ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ҲАҚИДА УЛАМОЛАРНИНГ ФИКРЛАРИ
Ҳадисшунослик илми VIII асрнинг иккинчи ярмидан XI аср ўрталаригача асосий ва зарурий машғулотлардан бири даражасига айланган. IX аср ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланади. Бу даврда Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абд ибн Ҳумайд Кеший каби муҳаддис алломаларнинг фаолият юритган. Бу муҳаддислар бошлаб берган хайрли ишларини Имом Термизий ҳам чуқур масъулият ва катта иштиёқ билан давом эттирди.
Имом Термизий ҳижрий учинчи асрда яшаган буюк муҳаддисдир. У ўз даврининг буюк олимлари ва муҳаддислари билан ҳадис ва бошқа илмлар устида илмий музокаралар олиб борган. Имом Термизий ўзининг ўткир ақл-заковати ва илм йўлидаги саъй-ҳаракатлари билан барчани лол қолдирган ва бу билан ўз даврида ҳам, кейинги даврларда ҳам олимларнинг таҳсинига сазовор бўлган. Бу олимлардан бири Имом Бухорийдир. Абу Исо Муҳаммад Термизий ўз асарлари учун кўпгина фойдали маълумотларни Имом Бухорий билан бўлган учрашувларида олганлигини ёзади.
Имом Бухорий ҳам шогирди Абу Исо Термизийга юқори баҳо бериб: “Сен мендан фойдаланганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойдаландим” [12, Ж. 9. б, 389], деб таъкидлаган. Имом Бухорийнинг шогирди Имом Термизийга бундай юксак баҳо бериши Имом Термизийнинг қанчалик даражада илмга эга эканлигини кўрсатади. Имом Бухорийнинг ўз шогирди Имом Термизийни бундай эътироф қилиши ундаги буюкликнинг қирраларидан бири эди.
Абу Саъид Идрисий, Имом Термизий ҳақида: “Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳак Суламий Термизий Ҳофиз Дарир, ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан бири бўлган. “Жомиъ”, “Тарих”, “Илал” каби асарлари унинг нақадар етук олим бўлганини билдиради. Ҳифзда (ёдлашда) у ҳақида масаллар келтирадилар”, дедилар [18, б, 31; 1. б, 76; 4, Ж. 1. б, 11; 11, Ж. 4. б, 278; 12, Ж. 9. б, 388; 14, Ж. 1. б, 172; 2, Ж. 1. б, 282; 17, Ж. 3. б, 42].
Имом Термизий хотирасининг кучлилиги билан ўз даврининг олимларидан ажралиб туриши билан бирга, устози ва сафдоши Имом Бухорийга ҳам ўхшаб кетар эди. Бу ҳақда тарихчи Шамсиддин Заҳабийнинг (1274-1347) “Тазкиратул ҳуффоз” (“Ҳофизлар ҳақида тазкира”) номли асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади:
“Макканинг йўлида эдим. Бир шайхнинг ҳадисларидан икки қисмларни ёзиб олган эдим. У ёнимиздан ўтиб қолди. Мен ушбу парчалар ўзим билан деб ўйлаб, унинг ёнига бордим. Мен билан бўлган юкимнинг ичида ҳам баъзи парчалар бор эди ва мен уларни ўша ёзиб олган парчаларим деб ўйладим. У менга изн бергач, парчаларимни олдим. Қарасам, улар оқ (яъни, уларга ҳеч нарса ёзилмаган). Мен ҳайрон бўлдим. Шайх менга ёддан ҳадис айта бошлади. Сўнг менга қаради ва қўлимдаги оқ варақни кўриб: “(Ёзмасдан ўтиришга) мендан уялмайсанми?” деди. Мен бўлган ишни гапириб бердим ва: “Айтганингизнинг ҳаммасини ёд олганман” дедим. У: “Унда менга қайтариб айт” деди. Мен унга айтган нарсаларини бошидан охиригача айтиб бердим. Аммо у менга ишонмади ва: “Сен буларни менинг олдимга келишингдан олдин ёдлаб олгансан” деди. Мен унга: “Булардан бошқасини айтинг”, дедим. У менга ўзининг нодир ҳадисларидан қирқтасини айтди ва: “Қани, қайтариб айт-чи?” деди. Мен уларни бошидан охиригача айтиб бердим ва биронта ҳарфда ҳам адашмадим. У: “Сенга ўхшашини кўрмаганман”, деди.
