Қурбонлик ҳақида биласизми?
Қурбонлик - Аллоҳга янада яқинлашиш, Унинг розилигини қозониш учун ибодат (қурбат) мақсадида маълум бир вақтда муйян шартларга жавоб берадиган ҳайвонларни қурбонлик нияти билан сўйишни англатади.
Қурбон байрамида ибодат мақсадида Ийдул адҳо куни эрталаб сўйилган ҳайвонга “удҳийя”, ҳажда сўйиладиган ҳайвонга “ҳадйи”, гўшти учун сўйилган ҳайвонга “забиҳа” дейилади.
Аллоҳ таоло Кавсар сурасида: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”, деган. Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги “намоз”дан мурод, ийди қурбон намози, “жонлиқ”дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Қурбонлик қилишнинг вақти “Ийдул адҳо” – Қурбон ҳайити куни, яъни Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида ҳайит кунининг тонги отиш билан киради ва учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан чиқади. Қурбонлик эса ҳайит намозини ўқиб бўлинганидан кейин сўйилади. Агарда ким қурбонлиги ийд (ҳайит) намозидан олдин сўйган бўлса, унинг қурбонлиги қабул бўлмайди ва яна қайтадан қурбонлик сўйишга тўғри келади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин жонлиқ сўйган бўлса, яна қайта сўйсин”, деганлар.
Ийд намозини ўқиб бўлинганидан кейин, қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонга озор берилмасдан сўйиладиган жойга олиб борилади ва қиблага қаратиб чап томони билан ётқизилади. Агар қурбонлик қилувчи қурбонлигини бевосита ўзи сўя олса яхши ишдир, мустаҳабдир. Агар уни ўзи сўя олмаса бошқа бир кишига ваколатини бериб, сўйдирса ҳам жоиз бўлади. Қурбонлик эгасининг сўйиш пайтида у ерда туриши мустаҳабдир.
Ҳайвонни сўйган киши ҳайвонни қийнамасдан, пичоқни ҳайвонга кўрсатмасдан, пичоқни қайраб олиб ўткир пичоқни ишлатиши керак. Сўювчи ўнг қўли билан пичоқни, чап қўли билан жонлиқнинг бошини ушлаб, пичоқ тортаётган вақтда: “Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар”, – дейди ёки: “Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар, аллоҳумма ҳаза минка ва лака” , – дейди.
Бунинг маъноси: “Аллоҳнинг номи билан сўяман. Аллоҳ буюкдир. Эй Аллоҳим, бу қурбонлик Сен тарафингдан ва Сенга аталгандир”. Ҳайвон сўйишдаги зикрлар Куръоннинг ушбу ояти билан собит бўлган: “Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсадан еманглар” (“Ал-Анъом” сураси, 121-оят).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. У зот уни ўз қўллари билан сўйдилар ва: “Бисмиллаҳи валлоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан”, дедилар”. Бу ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга ёшига етган, оқил, муқим ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Мусофирга эса қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.
Қурбонлик қилиш учун ҳайвон танлаш пайтида бемор, ғилай, очиқ-ойдин чўлоқ каби камчиликлар бўлмаслигига алоҳида эътибор бериш керак. Камчилиги аниқ билиниб турадиган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар сезилар-сезилмас бўлса, бўлади, дейди уламоларимиз. Шунингдек, кўзи кўр, оёғи чўлоқ, шоҳи тагидан синган, қулоғи тагидан бутунлай кесилган ва мияси чатоқ бўлса, у қурбонликка яроқли ҳисобланмайди. Бу ҳақда Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон”, дедилар” (Сунан эгалари ривоят қилганлар).
Қурбонлик қилинаётган қўйнинг қулоғига қаралади, агар қўйнинг қулоғини учдан бир ёки учдан биридан озроқ қисми кесилган бўлса ёки қулоғи тешиб қўйилган бўлса, бу қўйни қурбонлик ёки ақиқа учун сўйса бўлади. Агар қўйнинг қулоғини учдан биридан кўп қисми кесилган бўлса, қурбонлик ва ақиқа учун сўйиб бўлмайди.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар туя, қорамол, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Етти киши биргалашиб битта туя ёки қорамолни қурбонлик қилади.
Қурбонлик қилинадиган жониворларни ёши мол ва қўтосларда тўлиқ икки ёш, туя беш ёш, қўй ва эчки бир ёшдир. Агар булардан бир кун ҳам кам бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Лекин, бир ёшга кирмаган қўйнинг жуссаси бир ёш қўй жуссасичалик бўлса, яъни олти ойлик қўзи бир ёшлик қўй жуссасичалик гавдаси бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Лекин, олти ойга тўлмаган қўзини жуссаси бир ёшлик қўй каби бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Бир ёшга кирган қўйнинг жуссаси кичик бўлса-ю, лекин бир ёшга тўлганлиги аниқ бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади.
Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиш мустаҳаб саналади. Бир қисмини ўзи аҳлу оиласи билан истеъмол қилади. Яна бир қисмини фақир, бева-бечораларга садақа қилади. Учинчи қисмини қариндош-уруғ, ёру биродарлари, қўни-қўшниларига ҳадя қилади.
Агар у одамнинг қарамоғидагилар кўп бўлса ёки эҳтиёжлари бўлса, қурбонлик гўштини уйда ҳеч кимга тарқатмасдан истеъмол қилса ҳам жоиздир.
Қурбонлик фақат Аллоҳнинг розилигини қозониш учун кесилгани учун унинг гўштини сотиш жоиз бўлмаганидек, терисини, юнгини, ичакларини, суякларини ва ёғини ҳам сотиш жоиз эмас. Қурбонлик қилган киши хоҳласа уни ўзи уйида ишлатади, хоҳласа бошқаларга ҳадя қилади. Агар уларни сотиб қўйган бўлса, пулини садақа қилади.
Қурбонликни сўйган кишига хизмат ҳаққи сифатида қурбонликнинг гўшти ёки териси берилмайди. Бунга далил шуки, Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга у зотнинг қурбонликларига қарашимни, гўштлари, терилари ва жабдуқларини садақа қилишимни ва у нарсалардан қассобга бермаслигимни амр қилдилар. Унга биз ўзимиз берамиз”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Қурбонликни сўйган кишига хизмат ҳаққи сифатида пул берилганидан кейин, қурбонликнинг гўшти ёки терисини ҳадя сифатида берса жоиз бўлади.
Сўйиш жараёни тугагандан сўнг атроф-муҳитни яхшилаб тозалаш, ҳайвондан қолган бўлакларини тупроққа чуқур кўмиб ташлаш керак ва иложи борича унинг ҳеч бир бўлагини ташқарида қолдирилмаслиги керак. Бу, айниқса, сўйилган қурбонлик қилинган ҳайвонга ва атрофдаги кишиларга нисбатан ҳурмат белгисидир.
Қурбонлик қилишнинг нафақат охиратда балки шу дунёда ҳам бир қанча манфаатлари бор. Яқин қариндош, қўни-қўшни, қийналган ва муҳтож оилаларга қурбонлик қилиб тарқатиш билан меҳр-оқибатнинг пайдо бўлиб, ижтимоий алоқаларнинг янада яхшиланишига олиб келади. Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмат асосида амр қилинган бу иши ортида жамиятдаги инсонларнинг бир-бирига бўлган ўзаро ҳурмат-эътибори ётади. Бундай ишларни давомли тарзда қилиш инсонни яхшилик етаклайди. Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Олим Жўраев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
Izoh qoldirish