НАФСНИНГ ТИРАШИШИ ВА ҚАЛБНИНГ КУРАШИШИ
Нафснинг ғалаёни ҳалол неъматларни тўсувчи пардадир, қалбнинг кураши эса ҳалол неъматларни тўсувчи пардани йиртишидир.
Ҳалол неъмат нафснинг ғалаёнини қандай қилиб тўсади? - деб сўрадилар.
Нафс ўзининг ғалаёнидан хурсанд бўлади. Шу билан ўзини Яратувчисига кўз-кўз қилади, халойиққа мақтанади. Қалб эса Аллоҳдан мадад сўраб ёлворади, ўзини Аллоҳга ҳавола қилиб, ўз- ўзига маҳлиё бўлиш, шодланиш, қилган ҳаракатларига ишониб қолиш каби нафс офатларидан ҳимояланиш учун унинг даргоҳига йўл излайди. Қалбнинг бундай офатлардан хавфсираб ғамгин бўлиши, хотирга келган гуноҳларни тўсиши Маннон (Маннон – меҳрибон) сифатли Парвардигорининг раҳматини тўсувчи пардаларни йиртишидир. Ана шунда инсоннинг қалбида ал-Маннон исмининг нурлари порлайди, бу эса раҳмат нуридир. Ҳа, шундагина инсон қалбидан пардалар кўтарилади ва Рауфу (Рауф – мехрибон) Маннон бўлмиш Аллоҳ таолонинг Марҳаматига муяссар бўлади.
Нафс ўз ғалаёнига овора бўлиб қоладиган бўлса, саъй-ҳаракат пардасидан ҳам қалинроқ тўсиқ борми ўзи?! Ўз-ўзига маҳлиё бўлиш пардаларидан ҳам ортиқ ўз соҳибини Аллоҳ таолодан ғофил (Ғофил - ғафлатда қолган, ҳеч нарсадан бехабар) қолдирувчи ёпинғич-чи?!
Хўш, ўз нафсининг ғалаёнини кўп мулоҳаза қилувчи киши бунданда ҳаддидан ошиб кетмаслиги учун қанақа ҳатти- ҳаракатларга ғайрат қилиб, омон қолиши учун қайси ибодатга белини маҳкам боғлаши лозим?
Аввало, денгиздаги бир чўққида Аллоҳ таолога беш юз йил ибодат қилган обид ҳақидаги ҳадиси шарифдан ибрат олсин. Ўша обид қилган қаттиқ риёзатни қилишга бирор киши қодир бўла олармикин? Қиёмат куни унга қандай муомала бўлганига эътибор қаратинг!
Аҳмад ибн Мурранинг Лайснинг котиби Абдуллоҳ ибн Солихдан ривоят қилган бир ҳадисда: "Жобир ибн Абдуллоҳ:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб: "Ҳозиргина ҳузуримдан биродарим Жаброил (алайҳиссалом) чиқиб кетдилар. Менга айтдиларки, эй Муҳаммад, мени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Аллоҳнинг бандаларидан бир банда бор эди, у денгиздаги эни ўттиз газ, бўйи ўттиз газ (Газ - узунлик ўлчов бирлиги. 1 газ 71 сантиметр) келадиган бир чўққида Аллоҳ таолога беш юз йил ибодат қилди. Денгиз уни тўрт томондан тўрт минг фарсах (Фарсах - тахминан 7-8 километрга тенг келадиган узунлик, масофа ўлчови) масофадан ўраб турарди. Аллох таоло унга бармоқдай бир ширинбулоқни пайдо қилди, ундан чиққан ширин сув ўша чўққининг пастида тўпланарди. Яна бир анор дарахтини ҳам ўстириб қўйдики, ҳар кечаси анор бир дона мева солиб, кундузи пишар эди. Қош қорая бошлагач обид пастга тушиб сувда таҳорат олар, анорни эса олиб ер, сўнгра намозга турар эди. Ажали яқинлашганда Парвардигоридан сажда ҳолатида жонини олмоғини ва Қиёматда шу ҳолда қайта тирилиши учун ер уни чиритмаслигини сўрарди. (Аллоҳ таоло) шундай қилди ҳам. Биз фаришталар ўтган-қайтганимизда унинг олдидан ўтардик ва унинг аҳволини билардик.
