11.07.2023

ТЕРМИЗ УЛАМОЛАРИНИНГ АББОСИЙЛАР ДАВРИ ИЛМ-ФАН РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАЛАРИ

Манбаларда “Тармиз”, “Турмуз”, “Тирмиз” шаклида талаффуз қилиниши зикр қилиб ўтилган [1, б. 225]. Термиз улуғ мутафаккирлари ва донишманд халқи билан дунё цивилизацияси равнақига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган буюк шаҳардир. Абдулкарим Самъоний: “Шаҳар аҳолиси уни “Тармиз” деб талаффуз қилади”, деб ёзган [2, Ж. 1, б. 459]. Бартольднинг қайд этишича: “Ҳозир маҳаллий аҳоли бу шаҳарни Термиз деб талаффуз қилади, чунки 1307/1889 йили бу шаҳарни ўлчаб, топографик жадвалга олган рус аскарлари уни “Термиз” деб ёзишган” [3, б. 159]. Мўғиллар босқинидан сўнг зарб қилинган тангаларда бу жой мардлар шаҳри сифатида танилган [4, Ж. 5, б. 233]. 

Мовароуннаҳр ўлкаси ўзининг кўп сонли маданияти, форсий ва туркий тилли халқлари билан танилган. Бу ерларга ислом дини кенг тарқалганидан сўнг араб тили ҳам жамиятнинг янги бир қисмига айланган. Бундан аввал маҳаллий аҳоли орасида буддавийлик дини кенг миқёсда ҳукмронлик қилган, шаҳар мусулмонлар томонидан фатҳ қилингунига қадар у ерда кўплаб буддавийлик ибодатхоналари мавжуд бўлган [4, Ж. 5, б. 233]. 47/667 йили халифа Муовия ибн Абу Суфён томонидан Термиз шаҳрининг ҳокими қилиб тайинланган Ҳакам ибн Амр Ғифорий бу юртга юзланган кунлардан бошлаб, дастлабки араблар у ерда барқарор ўрнашиб ола бошлаган. Муовия Мовароуннаҳрдаги бошқа кўпгина шаҳарларга ҳам ўзининг одамларини ҳоким қилиб тайинлаган [5, б. 506]. Кейинчалик Рабиъ ибн Зиёд 51/671 йили Басра ва Кўфа каби шаҳарларнинг ҳар биридан йигирма беш мингтадан қилиб, эллик мингга яқин оилаларни кўчириб келган ва Хуросондаги дарёнинг қуйи қисмида жойлаштирган [6, Ж. 4, б. 505]. Термизда ислом давлатининг илк пойдеворига асос солиниши, қонунлари ўрнатилиши ва ҳудудларининг кенгайишига бу халқлар жуда катта ёрдам берган. Ўлкада ҳаётнинг гуллаб-яшнашига ҳам улкан ҳисса қўшган. Ўша минтақаларда ислом кенг ёйилиши натижасида маданий фаолият билан бирга ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан яққол тараққийлашиш бошланган [7, б. 145].

Аббосийлар даврига келиб, мусулмон араблар билан термизликлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланган. Қўни-қўшничилик, қуда-андачилик каби ижтимоий омиллар Термиз шаҳрида араб тилининг кенг ёйилиши, бора-бора мамлакатнинг расмий тилига айланишида катта хизмат қилган. Маҳаллий аҳолининг кўпчилиги араб тили Қуръони карим ва ҳадиси шариф тили бўлгани учун уни ўрганишга киришиб кетган [8, б. 89, 273]. Аста-секин бу тил улар учун бегона бўлмай қолган [9, б. 86]. Шунинг учун ҳам у осонлик билан халқ орасига кириб борган. Форсий забон олимларнинг араб тилида ёзилган кўплаб манбаларни ўз тилларига таржима қилишлари, уларга таяниб жуда кўп асарлар битишгани бунинг ёрқин далилидир.

