25.07.2023

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ҲАДИСЛАРИДА ИЛМ ОЛИШЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Ҳадис ва Ҳаёт” китобининг учинчи қисми “Ният, ихлос ва илм китоби” бўлиб, китоб Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Ҳадисларининг шарҳига бағишланади. Унда беш машҳур муҳаддиснинг Ният, ихлос ва илм ҳақидаги  ҳадисларига шарҳлари берилиб, тааллуқли хулосалар ясалади [1, б. 22].

Биринчи бобда ният ва ихлос ҳамда уларнинг хусусиятлари ҳақида ҳадислар шарҳлари билан берилади. 

Исломда ҳар бир нарсага ният шарт, шунинг учун ҳар бир ишнинг шаръий бўлиши учун қалбдан ният қилиш керак. 

عَنْ عُمَرّ رضی الله عَنْهُ عَنِ النَّبيّ صَلّی الله عَلَیْهِ وَسَلَّم قَالَ: وَ إنَّما الأ عمَلُ بِالنیَّاتِ وَ إنَّما  لِکُلَّ امْرِیٍ مَانَوَیفَمَنْ کَانَتْ هِجْرَتُهُ إلَی الله وَ رَسُلِهِ وَ مَنْ  کَانَتْ فَهِجْرَتُهُ  لِدُنْیا یُصیبُهَا اَوَ أَمْرأةٍ یَنکِحُهَا فَهِجْرَتُهُ   إلَی مَا هَا جَرَ إلَیهِ  رَوَاةُ الخَمْسَة.                                                                                           

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади, бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга эга бўлади”, дедилар [2, б. 9].

“Албатта амаллар ниятга боғлиқдир”. Яъни ҳар бир амал ниятга қараб баҳоланади. У тил билан бажариладиган амалми, бадан билан адо этиладиганими, фарзми, вожибми, суннатми, нафлми, ҳаммасининг тўғри бўлиши ниятга боғлиқ. 

Ихлос Аллоҳ томондан бандага бериладиган улкан мукофот ва  неъматдир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийлардан бирида: “Ихлос менинг сирларимдан бир сирдир. Ўз бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам,  унга шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам”, деган. 2, б. 17] 

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фаризатун илму кулли муслимин ва муслиматин” (“Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздур”) [2, б. 13], деганлар. Чунки, имон келтириш учун ҳам илм керак. Мусулмон бўлиш учун ҳам илм лозим. Ният қилиш учун ҳам илм керак. Ихлос қилиш учун ҳам илм керак. Ибодат қилиш учун ҳам илм керак. Аллоҳнинг розилигини топиш учун ҳам албатта, илм керак. Қолаверса, дўзахдан қутулиб, жаннати бўлиш учун ҳам илм керак. Оила қуруш учун ҳам илм керак бўлгани каби бу дунё саодатини топиш учун ҳам илм керак. Биламизки, Ҳаким Термизий (ваф. 869) асос солган ҳакимия тариқатининг мазҳаби — йўли илм бўлиб, шундан уларни ҳакимлар деб номлашган. “Ҳаким” сўзининг маъноси эса илмнинг ички сирини билмоқдир. Шундан бу тариқатнинг етакчи шиори “Илм ила Аллоҳни таниш” ва “илм ила Аллоҳни топиш”дир. Ҳакимияга кўра илм бу — нур ана шу нур инсонни Аллоҳ васлига мушарраф этарди. Қолаверса, нур, яъни илм Аллоҳ тарафидан инсон қалбига жойлаштирилган, муддао шуки, инсон яхшини ёмондан ажрата билсин! Бу борада Ҳаким Термизийнинг “Китоб баён ал-илм” асарида айтган: “Тасаввуф – бу билим”, “Илм – бу нурдир”, “Нур – ҳақни ноҳақдан ажратади”, “Нур-содиқ қулини имонга етаклайди”, “Нур-Аллоҳ томонидан банда қалбига жойлаштирилган”, “Қалбларни мунаввар этувчи нарса-Аллоҳ нури” сингари фикрлари ғоят эътиборлидир. Китобнинг илм ҳақидаги боби Қуръондан илм ва уламолар ҳақидаги учта оят билан бошланади. Бунда турли илмлар бўйича мутахассис бўлган олимлар Аллоҳни танишларини, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмаслиги, илмлилар доимо устун туруши ва илм фазилат ҳисобланиши айтиб ўтилган. 

