26.06.2023

Қурбонликни муҳтожларга улашинг!

Ислом дини одамларни фақир-мискин, бева-бечора, фақирга айланган қариялар, етимлар, майиб-мажруҳлар, касалмандлар, кўзи ожизлар ва муҳтожларга моддий ёрдам бериш, уларнинг қорнини тўйдиришга қаттиқ тарғиб қилади. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳажга келди. Сафвон ибн Умайя таом пишириб, уни меҳмон қилди. Лаганни тўрт киши кўтариб келди. Таомни ейишлари учун лаган одамлар ўртасига қўйилди. Хизматчилар туриб кетдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Нима учун мен хизматчиларингизнинг сиз билан таом емаётганларини кўряпман? Ёки уларни ёқтирмайсизларми?” деди. Шу пайт Суфён ибн Абдуллоҳ: “Эй амирал мўъминин, Аллоҳга қасамки, ундай эмас. Лекин ўзимиз улардан узоқ бўламиз, холос”, деди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабга келди ва: “Бу қандай қавмки, хизматчиларидан ўзларини устун қўядилар! Аллоҳ уларни ундай қилсин, бундай қилсин!” деб, хизматчиларга қаради ва: “Ўтиринглар! Енглар!” деди. Амирал мўъминин ўзи емади”.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бу тасарруфларида қул-чўри ва бева-бечораларнинг кўнглини кўтариш, бошлиқларнинг хизматкорларига  тавозели бўлишлари, ходимларидан ва камбағаллардан хабардор бўлиб, уларни ўзлари билан тенг кўришларига даъват бор. Шунинг учун ҳам мусулмон жамиятида тенглик ва инсон қадрининг юқорилиги доимо сезилиб турган.

Таом инсон ҳаётининг давом этиши учун зарурий ҳожат бўлиши билан бирга, уни бошқаларга тақдим қилиш карам кўрсатишнинг белгиси ҳамдир. Исломда ўзгаларга таом тарқатиш савобли иш, баъзи хато ва гуноҳларнинг каффорати ҳам ҳисобланади. Бошқаларга таом бериш гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида суннат, гоҳида мустаҳаб амалдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роҳманга ибодат қилинг. Таомни едиринг. Саломни ёйинг. Саломатлик-ла жаннатга кирурсиз”, дедилар”. Термизий ривояти.

Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Холис Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш ҳам шукрнинг бир кўринишидир.

Ислом динида бева-бечораларга ёрдам кўрсатиш жуда фазилатли амаллардан саналади. Қурбонлик қилишнинг ҳикматлари кўп бўлиб, улардан бири моддий ҳолатини яхши бўлмаган камбағал ва бева-бечораларнинг кўнгилларини кўтаришдир. Бу билан фақир ва мискинларга нисбатан меҳр-шафқат туйғуларини оммалашади. Баъзи одамлар моддий имконияти йўқлиги сабабли хафталаб, балки ойлар давомида гўшт истеъмол қилмайди. Бундай кишилар қурбонлик гўшти сабабли қора қозонларига гўшт киради ва оиласига қисман бўлсада хурсандчилик киради. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, айби нуқсони бор ҳайвонлар гўштини эмас, балки энг афзал бенуқсон, бақувват ҳамда соғлом ҳайвонлар гўштини ҳадя қилиш керак. Бундан камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади.

Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиш мустаҳаб саналади. Бир қисмини ўзи аҳлу оиласи билан истеъмол қилади. Яна бир қисмини фақир, бева-бечораларга садақа қилади. Учинчи қисмини қариндош-уруғ, ёру биродарлари, қўни-қўшниларига ҳадя қилади. Агар у одамнинг қарамоғидагилар кўп бўлса ёки эҳтиёжлари бўлса, қурбонлик гўштини уйда ҳеч кимга тарқатмасдан истеъмол қилса ҳам жоиздир. 

Юртимиз ва маҳалла-кўйдаги  бева-бечора ва муҳтожларга ёрдам бериш билан ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади ва бошқа бир қанча фойдалар олинади. Қурбонлик қилишнинг нафақат охиратда балки, шу дунёда ҳам бир қанча манфаатлари бор. Қурбонлик қилиб яқин қийналган бева-бечоралар, етим-есирлар ва муҳтож оилаларга тарқатиш билан меҳр-оқибатнинг пайдо бўлиши ва ижтимоий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига сабаб бўладиҚурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот 

маркази илмий ходими Олим Жўраев

 

Izoh qoldirish