Араб тили ва ундаги исломий муҳит Термиз шаҳридаги илмий ҳаётнинг гуллаб-яшнашига яққол таъсир кўрсатган. У ердаги уламолар, фақиҳлар ва муҳаддислар олиб борган илмий фаолият орқали бунинг шоҳиди бўлиш мумкин. Улар араб тилининг аҳамиятини чуқур англаб етганлари туфайли уни бутун тафсилотлари билан ўзлаштирган. Самъоний айтганидек, “у ердан кўплаб уламолар, машойихлар ва фозил инсонлар етишиб чиққан” [2, Ж. 1, б. 459]. Уларнинг кўплари она шаҳрига нисбат берилиб, термизий номи билан машҳур бўлган. Термиз уламолари ҳақида изланиш олиб борар эканмиз, шаҳарнинг кўпчилик уламолари Қуръон илмининг энг муҳим қисмларидан бўлмиш ҳадис ва фиқҳ илми борасида ҳам шуҳрат қозонганини кўрамиз.

Маълумки, муҳимлик эътиборидан ислом қонунчилигида ҳадиси шариф Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни жамлаш, китоб шаклига келтириш мусулмон уламолар фикрини банд қилиб келган энг асосий ишлардан бири бўлган [7, б. 204]. Ҳижрий иккинчи, милодий саккизинчи асрдан бошлаб, мусулмонлар ҳадисларни китоб шаклига келтиришни бошлаган ва аббосийлар даврига келиб, кўплаб ҳадис имомлари етишиб чиқишларига имконият яратиб берган [10, б. 68].

Исломда уламоларнинг, айниқса, муҳаддисларнинг ўзига хос жиҳати бу – илм талабида кўп сафар қилиш бўлса, ажаб эмас. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Найсобурий каби машҳур муҳаддислар ҳаёти ва илмий фаолияти бунинг ёрқин исботидир [11, б. 349-351]. Термизда ҳадис, унинг ровийлари, ҳолатлари ва унга тааллуқли илмга катта эътибор қаратган кўплаб уламолар вужудга келган. Бу шаҳар ҳадис илмининг равнақ топишида катта роль ўйнаган буюк муҳаддисларни тайёрлаб берган.

Термиз шаҳрида араб тили грамматикаси (наҳв)ни ўрганган кишилар мавжуд бўлиши ва бу фан олимлари озчиликни ташкил этган бўлишига қарамай, у ердаги наҳв уламоларидан икки нафарининг қўлида бу илм сезиларли даражада равнақ топган. Биринчиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Мазид ибн Рошид Бусанжий бўлиб, Ибн Абу Азҳар номи билан машҳур бўлган. У 325/936 йили вафот этган. Иккинчиси, Ҳаким Термизий номи билан машҳур Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайндир [8, б. 229-230].

Термизлик уламолар ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, уларнинг энг аввалида Имом Термизий туриши барчамизга маълум ҳақиқатдир. Биз у зотнинг илм-фан ривожига, айниқса, ҳадис илми равнақига қўшган беқиёс ҳиссасини, юксак мавқеини, ҳар қандай таърифдан беҳожат эканини эътироф этган ҳолда, кўпчиликка маълум бўлмаган бошқа термизийлар билан танишиб чиқамиз:

1. Абу Исмоил Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф Термизий Суламий. Бағдодда қўним топган. Асли Термизлик бўлса-да, Сулайм ибн Мансур ибн Икрима номли машҳур араб қабиласига нисбат берилиб, Суламий номи билан танилган. Бу қабила турли юртларга тарқалиб кетган [2, Ж. 1, б. 461]. Термизий 190/805 йилдан кейин таваллуд топган. У фақиҳ, олим, ишончли, ростгўй, кўп ҳадис ривоят қилувчи шахс бўлгани учун Термизнинг саноқли муҳаддисларидан бири сифатида танилган. У ҳадис талаб қилиш билан машҳур бўлган [2, Ж. 1, б. 461]. Заҳабий уни ўн бешинчи табақа вакилларидан санаган [12, Ж. 13, б. 243]. У фаҳми ўткир, хотираси кучли, суннийлик мазҳаби билан машҳур бўлган. Бағдодда яшаб, у ерда ҳадис ривоят қилган [13, Ж. 9, б. 150]. Ҳижоз ва Миср шаҳарларига сафар қилган. Абу Исмоил Термизий китоблардан нусха кўчириш билан шуғулланган. Айниқса, Мисрда яшаган вақтда Имом Шофиъийнинг китобларидан нусха кўчирган ва Бағдодга сафар қилганида уни ўзи билан олиб борган [14, Ж. 1, б. 308]. 

