ИМОМ ТЕРМИЗИЙ – БУЮК МУҲАДДИС
Маълумки, Мовароуннаҳр ҳудудида ўрта асрларда ислом илмларининг бошқа соҳалари каби ҳадис илми доирасида ҳам миллий қадриятлар ва ислом дини ғоялари орасида ўзаро таъсир, мулоқот жараёнлари кечган. Бир неча авлод муҳаддислар фаолияти натижасида Мовароуннаҳр маънавий ҳаёти ҳадислар билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Бугунги кунда ўз навбатида Мовароуннаҳр муҳитида муҳим ўрин эгалловчи ҳадис мактаблари фаолияти ва муҳаддислар ҳаёти, улар яшаган даврдаги сиёсий-ижтимоий жараёнлар, фан ва маданиятни яна-да мукаммалроқ ўрганишни талаб этилмоқда. Мазкур йўналишда Мовароуннаҳрда IX асрда яшаб, ижод этган тафсир, ҳадис, ислом тарихи каби илмлар соҳиби, етук муҳаддис, аллома Имом Термизийнинг ҳаёти, ижоди ва унинг ҳадис илмида тутган ўрнини очиб бериш бугунги кунда аҳли-илмларимиз олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Чунончи, бу каби тадқиқотлар маданий меросимизни яна-да чуқурроқ ўзлаштиришда, миллий мафкурамизни шакллантиришда, халқимиз маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.
Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Абу Исо Суламий Зарир Буғий Термизий 209/824 йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол бир оилада туғилиб, 279/892 йилда шу қишлоқда вафот этган [6, б. 21]. Имом Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тарихчилар у кишининг “Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келган”, деган фикрини келтириш билан чегараланадилар [10, Ж. 1, б. 8]. Шунингдек, Имом Термизийнинг кўзи ожизлиги хусусида ҳам ёзма манбаларда турли-туман маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигини ёзадилар.
Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олган. Имом Термизий ёшлигидан турли илмларни эгаллашга зўр қизиқиш билан интилган. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги, ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Ҳадис илмини эгаллашда ва уни мукаммаллашда ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн Мусанно, Суфён ибн Вақийъ ва қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин [6, б. 24].
Аллома ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Унинг шогирдларидан Мақҳул ибн Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу ибн Муҳаммад Насафий, Ҳаммод ибн Шокир, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий, Абу Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб Маҳбубий каби етук олимларни санаб ўтиш мумкин [2, б. 58].
Имом Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаб, бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига сафар қилган. Узоқ йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг таъкидлашича [8, Ж. 13. Б. 272], Имом Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида Имом Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки қироат илми, баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимларидан таълим олади.
Имом Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “аш-Шамоил ан-набавия”, “ал-Илал фил-ҳадис” (“Ҳадислардаги иллатлар”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “ат-Тарих” (“Тарих”), “Китоб аз-зуҳд” (“Зоҳидлик китоби”), “Китоб ал-асмо вал-куно” (“Исмлар ва кунялар китоби”) каби асарлар шулар жумласига киради.
Алломанинг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” бўлиб, 6 та ишончли ҳадислар тўпламидан биридир. Ушбу асар илмий манбаларда “Жомиъ ат-Термизий”, “Саҳиҳи Термизий”, “Сунани Термизий” номи билан ҳам аталиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим манбалардан ҳисобланади. Тарихчи Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ёзишича, Имом Термизий ушбу асарини 270/884 йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, ўз ватанига қайтиб, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган [1, Ж. 9. б. 389].
Таркибий жиҳатдан асар қуйидаги бобларга бўлинади. Ундан таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, савдо-сотиқ, қозилик аҳкомлари, товон тўлаш, меъёр, ийд намози, қурбонлик, назр-нузур, иймон, сийратлар, жиҳод, кийим-кечак (либос), таомлар, ичимликлар (ал-ашриба), хайр-эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, васиятномалар, хайрихоҳлик ва тақдир, хуружу фитналар, башоратлар, шаҳодатлар, зоҳидлар, жаннат ва жаҳаннам сифатлари, илм, изн сўраш, одоб ва ахлоқ, масаллар, Қуръон фазилатлари, қироат, тафсир, дуолар, маноқиблар (фазилатлар), иллатлар ҳақидаги боблар келтирилган [4, б. 35].
