24.07.2023

КОСМОПОЛИТИЗМ – ОҚИМДАГИЛАР ШИОРИ

Экстремистик оқимларнинг биринчи урунишларидан бири инсонда Ватан туйғусини йўқотишга қаратилган бўлади. Бу нарсадан доим огоҳ бўлиш лозим! Улар: “Қаерда масжид ва минораси бор жой бўлса, ўша ер мусулмонга Ватан бўлади”, “Инсон диний ибодатларини қила олмайдиган жойдан кўчиб кетиши (ҳижрат қилиши) фарз, бошқа ерни Ватан тутиши керак”, “Кофирлар юртидан кўчмоқ лозим”, “Қаерда яхши ва эркинроқ яшаладиган бўлса, ўша жой Ватандир”, “Бемалолхўжа бўлиб яшайвериш керак эмас, уруш-жанжаллар гирдобида қолган узоқ-узоқлардаги мўъмин-мусулмонларга ёрдам бериш учун жангга отланмоқ керак” ва ниҳоят, “Мўъминнинг ҳақиқий Ватани жаннатдир!” каби гаплар билан космополитизмни тарғиб қиладилар. Яъни, “Киши дунё фуқаросидир”, деган сохта шиор остида ватанпарварликни, миллий маданият анъаналарини, халқларнинг миллий мустақиллигини инкор этувчи мафкурани диний ниқоблар остига яширадилар. Уларга ишонган кимса космополит бўлади-қолади. Ушбу мафкурага ишонгандан сўнг эса, одам ўз Ватанини ёмон кўриб қолади; Ватандаги миллий анъана ва қадриятлар ёқмай бошлайди; Давлати сиёсатига қарши бўла боради. Натижада, ўз Давлатини “кофир тузуми”, деб ўйлайди; уламоларини айблайди, мулла-домлаларни сўкади; ота-онасини кофирга чиқаради; қўшнисини сўйиб кетади; Юртини портлатади, Ватанини сотади ... Аллоҳ мана шундан асрасин!

Биринчидан, “Қаерда масжид ва минораси бор жой бўлса, ўша ер мусулмонга Ватан бўлади” деган шиор асос эътибори билан ботилдир. Чунки, ҳар бир мусулмон ўз Ватанини обод қилишга, масжид ва миноралар қуришга, маърифат ва маданиятни ошириш йўлида ҳаракат қилишга масъулдир. Ўз юртида масжид қурмасдан, масжиди бор жойга кўчиб кетавериш шарт ва фарз бўлганида, исломнинг илк даврларидан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидан бошлаб ҳамма Маккаи мукаррамага ёки Мадинаи мунавварага кўчиб бориши лозим бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон бирорта мусулмонни ўзларининг ёнларига, маҳалласи ва шаҳрига кўчиб келишни буюрган эмаслар. Ул зоти шарифнинг ўзлари Макка фатҳ қилинганидан сўнг Маккани ташлаб, яна Мадинага қайтиб кетдилар. Агар масжид бор жой Ватан ҳисобланганида, ул зоти шариф барча саҳобалари ила мусулмонларнинг қибласи бўлмиш Каъба атрофига кўчиб келган бўлардилар. Ҳолбуки, ул зот ва ундан кейинги даврларда саҳоба ва уларни кўрган тобеъинлар бошқа шаҳарларга бориб, ўша ер аҳолисига ислом динининг таълимини берар экан, уларнинг масжидлар қуриб олишларига тарғиб қилар ва ўзлари ҳам бу йўлда жонбозлик кўрсатар эдилар. Демак, масжиди йўқ жойлардан кўчиб кетиш керак эмас, балки масжид қуришга ҳаракат қилиб яшаш керак экан.

Иккинчидан, “Инсон диний ибодатларини қила олмайдиган жойдан кўчиб кетиши (ҳижрат қилиши) фарз, бошқа ерни Ватан тутиши керак” деган гап зоҳир эътибори билан тўғри ҳисобланса ҳам, бироқ, масалани чуқур ва илмий ўрганилса, бошқача манзара равшан бўлади. Аввало шуни айтиш лозимки, Макка фатҳидан кейин ҳижрат тўхталган. Зотан, аъло даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифларида Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан сўнг ҳижрат йўқ!”, деб марҳамат қилганлар (Бухорий, 3/1834; Муслим, 2/1353; Абу Довуд, 2/2482; Термизий, 4/1590; Насоий, 4/7792-7793; Доримий, 2/2567; Аҳмад, 1/1991; Ҳоким, 2/3017; Табароний, 10/10844; Байҳақий, 9/17545; Ибн Ҳиббон, 10/4592; Ибн Хузайма, 4/3050; Ибн Абу Шайба, 7/36929; Абдурраззоқ, 5/9712).

Макка фатҳи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айнан ҳижрат қилиш бўйича байъат қилишга келган кимса бир пайтлар отаси ҳам бу борадa байъат қилганини эслатганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳижрат тўхтатилган!”, деб жавоб берганлар (Насоий, 5/8705). Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Жаноби Рсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг ҳижрат йўқ!” деганлар (Насоий, 5/8706).

Бу келтирилган ривоятларнинг барчаси саҳиҳдир!

