09.08.2023

ШУКР АЙТИШ УЛУҒ ИБОДАТ

           Бутун махлуқотлар ичида Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратган. Инсоннинг мукаррамлиги шундаки, ер юзидаги барча мавжудот одамзотнинг фаровон яшаши учун хизмат қилади. Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда яратиши билан биргаликда беҳисоб неъматлар инъом этганки, ана шу неъматларнинг шукрини адо этмоқликка буюрилганмиз. Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилинган: 

[1] وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

(Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг).

          Аллоҳ таоло шунча ҳисобсиз неъматлар бергани билан яна бандаларига хитоб қилиб айтмоқдаки, агар шукр қилсангиз бундан-да неъматларимни зиёда қилиб бераман. Аллоҳнинг бандаларига бўлган марҳамати ва меҳрибонлигини қарангки, неъматлар устида яна неъмат беришни ваъда қилмоқда. Инсон ўз жисмига ва ботиний оламига тафаккур билан бир боқсин, қанча ажойиботларни ўзида кўради. Тоза ҳаводан нафас олишимиз ҳам улуғ бир неъмат. Агар мана шу нафас олиш неъматини Аллоҳ таоло биздан олиб қўйса, нима қила олар эканмиз! Кўриш неъматини олиб қўйса, дунё бизга қоронғу кўринишини тасаввур қилиб кўринг! Шунчалик кўп неъматлар берганки, лекин банда буни ҳис қила олмайди. Неъмат қадри неъматнинг йўқлигида билинади. Борлиқни биз учун хизматкор қилиб қўйган Аллоҳга биз бандалик қилмасак, неъматга ношукрлик қилган бўламиз. Аллоҳ таоло ношукр бандадан неъматларини оҳисталик билан олиб қўядики, ўзи билмай қолади. У зот моддий неъматлар билан биргаликда бизга маънавий неъматлар берган. Ақл, одоб, илм, фаросат, зийраклик, ўткир зеҳн, нотиқлик, тафаккур қилиш ва зикр айтиш неъматлари маънавий неъматларга мансуб. Бу неъматлар ичида олий неъмат саналмиш имон неъмати барча неъматлардан афзал туради. Имон билан биз ўз Яратганимизни таниймиз, ибодат қиламиз ва неъматлар қадрига етамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики, сизларга барган неъматларим ҳисобсиздир, уни санаш билан охирига етиб боролмайсиз.

[2] وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا ۗ إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَحِيمٌ

          (Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир).

          Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сонсиз-саноқсиздир. Уларнинг баъзилари юқоридаги оятларда эслатиб ўтилди. Аслида, агар инсонлар ўзларига берилган неъматларни ҳисоблашга уринсалар, санаб саноғига ета олмайдилар. Шундай сон-саноқсиз неъматнинг шукрини ҳеч ким адо қила билмайди. Агар Аллоҳ ҳамма неъматлари учун тўла-тўкис шукрни талаб этса, бандаларга жуда қийин бўларди.

          Лекин, Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлик қилиб, ўз тоқатларидан келиб чиқиб шукр айтишга ундаган. Умуман олганда, шукр айтувчи кишининг мақомини Аллоҳ таоло икки дунёда юксак қилади. Бу борада улуғ аждодларимиз ҳам ўз асарларида алоҳида тўхталиб, шукр айтишнинг муҳимлигини тушунтириб берганлар. Сўфи Аллоҳёр “Муродул орифин” асарининг “Муҳаббат мақомига етиш сабаблари” фасли сўнггида қуйидаги байтларни келтиради. 

دلا شکر خدا آور دمادم

تورا کرد او از فرزندان آدم

 

مصوّر کرد با این قدّ و بالا

نکرد از جنس مورو مار و کالا

 

تن و جان داد تصدیقی چنان داد

هدایت کرد اقرار زبان داد

 

به غایت مهروبانی ها به ما کرد

حبیب خویشتن را رهنما کرد

 

به  الطاف قدم خوف و رجا داد

به هر کس این چنین دولت کجا داد

 

سواد اهل سنّت را در این راه

مرا بنموده است الحمد الله[3]

Мазмуни: Эй улуғ қалб соҳиби Аллоҳга шукр айтишни канда қилма, зеро, сени У Зот Одам алайҳиссалом фарзандларидан дунёга келтирди. Сени ҳашарот, судралиб юрувчи илон ва бир мато жинсидан қилиб яратмади, балки гўзал қомат ва жисм соҳиби “инсон” қилиб яратди. Жисму жон билан биргаликда тасдиқни (имон) берди, сени ҳидоят этиб имонни иқрор қилишни тилингга айлантирди. Бизга ҳисобсиз марҳамат кўрсатганининг яна бир белгиси – ўз ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Пайғамбар қилиб юборди. Баъзи кишиларга берилмаган улуғ икки бойлик – хавфу (гуноҳ қилишдан қўрқмоқ) ражони (Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик) азалий лутфу карами билан бизга насиб этди. Аҳли суннат йўлига бизни эргаштирганлиги учун Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. 

           Дарҳақиқат, шукр айтувчи банданинг ҳаёти фаровон, қалби нурафшон бўлиб, дунёда мақом, охиратда эса нажот топади. Машаққатлар ва ҳаёт қийинчиликлари шукр айтиш билан инсондан узоқлашади. Шукр ибодатга ҳузур, қалбга сурур ва неъматга барака келтиради. 

 

 

Жамаҳматов Каромиддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)    

 

[1] Иброҳим сураси, 7 оят.

[2] Наҳл сураси, 18 оят.

[3] Сўфи Аллоҳёр ибни Темур. Муродул орифин/муқаддима ва тасҳиҳу таълиқ Аббосали Вафоий. – Теҳрон: Интишороти сухан, 1387. – С. 274.

Izoh qoldirish