НАФС ҚУРБОНЛИГИ
Ҳар йили зулҳижжа ойи кириб келар экан мўмин мусулмонлар Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш мақсадида ва У ато этган беҳисоб неъматларга шукроналик ҳиссининг бир рамзи ўлароқ қурбонлик сўйишга ошиқадилар. Аллоҳ таоло учун жонлиқ сўйиш дини Исломнинг гўзал анъаналаридан ва шариатимиз буюрган буюк ишлардан ҳисобланади. Унинг ҳикмат ва фазилатлари беқиёсдир. Қурбонлик сўзи луғатда Аллоҳга яқинлашадиган нарсани англатади. Бу номдан тушунилиши мумкинки, қурбонлик қилинадиган жонлиқ Аллоҳ таолога яқинлашиш ва Унинг розилигини қозониш учун бир василадир. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилган:
وَلِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنْسَكًا لِيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَىٰ مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ ۗ فَإِلَٰهُكُمْ إِلَٰهٌ وَاحِدٌ فَلَهُ أَسْلِمُوا ۗ وَبَشِّرِ الْمُخْبِتِينَ
Ҳар бир умматга уларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб берганига Аллоҳнинг исмини эслашлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз. Бас, илоҳларингиз бир илоҳдир. Бас, Унгагина мусулмон бўлинг. Итоатли, мутавозеъларга башорат бер (Ҳаж сураси 34 оят).
Бу оятда қурбонлик Аллоҳни зикр қилиш, ер юзидаги барча жониворлар Аллоҳнинг мулки экани ва одамларга фақат раҳм-шафқат сифатида берилишини билдириш учун буюрилганлиги баён қилинган. Вақт ўтиши билан инсон ғафлатга тушиб, ўз мол-мулки, бойлигининг Аллоҳ таолонинг унга берган инъоми эканлигини унутиб қўйиши мумкин. У ҳам Қорун каби ўз меҳнати, илми билан ҳамма нарсага эгалик қиламан деб ўйлайди ҳамда ўзини қудрат соҳиби ўлароқ тасаввур қилиб, неъматларни ўзига хослай бошлайди ва ғурурланади.
Ана шу ўринда қурбонлик қилиш - банданинг мол-мулки, боғу роғлари, чорваси, бойликлари ва пуллари Аллоҳ таолонинг марҳамати ва инояти эканлигини ҳамда ҳақиқий эгаси Аллоҳ эканлигини эслатади. Зеро, Унинг изнисиз ҳеч нарсага эгалик қилиш мумкин эмас. Банда мағрурликдан воз кечиб, камтарлик ва тавозе билан қуллигини изҳор қилади. Бу орқали эса банда Аллоҳ таолога яқинлашиб, Унинг розилигини қозониш имкониятини қозонади.
Аллоҳ таоло инсоннинг қилган барча ибодатлари каби унинг қурбонлигига муҳтож эмас. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бандаларини қурбонлик қилиш амри билан имтиҳон қилади ва уларнинг тақвосини, илоҳий амрга бўйсунишдаги тиришқоқликларини, Аллоҳга яқинлик даражасини ўлчайди. Бу ҳақда Ҳаж сурасининг 37-оятида шундай баён қилинади:
لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَٰكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَىٰ مِنْكُمْ ۚ كَذَٰلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ ۗ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ
Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер.
Бу оятда ҳам сўйилган қурбонликлардан мақсад – ихлос, тақво ва Аллоҳга яқинлашиш ҳамда Аллоҳни берган неъматлари билан зикр қилиш ва ризолигига эришишдир. Ушбу мақсадлар бўлмас экан сўйилган ва тарқатиладиган гўшт, тўкилган қон қанча бўлмасин, Аллоҳнинг наздида ҳеч қандай қадр-қиммати ҳам, қадри ҳам йўқ.
Қурбонлик қилишнинг улуғ амал эканига Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари гувоҳлик беради: "Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир..." (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари, ҳасан ҳадис). Яна Пайғамбар алайҳиссаломдан: "Қурбонлик ўзи нима?", — деб сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир", — деб жавоб бердилар. "Ундан бизга қандай ажр бор?", — дейишганида эса, у зот: "Ҳар бир туки учун биттадан яхшилик берилур", — дедилар... (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).
Ҳадисларда бу дунёда қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда ҳозир бўлиб, эгасини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши айтилган.
Қурбонлик бизга, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг итоатларини ва уларнинг бандаликдаги устунликларини эслатади. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани одамларга бўйсундириб қўйганини кўрсатади, улардан фойдаланишни мумкинлигини ўргатади. Зеро, Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларидан фойдаланмаслик тўғри бўлмаганидек, уларни исроф қилиш ҳам ўта нотўғридир. Шу сабабдан ислом дини қурбонлик қилишни буюрган бўлса, иккинчи томондан, исрофгарчилик ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликдан қайтарган, ҳатто қурбонлик қилиш учун маълум ёш чегарасини ҳам белгилаган.
Энг улуғ қурбонлик банда нафс қурбонлигидир. Қурбонликдаги жонлиқ нафс қурбонлигининг рамзий ифодасидир. Улуғ мутафаккир олим Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий «Ал-Ҳажжу ва асроруҳу» («Ҳаж ва унинг сирлари») асарида буни қуйидагича ифодалайди: «Банда ўз нафсининг фидоси учун қурбонлик қилади. Аллоҳ таоло Ўз карами ва лутфи ила бандаси нафси ўрнига жонлиғини қурбонлик қилишга рухсат берди. Зеро, У хоҳлаган нарсасига лутф кўрсатади. Нафс истаги ўрнига қурбонлик қилинади».
Шунингдек, Мавлоно Жалолиддин Румий «Маснавий» асарида қурбонликни ўзига хос тарзда ифодалайди: “Такбир айтиб, намозга киргач, қурбонлик каби бу дунёни тарк этдилар. Эй имом, намозни бошлашда Аллоҳу акбар дейишингнинг маъноси: «Аллоҳим, биз сенинг ҳузурингда қурбон бўлдик» демакдир. Қурбонлик қилаётганда «Аллоҳу Акбар» дейсиз. Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётган вақтда гўё тана Исмоилга, руҳ эса Иброҳим Ҳалилуллоҳга ўхшайди. Бир семиз жонлиқни шаҳват ва нафсини жиловлаш учун қурбонлик қилар экан руҳ такбир айтса, намозда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейиш билан тана шаҳват ва ёмонликлардан қутулиб, қурбон бўлади”.
Мавлоно Румий ҳар бир намозда такбир ва басмала билан руҳимизни фидо қилиб, йилига бир марта қиладиган қурбонлик ибодатини давом эттиришимизни таъкидлар экан, қурбонлик нияти билан ўқилган намоз бизни ҳақиқий хушига солади ва бизни Аллоҳга яқинлаштиради.
Дарҳақиқат, қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.
Жониев Музаффархон – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори в.в.б.,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Izoh qoldirish