05.07.2023

КЕКСАЛАРНИНГ ВА ҚИШЛОҚ АҲЛИНИНГ ҚАДРИГА ЕТИНГ!

Имон йўлида, ибодат ҳамда хайрли ишларда қишлоқ аҳли ва қари кампирлар самимий бўладилар. Чунки, ҳар хил ғоялар, турли фикрлар, бир-биридан фарқли гап-сўзларни кам эшитганлари учун уларнинг эътиқод ва амаллари асрлар давомида соф ва ўз ҳолича сақланиб келади. Уларга янгиликлар кам таъсир қилади, янги ғоя ва амаллар узоқ қишлоқларда кенг тарқалмай қолади. Уларнинг динлари, диний амал ва тушунчалари, исломий таълимотлари узоқ йиллар ота-боболаридан асл ҳолида мерос бўлиб келаверади. Шунинг учун ривоятларда уларнинг эътиқодлари ва амалларини ўрганиб, ўшандай эътиқодда ва амалда бўлинглар, дейилади.

Буюк олим Жалолиддин ас-Суютий (р.ҳ.) “ал-Жомеъ ас-сағир” асарида қуйидаги ажойиб ҳадисни ривоят қилган:

إِذَا كَانَ آخِرُ الزَّمَانِ وَ اخْتَلَفَتِ الْأَهْوَاءُ فَعَلَيْكُمْ بِدِينِ أَهْلِ الْبَادِيَةِ وَ النِّسَاءِ

“Қачон замона охир бўлганда, нафсу ҳаволар (фикрлар) ҳар хил бўлганида, бас, қишлоқ аҳлининг ва хотинларнинг динини ўзингизга лозим тутинг!” (ас-Суютий. ал-Жомеъ ас-сағир, 1/807). 

Аслида мазкур ҳадисни муҳаддис Имом ад-Дайламий (1/996) ривоят қилган бўлиб, уни Ибн Ҳиббон “аз-Зуафо” асарида (2/264), Ибн ал-Жавзий “ал-Мавзуъот” (1/527), Али ал-қори “ал-Мавзуъот ал-кубро” (1/622) асарларида келтириб ўтганлар. Ҳадисшунос олимлардан айримлари унинг ибораси  мавзуъ (сохта) эканини қайд қилиб кетганлар. Бироқ, ҳадиси шарифнинг маъноси саҳиҳдир!

Шунинг учун ҳам буюк мутакаллим Фахриддин ар-Розий (р.ҳ.): 

مَنْ إِلْتَزَمَ دِينَ الْعَجَائِزِ فَهُوَ الْفَائِزُ – “Ким кампирлар динини лозим тутса, бас, у файз топувчидир!”, деган эканлар. Ҳужжат ул-ислом Имом Ғаззолий (р.ҳ.)нинг устози Имом ал-ҳарамайн (р.ҳ.) бундай деган эканлар: “Мен эллик минг китобни ўқиб чиқдим. Сўнгра ислом аҳлининг исломини текширдим, покиза илмларини кўриб чиқаман, деб чуқур денгизга шўнғиб кетдим. Ислом аҳли нималардан қайтарилганлиги борасида изланишлар олиб бордим, қуруқ тақлиддан қочиб, ҳақни изладим. Энди эса амалдан кўра ҳақ гапга қайтдим: сизлар кампирларнинг динини ўзингизга лозим тутинг! Мен кампирларнинг динида ўлмасам, ҳақни топа олмаган бўламан. Ана унда Ибн ал-Жувайнийнинг ҳолига вой!” (Иқтибослар бундан: ал-Муновий. Файз ал-қадир. ал-Мактабат аш-шомила. 1/80-81).

