АЖДОДЛАР МЕРОСИ БЕБАҲО ХАЗИНА
“Дунё илмида ёзилмаган бир қоида бор:
сен мавзуинг бўйича ўзингдан олдин ёзилган
ва чоп этилган барча ишлардан,
улар қайси тилда бўлишидан қатъий назар,
хабардор бўлишинг керак”
Огаҳ Сирри Левенд, турк олими
Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ҳар бир миллатнинг ўз ўтмиши, тарихи бор. Ва уларнинг ҳаммаси ҳам ўз тарихини улуғлайди. Бироқ айни ҳақиқатки, бизнинг ватанимиздаги шонли тарих, аждодларимиздек номи бутун оламга машҳур ва маълум кўплаб алломалар дунё бўйлаб топилмаса керак. Бу давлат бирдан шаклланмаган ва унинг бугунгача етиб келишида узоқ йўллар босиб ўтилган [3, б. 86]. Бизнинг тарих - миллат маданияти, маънавияти, тилимиз, динимиз, халқимизнинг бой адабий меросининг ривожланиш хусусияти ва босқичларини ўзида акс эттирган бебаҳо хазина сифатида ҳар доим кенг ўрганилган ва ўрганилиб келиняпти [4, б. 114].
Бугунги кунда жаҳоннинг энг равнақ топган мамлакатларида фойдаланиб келинаётган илғор технологияларидан тортиб наинки, кундалик истеъмол буюмларигача айнан мусулмон олимларнинг илмий кашфиётлари туфайлидир.
Тан олиш керак, Хоразмийнинг алгоритмларисиз бугуннинг рақамли технологияларини, буюк Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”сиз замонавий тиббиётни, Берунийдек даҳо бобокалонимиз яратган асарларсиз арифметика, математика, астрономия, маъданшунослик каби фанларни, тенгсиз астрономлар Мирзо Улуғбек ҳамда Фарғонийнинг машаққатли меҳнатларисиз фазо илмини ўргана олмасдик, бу соҳалар ҳозирги даражага етиб келмаган, ривожлана олмаган бўларди, балки. Бундан ташқари, илк Мусулмон ренессанси пайтида кашф қилинган, тижорат йўли билан совун, қалам, гул ёғи, ҳаммом, канализация каби оддий лекин муҳим ашёларнинг Испаниядан бутун Европа ва дунё мамлакатларига тарқалишида ҳам мусулмон халқларининг хизмати ва ўрни беқиёс.
Президентимизнинг ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторида Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши - аждодларимиз меросини яна-да чуқурроқ ўрганиш, уни келажак авлодга ҳеч қандай “шикаст”ларсиз етказиш йўлида муҳим қадам бўлди. Марказ ичида бунёд этилган музейга олиб келтирилган экспонатлар, жумладан, Сармишсой қоятош суратлари (петроглифлар), Aфросиёб ёдгорликлари, Қўй қирилган қалъа, Aйритом фризлари, Муғ тоғидан топилган ёзма манбалар, Кушон цивилизацияси ва бошқа ёдгорликлар, қолаверса, ёзма манбалар-бизнинг мамлакат ҳудудида анча йиллар илгари, яъни, Ислом дини ҳали тарқаб улгурмасдан аввал ҳам, ўзгаришлар мавжуд бўлгани, Марказий Осиёда биринчи Ислом уйғониш (ёки маърифат) асри учун пойдевор қўйганлигининг ёрқин ифодасидир.
Таъбир жоиз бўлса, исломнинг олтин даври олимларининг илмий-маърифий меросларини тарғиботи, аслидек сақлаш, ислом цивилизацияси тарихини ўрганиш, экспонатлар, энг замонавий мултимедиавий имкониятларимиздан фойдаланган ҳолда муқаддас динимизнинг софлик, одамийлик, бағрикенглик, илм-фан ва бунёдкорлик, тинчлик ғоялари илгари сурилган дин эканини халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш, улар билан тарғибот ҳамда ташвиқот ишларини олиб бориш каби марказ фаолиятига доир мақсадлар, бу йўлда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар эса нуфузли халқаро ташкилот ва йирик муассасада эътиборини жалб этиб келмоқда.
Шунингдек, “Танланган ҳадислар”, “Буюк аждодларимиз”, “Иймон ва эътиқод”, “Вақфия”, “Панднома”, “Aмир Темур Тузуклари” каби асарларнинг нашр этилиши, Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларининг илк ҳосилларидир [6].
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, бизнинг вазифамиз бу меросни чуқур ўрганиш, авайлаб асраш, дунё аҳлини бохабар қилишдан иборат. Мамлакатимизга келганки одам улкан меросимиз тўғрисида бой, улкан тасаввурга эга бўлса, ўз юртига катта маънавият олиб кетса, бизлар катта маррани забт этган бўламиз.
Дарҳақиқат, Уйғониш даври ўз ўрнини гуманизмга, гуманизм еса маърифат даврига бўшатиб берган бир пайтда, кўплаб буюк алломалар, илм-фан намояндалари, амалий санъат аҳли, ёзувчилар ва шоирлар етишиб чиқдилар. Бу даврлар мамлакатимиз тарихида туб бурилиш ясади. Чунончи, кейинги тўрт йил ичида юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон - Учинчи Уйғониш даврига қадам қўя бошлаганидан дарак беради.
Сотволдиева М.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Каримов И.А. Юксак маънавият енгилмас куч. – Т.: 2008.
- Рўзиев У, Эртанинг умидлари. "Ёшлик" адабий-бадиий журнал, 11 сон. мақола, 2013 йил
- Сулаймонов Ф. Шарқ ва Ғарб. – Т., 1997.
- Халлиева Г. XX аср Россия шарқшунослиги ва ўзбек мумтоз адабиёти. – Т.: 2018.
- ru.mwikipedia. org
- www.literature.ru
Izoh qoldirish