У Киёмат куни қайта тирилтирилиб, исми муборак бўлган Аллоҳ таолонинг Ҳузурига келтирилганида Парвардигор унга ҳукм чиқариб: "Бандамни раҳматим билан жаннатга киритинглар", - дея марҳамат қилади. Бу банда: "Ё Раб, балки ўз амалим сабаблидир?" - дейди. Аллоҳ таоло фаришталарга: "Бандамга берган неъматларим билан унинг қилган амалларини ўлчаб чиқинглар", деб фармон қилади. Биргина кўриш - неъмати унинг беш юз йиллик ибодатига баробар келади ва қолган тана аъзоларидаги неъматлар ортиб қолади. "Бандамни дўзахга киргизинглар", - дейди. Банда: "Ё Раб, ўз раҳматингла мени жаннатга киргизгил", дея нидо қилади. Аллоҳ таоло: - "Қайтаринглар!" деб амр қилгач, бандани унинг ҳузурида турғизадилар ва: "Эй бандам, йўқ нарса эканингда ким сени яратди?" - деб сўрайди. Банда: "Эй Раббим, сен яратдинг", - дейди. Аллоҳ таоло: "Бу иш ўзингданмиди ёки менинг раҳматимданми?", - деб сўрайди. "Ҳа, раҳматингдандир”, - дейди банда. Аллоҳ таоло: "Сени беш юз йиллик ибодатга ким қодир қилди?" - деб сўрайди. Банда: "Эй Раббим, сен куч-қувват ато қилдинг", - дейди. Шунда Аллоҳ таоло: "Сени денгиз ўртасидаги чўққига ким туширди, шўрсув орасидан ширинсувни, ҳар кеча бир анорни ким сенга чиқариб берди, ҳолбуки дарахтлар йилда бир бор мева берса?! Саждада турганингда жонингни олмоғимни сўрадинг, буни ҳам сенга насиб этдим", - дейди. Банда: "Сен Парвардигоримсан", - дея эътироф қилади.
Аллох таоло: "Бу раҳматим сабаблидир, сени ўз раҳматимла жаннатга киргизаман, бандамни раҳматим билан жаннатга киргизинглар, эй бандам, қандай ҳам яхши банда бўлдинг!" - дея хитоб қилади".
Дарҳақиқат, барча нарсалар Аллоҳнинг раҳмати туфайлидир. Мазкур банданинг ўз амалларига умидвор бўлиши уни ушбу ҳолатга тушириб қўйди, яъни Аллоҳнинг ҳузуридаги унга яқинлик даражасидан айирди ва ҳатто дўзахга ҳукм ҳам қилинди-я! Маҳшаргоҳда эътироф қилинганидан кейингина Аллоҳ таолонинг фазли ва раҳмати сабабли яна муқарраблик мартабасига қайтди. Унинг раҳмати билан нажот топди, унинг фазли билан жаннатга етишди.
Отам, Аллоҳ уни раҳмат қилсин, Қубайса Суфёндан, у Санъо аҳлидан бўлган кишидан, у Ваҳб ибн Мунаббаҳдан ривоят қилган қуйидаги ҳодисани гапириб берди: "Бир киши бир роҳибнинг олдидан ўтаётиб, ундан: "Эй роҳиб ўлимни қандай эслаяпсан?" - деб сўради. Роҳиб: "Ҳар бир қадамимни босганимда эриб кетгандек бўлаверади", деб жавоб берди. Киши ундан: "Ғайратинг қандай?" - деб сўраган эди, "Жаннат ва дўзахни эслаб, бир муддат намоз ўқувчини кўрмадим", - деди. У киши яна: "Мен саждаларимда йиғлайман, кўз ёшларимдан майсалар униб чиқади", деди. Роҳиб унга: "Нима сен кулаяпсанми? - Сен ўз хатоларингни Аллоҳга эътироф этишинг йиғлашингдан яхшироқдир. Сен ўз амалингдан умидвор бўлиб қолибсан-ку! Амалларидан умид қилиб юрган кишининг намози бўйнидан баландга ҳам кўтарилмайди", деди. Мазкур киши роҳибга: "Менга насиҳат қилинг!" деди. Роҳиб насиҳат қилиб: "Дунёни тарк қил, аҳли дунё билан тортишма, дунёда хурмо каби бўл сени есалар ҳам ширин бўл, қўйиб қўйсалар ҳам ширин тур, бирор шохга тушиб кетсанг уни синдириб қўйма, унга зарар берма! Ит ўз аҳлига итоат қилганидек, Аллоҳга бандалик қил. Чунки, улар итни урсалар ҳам, ҳайдасалар ҳам, оч қўйсалар ҳам у бечора уларга фақат яхшиликни раво кўради", - деди.
