СЎФИ АЛЛОҲЁР АСАРЛАРИДА ШАРИАТНИНГ ЙЎЛИ ВА ТАРИҚАТНИНГ ҲАҚИҚАТИ
Буюк ватандошимиз Сўфи Аллоҳёр ўзининг “Муродул орифин” (“Орифлар муроди”) асарида шариатнинг аслияти, мақсади, моҳияти борасида кўплаб нақлий ва ақлий далилларни келтиради. Жумладан, шариат билан тариқат ўртасидаги муносабатни чиройли услуб билан тушунтиради. Шариатсиз тариқат бўлмаслиги ва тариқатнинг асли ҳам шариатнинг йўли эканлигини кўп бора таъкидлайди. Айниқса, сохта тариқатчилар ва ўзини тариқат муршиди сифатиди кўрувчиларни тарбиялашда ушбу асарни ўрганиш муҳим омил ҳисобланади. Мутафаккир, “Муродул орифин” асарининг олтинчи фасли در بیان سلوک در راه طریقت[1] (“Тариқат йўлида сайр этиш баёни”) қисмида айтадики, “Солик тариқатга киришдан олдин, комил устозни топиши шарт”. Негаки, устози илмсиз кишининг шогирди ҳам жоҳил бўлиб чиқиши табиий ҳол. “Толиб киши танлаган шайхининг эътиқоди, амаллари ва илми аҳли сунна вал-жамоа йўлига мувофиқ келишига алоҳида эътибор берсин. Агар шайхи аҳли сунна вал-жамоага мувофиқ ҳаёт кечираётган бўлса, унга шогирдликка тушсин. Аммо, борди-ю бунинг акси бўлса, Китоб, суннат ва дин пешволари кўрсатмасига амал қилиб, бу каби кишига яқинлашмасин. Йўл кўрсатувчи киши ўзи йўлни билмаса, унга қандай қилиб эргашилади? Агар кимдир осмонга учса, оловни ютса, сув устида юрса, аммо воқеликда шариатдан ғофил бўлса, бу каби киши ноқобилдир. Кароматнинг аслияти шариатга истиқоматдир. Бу каби ноодатий ҳоллар солиҳ бандалардан ҳам, фосиқлардан ҳам, кофирлардан ҳам зоҳир бўлиши мумкин. Бу ҳолни истидрож дейилади. Илмсиз ва фитнага сабаб бўлувчи шайхларга ишонишдан кўра Аллоҳ ва унинг Расули қавлига эътиқод қилиб яшамоқ зарур”[2].
Сўфи Аллоҳёр мазкур танбеҳлари орқали халқни маънавий ботқоқликдан нурафшон ҳаётга чорламоқда. Албатта, илмни ўрганиш керак, бироқ қандай устоздан ўрганиш ундан-да муҳим саналади. Устознинг руҳий қарашлари ва ботиний оламининг ҳиссиётлари шогирдга вақт ўтиши билан таъсир этади. Агар устознинг эътиқоди бузуқ ва мақсади нопок бўлса, шогирдга бу ҳол ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Бориб-бориб унинг соғлом эътиқодини бузиб, ўзига тобе қилиб қўядики, бу каби қалб эгаларини муолажа қилиш учун йиллар керак бўлади.
Бугун диний илмларни ўрганаман ва тариқатчиларга эргашаман деювчилар ичимизда кўп учраб туради. Албатта, диний илмларни ўрганиш муҳим, бироқ кимдан ўрганишга алоҳида эътибор бериш керак. Сўфи Аллоҳёр айтганидек, эътиқоди аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига мувофиқ бўлмаган, шариат ҳукмларининг аслиятини билмаган кишига эргашиш, залолатга олиб боради.