Чунончи, Имом Термизий китобларида бу хилдаги ҳадисларнинг бирмунча кўплиги унинг беназир изланишларидан далолатдир. Ушбу асар ҳақида муаллифнинг ўзи ҳам: “Ал-Жомиъ”ни ёзиб тугатиб Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон олимларига кўрсатганимда, улар уни мамнунлик билан бир овоздан маъқул топдилар. Ростдан ҳам кимнинг хонадонида бу китоб бўлса, гўёки бу уйда пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари сўзлаётгандек, - деб ёзади [1, Ж. 9, б. 389].
Имом Термизийнинг илмий мероси, хусусан, “Сунани Термизий” асарини ўрганиш, асарда келтирилган ҳадисларни илмий таҳлил қилиш, ёшларда миллий мафкура, миллий онгни шакллантиришда, уларнинг ахлоқий тарбиясида ҳадисларнинг аҳамиятини очиб бериш масаласи ушбу мавзунинг долзарблигини яна-да оширади. “Сунани Термизий” ўзининг тузилиши, мавзуларнинг изчил тартибда жойлаштирилиши, ҳадисларнинг муайян мавзуларга оид бобларда тўғри, аниқ ва батафсил акс эттирилишини мазкур услубда яратилган бошқа асарлардан ажралиб турадиган жиҳатларини ўрганиш ҳам давримизнинг муҳим масалаларидан саналади.
Мовароуннаҳр тарихи, айниқса, унинг ислом тарихи билан боғлиқ даврини кўплаб олим тадқиқотчилар томонидан ўрганилган. Айни пайтда, Имом Термизий яшаган давр ва аллома ҳақида қисқа умумий тарздаги маълумотлар келтириб ўтган олимларни қайд этиш мумкин. Бу борада қуйидагиларни келтириб ўтамиз:
1. “Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий” номли шарҳ Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн ан-Набий ал-Ҳанбалий (вафот йили номаълум)нинг қаламига мансуб бўлиб, йигирма жилдда тугалланган, лекин қандайдир бир фитна вақтида ёниб кетган [9, б. 376].
2. “Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий” ҳам Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийнинг (вафоти 1148 йил) қаламига мансуб бўлиб, муаллиф уни “Саҳийҳ Бухорий”га ёзган йирик шарҳи “Фатҳ ал-борий”да зикр қилган [1, Ж. 1, б. 230].
3. “Шарҳ аз-завоид лит-Термизий”нинг муаллифи аллома Сирожиддин Умар ибн Али Мулаққин (вафоти 1401 йил). Бу асар Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳийҳ” ва Абу Довуд асаридан ортиқча Термизийда келтирилган ҳадисларнинг шарҳидир [5, Ж. 6, б. 102].
4. “Ал-Лубб ул-албоб фий мо йақулу ат-Термизий фил-боб” номли шарҳнинг муаллифи Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (вафоти 1448 йил) бўлиб, бир жилддан иборат бу шарҳнинг қўлёзмаси Мадинаи Мунавварадаги қутубхонада сақланади [5, Ж. 6, б. 102].
5. “Шарҳ ал-Жомиъ лит-Термизий” ҳам Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийнинг қаламига мансуб бўлиб, муаллиф уни “Саҳийҳ ал-Бухорий”га ёзган йирик шарҳи “Фатҳ ал-борий”да зикр қилган [1, Ж. 1, б. 235].
6. “Мухтасар ал-Жомиъ лит-Термизий”нинг муаллифи аллома Нажмиддин Сулаймон ибн Абу Қувво Туфий Сирсирий Ханбалий (вафоти 1311 йил). Бу мухтасар асардан Ҳофиз Салоҳиддин Халли ибн Кийкелди Аълоий исмли олим Термизий асарида олий санад билан ривоят қилинган юз ҳадисдан бир мажмуа яратган [7, Ж. 2, б. 37].
7. Олим Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий қаламига мансуб асар “Ал-Аърф аш-шазий аълол-Жомиъ ат-Термизий” деб аталиб, бу шарҳ ҳам икки жилдда Ҳиндистонда чоп этилган [6, б. 407].
Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида “Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ” бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866) йили Митоҳда, 1292 (1875) йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя. Имом Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан ибн Арабий (вафоти 543 ҳижрий, 1148 милодий йили) номи билан машҳур бўлган имом ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулла Ашбилийнинг “Оридат Аҳвазий ала китоб ат-Термизий” номли 13 жузъдан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ дастлаб 1931 йидда Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдураҳим Муборакфурий (1283-1353) қаламига мансуб яна бир шарҳ ҳам “Туҳфатул Аҳвазий бишарҳи ат-Термизий” деб аталади. Тўрт жузъдан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Суютийнинг (1445-1505) Термизий асарига ёзган шарҳи “Қут ал-муғтазий ала Жомиъ ат-Термизий” (ундан икки қисми нашр қилинган), деб аталган.
Булардан ташқари Муҳаммад ибн Абдуқодир Абу Таййиб Маданийнинг “Шарҳ Сунан ат-Термизий”, Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг “Таҳқийқ ва шарҳ Жомиъ ат-Термизий”, Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг “Маориф сунан шарҳ сунан ат-Термизий”, Сирож Аҳмад Сарҳандийнинг “Шарҳ сунан ат-Термизий” номли форсча шарҳи, шунингдек Рашиб Аҳмад Кануҳийнинг “Ал-кавкаб ад-дуррий ала ат-Термизий”, Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирийнинг икки жузъдан иборат “Ал-Урф аш-шазий ала Жомиъ ат-Термизий” ва ниҳоят Абул-Ҳасан Муҳаммад ибн Абдулҳодий Санадийнинг (у 1138 йилда вафот этган) “Ҳошия ала сунан ат-Термизий” каби шарҳларини кўрсатиш мумкин.
Бундан маълум бўладики, ватандошимиз Имом Термизийнинг ҳадисшунослик соҳасидаги ижодий мероси ҳақида ёзилган китоблар диққатга сазовордир. Биргина китобнинг атрофида бу қадар кўп рисола ва китобларнинг ёзилиши, бизларга китобнинг аҳамияти ва қиймати нақадар буюклигини билдиради. Имом Термизийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китоби хорижлик кўплаб уламолар томонидан жуда мукаммал ўрганилган ва бу китоб асосида жуда кўплаб китоблар, рисолалар ва баҳслар ёзилган. Афсуски, бизнинг уламоларимиз томонидан бу асар ҳар томонлама илмий тадқиқ этилмаган. Бу асарни ўрганиш, тадқиқ қилиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Демак, бизлар келажакда бу ишларни амалга оширишга масъулмиз ва ҳақлимиз.
Хулоса қилиб айтганда, буюк бобокалонимизнинг шахсий ҳаёти ва унинг бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир. Абу Исо Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Унинг “Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ”, “Аш-шамоил ан-набавиййа” каби асарларида келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-онага нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.
Отабек Бахриев Аманиллаевич
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
- Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқолоний. Фатҳул Барий шарҳу Саҳиҳул Бухорий. - Миср: ад-Дарул аъламийяти линнашри ваттавзиъ, 2013.
- Аш-Шайх Комил Муҳаммад Авайда. Абу Исо ат-Термизий.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Таҳзибут таҳзиб. Ал-Маъориф, 2017.
- Маннаъул Қоттон. Мабоҳису фи улумил ҳадис. Мактабатул ваҳба, 2018.
- Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Муҳаммад Шамсиддин Саховий. Аз-Зовъул Ломиъ. – Байрут: Дарул жил, 1992.
- Нуриддин Атар. Шарҳу ъилалит Термизий. – Дамашқ: Дарул минҳажил қовим, 2019.
- Ҳожи Халифа Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашфуз зунун ъан асамо ал-кутуби валфунун. Дару иҳёит туросил арабий, 2008.
- Ҳофиз Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъламун нубалау, 2009.
- Шайҳ Абдуссалом Муборакфурий. Имом ал-Бухорий ҳаёти ва мероси. – Тошкент: Ислом Университети нашриёт – матбаа бирлашмаси, 2008.
- Шарҳ аш-Шамоил. Совет Шарқи мусулмонлари, 1990.
Izoh qoldirish