Шунинг учун иложи борича Ватандан кўчиб кетиш мумкин эмас! Имкон қадар Ватанида яшаб, у ерни обод ва озод қилишга уруниб яшаш керак бўлади. Диний ибодатларни ҳам имкон қадар бажаравериш керак. Ибодатларнинг барчасини бажаришнинг мутлақо имкони бўлмаса, диний ибодатларни қилувчилар муттасил таъқиб қилинадиган бўлса, унда бошқа гап.

Учинчидан, “Кофирлар юртидан кўчмоқ лозим!” деган хитоб ҳам юқоридаги гапга ўхшаган зоҳиран тўғри кўринса-да, бироқ, уни яхшилаб ўрганиб чиқилса, бошқача ҳолат кўзга ташланади. Аввало, “кофирлар юрти”, “кофиристон” деб қаерни айтилади, деган саволга жавоб бериш керак бўлади. Бунинг учун эса, диний экстримистик оқимлар ва бемазҳаблар гапига эмас, балки, минг йиллардан бери умумэътироф қилиб келаётган диний манбалар, хусусан, фиқҳий манбаларга назар ташлашнинг ўзи кифоя қилади. Масалан, ҳанафий мазҳаби фиқҳига оид асарларга қаранг:

“Бадойеъ ус-санойеъ”да ислом юрти деб қаерни айтилиши ҳақида бундай дейилган:

فنقول لا خلاف بين أصحابنا فى ان دار الكفر تصير دار اسلام بظهور احكام الاسلام فيها و اختلفوا انها بما ذا تصير دار الكفر

“Уламоларимиз орасида ислом ҳукмлари зоҳир бўлган жойда кофир юрти ислом юртига айланиши борасида ихтилоф йўқ! Ислом ўлкаси кофиристонга айланиши борасида ихтилоф қилганлар”.

Шундан сўнг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бирор жойнинг ислом юрти ёки куфр юрти бўлиши учун асли исломнинг ёки айни куфрнинг ўзи асос қилиб олинмайди, балки ўша жойда мусулмонларга омонлик, кофир душманларга хавфу хатар бўлса, ўша жой ислом юрти бўлаверади, деган қараши зикр қилинган (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ.9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 519).

“Бадойеъ ус-санойеъ”да яна “Ислом олий бўлади, мағлуб бўлмайди!”, деган ҳадиси шарифга биноан бирорта ислом юрти кимларнингдир шак-гумони, келтирган эҳтимолли фикрлари билан куфр юрти дейилмаслиги алоҳида таъкидланган.

Таъкидлаш ўринлики, “Бадойеъ ус-санойеъ”да келтирилган “ислом ҳукмлари зоҳир бўлган жой”ни “Дурр ул-мухтор”да жумъа ва ҳайит намозлари жорий бўлиб турган жой, деб изоҳланган (Ибн Обидин. Радд ул-муҳтор. 6-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 2004. – Б. 289).

Демак, беш вақт намозларини озода ва обод масжидларда мусулмонлар оммаси бамайлихотир жамоат бўлиб ўқиб турган жой, ҳайит кунини умуммиллий дам олиш куни деб подшоҳи фармон чиқараётган юрт, эмин-эркинлик билан ҳайит ва жумъа намозларини ўқилишига бутун ғайрат-имконияти билан киришаётган макон ислом юртидир, у асло куфр юрти бўлмайди, иншаАллоҳ!   

Тўртинчидан, “Бемалолхўжа бўлиб яшайвериш керак эмас, уруш-жанжаллар гирдобида қолган узоқ-узоқлардаги мўъмин-мусулмонларга ёрдам бериш учун жангга отланмоқ керак”, деган гап ҳам аввалги икки гапга ўхшайди. Уруш-жанжалларни чиқарган ким? Адашган мўъмин-мусулмонларнинг ўзлари ўзларини ана шу уруш-жанжаллар гирдобига ташламадиларми?! Воқеълик фиқҳини билмаслик, дунёда бўлаётган сиёсий воқеа ва алдовларни тушунмаслик оқибати эмасми бу?! Кетмон-паншаха билан урушга кирилмайди, ўзлари битта ўқ ясашни билмайдиганлар ким билан урушади?  

Хуллас, мақола аввалида айтилганидек ҳар хил сохта шиорлар остида ватанпарварликни, миллий маданият анъаналарини, халқларнинг миллий мустақиллигини, Ватаннинг озод ва ободлигини инкор этувчи мафкураларни диний ниқоблар остига яширадиганлардан эҳтиёт бўлинг! Мазкур шиорларни дунё тан олган бирорта уламо, дин ва шариатни мукаммал биладиган аҳли илм айтган эмас. Номини биров билмайдиган, ақалли эллик бетли рисола ҳам ёзмаган, ўн-ўн беш мусулмонга холис хизмат қила олмаган, юрти ва маҳалласининг ободлигига жиндаккина бўлса-да, ҳисса қўшмаган, ўзи ватангадо ва юртининг хиёнаткори бўлган одамларнинг гапига қулоқ солманг! Уламоларга эргашилади, ватани ободлиги йўлида хизмат қилаётганлар билан бирга бўлинади. Барака шундадир!

 

Аминов Ҳамидуллоҳ  - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, тарих фанлари номзоди, доцент. 

 

Izoh qoldirish