Маълумки, шариат исломнинг мўътадиллигини таъминловчи воситадир. Шариат илмларини пухта билмаган тариқатчилар залолат кўчасига яқин юрувчилардир. Бугун шундай кишиларни орамизда учратиб турамизки, шариатни айри йўл ва тариқатни айри йўл деб айтишади. Бу қараш хатодан бошқа нарса эмас. Бу борада Сўфи Аллоҳёр айтади: “Шариат зоҳирий ва қалбий амаллардан таркиб топган. Зино, ўғрилик, шароб ичиш, ёлғон гапириш, ғийбат каби амаллар шариатнинг зоҳирий маъсиятларига киради. Кибр, худбинлик, ўз амалларига бино қўйишлик, ҳасад, риё, ҳаддан ошишлик ва шу каби амаллар эса шариатнинг ботиний маъсиятларидир. Аммо, бидъатчилар шариатнинг зоҳирий ва ботиний амалларини айри йўл деб талқин этишган. Буларнинг баъзилари жисмий амалларни “шариат” деб ном берган ва қалбий амалларни “тариқат” деб билишган. Ғофил қалблар нафасига шариатнинг ҳиди ҳали етиб бормаган. Яъни, бир тоифалари шариатнинг бир қисмини тариқат ва бир қисмини шариатга йўйдилар. Улар шошқалоқлик билан ўзларича шариатни буздилар, оқибатда хору-зор бўлиб, залолат ва бидъатни ўзларига ҳалол санадилар. Шу ўринда шариатни ноқис, ҳақир ва ҳосилсиз деб айтдилар. Зоҳирий амалларни шариат деб билдилар ва ботиний амалларни эса тариқат деб жар солдилар. Аллоҳдан бу каби фикрлашдан паноҳ сўраймиз! Шариатда қалбий амаллар йўқ дейиш мутлақо мумкин эмас, бу ботил қарашнинг айни ўзидир. Ёки зоҳирий амаллар тариқатга боғлиқ эмас дейиш зиндиқларнинг йўлидир, тариқатда бу каби қарашларга йўл йўқ. Шариатда илк қадам иймон рукни эканлигига шак қилинмайди. Иймон рукнининг аслияти эса иймонни қалб билан тасдиқлашдир. Шундай экан қалбнинг тасдиғи қалбий амал сирасига киради. Тил билан иқрор этишни баъзилар шарт ва баъзилар фазилат деб қарашган. Худди шунингдек, барча эътиқодий амаллар иймонга боғлиқ бўлиб, қалбий амалларга мансубдир. Шу билан бирга шариатнинг мақталган буйруқлари ва мазамматланган хулқлари қалбга боғлиқ амаллар ҳисобланади. Жисмий амаллар ҳам ниятсиз мўътабар бўлмаслиги аниқ. Шариатда қалб билан ният қилиш қалб амалидир. Мисол учун намоз зоҳирий амаллардан бўлса ҳам, аммо ниятсиз намоз дуруст бўлмайди. Абу Хусрав ўз “Жомиъ” асрида айтадики: “Мужоҳада ва мушоҳада сирнинг (ботин) поклигига боғлиқ бўлиб, шариатга мансуб ҳолдир”. Тариқат аҳли суянган ҳар бир нарса, агар шариатда қабул қилинган бўлса, тариқат дейилади. Борди-ю шариатга мақбул бўлмаса, тариқат эмас шақоватдир (бахтсизлик йўлидир). Тариқатдан мурод шариатнинг тариқати – яъни амал қилиш йўлидир. Зероки, Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам амр этган амаллар “шариат” дейилади. Ким бу йўлни айтилганидек кезса, “тариқат аҳли”дан дейилади.
Ушбу фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, тариқат бу шариатга мўътадил истиқомат қилиш ва турли фитналардан узоқ юриш ҳамда хулққа илм орқали зийнат беришдир. Илмиз ҳеч бир инсонга шариатда насиба йўқ, шариатсиз ҳам тариқат бўлмаслиги аниқ. Тариқат соф ва мўътадил шариат асосида барпо бўлмас экан, сохта муршидлар ва муридлар ислом динини нотўғри талқин қилиб, ҳавойи нафсларига эргашишдан бошқа нарсани одамларга ўргатмайди.