Албатта, нафси саъй-ҳаракатда бўлган киши лаззат ва шодликдадир, бу шодлик эса сидқ шодлигидир! Агар нафс хайрли ҳаракатини тарк қилиб бекорчи бўлиб қолса, у худди қамалиб қолгандек бўлади. Зотан, у айни яхши амаллардан ҳузурланади. Нафснинг эгаси фарз амалларни қилиш ва ҳаромлардан тийилишдан бошқа барча яхши амалларни тарк қилиб: "Эй нафсим, фарз амалларни қилиш ва ҳаромлардан тийилишдан бошқа чоранг йўқ!" - деса, ва нафс бирор йўл билан қалбни алдаб, ҳаром ишга қўл урдириб қўймасин деб уни назорат қилиб турса, ана шу қўриқчилик нафс учун зиндондек бўлади. Шунинг учун ўзгарувчанлик сабаб нафс хурсанд бўлиши учун сени нафл ибодатларга чорлайди. Бу ишда нафс ўзининг шаҳватларини ва ҳавосини янчиб ташлаш учун қалбни шерик қилади. Ҳақиқат шуки, нафс қалбни тутиб олиш учун пистирмада пойлайди. Эҳтимол, нафс уни яхши амалларга шерик қилиб, гирибонидан (гирибон – ёка) тутиш учун пайт пойлаётгандир?! Ҳа, нафс инсон қалбини асир қилади ва ўзининг асл табиатида яшириниб ётган шаҳватга судрайди.
Демак, қалби уйғоқ киши нафснинг бу ишини, макру ҳийлаларини билади ва: "Мен Аллоҳ таолога сидқидилдан ибодатда бўлишни хоҳлайман, шундагина унга банда бўламан. Ўзимни унга сидқидилдан таслим қилганман, фарз амалларга гарчи шаҳват ва ҳаво кабилар аралашиб қолса-да, уларни тарк қилишга йўл йўқ. Нафлларга келсак, буларда ҳавою шаҳват аралашиб қолди. Ҳолбуки, мен уларни талаб ҳам, тақозо (тақазо - бирор ҳолатдан, вазиятдан келиб чиқадиган талаб) ҳам қилмадим. Мендан фақатгина холис Аллоҳ учун сидқу вафо билан ибодат қилиш талаб қилинган. Шу боис менга вожиб бўлмаган нафснинг насибаси, ҳавоси каби ибодатимга аралашмалар менинг номимдан Аллоҳга кўтарилишини истамайман", - дейди. Шунда нафс ҳеч бир ҳужжатсиз лол қолади. Нафл ибодатлардан бўлмиш яхши амаллардан лаззатланиши, ўз талабларини қондирувчи шабадалардан бебаҳра қолиши нафс учун зиндон бўлади.
Кимки бу ишда сусткашлик қилса, Аллоҳ томонга интилишда нафси ғалаёнига ёнбосса, унинг нафси зиндондан қочади. Нафснинг қайғулари, сиқилишлари ўз жойларини тополмай колади. Чунки ақл билан ўйлаб кўрилса, қайғулар ва сиқилиш кишини Аллоҳ томон етакловчи ва нафсни ўлдирувчи нарсалардир. Ақл ила ўйлаб кўрилса, нафснинг ўлиши инсонни Аллоҳга етказади. Зеро, сени Аллоҳдан тўсаётган, ўз кирлари, фириблари (фириб- кишини қасддан адаштириш, қўлга тушириш, алдаш, ҳийла-найранг), юзтовлашлари, беҳуда ишлари, ўйинлари ва сенга эргашиши билан сени у зотнинг қурбатидан узоқлаштирган, обруйингни тўккан ва унинг ҳузурида қадрсиз қилган ана шу нафсдир!
"Киши шундай ҳолатга келиб қолса, унда унинг амали қандай булиши керак?" - деб савол бердилар.
"Бундай кишининг қилиши лозим бўлган иши ёмон хулқларини яхши ахлоққа ўзгартиришдир. Ўз истакларини Аллоҳнинг хоҳиш- иродасига топширмоқдир. Шундагина у Аллоҳнинг ҳукмига бечораҳол бир қул каби бўйсунади, ундаги кибр ўлади, бу эса нафс учун бир риёзат ва дарс бўлиб, бундан нафс тузалиб, Аллоҳга одобу ақл ила юзланади, Аллоҳни танийди ва у зотнинг тадбирларини англайди. Ана шунда банда учун диний подшоҳлик ҳосил қилинадиган билимларга йўл очилади", - деб жавоб бердилар.
Ундан: "Диний подшоҳлик нима?" - деб сўрашди. Айтдилар: "Биз таърифлаган бундай қалб Аллоҳга восил бўлса, мартабалар ҳосил қилса ва муножот мажлисларида ўз ўрнини топиб Аллоҳнинг ҳузуридан қайтганида валийликни аҳд қилиб қўпса (қўпмоқ - ўтирган ёки ётган жойидан турмоқ, тикка турмоқ, юзага келмоқ, содир бўлмоқ, рўй бермоқ) у диннинг амиридир, диний подшоҳлик узрадир, унинг неъматлари ниҳояси сардорлик байроғидир".
Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Яширин масалалар” (Ал-Масоил Ал-Макнуна) асаридан
Izoh qoldirish