Абу Нуайм Фазл ибн Дукайн ва унинг табақасидагилардан, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорий, Қубайса ибн Уқба, Муслим ибн Иброҳим, Ҳумайди, Саид ибн Абу Марям, Исҳоқ ибн Муҳаммад Фаравий, Айюб ибн Сулаймон ибн Билол, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий, Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий, Орим ибн Фазл, Нуайм ибн Ҳаммод ҳамда уларнинг Ҳижоз, Шом, Миср, Ироқдаги табақаларидан бўлган кишилар ва бошқалардан ҳадис эшитган [2, Ж. 13, б. 243 ]. 

Абу Исмоил Термизийдан Ибн Абу Дунё, Мусо ибн Ҳорун, Жаъфар ибн Муҳаммад Фарёбий, қози Абу Абдуллоҳ Муҳомилий, Абу Исо Термизий ва Абу Абдураҳмон Насоий “Саҳиҳ”ларида [15, Ж. 2, б. 27], Ибн Соид, Абу Жаъфар ибн Бухтарий, Исмоил Саффор, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим Шофиий ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.

Абу Бакр Халлол у ҳақда: “Ишончли, машҳур, илми кўп фақиҳ киши”, деган [16, Ж. 3, б. 514-515]. Насоий уни мақтаб гапирган ва: “Муҳаммад ибн Исмоил Термизий хуросонлик ишончли кишидир”, деган. Ундан бошқалар: “У фаҳми ўткир, хотираси кучли, сунна мазҳаби билан машҳур бўлган”, деган [2, Ж. 1, б. 461]. Ибн Ҳиббон уни ўзининг “Ас-сиқот” асарида зикр қилган [13, Ж. 9, б. 150].

Абу Исмоил Термизий 280/894 йилнинг Рамазон ойида Бағдод шаҳрида вафот этган ва Аҳмад ибн Ҳанбал қабри ёнида дафн қилинган [13, Ж. 9, б. 150].

2. Ҳофиз Абул Ҳасан Аҳмад ибн Ҳасан ибн Жунайдиб Термизий. Имом, ҳофиз, тажвид билимдони ва фақиҳ. Заҳабий уни ўн учинчи табақа вакилларидан бўлган уламолар қаторида санаб ўтган [12, Ж. 12, б. 157]. Шом ва Ироқда бўлган. Мисрда Саид ибн Ҳакам ибн Абу Марям, Касир ибн Уфайрдан, Шомда Одам ибн Абу Аёсдан, Ироқда Абу Нуайм, Аҳмад ибн Ҳанбал ва уларнинг табақасидан бўлган кишилардан ҳадис эшитган. Абул Ҳасан Термизий Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдларидан бири бўлган [13, Ж. 8, б. 27]. Бағдод аҳолиси ва уламолари ундан ҳадис иллатлари, фиқҳ ва ровийларга тегишли масалалар ҳақида савол сўраб юришган [13, Ж. 8, б. 27]. У 240/854 йили вафот этган [7, б. 175].

3. Абул Қосим Умар ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳотам Термизий. У Термиз муҳаддисларидан бири бўлиб, бобоси Абдуллоҳ ибн Ҳотам ибн Марзуқ Халлол Термизийдан, шунингдек, қози Абу Юсуф ибн Яъқубдан ҳам ҳадис ривоят қилганини Абул Қосим Термизийдан ҳофиз Абу Нуайм ривоят қилган. Муҳаммад ибн Умар ибн Букайр Нажжор, Муҳаммад ибн Умар ибн Дирҳамдан ҳам ҳадис ривоят қилган [17, Ж. 11, б. 253].

Абул Қосим Термизийдан Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида, Термизий “Жоме”сида, Абу Бакр ибн Хузайма, Абу Абдуллоҳ ибн Муҳрим ва бошқа кўплаб олимлар ҳадис ривоят қилишган [15, Ж. 2, б. 27]. Абул Қосим Термизий 41-йили Найсобурга келган ва у ерда ҳадис сўзлаб берган [12, Ж. 12, б. 157].

4. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий. У шофиъий мазҳаби фақиҳи бўлиб, Термиз аҳли ва муҳаддисларидан бири. Абу Жаъфар Шофиъий номи билан танилган. Ҳижрий 200/816 йили таваллуд топган. Фақиҳ, фозил, парҳезкор, юриш-туриши тўғри инсон – Абу Жаъфар Термизий Ироқда шофиъийлар шайхи бўлган. Айтишларича, у номлари тилга олинса, қалб ёришадиган, кўнгиллар шодликка тўладиган имомлардан бири бўлган [7, б. 157]. Бағдодда яшаб, у ерда Яҳё ибн Букайр Мисрий, Юсуф ибн Адий, Касир ибн Яҳё, Иброҳим ибн Мунзир Ҳизомий, Яъқуб ибн Ҳумайд ибн Косибдан ҳадис ривоят қилган.

Абу Жаъфар Термизийдан қози Аҳмад ибн Комил, қози Абдул Боқий ибн Қониъ, Абдураҳмон ибн Сиймо Мужаббир, Аҳмад ибн Юсуф ибн Халлод Нусайбий ҳадис ривоят қилган [2, Ж. 1, б. 460]. У ишончли, фазилат, илм ва дунёга меҳр бермаган шахслардан бири бўлган. Дорақутний у ҳақида: “У ишончли, омонатдор, зоҳид инсондир”, деган. “Мажмуъу шарҳил муҳаззаб” асарининг муаллифи бўлмиш Абу Жаъфар Термизий 295/907 йили вафот этган.

5. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий. Тасаввуф шайхи [2, Ж. 1, б. 459], ҳадис ва дин асослари билимдони. Шунингдек, фиқҳ илми билан ҳам машҳур бўлган. У фиқҳни ҳанафийлик мазҳаби асосида ўрганган. Термизлик машҳур уламолардан бири. Наҳв илми бўйича катта-катта дарс ҳалқалари ташкил қилган. Ҳаким Термизий йигирма саккизта араб ҳарфларининг ҳар бири устида илмий изланиш олиб борган биринчи олим ҳисобланади [4, Ж. 5, б. 228]. Ҳаким Термизийнинг вафот этган йили хусусида турли фикрлар мавжуд. У 255/869 [3, б. 160], 285/898 [3, б. 160] йили вафот этган, деган гаплар ҳам бор. Унинг “Наводирул усул фи аҳодисир расул”, “Ғарсул муваҳҳидин”, “Ар-риёзату ва адабун нафс”, “Ғаврул умур”, “Ал-маноҳи”, “Китабу шарҳис солати”, “Ал-масоил вал макнун”, “Ал-акёс вал муғтаррин”, “Баёнул фарқи байнас содри вал қалби вал фуъади валлубби”, “Ал-ақлу вал ҳава”, “Ал-фуруқ”, “Хатмул валоят”, “Илалуш шариа” ва “Ҳақоиқут тафсир” номли асарлари мавжуд [18, Ж. 2, б. 245]. 

5. Абу Муҳаммад ибн Солиҳ Муҳаммад ибн Довуд Термизий Обид. Ҳоким Абу Абдуллоҳ Ҳофиз: “Абу Муҳаммад Термизий Обид 345/957 йили Найсобурга келиб, бизнинг ҳузуримизда бир муддат ҳадис сўзлаб юрди. Ҳаж қилиш учун сафарга чиққанимизда, йўлда уни ҳам биз билан келаётганини кўрдим ва ундан ҳадис эшитдим. У Минода ҳаста бўлиб қолди. Маккага кириб боргач, ўша ерда вафот этди ва Батҳо қабристонига даф қилинди. Мен унга жаноза намози ўқидим”, деб айтади [2, Ж. 1, б. 460].

6. Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий. Машҳур муҳаддислардан бири. Ҳадис, суннат ва фазилат эгаси бўлган. Ҳадислар ёзган, жамлаган ва ривоят қилган [13, Ж. 8, б. 317]. 

7. Абу Усмон Саид ибн Холид ибн Муҳаммад ибн Мухаллад ибн Холид Термизий. Термиз муҳаддисларидан бири. Ҳажга кетаётиб, Бағдодга келган ва у ерда Исо ибн Аҳмад Асқалонийдан ҳадис сўзлаб берган. Холид Термизийдан Аҳмад ибн Жаъфар ибн Халлол, Муҳаммад ибн Музаффар Ҳофиз ҳадис ривоят қилган [2, Ж. 1, б. 460].

