АЛЛОҲНИНГ МАКОНИ БОР, ДЕЙИШНИНГ ҲУКМИ
Замонамизда айрим мусулмонлар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг макони бор, деб эътиқод қилишга ўтдилар. Улар “Аллоҳ осмонда!”, “Аллоҳ тепамизда!”, “Аллоҳ Аршда макон тутган!”, деганга ўхшаш фикрлари билан мусулмонларнинг эътиқодига путур етказмоқдалар. Улар ўзларининг бу фикрларига оят ёки ҳадисларнинг зоҳирий маъносини далил қилишади. Ҳолбуки, бу маънодаги оят ва ҳадисларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўз мўҳкам ояти: ليس كمثله شئ – “Лайса ка-мислиҳи шайъун!” (“Унга (Аллоҳга) ҳеч нарса ўхшаш эмас!” (Шўро, 11) сабабли таъвил қилиш вожиб бўлади. Яъни, мана шу оятга кўра Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамагани учун уни маконда, бирор бир томонда дейиш ҳам мумкин эмас. Чунки, маконда бўлиш ёки бирор томонда бўлиш яралмишлар ва жисмлар хусусияти бўлиб, Аллоҳ таоло бу хусусиятдан покдир, беҳожатдир. Шунинг учун ҳам, аҳли суннат ва жамоатнинг ҳаққоний уламолари, соф исломий ақидадан оғишмаган олимлар: “Аллоҳнинг макони йўқ! Аллоҳ таоло бирор бир томонда, масалан, осмонда эмас!”, деган эътиқодда бўлиш лозимлигини уқтириб келганлар. Жумладан, бизнинг ўлкалардаги туркий халқларнинг мусулмончиликда энг аввал танишадиган китоблари – “Ибодати Исломия” асаридаёқ бундай жумлалар эътиқодий қоида сифатида кўрсатиб ўтилган:
“Аллоҳ таоло ҳеч бир маконда, ўрунда эмас! Ҳеч бир тарафда эмас: юқори ва ё паст, олди ва ё орқа, ўнг ва ё чап тарафларнинг ҳеч қаюсинда эмас!” (Аҳмад Ҳодий. Ибодати Исломия. – Тошкент: Порцев, 1915. – Б. 12).
“Ибодати Исломия” ёзилганидан олдин ҳам минг йиллардан бери бутун дунё мусулмонлари: “Аллоҳнинг макони йўқ! Аллоҳ таоло бирор бир томонда, масалан, осмонда эмас!”, деб эътиқод қилиб келганлар. Чунки, маконни ва томонни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўзи яратган. Шунинг учун, “Аллоҳ осмонда”, “Аллоҳ тепамизда”, “Аллоҳ Аршда макон тутган”, деганга ўхшаш фикрлар куфрга олиб бориши ақидавий манбаларда зикр қилинган. Гарчи биз бундай дегувчиларни бирданига кофир дея олмасак-да, бироқ, уларнинг ўзлари қуйидаги иқтибосларни ўқиб, огоҳ бўлиб, Парвардигори оламнинг берган тавфиқ ва имон неъматининг қадрига етиб, куфрга тушиб қолишдан қаттиқ хавф қилмоқлари лозим бўлади.
Бу ҳақидаги уламоларнинг фикрлари билан бирма-бир танишсак:
Таниқли шофеъий мазҳаби олими Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳга жиҳат-томонни айтишнинг куфр эканлигига анъанавий тўрт мазҳаб мужтаҳидлари иттифоқ қилганларини қайд қилганлар:
و اعلم أن القرافى و غيره حكوا عن الشافعى و مالك و أحمد و أبى حنيفة رضى الله عنهم القول بكفر القائلين بالجهة و التجسيم و هم حقيقون بذلك
“Билгинки, Имом ал-Қарофий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар Имом аш-Шофеъий, Имом Молик, Имом Аҳмад ва Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳумдан Аллоҳ таолога нисбатан жиҳат ва жисмни айтувчиларнинг куфри ҳақидаги гапни нақл қилганлар. Улур бу борада ҳақдирлар!” (“ал-Минҳож ал-қавим”, 1/224).
Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мирқот ал-мафотиҳ” асарларида бундай деганлар:
بل قال جمع منهم أى من السلف و من الخلف إن معتقد الجهة كافر كما صرح به العراقى و قال إنه قول لأبى حنيفة و مالك و الشافعى و الأشعرى و الباقلانى
“Балки, уламоларнинг ҳаммаси тўпланиб айтишган, яъни олдинги ва кейинги давр уламолари жиҳатни эътиқод қилувчи, (яъни, Аллоҳ таолони бирор жиҳат ва томонда дегувчи) кофир деганлар. Чунончи, бу ҳақида Имом ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ очиқ-ойдин ёзиб қолдирганлар. Унинг айтишича, бу Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом аш-Шофиъий, Имом ал-Ашъарий ва Имом ал-Боқилоний раҳматуллоҳи алайҳим кабиларнинг гапларидир!” (“Мирқот ал-мафотиҳ”, 3/300).
Аллома Зоҳид ал-Кавсарий раҳимаҳуллоҳ ҳам тўрт мазҳаб имомларининг кимки Аллоҳ таолони бирор жиҳат – томонда деб эътиқод қилса, кофир бўлишини айтганларини мазкур “Шарҳ ал-Мишкот”дан нақл қилганлар (“Мақолот ал-Кавсарий”, 1/321).
Мужтаҳид имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “ал-Фиқҳ ал-абсат” асарларида бундай деганлар:
من قال لا أعرف ربى فى السماء او فى الأرض فقد كفر و كذا من قال إنه على العرش و لا أدرى العرش أفى السماء او فى الأرض
“Кимки “Раббимни осмонда ёки ерда эканини танимайман!”, деса кофир бўлади. Кимки “Уни Аршдадир, Аршнинг эса осмонда ёки ерда эканини билмайман!”, деса ҳам худди шундай” (“Мажмуату масоили Абу Ҳанифа”, 12-бет).
Мазкур гапда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони маконда деб эътиқод қилишнинг куфрга олиб бориши таъкидланган. Яъни, Аллоҳнинг осмондамикин ёки ердамикин, деган хаёлнинг ўзиёқ куфрга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бу гапларини Камолиддин ал-Баёзий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ “Ишорот ал-маром” асарларида бундай изоҳлаганлар:
لكونه قائلا باختصاص البارئ بجهة و حيّز و كل ما هو مختصّ بالجهة و الحيّز فإنه محتاج محدث بالضرورة فهو قول بالنقص الصريح فى حقه تعالى
“Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапларининг сабаби – Аллоҳ таолони жиҳатга, чегарага ҳамда жиҳат ва чегара билан хосланадиган ҳар қандай нарсага хослаб айтувчининг шундай бўлиши назаридандир. Чунки, жиҳат ва чегара заруратдан янги пайдо бўлган нарсага муҳтож бўлади. Бу гап эса (Аллоҳ осмондамикин, ердамикин, деган гап) Аллоҳ таолонинг ҳаққида очиқ-ойдин нуқсондир” (“Ишорот ал-маром”, 1/200).
Муҳаммад Қовақчи ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ “ал-Эътимод фи-л-эътиқод” асарларида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапларини бундай изоҳлаганлар:
و من قال لا أعرف الله فى السماء هو ام فى الأرض كفر لأنه جعل أحدهما له مكانا
“Кимки “Аллоҳни осмонда ёки ерда эканлигини танимайман!”, деса, кофир бўлади. Чунки, у булардан биттасини Аллоҳга макон деб билмоқда” (“ал-Эътимод фи-л-эътиқод”, 1/5).
Иззиддун ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ “Ҳалл ар-румуз” асарларида бундай деганлар:
لأنّ هذا القول يوهم أن للحق مكانا و من توهم أن للحق مكانا فهو مشبه
“Бу гапда Ҳақ таолонинг макони бор, деган фикр юзага келади. Кимки Ҳақ таолонинг макони бор деб хаёл қилса, у мушаббиҳадир!”.
Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ бу гапни “Шак-шубҳасиз, Ибн Абдуссалом уламоларнинг энг буюкларидан ва ишончлиларидандир. Унинг нақлига суяниш вожиб бўлади”, деганларидан сўнг келтирганлар (“Шарҳ Фиқҳ ал-акбар”, 198-бет).
Мушаббиҳа бу – Аллоҳ таолони яратилган нарсаларга ўхшатувчи, Унинг макони бор, деган эътиқодда бўлувчилар. Улар аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалардир.
