АҲМАД ИБН ҲАРБ ИБН АБДУЛЛОҲ АБУ АБДУЛЛОҲ НИШОПУРИЙ
АҲМАД ИБН ҲАРБ ИБН АБДУЛЛОҲ АБУ АБДУЛЛОҲ НИШОПУРИЙ
Муҳаддис, мутасаввиф, фақиҳ
Тасаввуфда беназир олим, тақво йўлида пешқадам, зоҳид, муҳаддис ва фақиҳ номлари билан шуҳрат қозонган Аҳмад ибн Ҳарб асли Нишопурликдир. Унинг асл исми Аҳмад бўлиб, манбаларда Аҳмад ибн Ҳарб номи билан тилга олинади. Отасининг исми Абу Абдуллоҳдир. Бу зот 175/789 йил Нишопурда таваллуд топган. Ёшлигидан илмга бўлган иштиёқи ва муҳаббати сабабли отаси – Абу Абдуллоҳ фарзанди тарбиясига алоҳида эътибор беради. Шариат илмлари билан бирга бошқа фан соҳаларни ўқитишга шароит яратиб беради. Аҳмад ибн Ҳарб ўз замонасининг машҳур олимларидан дарс олиб, ҳадис ва фиқҳ илмида етук олим сифатида вояга етади. Бу зот ҳаёти ва фаолияи ҳақида Шайх Фаридуддин Аттор, Ҳужвирий, Имом Шамсиддин Заҳабий, Ибн Хатиб Бағдодий, Абдулкарим Самъоний, Абдураҳмон ибн Жавзий, Абдураҳмон Жомий ва Ҳожи Халифа каби буюк мутафаккирлар ўз асарларида маълумот бериб ўтган. Фаридуддин Аттор ўзинин “Тазкиратул авлиё” асарида (“تذکرة الاولیا”) “پیر خراسان” (“Хуросон пири ва муршиди”) сифатида тилга олади. Хатиб Бағдодийнинг таъкидлашича, Аҳмад ибн Ҳарб ёшлигидан ибодат ва илмга берилган эди. Ҳеч қачон вақтини беҳуда ўтказмасди, илм ўрганиш ва руҳиятини камол топтириш билан шуғулланарди.
Тарихий ва диний манбаларда алломанинг оиласи ҳақида маълумотлар учрамайди. Фақат отаси – обид ва Нишопур аҳлининг фазилатли кишилардан бўлганлиги ҳақида Аттор маълумот бериб ўтади. Шамсиддин Заҳабий эса ўзининг “سیر الاعلام النبلاء” “Сайрул аълом ан-нубало” асарида бир акасининг исми – Закариёни тилга олиб, қуйидаги воқеани нақл этади: “Аҳмад ибн Ҳарб мактабга бориши билан рўза тутишни бошлади”. Хатиб Бағдодий ўзининг “هدیه” “Ҳадия” асарида Аҳмад ибн Ҳарб Маккага катта акаси Ҳусайн билан бирга бориб ҳаж амалларини бажо келтирганлигини айтиб ўтади. Бундан маълум бўладики, Аҳмад ибн Ҳарбнинг икки акаси ҳам фазилатли кишилардан бўлган.
Аҳмад ибн Ҳарб Нишопурда маълум муддат таҳсил олганидан сўнг, илмини давом эттириш учун Басра, Куфа, Бағдод, Макка ва бошқа араб давлатларига сафар қилиб ҳадис устозларидан дарс олади. Аҳмад ибн Ҳарб Сўфён ибн Уяйна, Абу Усома Ҳаммод ибн Усома, Абдулваҳоб ибн Ато ва бошқа ҳадис аҳли ровийларидан ҳадис ривоят қилган. Бу зотдан эса Абу Азҳар Аҳмад ибн Азҳар, Саҳл ибн Аммор, Абу Саид Аҳмад ибн Шозон, Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Сувор каби зотлар ҳадис ривоят қилишган. Аттор бу зотни
Яҳё ибн Тамимийнинг машҳур шогирдларидан эканлигини айтган. Гарчи, баъзи олимлар томонидан бу зот ҳақида ихтилофли фикрлар бўлса ҳам, аммо Шамсиддин Заҳабий “سیر الاعلام النبلاء” “Сайрул аълом ан-нубало” асарида
“سلیم الاعتقاد” (“Салимул эътиқод”) олим сифатида танилганлигини алоҳида таъкидлайди. Яҳё ибн Муоз Розий айтадики: “Мени вафотимдан сўнг жасадимни Аҳмад ибн Ҳарб қабрининг оёқ томонига кўминглар”. Яҳё ибн Яҳё Тамимий эса уни “абдол” зотлардан бўлганлигига ишора қилади.
Аҳмад ибн Ҳарб ҳалол касб қилиш, тақвода мустаҳкам бўлиш, бандалик шартларини бажаришни камолотга етишишнинг муҳим воситаси деб биларди.
Аҳмад ибн Ҳарб 848 йили 59 ёшида ўз ватани Нишопурда вафот этади. Униг қабри Боби Маъмар деган мавзеда жойлашган.
Ас.: Ҳожи Халифа қуйидаги асарлар Аҳмад ибн Ҳарб Нишопурийга тегишли эканлигини баён этади:
“الاربعین” (“Ал-арбаин”), “التکسب” (“Ат-таксиб”), “الحکمة” (“Ал-ҳикма”), “الدعا” (“Ад-дуо”), “الزهد” (“Аз-Зуҳд”) ва “مناسک” (“Маносик”). Мазкур асарлар фиқҳ ва тасаввуф илмларига бағишланган.
Аҳмад ибн Ҳарб маноқиби ҳақида Фаридуддин Аттор
“Тазкиратул авлиё” асарида кўплаб ибратли мисолларни келтирган. “У диний мақомни баён этувчи, суннатнинг ишончли имоми, зоҳидлар зоҳиди, обидлар обиди, Шарқу Ғарб имоми, художўйлик ва тақво ичида мисли йўқ, тоат-ибодат қилмоқда якто, камоли фазли у миқдор эдиким, Яҳё ибн Муоз васият қилдиким, ўлсам мени Аҳмади Ҳарб қабрининг оёқ тарафига қўйинг!”
“Аҳмади Ҳарбнинг онаси бир маротаба қуш гўштини пишириб, айтди:
- Эй ўғлим, бу қушни уйда ўзим парвариш қилиб катта қилдим, у шубҳасиздир, егил
- Аҳмад айтди:
- У қушни кўрдим, қўшнининг уйидан дон еди. У қўшни ҳарбий қавмидан эди. Унинг гушти мени бўғзимдан ўтмас”.
Бу каби маноқиб мазмунли ибратомўз воқеалар Аҳмад ибн Ҳарб ҳаётида кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Шуниси маълумки, бу зот тақвода намуна ва ўз даврининг раббоний олими сифатида кенг шуҳрат қозонган.
Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари
Манба ва адабиётлар рўйхати
- Аҳмад Ибн Ҳажар. Лисонул мизон. – Байрут, 1971 й.
- Абдураҳмон Жомий. Нафаҳотул унс/ ба кўшиши Абулҳасан Навоий.
– Теҳрон, 1362 ҳ.ш. - Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. – Қоҳира, 1349 ҳ.қ.
- Шамсиддин Заҳабий. Сайру аълом ан-нубало/ Шуъайб Арнавутий ва Солиҳ Самар таҳқиқи. – Байрут, 1986 й.
- Фаридуддин Аттор. Тазкиратул авлиё/нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Абдумажид Мадраимов. – Тошкент, 2013.
Izoh qoldirish