Ровий устозининг Имом Термизийга берган мақтови ва ҳайратидан, Имом Термизийнинг қанчалик даражада хотираси кучлиги билиб олса бўлади.
Ҳофиз Абу Яъло Халилий Қазвиний (ваф. 446/1055) Термизийга: “Сиқа эканлигига иттифоқ бўлинган, жарҳ-таъдил ва бошқа соҳаларда китоблари бор, илми ва омонатдорлиги билан машҳур кишидир” [3, Ж. 3. б, 904] деган мазмунда таъриф беради. Бу билан Термизий нафақат илмда балки омонатдорлиги билан машҳур бўлганлигини билсак бўлади.
Машҳур тарихчи олим Самъоний (ваф. 562/1166) “ал-Ансоб” номли асарида: “Имом Термизий шак-шубҳасиз ўз асрининг имоми (пешвоси) бўлган... Ҳадисда эргашиладиган имомлардан бири бўлган. Ҳадис борасида сўзи ҳужжат бўладиган инсонлардан саналади. “Китоб” (“Ал-Жомиъ”), “Ат-Тарих” ва “Ал-Илал” каби асарлари унинг нақадар етук олим бўлганини билдиради. Шунингдек, зеҳн ва хотираси ҳақида зарбулмасаллар келтирадилар” деб зикр қилади [16, Ж. 1. б, 415].
Машҳур тарихчи олим Ибн Асир Жазарий (ваф. 606/1209) ҳам Термизийнинг машҳур ҳофиз имомларидан бири эканлигини айтган: “Термизий машҳур ҳофиз имомлардан бўлиб, у ҳадис илми борасида яхши асар бўлган “ал-Жомиъ ал-кабир”ни ёзган. У китобларнинг энг яхшиси бўлган ва кўзи ожиз бўлган” [9, Ж. 6. б, 474]. Яна шунингдек, “У машҳур ҳофиз олимларидан бири ва фиқҳда яхши қўл (фиқҳ илмида ҳам ўта кучли) бўлган” [7, Ж. 1. б, 114].
Машҳур олим Абул Фидо: “Ҳофиз ва имом бўлган. Кўзи ожиз бўлган. Ҳадис илмида унга эргашиладиган улуғ имомлардан бири бўлган” деб айтган [15, Ж. 1. б, 71]. Бу билан Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг ҳадис илми соҳасида “Имом”, яъни ҳадис илмида энг олдида юрувчи, йўлбошчи деб билиш мумкин.
Машҳур олим Умар ибн Аллак (ваф. 325/936) Абу Исо Термизий ҳақида: “Бухорий вафот этганида ўзидан кейин Хуросонда илм ва тақво борасида Абу Исога ўхшаган бирор кишини қолдирмади. У шу даражада қаттиқ йиғлаганидан, ҳатто, унинг кўзлари ожиз бўлиб қолган” деб зикр қилди [12, Ж. 9. б, 389; 19, Ж. 3. б, 123]. Бу билан Имом Термизийнинг, Имом Бухорийдек илм ва тақвода кучли эканлиги, устози бўлган ҳурмати чексиз эканлигини билиш мумкин.
Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳиббон (ваф. 354/965) “Сиқот” китобида Термизийни: “Ҳадисларни тўпловчи, тасниф қилувчи, ёдида сақловчи ва музокара қилувчи” сифатида тафсифлайди [13, Ж. 9. б, 153; 1, Ж. 1. б, 76].
Машҳур олим Ҳофиз Абул Ҳажжож Миззий (ваф. 742/1341) “Таҳзибул камол” асарида: “Абу Исо Термизий Дарир Ҳафиз, “Жомиъ” ва бошқа асарлар муаллифидир. У мусулмонларга фойдаси теккан, таниқли ҳофиз имомлардан биридир” деб зикр қилди [14, Ж. 26. б, 250; 2, Ж. 1. б, 28].