8. Абу Саид Ҳайтам ибн Кулайб ибн Шурайҳ ибн Маъқал Шоший Термизий. У имом, ҳофиз, муҳаддис, бир қатор шаҳарларга сафар қилган инсон бўлган [19, б. 160]. Унинг иккита катта жилдлик “Муснад” асари бор [20, Ж. 2. б. 512]. Абу Саид Термизий 335/946 йили вафот этган [7, б. 178].

9. Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Муҳаммад Аъвар Термизий. Термизнинг ҳадис уламоларидан. Асли термизлик бўлган бу зот ҳаж сафари асносида Бағдодга келган ва у ерда яшаб қолган. У 206/821 йили вафот этган. 235/849 ёки 236/850 йили вафот этган деган гаплар ҳам бор [13, Ж. 8, б. 201].

10. Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ибн Муҳаммад ибн Исо ибн Мусо ибн Абдуллоҳ Термизий. Термиз шаҳри муҳаддисларидан бири бўлиб, ҳаж қилиш асносида Бағдодга келган [17, Ж. 9, б. 329].

11. Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳомид ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Холид Термизий. Термиз шаҳри муҳаддисларидан бири бўлиб, ҳаж қилиш асносида Бағдодга келган. У ерда кўплаб муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Зикр қилинишича, у Найсобурга бориб, ўша ерда яшаб қолган. У ердан ҳаж қилиш учун чиқиб, кейинроқ Термизга қайтган. Ўша ерда 346/958 йили вафот этган [17, Ж. 9, б. 437].

12. Абу Абдуллоҳ Баззоз Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Суфён Термизий. Баззоз лақаби билан машҳур бўлган Термизлик муҳаддис [17, Ж. 1, б. 321].

13. Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Жабла ибн Божуяҳ Термизий. Уламолардан бири бўлиб [2, Ж. 1, б. 459], Абу Осим Нил, Маккий ибн Иброҳимдан ҳадис ривоят қилган [13, Ж. 8, б. 122].

14. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Термизий. Асли Термизлик бу муҳаддис зот Варроқ Термизий лақаби билан танилган [2, Ж. 1, б. 459]. У қоғоз ишлаб чиқариш билан шуғуллангани учун шу лақабни олганлиги аниқ [8, б. 153].

15. Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Термизий. Ҳаж   қилиш асносида Бағдодга келиб, у ерда кўплаб ҳадислар ривоят қилган [17, Ж. 8, б. 96].

16. Абу Абдуллоҳ Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Заквон Термизий. У Термиз шаҳрида ҳадис илми билан машҳур бўлган зотлардан бири. Илм талабида Маккага сафар қилган ва 231/846 йили ўша ерда вафот этган [7, б. 157].

17. Абу Суфён Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ҳафс Термизий. Муҳаддис. Бағдодга келган ва у ерда Термиз уламоларидан эшитган ҳадисларини сўзлаб берган [17, Ж. 8. б. 96].

18. Абу Умар Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳорис Термизий. Бағдодга сафар қилган ва у ерда бир қатор уламолардан ҳадис ривоят қилган зотлардан бири [7, б. 177].

19. Абу Амр Шайбоний Ҳафс ибн Амр ибн Исҳоқ Термизий. Ҳадис уламоларидан бири бўлиб, Абу Усома, Абу Довуд Ҳафрий ва Язид ибн Ҳорун каби зотлардан ҳадис ривоят қилган [7, б. 213].

20. Абул Ҳасан Дораконий Али ибн Исҳоқ Суламий Термизий. Бу зот Сахр ибн Рошид ва Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳадис ривоят қилган. Иброҳим ибн Мусо Рози ва Аҳмад ибн Ҳанбал Абул Ҳасан Термизийдан ҳадис ривоят қилган. Бағдод шаҳрига келганида, у ернинг аҳолиси ундан ҳадис эшитишган. Ишончли ва ростгўй инсон бўлган. у 213/829 йили вафот этган [21, Ж. 7, б. 249, 688].

21. Абу Усмон Саид ибн Холид ибн Муҳаммад ибн Мухаллад ибн Холид Термизий. Шаҳар муҳаддисларидан бири бўлиб, Исо ибн Асқалоний, Аҳмад ибн Жафъар Халлол ундан ҳадис ривоят қилган [2, Ж. 1, б. 461]. 

22. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Суфён Термизий. Асли термизлик бу зот Бағдодда яшаган ва у ерда Убайдуллоҳ ибн Умар Қаворирийдан ҳадис ривоят қилган [17, Ж. 1, б. 321].

