23.06.2023

ҚАДРИЯТЛАРИМИЗНИ ЎЗИДА АКС ЭТТИРГАН БАЙРАМ

Асрлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби эзгу умуминсоний қадриятларни намоён этиб келаётган Қурбон ҳайити жонажон Ватанимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда. Ушбу улуғ айёмнинг маънавий ҳаётимиздаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда уни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида:

Жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнь – чоршанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, юртимизда 2023 йил 28 июнь куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлаш бўйича муҳтарам юртбошимиз қарор қабул қилдилар.

Ушбу қарорда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайитини миллий ва диний қадриятларимизга мос равишда ўтказиш, байрамга қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги «2023-йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида«ги ПФ-270-сон Фармони билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2023 йилнинг 29-30 июнь кунлари, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 1 июль куни қўшимча дам олиш куни сифатида белгиланди.

Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларига мос равишда ўтказилиши учун мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Шунингдек, муборак Қурбон ҳайити байрамини янада чиройли ва мазмунли ўтказиш учун оммавий ахборот воситалари орқали соҳа мутахассислари томонидан бу борада кенг маълумотлар бериб келинмоқда. 

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, Мамлакатимиз раҳбари саъй-ҳаракатлари  билан нафақат миллий-диний байрамлар, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида айтиш мумкинки, сўнги йилларда жонажон ватанимизда буюк сиймоларимизнинг илмий-адабий меросини чуқур ва соф ҳолда ўрганиш бўйича бир қанча ислоҳотлар ўтказилдики, бунинг замирида инсон қадрини улуғлаш ва жамиятда комил инсонларни тарбиялаш мақсад қилингани бор ҳақиқатдир. Жумладан, миллий ва диний қадриятларимизга хос бўлган анъаналарни асраб-авайлаб халқимиз ва бутун дунё халқларига етказиш мақсадида юртимизда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон ислом цивилизация маркази каби илмий ташкилотларда бевосита диний-маърифий, илмий-адабий ва ислом санъати каби соҳалар чуқур тадқиқ этилади. 

Умуман олганда, муҳтарам Президентимизнинг оқилона ва одилона саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб, фаровон ва сокин ҳаёт кечирмоқда. Бу борада кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 

Мисол учун Ҳаж ва Умрани олайлик. Юртимиздан қанча-қанча инсонлар бориб, Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиб келмоқдалар. Ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд камчиликлар инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида бартараф этилмоқда. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мана шундай улуғ кунлар саналмиш Қурбон ҳайити байрамида Аллоҳ таолога берилган бу каби неъматларига каррот-каррот шукроналар айтишимиз ва Юртбошимиз ҳаққига доимо дуо қилишмиз лозим саналади. Зеро, биз неъматга шукр қилсак, Аллоҳ таоло шу неъматни янада кўпайтириб беради, агар ношукрлик қилсак, неъмат ва фаровонлик ўрнига машаққат келиши бор ҳақиқат. Бу борада ориф ва мутафаккир зот – Шайх Фаридуддин Аттор айтади: 

Шукри неъматҳои Ҳақ мегў мудом,

То кунад Ҳақ бар ту неъматҳо тамом.

 

Шукр нокардан заволи неъмат аст,

Баҳраи шокир камоли неъмат аст.

 

Шукр дар неъмату сабр андар бало,

Медиҳад оинаи дилро жило.

          

Мазмуни: Ҳақ таоло неъматларига доимо шукрона айт, токи У зот яна неъматларини сенга кўпайтириб берсин. Ношукрлик неъмат заволидир. Шукр айтувчи кишининг ягона лаззати неъмат камолини кўришидадир. Неъматга шукр ва балога сабр қилиш, қалб ойнасини мусаффо этади. 
 

Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари 

 

Izoh qoldirish