Имом Термизий шарҳи билан қуйидаги ҳадис келтирилган:

عَنْ أَبي وَاقِدٍ اللَّیثيً رضی الله عَنهُ أنَّ رَسُولَ صَلّی الله عَلَیْهِ وَسَلَّم بَیْنَمَا هُوَ جَالِسٌ فِي المَسْجِدِ وَالنَّاسُ مَعَهُ إذْ أَقْبَلَ ثَلاَثَةُ نَفَرٍ فَأَقْبَلَ اثْنَانِ إِلَی رَسُولِ صَلّی الله عَلَیْهِ وَسَلَّم وَ ذَهَبَ وَاحِدٌ قَالَ فَوَقَفَا عَلَیَ رَسُولَ صَلّی الله عَلَیْهِ وَسَلَّم فَامَّا أَحَدُ هُمَا فَرَأَی فُرْجَةَ فِي الْحَلْقَةِ فَجَلَسَ فیهَا وَأَمَّا ألآخَرُ، فَجَلَسَ خَلْفَهُمْ وَ أَمَّا أَلثَّالِثُ فَأَدْبَرَ أَلثَّالِثُةِ أَمَّا أَحَدُهُمْ فَأَوَی إِلَی الله فَآوَاهُ الله وَ أَمَّا ألآخَرُ فَاسْتحْیَا فَاسْتحْیَا الله مِنْهُ وَأَمَّا ألآخَرُفَاعْرَضَ  فَاعْرَضَ الله عَنْهُ.  رَوَاهُ الخَمْسةُ إلاَّ أَبَا دَاوُدَ.

Абу Воқид Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин: 

“Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири, Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди” [2, б. 16], дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда  одамлар билан илм юзасидан суҳбат қуриб ўтирган эди. Масжидга уч киши кириб келди. Улардан илмга қизиққани илмий суҳбат учун халқа қуриб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жойни топиб ўтирди. Иккинчиси унчалик илмга ўч эмас экан, халқадагиларнинг орқасига келиб жойлашди. Учинчи илмга умуман қизиқмайдиган одам эса, бурилиб масжиддан чиқиб кетди. 

Илмий мажлисдан юз ўгириб чиқиб кетган одам. Ҳадисда илмдан юз ўгириш Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун бизлар илмий мажлислар уюштиришимиз, бундай мажлисларга кирганда, дарҳол ундан ўз ўрнини топиб ўтириш ва ихлос билан иштирок этишимиз, илмдан юз ўгириб қочмаслигимиз кераклиги уқтирилади. Агар Аллоҳ таоло ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, илм халқаларини кўпайтиришимиз керак. Чунки илмсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.  

Термизий ривоят қилган яна бир ҳадисда шундай сўзлар бор:

عَنْ أَبي الدَّرْدَاء رضی الله عَنهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ صَلّی الله عَلَیْهِ وَسَلَّم یَقُولُ: مَنْ سَلَکَ طَرِقاً یَبْتَغي فِیهِ عِلْماً سَهَّلَ الله بِهِ طَریقاً إِلَی الْجَنَّةِ وَ إِنً الْمَلایکَةَ لَتَضَعُ أَجنِحَتَهَا رِضَاء لِطَالِبِ الْعِلْمِ وَ إِنَّ الْعِلْمَ لَیَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي الْسَّمَوَاتِ وَ مَنْ فِي اْلأَرْضِ حَتَّی الْحِیتَان فِي الْمَاء وَفَضْلَ الْعَالِمِ عَلَی الْعابِدِ کَفَضْلِ الْقَمَرِ عَلَی سَایِرِ الْکَوَاکِبِ إِنَّ الْعُلَمَاء وَرَثَةُ الأَنْبِیَاء إِنَّ الأَنْبِیَاء لَمْ یُوَرَّثُوا دینَارًا وَلأَ دِرْهَماً إِنّمَا وَرَّثُوا العِلْمَ فَمَنْ أخَذَ بِحَظَّ وَافِرٍ. رَوَاهُ أبُو دَاوُد و التّرْمِذِيُّ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлга юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олади, деганларини эшитдим деган эканлар” [2, б. 102].

Ислом илм толибини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, ҳар биримиз илм ўрганишга киришайлик! Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қилайлик. Илм талаб қилиш фаришталар ҳам ҳавас қиладиган иш эканини одамларга тушунтирайлик. Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда. Олим билимларни яхши билувчи шахс. Обид доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Буни осмондаги ой ва юлдузларга ўхшатилади. Юлдуз фақат ўз атрофини ёритади. Ой эса қоронғи тунда ер юзини ёритади. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғи кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Ҳақиқий мусулмон киши илмга ўч бўлади, илм талаб қилади, илмга хизмат қилади. Илмнинг асари боқий қолишини унутмайлик. Ҳадисларга айтилгандек доимо илмга яқин бўлишга интилайлик, кишиларни ҳам шунга даъват қилувчилардан бўлайлик.

 

Нормурод Муродов Тохирович,

Термиз давлат университети,
Тожик тили кафедраси ўқитувчиси

Izoh qoldirish