АДАБ БОШҚАРУВНИНГ АСОСИ БЎЛИШИ ЛОЗИМ
“Учинчи Ренессанс” сари илдам одимлаётган Янги Ўзбекистон учун бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш, бошқарув соҳаси вакилларининг малака ва кўникмаларини юксалтириш, билим ва тажрибаларини ошириш, уларда юксак одоб-ахлоқ намуналарини камол топтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Жамият ва давлат ҳаётида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг асосий ечимларидан бири ҳам юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган кадрлардир. Шу мақсадда сўнги йилларда мамлакатимизда қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Жумладан, 2017 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг биринчи устувор йўналиши давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга қаратилганлиги, 2022 йил 28 январда қабул қилинган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида бу масала устувор аҳамият касб этганлиги фикримизга далилдир. Ушбу фармонлар орқали давлат хизматига муносиб мулозимларни танлаб олиш, давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик даражасини ошириш, раҳбарлик лавозимлари учун муносиб номзодларни тайёрлаш ва бу борада уларнинг ахлоқий сифатларига алоҳида эътибор қаратиш масаласи устувор аҳамият касб этмоқда. Зеро, давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги кўп жиҳатдан оқил бошқарувчига боғлиқдир.
Бошқарувчи сиёсат ва бошқарув соҳасида унга бўйсунувчиларни гўзал сиёсат, фаросат, юксак тафаккур ва адаб асосида тўғри йўлга бошлаши, нотўғри йўлдан эса қайтаришга масъулдир. Жамиятни бошқарувчилар қанчалик оқил бўлсалар, халқ ҳаёти ҳам шунчалик тўкин ва осойишта бўлади. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, халқни бошқаришни мақсад қилган мулозим ва хизматчиларни тўғри танлаш масаласи барча замонларда ҳам муҳим аҳамият касб этиб келган. Бу борада Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари томонидан ибратли ҳикматлар илгари сурилган бўлиб, уларда давлат ва жамият бошқарувини тўғри юритиш усуллари, хизматчиларни тўғри танлаш масаласи, бошқарувчи ва амалдорларнинг ахлоқий фазилатларига асосий этибор қаратилган. Жумладан, VIII асрда яшаб ижод этган ислом мутафаккири, ислом сиёсат санъатининг билимдони Абдуллоҳ ибн Муқаффа таъкидлаганидек, тўғри ва оқилона тарзда танланган битта хизматчи юзаки ишончга асосланиб танланган мингта хизматчи билан баробардир. Кимки тўғри танланган мулозимлардан бўлса, унинг ўзи ҳам келгусида хизматчиларни тўғри танлай олади. Натижада бошқарув тизимида тўғри танланган хизматчилар сони юқори даражага кўтарилади. Кимки хизматчиларни фақатгина юзаки ишончга ёки аниқ меъёрларга асосланмаган ҳолда танласа, бундай бошқарувнинг асослари мустаҳкам бўлмайди. Антик давр юнон файласуфи Афлотун эса давлат хизматчиси фазилатли деб ҳисобланиши учун у донолик, мардлик ва босиқлик хусусиятларига эга бўлиши керак, деб таъкидлаган.
Ҳозирги глобаллашув шароитида, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар шиддат билан ўзгариб бораётган бир даврда бошқарув соҳаси вакилларининг юқорида таъкидланган фазилатлар соҳиби бўлиши кадрлар рақобатбардошлигига ижобий таъсир қилувчи асосий омиллардан ҳисобланади. Бунинг учун эса Конфуций таъбири билан айтганда, эскини баён қилиб, янгини инкор этмаслик, яъни улуғ алломаларимизнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, ушбу маънавий меросдан одоб-ахлоқ дурдоналарини ўзлаштириш, шу билан бир қаторда замонавий дунё ютуқларидан хабардор бўлиш лозимдир.
Сарвар САИДОВ – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish