17.06.2023

МУСУЛМОНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШНИНГ ОҚИБАТИ

“Такфир” –  яъни, мўъмин-мусулмонларни кофирга чиқариш оғир гуноҳ бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан умматларини доимо огоҳ қилиб келганлар. Шунингдек, “фалончи ширк қилди, фалончи мушрик” деявериш яхшилик эмаслигини билдирганлар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирларидан ҳам воқиф бўлган саҳобалардан бири Ҳузайфа ибн ал-Ямоний разийаллоҳу анҳу қуйидаги ҳадиси шарифни айтиб қолдирган:

أن حذيفة حدثه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إن ما أتخوف عليكم رجل قرأ القرآن حتى إذا رئيت بهجته عليه وكان ردئا للإسلام غيره إلى ما شاء الله فانسلخ منه ونبذه وراء ظهره وسعى على جاره بالسيف ورماه بالشرك قال قلت يا نبي الله أيهما أولى بالشرك المرمي أم الرامي قال بل الرامي

Ҳузайфа разийаллоҳу анҳу ҳадис айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар, деган: “Албатта, мен сизлар учун, Қуръон ўқийдиган ва унинг чиройи унда кўринадиган ва Аллоҳ хоҳлаганича Исломнинг ҳимоясига турадиган кишидан хавф қиламан! Кейинчалик у исломдан ажралиб чиқиб, уни орқасига отиб ташлайди-да, ўз қўшнисига, уни ширкда айблаб қилич билан ташланади”. Ҳузайфа разийаллоҳу анҳу сўраган: “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Уларнинг қай бирлари ширкка яқинроқ: ширк таъналарини отганми ёки ширкда айбланганми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Йўқ, балки айбловчи ширкка яқинроқдир” (Бухорий, “ат-Таърих ал-кабир”, 4/2907; Ибн Ҳиббон, 1/81; Табароний, 20/169; Баззор, 1/2793).

Мазкур ҳадиси шарифдан биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари орасида Қуръонни гўзал қилиб ўқийдиган, исломни қўллаб-қувватлаб юрган, тақводорлиги ва билимдонлиги билан танилиб, шариати исломияни ҳимоя қилиб турган ва алалоқибат “такфир” фитнасига алданиб қолиб, ҳатто ўз қўшниси – ҳамсоясини ҳам, кофирга чиқарадиган, ҳатто бирга масжидга қатнаб, бир сафда намоз ўқиб юрган биродарига “кофир” дея қурол билан ташланиб қоладиган кимсалардан қўрққанлигини билиб оламиз. Афсуски, Жаноби Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрққан ҳолатлар бугун кўплаб учрамоқда. Бугун минг йиллардан бери мусулмон бўлиб келган, ислом динининг ривожига буюк ҳисса қўшган ўзбек халқини кофирликда айблаб, дини исломнинг тараққиётига қўлдан келгунча ҳисса қўшган ва қўшаётган уламо ва домлаларни ҳамда давлат аҳлини кофир деяётган, ҳолбуки, бир вақтлар улар билан бирга намоз ўқиган, домлаларнинг орқасида иқтидо қилиб намозда турган бўлишига қарамай, сояи давлатида тузини еб, тузлиғига тупирган ҳолда бугун уларни кофирдан олиб кофирга солаётганлар – Ўзбекистонда туғилиб-ўсганлар топилиб турибди. Афсуски, ўз ота-оналарини ҳам кофир ва мушрик деяётганлар бугун учраб турибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз биродарлари, яқинлари, юртдошлари ва мусулмонларни кофир ва мушрик дея ўлдирадиган мусулмон даъвосидаги кимсалардан хавфсираганлар ва улар Қуръон ўқишларидан қатъи назар, улар исломнинг ҳимоячиси бўлиб кўрингани билан ўлдирувчи кимсаларнинг ўзлари куфр ва ширкка мубтало эканлигини башорат қилганлар. 

Бундан огоҳ бўлайлик! Аллоҳ мусулмонларни кофирга чиқаришдан Ўзи асрасин!

Ҳамидуллоҳ Аминов 
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Илмий тадқиқот бўлими катта илмий ходими

Izoh qoldirish