги кунга қадар Туркия ва Эроннинг турли қўлёзма нусхалари марказларида сақланиб келинмоқда. “Марғубул қулуб” асари форс тилида ёзилган бўлиб, маснавий жанридаги шеърларни ўз ичига олади. Муридларга насиҳат ва тўғри йўлни кўрсатиш мақсадида бугунги кунга қадар ушбу асар муҳим аҳамият касб этади.
Асар гарчи кичик ҳажмли рисола бўлса-да аммо унинг маъно-мазмуни кенг миқёсга эга. Ҳар бир фасли тариқатга энди кирган соликнинг йўлини кўрсатишга қаратилган. Тўғри йўл ва эгри йўлни ҳаётий мисоллар билан кўрсатган. Нафс тарбияси, устоз шогирдлик одоби, комил инсон ахлоқи асарнинг муҳим ғояларидандир. Бу асарнинг эътиборли жиҳати шундаки, мутафаккир шариатсиз тариқат, тариқатсиз маърифат, маърифатсиз ҳақиқат мақомига етишиш имконсиз эканлигини алоҳида тушунтиради. Бугунги кунда ҳам айнан, мана шу мавзу долзарб бўлиб қолмоқда. Шариат амалларини мукаммал ўрганмасдан, узлат қилиш шартларига мувофиқ иш тутмасдан чилла ўтириш, ёки ўзини “шайх” кўрсатиб, илм аҳлини менсимаслик, нафсу кибрга эрк беришдан бошқа нарса эмас. Шамс Табризийнинг қуйидаги байтига эътибор беринг:
Мақоме чанд аз солик бигӯям,
Дар он гуфташ зи Ҳақ тавфиқ ҷӯям.
Шариатро муқаддам дор акнун,
Тариқат аз шариат нест берун.
(Мазмуни: Соликнинг мақомларидан бир нечтасини айтишга Аллоҳ таолодан тавфиқ сўрайман. Биринчидан, солик — тариқатга қадам қўймоқчи бўлган киши шариатни тариқатдан муқаддам қўйиши шарт ва зарур. Чунки тариқат шариатдан айри нарса эмас. Балки шариат асосида тариқат рўёбга чиқади. Шариатда истиқомати бўлмаган кишида тариқат йўли насиб этмайди. Чунки тариқат шариатнинг мевасидир).
Солик шариатни ўрганиш учун дастлаб устози комил танлаши зарур. Мутафаккир: “агар солик устози комил танламаса, бу йўлда адашиши ва хавфу хатарга йўлиқиши мумкинлиги”ни уқтиради. Солик биринчи ниятини тўғрилаши лозимлиги баён этилади. Яъни илм ўрганишдан мақсад маърифатуллоҳни (Аллоҳни таниш) ҳосил қилиш, Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш, берилган неъматларининг моҳиятини англаб тафаккур этиш, шу йўлни яъни, тасаввуфга қадам қўйишга Аллоҳ таоло ҳидоят этганлиги учун дил, тил ва жисм билан шукрона айтишни канда қилмаслик кабилар киради. Мутафаккир нафсни тўғриликка тарбиялаш учун шариат мезонлари асосида тариқатга қадам қўйиш шартларини тушунтириб беради. Ҳайвоний нафс соликни шаҳватга чорлашини баён этиб, залолатга олиб боришини таъкидлайди. Чунки шариатга амал қилмасдан тариқат йўлига кириш худди дору таркибини билмасдан, касаллика даво излаш кабидир.
Зеро, шариат бизга тўғри йўл билан эгри йўлни Қуръон, суннат ва мазҳаб асосида кўрсатадиган ягона омилдир. Агар солик бу омилларни билмаса, хатар ва залолат уни доимо қалбига қўрқув солиб, қилинган ибодатига нуқсон етказади. Мазҳаблар асосида шаклланган тасаввуф ва тариқат таълимотлари доимо инсонларни руҳий тарбия беришга, қалбларни бир-бирига улфатлантиришга, ижтимоий ҳаёт ва умуминсоний муносабатларни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди. Бу борада Нақшбандия тариқатининг етук вакили Муҳаммад Солиҳ Нодим ўз асарида айтади:
Бар зиндадилон касби маишат набувад айб,
Гар даст ба кор аст, дили хеш ба ёр аст.
Мазмуни: Қалби доимо ҳушёр ва тирик валий зотларга касб ва тирикчилик қилиш айб саналмайди. Энг асосийси, қўли меҳнатда бўлса ҳам қалби Аллоҳ билан ёрдир.
К. Жамаҳматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари в.в.б.
Izoh qoldirish