23. Муҳаммад ибн Сайёр ибн Наср Термизий. Бағдодга келиб, у ерда ўз отасидан ҳадис ривоят қилган зотлардан бири. Ундан Абдул Боқий ибн Қониъ ҳадис ривоят қилган [17, Ж. 2, б. 414].

24. Али ибн Ҳасан ибн Башир ибн Ҳорун Термизий. Ҳадис уламоларидан бири. Илм талаб қилиб, Бағдодга келган. Бағдодда Шаддод ибн Ҳаким, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизийдан ҳадис ривоят қилган. Али Термизийдан Муҳаммад ибн Мухаллад ҳадис сўзлаган [17, Ж. 2, б. 372].

25. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исом Термизий. Бағдодга келган. У ерда Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Шаддод Термизийдан ҳадис ривоят қилган. Аҳмад Термизийдан Муофи ибн Закариё ҳадис сўзлаган [17, Ж. 5, б. 281].

26. Муҳаммад ибн Ҳакам ибн Юсуф ибн Ҳудайр Термизий. Бағдодга келган. У ерда Исмоил ибн Башир Ғаззолдан ҳадис ривоят қилган. Термизийдан Муҳаммад ибн Мухаллад ҳадис айтиб берган [17, Ж. 5, б. 295].

27. Абу Али Муҳаммад ибн Дусайм ибн Даққоқ Термизий. Термизлик муҳаддислардан бўлган бу зот Сомро шаҳридан қўним топган. У ерда Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳоким Ҳаравийдан ҳадис сўзлаган [17, Ж. 5, б. 269].

28. Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ибн Муҳаммад ибн Исо ибн Мусо ибн Абдуллоҳ Термизий. Асли термизлик бўлган бу муҳаддисдан Абул Ҳасан ибн Халлол Муқрий ҳадис ривоят қилган [17, Ж. 9. б. 1329].

29. Ҳузайм ибн Мисъар Термизий. Куняси Абу Абдуллоҳ Суламий. Термизлик муҳаддислардан бири. У Фазл ибн Иёздан ҳадис ривоят қилган. Ҳузайм Термизийдан эса ўз юртдошлари ҳадис ривоят қилган [13, Ж. 9, б. 245-246]. 

30. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Варроқ Термизий. Термизлик муҳаддислардан бири бўлиб, ҳадис санадига доир асар ёзган [7, б. 214].

31. Абу Мунзир Аҳмад ибн Муҳаммад Бусанжий (Бусанж – Термиздаги қишлоқлардан бири) [15, Ж. 1, б. 508]. Муҳаддислардан бири бўлиб, Муҳаммад ибн Исмоил Ҳасоийдан ҳадис ривоят қилган [17, Ж. 5, б. 345].

32. Абул Ҳусайн Рахшаюзий ёки Рахшабузий. Муҳаммад ибн Исҳоқ Каробисий. Термиз шаҳридаги ҳадис уламоларидан бири. Муҳаммад ибн Исо Зуҳалийдан ҳадис ривоят қилган. Ундан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар Варроқ ҳадис ривоят қилган [7, б. 214]. 

33. Мусо ибн Ҳизом Термизий. Машҳур фақиҳлардан бири. Фақиҳ Абу Имрон шарафли унвони билан машҳур бўлган. Балхда қўним топгани маълум. Бухорий, Термизий, Аҳмад ибн Сайёр Марвазий, Яҳё ибн Ҳорун, Аҳмад ибн Ҳанбал, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ибн Ҳажар Мусо ибн Ҳизом Термизий ҳақида: “Ишончли, обид ва суннатга чақирувчи зот бўлган”, деб ёзади. У 251/865 йилда ҳаёт бўлган [21, Ж. 10, б. 340]. 

34. Абу Туроби Абдул Боқий ибн Юсуф ибн Солиҳ ибн Абдул Малик ибн Ҳорун Термизий. Олим сифатида гўзал суратли бу зот Термиз фақиҳларидан бири ва Шофиъий мазҳаби билимдони. Узоқ йиллар давомида шу мазҳаб асосида фатво бериб юрган. Найсобурда қўним топган. Қози Абу Тоййиб Табарий қўлида фиқҳни ўрганган [7, б. 187].

