21.07.2023

ЖАЪФАРИ СОДИҚНИНГ НАСИҲАТЛАРИ

Жаъфар ибни Муҳаммад ибни Алий ибни Ҳусайн ибни Алий ибн Абу Толиб Содиқ. Алий розияллоҳу анҳунинг авлодидан.

Жаъфари Содиқ ҳижрий 699 йилда Мадинада дунёга келди. Лақаблари ас-Содиқ. Яъни, ростгўй, ишончли киши. У зот ўз даврида ростгўйлиги билан машҳур бўлган. Гапирган гапида ва қилаётган амалида бирор марта ёлғон зоҳир бўлмаганлиги сабабли бу куняни олган. Ва яна у киши ўз даврининг етук имоми ҳамда фақиҳи эди. Шу билан бирга ҳакийм, яъни, ҳикмат соҳиби эди. Қолаверса, ушбу сифатлари устига саҳоватда тенгсизлиги билан ҳам танилган эди.

Жаъфар Содиқнинг шогирди Хиёж ибни Бўстон ат-Тамимий айтади: “Жаъфар Содиқ шунчалик кўп эҳсон қилардики, ҳаттоки баъзида бола-чақаси ва рўзғори учун ҳам ҳеч нарса қолмасди”.

У зот инсонлар орасини ислоҳ қилишга, улар ўртасида чиққан келишмовчиликларни бартараф қилишга ниҳоятда ҳарис эди. Агар икки кишининг жанжаллашаётганини кўрса, бунинг сабабини сўрарди. Агар бу жанжалнинг сабаби пулга бориб тақалса ўз ёнидан қарздорнинг қарзини тўлаб юборар эди. Агар ўзининг пули бўлмаса кимдандир қарз олиб бўлса ҳам ҳақдорнинг пулини бериб юборарди. Шу сабабдан жудаям кўп вақтда Жаъфар ас-Содиқ қарздор ҳолатда юрарди.

У киши ўз илми ва фаҳм фаросатидан ташқари одоби, яхши феъл атвори ва чиройли хулқи билан ҳам кишиларнинг муҳаббатини қозонган эди. У зот қоронғи бўлишлиги билан бир қопга ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тўлдирарди ҳамда Мадиналик фақирларнинг эшиги тагига қўйиб кетарди. Кишилар эшиклари  тагига қўйиб кетилаётган бу инфоқ-эҳсонларнинг тарқатувчиси кимлигини йиллар давомида билмай ўтдилар. Қачонки, Жаъфар ас-Содиқ вафот этгандан кейин, ушбу эҳсонлар тўхтаб қолгандагина бу инфоқларнинг эгаси ким эканини англаб қолдилар.

Жаъфари Содиқ роҳматуллоҳи алайҳ ўғиллари Мусо Козим раҳматуллоҳи алайҳга шундай насиҳат қилган эдилар:

“Болажоним, менинг васиятимни диққат билан тингла, айтганларимга эътибор бер! Сўзларимга қулоқ тутсанг, масъуд ва ҳузур-ҳаловатда яшайсан, ортингдан фақат мақтовлар билан ўтасан.

Ўғлим! Ким Аллоҳнинг тақсим қилганига рози бўлса, бой бўлади, ким бировнинг нарсасига кўз тикса, у ҳирсли одам бўлади ва  қалби фақирликда ўтади. 

Ўз гуноҳини кичик санайдиган киши бошқаларнинг кичик гуноҳини катта деб билади. Бировнинг гуноҳини кичик санаган киши ўз гуноҳини катта деб билади.

Ўғлим! Бировнинг айбини ахтарган кишининг, ўз айби ошкор бўлади.

Исён қиличини қинидан чиқарган киши ўша қилич билан ўзини кесади. Биродарига чоҳ қазиган, чоҳига ўзи тушади.

Нодонлар билан ошно бўлган киши хор бўлади, олимлар билан ошно бўлган ҳурмат топгай. 

Болам! Одамларнинг обрўсига путур етказма, акс ҳолда ўз эътиборингга путур етади. Ўзингга алоқаси бўлмаган ишларга киришдан узоқ тургин, акс ҳолда сен шу сабабдан хорлик кўрасан!

Болам! Аллоҳнинг Китобини ўқи, саломни ёй, яхшиликка тарғиб қилиб, ёмонликлардан қайтар, сенга келмаганнинг сен олдига бор, сен билан гаплашмаганлар билан аввал сен гаплаш, сўраганга бер!

Гап ташима! Чунки гап кўтариб юриш инсонлар қалбига адоват уруғини сочади. Одамларнинг айби қидириш билан шуғулланма! Чунки одамларнинг айби билан шуғулланувчилар уларнинг нишонига айланади...

Болам! Агар зиёрат қилмоқчи бўлсанг, яхшиларни зиёрат қил! Фожирларни эмас! Чунки улар сув оқмайдиган қаттиқ бир тошга, баргисиз қуриган дарахтга, ўт-ўлансиз тақир ерга ўхшайдилар”.

Мусо Козим роҳматуллоҳи алайҳ бутун умрлари давомида муҳтарам падари бузрукворлари Жаъфари Содиқ ҳазратларининг ушбу васиятларига сидқидилдан амал қилдилар.

 

 

Жониев Музаффархон – 

Имом Термизий халқаро илмий-

тадқиқот маркази директори в.в.б., 

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Абу Нуайм Исфаҳонийнинг

 «Ҳилятул авлиё» (3-жуз, 195-196 бетлар)

 асаридан олинди 

 

 

Izoh qoldirish