Аслида: عَلَيْكُمْ بِدِينِ الْعَجَائِزِ – “Алайкум би-дини-л-ажоиз!” (“Ўзингизга кампирлар динини лозим тутинг!”), деган гап Пайғамбар алайҳиссалом айтганлиги собит бўлмаса ҳам, лекин уни Суфён ас-Саврий (р.ҳ.)дек муҳаддис табъа тобеъин айтганлиги ҳақиқатдир. У мўътазилийларнинг имоми Амр ибн Убайд (р.ҳ.) билан имон билан куфр орасидаги манзил (ал-манзила байн ал-манзилатайн) масаласи бўйича тортишган. Мазкур масала мўътазилийларнинг асосий ақидаларидан биридир. Шунда уларнинг тортишувини бир кампир – қари момо эшитиб қолиб, Амр ибн Убайд (р.ҳ.)га қараб: “Ҳей, калланг ишлайдими, Аллоҳ таолонинг: “У шундай зотки, сизларни яратди. Бас, сизлардан баъзингиз кофир ва баъзингиз мўъминдир” (Тағобун, 2) деган оятини билмайсанми? Демак, Аллоҳ таоло бандаларини фақат кофир ёки мўъмин қилиб яратган. Шу билан сенинг гапинг ботил, тушундингми?”, деган экан. Суфён ас-Саврий (р.ҳ.) унга таҳсин айтиб, юқоридаги гапни айтган эканлар (Камолиддин ал-Баёзий. Ишорат ал-маром. – Карочи: Замзам, 2004. – Б. 48).

Узоқ қишлоқлардаги, тоғларда ва саҳроларда яшовчи одамларнинг дини-диёнати соф ҳолда сақлаб келиниши сабабидан саҳрода яшаган кўчманчи арабларнинг сақлаб қолган динларини маҳкам ушлаш кераклиги ҳақида яна бир ҳадис ворид бўлган:

إِذَا اخْتَلَفَتْ أُمَّتِى فِى الْأَهْوَاءِ فَعَلَيْكُمْ بِدِينِ الْأَعْرَابِ

“Қачон умматим нафси ҳаво борасида ихтилофга боришса, бас, ўзларингизга саҳройи араблар динини лозим тутинг!” (Суютий. “Жомеъ л-аҳодис”, 2/1156; ал-Муттақий. “Канз ал-уммол”, 16/30964).

 “Қачон замона охир бўлганда, нафсу ҳаволар (фикрлар) ҳар хил бўлганида, бас, қишлоқ аҳлининг ва хотинларнинг динини ўзингизга лозим тутинг!” ҳадисини ҳадисшунос олим ал-Муновий (р.ҳ.) шарҳлар экан, “Уларнинг эътиқодларини ўзингизга лозим тутинг, уларнинг тариқаларида юринг. Чунки, имоннинг асли ҳам, зоҳирда амал қилиш ҳам, хайрли амалларга кўпроқ ружуъ қўйиш ҳам, ўтганларга тақлид қилиб, шуни маҳкам тутиш ҳам уларда мавжуд. Мазҳабларнинг ихтилофларини, ҳар хил залолат ва бидъатга сабаб бўладиган урф-одатларни, гап-сўзларни эшитилмаса, унинг ҳоли эшитиб-кўриб юрувчиларнинг ҳолатидан кўра яхшироқ бўлиши ўз-ўзидан маълум. Шунинг учун ҳам узоқ қишлоқлардаги аҳолига янгиликлар кам етиб боргани боис, уларнинг урф-одатлари, фикр-қарашлари соф ҳолича салқаниб келади. Бинобарин, манбаларда уларнинг динига, узоқ қишлоқлардаги ёши улуғ кимсаларнинг, қари чоллар ва момоларнинг динига эргашиш буюрилгандир.

Ҳа, улуғ отахонлар, нуроний чоллар, қари момолар, улуғ ёшли бувиларнинг гап-сўзларига қулоқ солиб, насиҳатларига амал қилиб яшамоғимиз керак. Уларнинг қадр-қийматини билмоғимиз даркор. Кексаларни эъзозлаш динимизнинг кўрсатмаси, миллий қадриятимиздир. Уларга амал қилиб, улуғ ёшли отахон ва онахонларимизнинг урф-одатларига, насиҳатларига, мустаҳкам ақидаларига қулоқ тутмоқ лозим!

Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди

Izoh qoldirish