Машҳур тарихчи олим Ибн Касир (ваф. 774/1372): “Абу Исо Термизий ўз замонасида ўз ишида (ҳадис илми борасидаги) энг катта имомлардан бири бўлган” дейди [10, Ж. 11. б, 66]. Бу билан юқорида келган машҳур олим Абул Фидонинг: “Ҳадис илмида унга эргашиладиган улуғ имомлардан бири бўлган” деган фикрига қўллаб-қувватловчи фикр эканлигини билиш мумкин.
Олим Абу Жаъфар ибн Зубайр: “Термизийнинг ҳадис соҳасида қилган ишларини бошқа киши ҳали қила олмаган” деган [6, Ж. 1. б, 8].
Машҳур олим Мулло Али Қори (ваф. 1605): “Абу Исо Термизий ягона ҳужжат имом, назири йўқ ишончли ва мукаммал ҳофиз бўлган” деган [5, Ж. 1. б, 71].
Машҳур тарихчи ва фақиҳ Ибн Аммод Ҳанбалий (1089/1679): “Ибн Исо замондошлари орасида энг машҳур, хотираси мўъжиза ва моҳирлик бўлган” деган [8, Ж. 3. б, 327].
Юқорида Имом Термизийга берилган фикрлардан Абу Исо Термизий қанчалик буюк инсон эканлиги, нафақат ҳадис илмида балки илм ва тақвода, жарҳ-таъдил илмида, кучли хотира эгаси эканлиги ва “имом”, яъни энг олдинда юрувчи йўлбошчи эканлигини билиш мумкин.
Юртимизда ҳадис илмига бўлган эътибор йилдан йилга кучайиб бормоқда. 2017 йил Самарқандда буюк муҳаддис Имом Бухорий номида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, ўша йили Термизда буюк муҳаддис Имом Термизий номида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, 2018 йили Самарқандда Ҳадис илми мактаби очилди. Бу марказ ва мактабларнинг очилишидан асосий мақсад юртимиздан етишиб чиққан Имом Доримий, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк муҳаддислар авлодларини етиштиришдан иборатдир. Келажакда юртимиздан ҳам буюк муҳаддис Имом Бухорий ва Имом Термизийдек муҳаддислар, илмда, тақвода ва кучли хотира эга ёшларимиз етишиб чиқади деган умиддамиз.
Олим Жўраев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абдуллоҳ ибн Солим Басрий. Хатм жомиъ ат-Термизий. Дорул башаирил ислами, 2010.
- Суютий. Табақотул ҳуффоз. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1403.
- Абу Яъло Халилий. Ал-Иршад фи маърифати улама ал-ҳадис.
- Абул Фатҳ Фатҳиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад. Шарҳи Термизий ан-нафҳуш шази шарҳ жомиъ ат-Термизий. – Риёз: Дорус самъий, 2007.
- Али ал-Қори. Мирқот шарҳ мишкот. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 2001.
- Жалолиддин Суютий. Қутул муғтази аъла жомиъ ат-Термизий. Маккаи мукаррама, 2003.
- Жомиъул усул.
- Ибн Аммод Ҳанбалий. Шазаротуз заҳаб. – Байрут: Дор Ибн Касир, 1986.
- Ибн Асир. Ал-Камил фит таърих. – Байрут: Дорул кутубил арабийя, 1997.
- Ибн Касир. Ал-Бидая ван ниҳая. Дорул фикр, 1986.
- Ибн Халликон. Вафоётул аъён ва анбау абнау аз-замон. – Байрут: Дорус содр, 1971.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Таҳзибут таҳзиб. – Ҳиндистон: Доиратул маърифа ан-низамийя, 1908.
- Ибн Ҳиббон. Сиқот. – Ҳиндистон: Доиротул маъорифа ал-усманийя, 1973. Ж. 9.
- Миззий. Таҳзибул камол фи асмаир рижал. – Байрут: Муассасатур рисала, 1980.
- Мухтасар. Ж. 1.
- Самъоний. Ансоб. – Байрут: Дорул фикр, 1998.
- Самъоний. Ансоб. – Хайдаробод: Доиратул маъорифа ал-усманийя, 1962.
- Фадоилул китаб ал-жомиъ.
- Шамсиддин Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1998.
Izoh qoldirish