19.06.2023

ИЛМ ИШОНЧЛИ УСТОЗ БИЛАН ЎРГАНИЛАДИ

Илм – аслини олганда ҳақиқатни англашдир. Алишер Навоий Абубакр Тоҳир Абҳарий Абдуллоҳ ибн Тоҳир ибн Ҳорис Тоий (ваф. 333/944) таржимаи ҳолида келтиришича, “Ондин сўрдиларки, ҳақиқат недур? Дедиким, барчаси илмдур. Дедилар: илм недур? Дедиким, барчаси ҳақиқатдур”. 

Шунинг учун илмни олишда биринчи навбатда устозни тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга саналади. Устоз эса ҳақ ва ҳақиқат йўлини англаб, унда собитқадам киши бўлмоғи лозим. Ислом умматининг энг яхши бўғини саналган саҳоба-тобеин-таба тобеин силсиласи ҳам устоз-шогирдлик анъаналарининг юқори даражасини ўзида намоён этгани туфайли ҳам ушбу юксак даражага эришишга муваффақ бўлишган. Улар бу борада ниҳоятда эҳтиёткорлик йўлини тутишган бўлиб, ўзларидан кейин ҳам буни энг муҳим тавсия сифатида қолдиришган. Тарихда бунга мисоллар жуда ҳам кўп бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.

Имом Термизий ўзининг “Илал” асарида шундай келтиради: “Бизга Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Шақиқ ривоят қилди ва деди: “Бизга Назр ибн Абдуллоҳ Асом хабар берди ва деди: “Бизга Исмоил ибн Закариё, у Ибн Сийриндан ривоят қилди ва деди: “Аввалги вақтларда санад ҳақида сўралмасди. Қачонки фитналар воқе бўлганда, аҳли суннатнинг ҳадисини олиш ва аҳли бидъатнинг ҳадисини тарк қилиш учун иснод ҳақида сўрай бошлашди”.

Муҳаммад ибн Сирий машҳур тобеин олимлардан бўлиб, Ислом умматининг пешво зотларидан ҳисобланади. Олимлар айтадики, бу сўз билан илк асрларда юз берган фитналар оқибатида шиа, хавориж каби турли оқим, бидъат ва ҳаво эгаларининг пайдо бўлиши, тарқалиши ва ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун турли ривоятлар тўқигани назарда тутилмоқда.  Шунинг учун у зот бошқа бир сўзида шундай дейди: “Бу илм диндир. Сизлар уни кимдан олаётганларингизга назар солинглар”. Маълум бўлмоқдаки, киши устоз борасида адашадиган бўлса, динда нотўғри йўлни танлаб, дунё ва охиратда зиён кўради.

 Имом Термизий келтирилган асарида яна дейди: “Бизга Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ривоят қилди ва деди: “Абдоннинг шундай деганини эшитдим: “Абдуллоҳ ибн Муборак деди: “Менинг наздимда иснод диндандир. Агар иснод бўлмаганида ҳар ким ҳар қандай гапни айтаверарди. Агар кишига “Буни сенга ким ривоят қилди?” деса, жавоб беришдан тўхтаб қолади”.

Бизга Муҳаммад ибн Али деди: “Бизга Ҳиббон ибн Мусо хабар берди: “Абдуллоҳ ибн Муборакка бир ҳадис айтилганида у шундай деди: “Бу ривоят учун ғиштлардан бўлган (поғонама-поғона) суянчиқ (яъни, иснод) керак”. 

Демак, ҳадис илмида вужудга келган санад – ровийлар силсиласи ҳам айнан устозларни танлаш масаласида вужудга келган. Ҳатто ҳадис ровийларига қўйиладиган талаблар ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, буни устозларни саралаб олиш ҳам дейиш мумкин. Шу тарзда агарки Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳадис айтишни даъво қилса ҳам нолойиқ устоздан таълим олинмайди. Имом Термизий келтирган қуйидаги ривоятлар ҳам шунга далолат қилади:

“Бизга Аҳмад ибн Абда ривоят қилди: “Бизга Ваҳб ибн Замъа Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилдики, у Ҳасан ибн Умора, Ҳасан ибн Динор, Иброҳим ибн Муҳаммад Асламий, Муқотил ибн Сулаймон, Усмон Буррий, Ровҳ ибн Мусофир, Абу Шайба Воситий, Амр ибн Собит, Айюб ибн Хут, Айюб ибн Сувайд, Наср ибн Тариф Абу Жазъ, Ҳакам ва Ҳабибларнинг ҳадисини тарк қилди. Ҳакамдан “Ар-Риқоқ” китобида бир ҳадис ривоят қилди, сўнгра уни тарк этди. Ҳабибнинг эса кимлигини билмадим”.

“Аҳмад деди: “Бизга Абу Ваҳб ривоят қилди: “Абдуллоҳ ибн Муборакка ҳадисда шубҳа-айбловга учраган киши зикр қилинганида, у деди: “Ундан ҳадис ривоят қилишимдан кўра йўлтўсарлик қилишим мен учун яхшироқдир”.

Хулоса қилиш мумкинки, илм киши учун бу дунёдаги асосий таянч бўлиб, у билан дунё ва охират саодати топилади. Аммо бу муваффқиятга эришиш устозни тўғри танлай билишга боғлиқ. Бугунги кунда турли бузғунчи гуруҳларга назар солинса, уларнинг нотўғри устоз танлаганлиги маълум бўлади. Шунинг учун динимизда илм олиш ва беришда асосий эътибор устозлар силсиласи Пайғамбар алайҳиссаломгача етиб боришига алоҳида диққат қаратилади. Масалага чуқурроқ назар ташланганда эса, бу жараёнда исломий ҳикмат юзага чиқадики, яхшилар яхшилар билан, ёмонлар ёмонлар билан топишади. Шунинг учун “ният хайр – оқибат хайр” дейилганидек, киши илм олиш йўлидаги ниятини холис қилиши, ўзига ва ўзгага манфаат етказишга уриниши, улуғ олимларга эҳтиром кўрсатиши, энг асосийси, ўзигача бўлган илмий услуб ва ютуқларни пухта ўзлаштириб, уларни маҳкам тутиши айни муддао. Зеро, илм узун йўлдек бўлиб, у янгидан кашф этилмайди, балки муносиб давом эттирилади. Тафаккур қилинса, улуғ кашфиётлар ҳам аслида муносиб давомчиликдир.

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish