Ғийбат ва унга қулоқ солиш
(Пайғамбар алайҳиссалом) “Ғийбатдан ва ғийбатга қулоқ солишдан қайтардилар”. (Имом ат-Табароний бу ҳадисни Ибн Умардан ривоят қилган)
Ғийбат мўминнинг обрўсини тўкишдир. Ҳолбуки, бир мўминнинг обрусини сақлаш барча мўминларнинг зиммасидадир. Мўминда тавҳид борлиги боис унинг ҳурмати каттадир. Зеро, динимизда мўминнинг қони, моли, обрўсини тўкиш ҳаром қилинган. Чунки молу давлат мўминнинг диёнати ва обрўсини тутиб турувчидир. Тавҳид аҳлининг ҳам диний, ҳам инсоний жиҳатлари тавҳид пардаси ичида бўлади. Агар бирон ёмон нарса ҳақида гапирсанг Аллоҳнинг пардаси ортида бўлган бир нарса ташқарига чиққан бўлади. Зикр қилган киши эса Аллоҳ ёпган парданинг ичидаги бир нарсани ташқарига чиқарган бўлади. Бу билан у Аллоҳ таоло тутган пардани йиртган бўлади.
Гапга қулоқ тутган кимса ғийбатчига шерикдир. Зеро, қулоқ тутувчи бўлмаганида бу гап ғийбат бўлмасди. Чунки бу сўзларни қулоқ тутувчининг олдида айтди, унинг ҳузурида бировнинг пардасини йиртди, обрўсини тўкди. Ғийбат қилиб пардани йиртгани қулоқ тутувчининг ҳузурида айбларни зоҳир қилганидир.
Дунё подшоҳларидан бири ўзининг эшигига парда тутиб қўйган бўлса, бирон киши келиб ўша пардани тортиб, йиртиб юборса, унинг бундай журъати учун нималар юз беришини тасаввур қила оласанми?
Яна бир жиҳат борки, қулок тутувчи эшитувчи эмас, яъни қулоқ тутувчи ва эшитувчи кишилар бошқа-бошқадир. Чунки баъзида бехосдан бировнинг ғийбати қулоққа чалиниб қолиши мумкин. Лекин эшитувчи бу ишга рози бўлмайди. Аммо қулоқ тутувчи эса, рағбат қилиб ғийбатчига шерик бўлади. Чунки у бутун вужудини қулоққа айлантириб, қулоқ солади ва унинг ғийбатига рози бўлади.
Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Қайтарилган амаллар” (Ал-Манҳийёт) асаридан
Izoh qoldirish