Сўфи Аллоҳёр ушбу фаслнинг хотима қисмида қуйидаги байтларни келтирган:
طلب یک عارف سنّت شعاری
مداری خویش با بدعت مداری
ز بدعت راه مقصد کی کشاید
بود کسب تو این کس بی تو باید
کسی را بوده باشد علّت جهل
دوای معرفترا کی بود اهل
به دانستن ز حق ما را خطاب است
کتاب است از دلایل در که تاب است
عمل جون پای باشد علم چو دیده
نباشد راه به این دو گزیده
دریغا گشته در این دور ابتر
ز بی پایان به پایانِ سفر بر
زکوران که ز کوران سرایند
در این دوران فاسد مقتدایند
ز مرشد صورتان رشت کردار
پری همچون پری ای طالب کار
از آن صحبت که پاکش نیست پا کش
برا خودرا به مردان خدا کش
نگر جهّال را با این همه عیب
ز خود فخریده میگوبند از غیب[3]
Мазмуни: Суннатни ўз шиори қилиб маҳкам тутган ориф зотни изланг. Бидъатга ўзингни яқинлаштирма ва бидъат аҳли билан муроса қилманг. Бидъат билан кўзланган мақсадга эришиб бўладими ўзи? Бидъатни ёлғизлатиш сени касбинг бўлсин. Жаҳолат иллатига йўлиққан кишига маърифат давоси унинг мизожига тўғри келармиди? Илм ўрганишга Ҳақдан бизга хитоб бор, бу далиллар борасида китоб бор, ким ўзини олиб қочишга ўриняпти? Амал инсоннинг икки оёғи каби бўлса, илм унинг икки кўзидир. Буларсиз йўл, мақбул йўл дейилмайди. Афсуски, бу замонга келиб беҳудагарчилик нарсалар кўп тарқалди, оёқсизлар йўлга раҳбар бўлди. Эркаклари эса бу даргоҳнинг ғофилларидир, улар фисқу фасод урчиб турган давронда пешво бўлиб олишган. Эй амал толиби, муршидсурат бўлган хулқи бузуқлардан ўзингни парисифатдек олиб қоч. Чунки уларнинг суҳбатида поклик йўқ, оёғингни бу ердан торт. Бу ердан чиқиб Аллоҳнинг дўстлари олдига йўл ол.
Бу байтлар Сўфи Аллоҳёрнинг замонидан янграган қалбий кечинмаларнинг ҳаётда содир бўлган воқеаларнинг аксидир. Ўша даврда ҳам турли фитналар халқ ичида тарқалиб, сохта муршидлар ва сохта тасаввуфчилар салафи солиҳнинг йўлини нотўғри талқин этиб, авом одамларни адаштириб келганлар. Сўфи Аллоҳёр мана шу каби маънавий иллатларнинг илдизига болта уриш учун ягона қурол сифатида қаламни олади. Тасаввуф исломнинг асли эканлигини гоҳ шеърий услубда, гоҳ насрий баёнда, халққа тушунтиришга ҳаракат қилади. Саводсиз кишилар шариат ва тариқат номидан гапирганини қоралайди. Илмсиз ва амалсиз ўзини шайх деб билувчиларни оёқсиз ва кўзи кўр одамлар қаторида билади. Юқорида таъкидлаганимиздек, тариқат шариатнинг амал қилиш йўлидир. Йўлни билмаган инсондан манзилга қандай бориш йўли сўралмайди. Чунки, ўзи йўлни кўрмаган ва бу йўлда сафар қилмаган бўлса, йўл ниҳоясини қаердан ҳам билсин! Шариат ҳам йўл каби бўлса, тариқат шу йўлда қандай манзилга саломат боришни ўргатади. Шунинг учун ҳар бир толиби илм маънавий устоз танлашда шошқалоқлик қилмасдан, дастлаб унинг тутган йўли тўғрилигига қарасин. Умуман олганда, инсон зотига нажот фақат илм-маърифатни ўрганиш ва соғлом этиқодни қалбда мустаҳкамлаш билан насиб этади.
Жамаҳматов Каромиддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 119.
[2] Ўшбу манба. – С. 120.
[3] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 143.
Izoh qoldirish