35. Муҳаммад ибн Ҳаско Термизий. Термизнинг энг машҳур фақиҳлари ва қозиларидан бири [7, б. 224].

36. Адиб Собир Термизий. Дарсини охирига етказиш мақсадида Ҳирот шаҳрига сафар қилган. Барча илм-фанлар бўйича маҳоратли олим бўлган.

37. Абул Ҳасан Али ибн Разин Термизий. Термизнинг энг асосий уламоларидан бири бўлиб, у кўп саёҳат қилган. Абул Ҳасан Термизий борган энг муҳим шаҳар – Қирмисиндир.

38. Абдул Азиз ибн Холид ибн Зиёд Аздий Термизий. Термиз аҳлидан бўлган имом. Отаси вафотидан сўнг Термиз шаҳрининг қозилигига ўтирган. Сағониён шаҳрида ҳам шу мансабда бўлган.

39. Абу Ризо Муваффақ ибн Мансур ибн Аҳмад ибн Абдул Азиз Аҳмад Суҳайлий Термизий. Термизнинг энг машҳур қозиларидан бири. 477/1084 йили туғилган. Абу Муҳаммад Абдул Жалил ибн Аҳмад ибн Али Термизийдан ҳадис эшитган. У 549/1154 йили вафот этган.

40. Саййид Бурҳониддин Термизий. Тасаввуф илмининг энг машҳур билимдонларидан бири. У Термизга 640/1242 йили кўчиб келган.

Аббосийлар халифалиги (132/750-656/1258) даврида Мовароуннаҳр ўлкасининг буюк шаҳарларидан бири – Термиз уламоларининг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссалари ҳақида ёзилган ушбу мақоламиздан қуйидаги хулосаларга келамиз:

- Термиз шаҳри Чағониён (Сағониён) иқлимида жойлашган, Мовароуннаҳр диёридаги энг муҳим ва дастлабки шаҳарлардан бири бўлган. Балх шаҳридан оқиб келувчи Жайҳун дарёси соҳилларида пайдо бўлган бу илк шаҳар ўзининг географик жойлашуви сабабли иқтисодий жиҳатдан бошқа шаҳарлардан ажралиб турган. Ҳатто “Албатта, Термиз шаҳри Сағониёнга нисбатан яхшироқ, бадавлатроқ ва тасарруфи кўпроқдир”, деган гаплар айтилган. Ана шу иқтисодий фаровонлик шаҳар аҳолисининг ҳаёт даражасини юксалтирган ва натижада кўпчилик аҳолиси ўзини илм ўрганишга бағишлаган.

- Мовароуннаҳр ўлкаси ўзининг кўп сонли маданияти, форсий ва туркий тилли халқлари билан танилган. Бу ерларга ислом дини кенг тарқалганидан сўнг араб тили ҳам жамиятнинг янги бир қисмига айланган. У Қуръони карим ва ҳадиси шариф тили бўлгани учун шаҳарнинг кўпчилик аҳолиси уни ўрганишга киришган.

- Термиз уламолари илм талаб қилиш учун кўп саёҳат ва сафар қилишга эҳтиёж сезган. Бу борада, айниқса, муҳаддислар фаолроқ ва сабрлироқ бўлишган. Чунки улар машойихлардан ҳадис эшитиш учун ўз она юртларини тарк қилиб, олис юртларга сафар қилишган.

- Улар араб тилининг аҳамиятини чуқур англаб етганлари туфайли уни бутун тафсилотлари билан ўзлаштирган. Самъоний айтганидек, “у ердан кўплаб уламолар, машойихлар ва фозил инсонлар етишиб чиққан” [2, Ж. 1, б. 459]. Уларнинг кўплари она шаҳрига нисбат берилиб, термизий номи билан машҳур бўлган. Термиз уламолари ҳақида изланиш олиб борар эканмиз, шаҳарнинг кўпчилик уламолари Қуръон илмининг энг муҳим қисмларидан бўлмиш ҳадис ва фиқҳ илми борасида ҳам шуҳрат қозонганини кўрамиз.

- Термизлик уламолар тақдим қилиб кетган энг асосий асарлар – Имом Термизийнинг “Ал-Жомиъ лиссунан”, “Ал-илалус суғро”, “Аш-Шамоилул Муҳаммадия”, Муҳаммад ибн Аҳмад Шофиъий Термизийнинг “Мажмуъу шарҳил муҳаззаб”, Ҳаким Термизийнинг “Наводирул усул фи аҳодисир расул” асари ва бошқалардир.



