19.06.2023

ХОЖА АЛОУДДИН АТТОР – СОФ ТАСАВВУФНИ ЧАҒОНИЁНГА ЁЙГАН БУЮК МУРШИД

Тасаввуф таълимоти – амалда Қуръон ва ҳадислар, кенг маънода илму ирфон ёрдамида ўз нафсини ёмон хулқлардан поклаш орқали руҳий камолот касб этиш, Аллоҳни яхши таниш ва Унга боғланиш, Пайғамбар хулқларини намуна сифатида кўриб, имкон қадар уни касб этишни мақсад қилади. Бу таълимот ёрдамида кишининг руҳий камолоти юксалиши, натижада ўзини яхши ишларга сафарбар этиб, ёмон фикр ва амаллардан тийиш малакасини ҳосил қилиш назарда тутилади.   

Сурхон замини ҳам Термизий ва Чағонийлар мисолида ўзининг қадим тасаввуф мактабига эга. Шундай улуғ зотлардан бири Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ҳисобланади.

Унинг тўлиқ исми Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Аттор Бухорий бўлиб, “Аттор” номидан унинг оиласи хушбўйликлар билан савдо қилганлигини билиш мумкин. Ушбу олим тариқат илмининг пешвоси бўлган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазрталарининг хос шогирди, куёви ва у зотдан кейинги тариқат пешвосидир. Устози Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари уни доимо “Ало” (Юксак) деб чақирган. У шариат ва тариқат илмларида пешво саналувчи ориф, шайх ва олим зот бўлган ва Нақшбандия тариқатининг 17-шайхи ҳисобланади.

Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу Алоуддин Аттор тарбиясига ниҳоятда катта эътибор қаратарди. Баҳоуддин Нақшбанд ўз шогирдини илму ирфон чўққиларига етиши учун тарбиялашни давом эттирди. Ҳатто уни ёнига ўтирғизар ва унга юзланар эди. Бу ҳақда савол берилганида, дедиларки: “Уни ёнимга ўтирғизурманки, токи бўри емасин. Нафс бўриси уни пойлаб турур, ҳар лаҳза унинг ҳолини текшириб тураман”.

Бу каби эътибор сабабидан эса Алоуддин Атторнинг мартабаси юксалиб, маънавий дунёси бойиб бораверди. Натижада Алоуддин Аттор ўз устозига нафақат одатий шогирд, балки у зотнинг яқин ёрдамчиси ва ишонган кишисига ҳам айлана борди. Бунинг муҳим бир нишонаси шу эдики, Баҳоуддин Нақшбанд ҳузурига янги келган муридлар тарбияси у зот кўрсатмаси билан дастлабки босқичда Алоуддин Атторга топшириладиган, маълум муддатдан сўнг улар улуғ устознинг суҳбатига тайёр ҳолга келишгач, шундан сўнг Нақшбанд ҳазратлари ҳузурига ўтадиган бўлди. Бу ҳақда Шоҳ Нақшбанд: “Албатта, у бизнинг оғиримизни енгил қилди ҳамда унинг суҳбати ва гўзал тарбияси баракасидан менга фойдалар намоён бўлди” дейди. 

Баҳоуддин Нақшбанддек зотнинг вафотидан сўнг у зотнинг муридлари – шогирдларига ким бошчилик қилиши ҳақидаги масала, албатта, жиддий эди. Бундай жиддий иш ҳақида эса Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўз тадорикларини кўриб қўйган эди. У зот Аттор ҳақида: “Аллоҳ кўксимга нимани қуйган бўлса, ўшани унинг кўксига қуйдим” дегани нақл этилади. 

Бу сўз устознинг ўз шогирдига берган юксак баҳоси ҳам эди. Қолаверса, бу орқали комил устознинг муҳим бир белгиси ҳам намоён бўладики, у ҳам бўлса, ўз йўлини давом эттиришга муносиб шахсни етиштириш масъулиятини чуқур англаш ва бунинг учун лозим бўлган чораларни кўришдир. Шу тарзда 1389 йилда Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари вафот этгач, барча муридлар, шу жумладан, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг яна бир пешқадам муриди бўлган Муҳаммад Порсо ҳам унга итоат қилишга қарор қилишди ва уни муршид – устоз сифатида танлашди. 

 Тариқат пешвосига айланган Алоуддин Аттор 1390 йилдан бошлаб ўз фаолиятини Чағониён ҳудудида давом эттирди. Манбаларда Чағониён деганда ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон, Шўрчи, Денов каби туманлари назарда тутилган. Алоуддин Аттор эса ҳозирги Денов шаҳрига келган ва то вафотига қадар шу ерда ҳаёт кечирган. 

Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд сўзларининг етказувчиси. Алоуддин Аттор фаолиятининг яна бир муҳим жиҳат шуки, у Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида битилган асарларнинг сабабчиси ва тартибга солувчиси бўлди. Жумладан, Муҳаммад Порсонинг машҳур “Рисолаи қудсия” (Пок калималарни ўз ичига олган рисола) асари Аттор илтимоси билан битилган бўлса, Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Хожа Нақшбанд” (Хожа Нақшбанд мақомлари) асари ҳам Порсо ва Аттор нақллари ва тавсияси орқали ёзилгани қайд этилган. Яъқуб Чархий эса Нақшбанд томонидан унинг тарбияси Атторга топширилган шахсдир ва у ҳам  “Рисолаи унсия” (Илоҳий меҳр-муҳаббат ҳақида рисола) асарини битган. Яна бир муҳим асар – “Анис ат-толибин ва уддатус соликин” (Ҳақ йўл толибининг севимлиси ва бу йўлда юрувчининг тайёргарлиги) китоби муаллифи бухоролик Салоҳ ибн Муборак ҳам Аттор воситасида Нақшбанд суҳбатига сазовор бўлган ва китобини Аттор ёрдамида ёзиб тугатган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, юқоридаги асарлар Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва мероси бўйича битилган энг муҳим манабалар бўлиб, бугунги кунгача ушбу мавзуда асосий адабиёлар сифатида қўлланиб келинмоқда.

Ислом ақидасига кўра, жаннатга кирувчи бандалар у ерда Аллоҳга назар солиш бахтига муяссар бўлишади. Хожа Алоудждин Аттор замонларида бу кўришни инкор этувчи айрим шахслар пайдо бўлдики, бу масалада олимлар орасида ҳам баҳс қўзғалди. Улар Хожда Алоуддинни юксак мартаба эгаси сифатида тан олганлари учун у зотнинг ҳузурига келишди. Шунда у зот: “Сизлар уч кун муттасил бизнинг ёнимизга келинглар ва суҳбатимизда комил таҳорат билан ўтиринглар ва сокит (жим) бўлинглар, токи шундан сўнг ҳукм қиламиз” деди. Бу ишни бажариш асносида Алоуддин Аттордан ҳазратларидан таралган илоҳий файзу баракани мушоҳада этишлари натижасида ўз сўзларининг нотўғрилигини тушуниб етдилар ва барчалари қилмишларидан тавба қилдилар. Маълум бўладики, кишининг қалби илоҳий нур билан тўлса, гўзал ахлоқ-одобга эга бўлса, бир сўз билан айтганда, комиллик касб этса, унинг сукути ҳам ҳар қандай сўздан кўра маънолироқ бўлади.     

Алоуддин Аттор милодий 1400 (ҳижрий 802-йил ражаб ойининг иккинчиси бўлган душанба кунида) йил касал бўлади ва ражаб ойининг йигирмасида, чоршанба кечаси, хуфтон намозидан сўнг вафот этади. Қабрлари Чағонийннинг Янгидеҳаси, ҳозирги Денов шаҳридадир. Ўғли Ҳасан Аттор, невараси Юсуф Аттор, шунингдек, Баҳоуддин Нақшбанднинг Алоуддин Аттор никоҳида бўлган қизи ҳам шу қабристонда экани қайд этилади. 

У зотдан нақл этилган сўзлар илму ирфоннинг етук намуналари санаиб, хулоса ўрнида қуйида улардан айрим намуналарни келтириб ўтамиз.

 

Ўзингни одобли санашинг одобингдаги хатодир. Адабсизнинг хатоси унда манманлик намоён бўлиши ва ўзини одобли санашдир.   

* * *

Улуғ машойихлар қабрининг зиёратидан нечоғлик фойда олишинг уларни қанчалик танишингга боғлиқдир. Киши учун уларнинг сурати эмас, сифати муҳимдир. Уларни зиёрат этиш ҳам Аллоҳга юзланиш ва ушбу юзланишни яхшилаш учун бўлмоғи лозимдир. Ҳазрати Хожа Бузруг (Баҳоуддин Нақшбанд) муборак тилларидан кўп ўтар эди:

Ту токай гўри мардонро парасти,

Ба гирди кори мардон ро гирд расти

Мазмуни: Сен қачонгача авлиёларнинг қабрига топинасан,

Авлиёлар амалидек иш қилки, ўсасан

(яъни, азиз авлиё ва олимлар қабрини зиёрат этиш билан охират, бу дунё ўткинчилиги ва улардан ибрат олишни мулоҳаза этмоқ лозим).

* * *

Ташингда халққа, ичингда эса Аллоҳга тавозе қил.  

* * *

Сукут уч нарсадан холи бўлмаслиги лозим: қалбини ноўрин фикр мулоҳазалардан сақлаш, зикрга юзланиш ёки қалбидаги ҳолатларни мушоҳада этиш.

* * *

У зот устозлари Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан ушбу сўзни кўп нақл этар эдиларки, ибодат ўн қисмдир, унинг тўққиз қисми ҳалоллик талабида, қолган бир қисми эса бошқа нарсалардир.     

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish