11.07.2023

ОЛИМ КИШИНИНГ ИЛМГА БЎЛГАН МУНОСАБАТИ.

Мовароуннаҳр замини буюк алломаларни етиштирган ва дунё тамаддунига бебаҳо маънавий хазина тақдим этган ўлкалардандир. Бу заминдан ислом илми ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган юздан зиёд буюк муҳаддису фақиҳлар, мутасаввифлар, ижодкорлар етишиб чиққан. Чунончи, минтақамизда юксак тамаддун IX-XI асрларда юқори босқичга етган бўлсада, маърифий такомил илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади.

Диёримизга ислом дини кириб келиши маърифий такомил юқори босқичга чиқишига, юксак тамаддун шаклланишига асос бўлди. Минтақамиз алломалари ислом илмлари бўйича сермаҳсул илмий ижод қилди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Қаффол Шоший, Абу Муин Насафий, Абул Баракот Насафий, Алоуддин Бухорий ва бошқа қанчадан-қанча бухорийлар, насафийлар, самарқандийларни, шунингдек, тасаввуф илмида, Ҳаким Термизий, Мустамлий Бухорий, Калободий Бухорий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро, Азизуддин Насафий ва бошқа кўплаб мутасаввифларни тилга олиш мумкин. Буларнинг барчаси ўзининг зиммасидаги маъсулиятни аъло даражада амалга оширганлиги барчамизга сир эмас.

Жумладан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳадис илмининг билимдони бўлибгина қолмай, балки тафсир илмининг ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Муҳаддис олим “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида тафсирга оид ҳадисларни жамлаган ва алоҳида тафсирга бағишлаган “Қуръон тафсири китоби”да “Фотиҳа” сурасини тафсир қилиб, унда Абу Саъид ибн Муаллодан ривоят қилинган Қуръоннинг энг улуғ сураси “Фотиҳа” экани тўғрисидаги ҳадисни келтириб ўтган.

Бундан кўринадики, муҳаддис фақат ҳадис илми билан чекланмай, муфассир олим сифатида тафсир илми борасида ҳам ўзининг қимматли илмий қарашларини баён этган.

IX-X асрларда калом илми ривожида Абу Мансур Мотуридий илмий меросининг ўрни ва аҳамияти жуда юқоридир. Аллома таълимотининг юзага келишига ўша даврдаги турли ақидавий адашишлар, низо ва ихтилофлар эҳтиёж туғдирганини асарларининг моҳияти ва илгари сурган ғоявий қарашларидан билиб олиш мумкин. Унинг “Таъвилотул Қуръон” (“Қуръон таъвиллари”) асари Қуръони карим тафсири бўлса-да, оятлар турли ақидавий қарашларга раддия сифатида шарҳланган. Шу жиҳатдан, китобни “ақидавий тизимлари мустаҳкам ишлаб чиқилган ва ўша давр диний оқимлари тўғрисида маълумот берувчи муҳим асар”, дейиш мумкин[1].

Шу жумладан, Ҳаким Термизий муфассир, муҳаддис ва мутасаввиф олим бўлиб, у Қуръонни рай билан тафсир қилган биринчи олимлар сарасига киради ва ҳикмат билан Қуръонни тафсир қилиш жоиз эканини ҳаётий исбот қилган.

يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ[2]

“У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар. (Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб. қоиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлишлик унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар”.

Аллоҳ таолонинг ушбу оятининг мазмуни Ҳаким Термизийнинг ҳаётида тасдиғини топган.

Шу тариқа, олим сифатида эътироф этиладиган ҳар бир кишининг ўзига яраша мақсад ва ўзига хос вазифалари бўлади. Ўша вазифаларни сидқидилдан бажариш эса ўзининг зиммасидаги асосий бурч деб ҳис қилиши лозимдир. Юқорида таъкидланганидек, Шарқда яшаб ўтган, ўз вазифалари сифатида эътироф этиб, улкан ишларни моҳирлик билан амалга оширган ва жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз халқимизнинг миллий ифтихори бўлиб қолдилар. Уларнинг номлари жаҳон Цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссалари ҳозирги кунда бутун дунёга маълум.

Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

Фойдаланган адабиётлар

  1. Д.Махсудов. Мовароуннаҳр ҳанафий мазҳаби тафсирларининг қиёсий таҳлили (XIII-XV асрлар): Тар. фан. док.. дисс. – Т.: ЎзХИА, 2020.
  2. Чўтматов Ж. Муҳаммад Ҳаким Термизий қарашларининг ўзига хос жиҳатлари // Тошкент ислом университети илмий-таҳлилий ахборот журнали, 2016. №2. – Б. 21-23. (07.00.01. № 21).


 

[1] Д.Махсудов. Мовароуннаҳр ҳанафий мазҳаби тафсирларининг қиёсий таҳлили (XIII-XV асрлар): Тар. фан. док..дисс. – Т.: ЎзХИА, 2020.

[2] Бақара сураси 269-оят.

Izoh qoldirish