Отабек Муҳаммадиев

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари,

Оловхон Неъматов

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Мақдисий Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр. Аҳсанут тақосим фи маърифатил ақолийм. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2003.

2. Самъоний, Абу Саъд Абдул Карим ибн Муҳаммад ибн Мансур (ваф. 562/1166). Ал-Ансоб. Абдуллоҳ Умар Борудий нашрга тайёрлаган. – Байрут: Дорул жинон, 1988; Ёқут Ҳамавий, Шиҳобуддин Абу Абдуллоҳ Румий Бағдодий (ваф. 626/1229). Муъжамул булдон. – Байрут: Дору Содир.

3. Бартольд, Василий Владимирович. Туркистан мин фатҳил арабий илал ғазвил мўғулий. Салоҳиддин Усмон таржимаси. – Қувайт: Козима ширкати босмахонаси, 1981.

4. Бартольд, Василий Владимирович. Термиз. Даиротул маъорифил исломия.

5. Балозарий. Футуҳул булдон. 506-бет; Табарий, Муҳаммад ибн Жарир (ваф. 310/922), Тариху Бағдод, Абд Али Муҳанно таҳқиқи, 2-нашр, Байрут, ширкатул Аъламий лил матбуот, 2012 йил. Ж. 5.

6. Табарий. Тариху Табарий; Ибн Асир, ал-Комил фит таърих. Ж. 3.

7. Ҳудайсий. Мадинату Термиз.

8. Ҳавфий Аҳмад Муҳаммад. Тайёротун сақофийятун байнал араби вал фурси. – Миср: Матбаатун наҳзати, нашр йили номаълум; Ҳудайсий, Мадинату Термиз.

9. Файсал, Шукрий. Ал-мужтамаотул исломияти фил қорнил аввал (маншауҳа ва муқовимату татоввуриҳал фикрий вал луғавий вал адабий). – Байрут: Матбаатул илми лил малайин, 1978. 

10. Харбутли, Али Ҳасаний. Ал-ҳазоратул арабийятул исломия. – Қоҳира: Матбаату мактабатул хончи, 2003.

11. Ибн Халдун. Муқаддима; Абу Шаҳба, Муҳаммад ибн Муҳаммад, Аъломул муҳаддисин, матбаату дорул китабил арабий, Миср, 1-нашр, 1382/1963, 20-22-бетлар; Амин Аҳмад, Зуҳол ислам, мактабатун наҳзатил мисрия, Қоҳира, 7-нашр, санаси номаълум. Ж. 2.

12. Заҳабий. Сияру аъломин нубало. 

13. Ибн Ҳиббон, Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Аҳмад Сабтий Тамимий (ваф. 354/965). ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Мажлису даиротул маорифил усмония, 1973; Ёқут Ҳамавий, Муъжамул булдон. Ж. 2.

14. Аснавий Жамолуддин Абдур Раҳим (ваф.772/1370). Табақотуш шофиия. Абдуллоҳ Жибурий таҳқиқи. – Бағдод: Ал-иршод, 1970.

15. Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон.

16. Зириклий. Ал-Аълом.

17. Хатиб Бағдодий. Тарих; Ҳудайсий, Мадинату Термиз.

18. Субкий, Тожуддин Абу Наср Абдул Ваҳҳоб ибн Али Абдул Кофи. Табақотуш шофиийятул кубро. Абдул Фаттоҳ Муҳаммад Ҳулв ва Маҳмуд Муҳаммад Таноҳи таҳқиқи. – Қоҳира: Исо Бобий Ҳалабий, 1964; Зириклий, Ал-аълом. Ж. 6.

19. Суютий. Табақотул ҳуффоз. Али Муҳаммад Умар таҳқиқи. – Қоҳира: Ал-истиқлолул кубро, 1973.

20.  Бағдодий, Исмоил ибн Муҳаммад ибн Амин Пошо. Ҳадиятул орифин ва асмоул муаллифин ва осорул мусаннифийн. – Байрут: Дору иҳёут туросил арабий, нашр йили номаълум. 

21. Ибн Ҳажар Асқалоний. Таҳзибут таҳзиб. – Байрут: Дорул фикр, 1984. 

Izoh qoldirish