Абулмуин ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Табсират ал-адилла” асарларида бундай деганлар:
و الله تعالى نفى المماثلة بين ذاته و بين غيره من الأشياء فيكون القول بإثبات المكان له ردا لهذا النص المحكم اى قوله تعالى ليس كمثله شئ الذى لا إحتمال فيه لوجه ما سوى ظاهره و راد النص كافر عصمنا الله عن ذلك
“Аллоҳ таоло ўз зоти билан бошқа нарсалар орасида ўхшатувни инкор қилди. Демак, Аллоҳга маконни исбот қилиш, яъни макони бор дейиш ушбу мўъкам далилни рад қилган бўлади. У далил Аллоҳ таолонинг: “У ҳеч нарсага ўхшамас!” деган мазмундаги оятида бор. Унда зоҳиридан бошқа томонга бурадиган бирорта маъно ва эҳтимол йўқ. Бу далилни рад қилувчи эса кофирдир. Аллоҳ таоло бизни ана шундан асрасин!” (“Табсират ал-адилла”, 1/169).
Машҳур ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Баҳр ар-роиқ” асарларида Аллоҳнинг макони бор, деган эътиқод куфр эканини айтганлар:
و يكفر بإثبات المكان لله تعالى فإن قال الله فى السماء فإن قصد حكاية ما جاء فى ظاهر الأخبار لا يكفر و إن أراد المكان كفر
“Аллоҳ таолога маконни исбот қилиш билан кофир бўлади. Яъни, “Аллоҳ таоло осмонда”, деса-ю, агар бу гапидан фақат хабарларнинг зоҳирида келтирилган гапни ҳикоя қилишни қасд қилса, кофир бўлмайди. Агар маконни назарда тутса, кофир бўлади!” (“ал-Баҳр ар-роиқ”, 5/129).
Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”да бундай деганлар:
فمن أظلم ممن كذب على الله او ادعى إدعاءً معينا مشتملا على إثبات المكان و الهيئة و الجهة من مقابلة و ثبوت مسافة و أمثال تلك الحالة فيصير كافرا لا محالة
“Бас, кимки Аллоҳ таолога ёлғон тўқиб зулм қилса, ёки макон, ҳайъат, жиҳат, юзма-юз туриш, масофани собит қилиш каби ҳолатларни қамраб олган муайян даъвони иддиъо қилса, иложсиз у кофирга айланади” (“Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, 1/215).
“Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг бошқа ўрнида бундай дейилган:
و كذا من قال: بأنه سبحانه جسم و له مكان و يمرّ عليه زمان و نحو ذلك كافرحيث لم تثبت له حقيقة الإيمان
“Шунингдек, бирор кимса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг жисми бор, унинг макони бор, унга замонлар ўтади ва шунга ўхшаш гапларни айтса, кофирдир. Унга имоннинг ҳақиқати собит бўлмаган экан!” (“Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, 1/271-272).
“Фатовойи Ҳиндия” номи билан шуҳрат қозонган, Ҳиндистон уламолари томонидан битилган “Фатовойи Оламгирия” номли фатволар тўпламида бундай дейилган:
يكفر بإثبات المكان لله تعالى فلو قال از خدا هيچ مكان خالى نيست يكفر و لو قال الله تعالى فى السماء فإن قصد به حكاية ما جاء فيه ظاهرُ الأخبار لا يكفر و إن أراد به المكان يكفر و إن لم تكن له نيّة يكفر عند الأكثر و هو الأصحّ و عليه الفتوى
“Аллоҳ таолога маконни исбот қилиш билан кофир бўлади. Бас, агар “Худодан ҳеч бир макон холи эмас!”, деса кофир бўлади. Агар “Аллоҳ таоло осмонда!”, деса-ю, агар бу гапидан фақат хабарларнинг зоҳирида келтирилган гапни ҳикоя қилишни қасд қилса, кофир бўлмайди. Агар ушбу гапи билан маконни назарда тутса, кофир бўлади! Агар ҳеч қандай нияти бўлмаса, аксар уламолар фикрича кофир бўлади. У энг саҳиҳ гапдир, унга фатво берилган!” (“Фатовойи оламгирия”, 2/259).
Мазкур “Фатовойи оламгирия”даги фатво барча мўъмин-мусулмонларни огоҳликка чорлайди. Бу “Аллоҳ осмонда!” деган гапдан жуда эҳтиёт бўлиш кераклигини билдиради.
ХУЛОСА
Юқорида биз келтирган иқтибослардан маълум бўладики, аҳли суннат ва жамоат ақоидига кўра Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони бирор бир маконда ёки бирор бир томонда дейиш куфрга олиб боради. Бу хилдаги ақидадан сақланиш лозим. Зотан, макон ва томонни Аллоҳ таолонинг ўзи яратган. У зот ўзи яратган нарсасига муҳтож бўлмайди. Айрим оят ва ҳадислардан Аллоҳни маконда ёки томонда дейилган бўлса, бу хилдаги оят ва ҳадисларнинг барчаси “муташобеҳ” деб аталади. Уларни таъвил қилиб, аҳли суннат ва жамоат ақоидига тўғрилаб тушуниш вожиб бўлади. Яъни, Аллоҳ таолонинг ҳукми, куч-қудрати, тасарруфи бирор маконда ёки томонда акс этади, деган мазмунда тушуниш лозим бўлади. Акс ҳолда, юқоридаги иқтибослардан очиқ-ойдин маълум бўлиб турибдики, бу хилдаги оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъносини тўғридан-тўғри тушуниб эътиқод қилиш инсонни куфр ботқоғига ботиради.
Аҳли суннат ва жамоатдан айрилган ва оғишган тоифалар ҳарчанд “Аллоҳ осмонда!”, “Аллоҳ Аршда ўтиради!”, деганга ўхшаш гапларни оламга жар солсалар ҳам, уларнинг бу гап-сўзлари ботил эканлигини юқоридаги иқтибослар орқали билиб оламиз. Бундай дейишнинг ўзи соф ислом ақидасига путур етказади, имон неъматига рахна солади. “Аллоҳ осмонда!”, “Аллоҳ Аршда жой олган!”, деганга ўхшаш гапларни гарчи куфр бўлиши айтилган бўлса-да, уни айтувчини агар оят ва ҳадисларнинг зоҳирига суянаётган бўлса, кофир дея олмаймиз. Бироқ, мана шу хилдаги гапларнинг куфр дейилишининг ўзиёқ чин мўъмин-мусулмон инсонни сергак торттириши лозим, ўзи билмаган ҳолда имонсизлик чоҳига тушиб қолишдан жуда қаттиқ эҳтиёт бўлишга чақириши керак. Зотан, имон билан имонсизлик ораси бир сўздир, холос. Сўфий Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор бобомиз бундай деганлар (Сўфий Аллоҳёр. Маслак ал-муттақин. – Тошкент: Порцев, 1914. – Б. 291):
Баҳри мадде намоз вайрон аст,
Суханон дар зиёни имон аст!
(“Бир мад чўзиш билан намоз вайрондир. Сўзлар имонга зиёндир!”).
Яъни, намозда “Аллоҳу акбар!”нинг биринчи ҳарфини – “а”ни билмасдан чўзиб айтилса, намоз бузилади. Чунки, у ҳолда “Аллоҳ улуғдир!” деган маъно “Аллоҳ улуғми?!” деган саволга айланиб қолади. Агар уни қасддан шундай чўзиб айтса, биргина чўзимнинг оқибати жуда оғирдир: “Гар ба-амдан кашид мадди он як, Мешавад кофир аз баройи шак!” (“Агар қасддан мадни биров чўзадиган бўлса, савол шак-шубҳага айлангани учун кофир бўлади!”). Бинобарин, Сўфий Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор бобомиз айтганларидек, бир сўз инсонни имонга киритганидек, бир сўз имоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяди. Уламоларимиз бекорга: “Эҳтиёт сари ибодат аст!” (“Эҳтиёт ибодатнинг бошидир!”) деган эмаслар! Эҳтиёт эса “Аллоҳ осмонда!”, “Аллоҳ тепамизда!”, “Аллоҳ Аршда жой олган!”, деганга ўхшаш гаплардан сақланишдир!
Шунинг учун, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч бир мусулмонни аҳли суннат ва жамоатнинг асил ва ҳақиқий таълимотларидан айирмасин, деб дуо қилиб қоламиз. Аллоҳнинг ўзи адаштирмасин, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонга тавфиқ берсин, ҳар бир мўъминнинг имонини мустаҳкам қилсин! Омин!
Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Izoh qoldirish