ТАЛАБА ЁШЛАРНИ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯЛАШДА УЛУҒ МУҲАДДИС – ҲАЗРАТ АБУ ИСО МУҲАММАД ТЕРМИЗИЙ РИВОЯТ ҚИЛГАН ҲАДИСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3160-сон, “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4307-сон, “Имом Термизий Халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этиш тўғрисида” ги 2017 йил 14 февралдаги №ПҚ-2774 сон Қарорлари ҳамда Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Ҳадис” илми мактаби ташкил этиш ва “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли Фармони қабул қилинди.
Ўзбекистонда ҳадисшунослик илмини ривожлантириш ва ундан таълим-тарбияда кенг фойдаланиши учун Президентимизнинг мазкур Қарор ва Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мазкур Қарорини ижросини таъминлаш мақсадида “Амир ул-мўъминин”, “Имом ал-муҳаддисин” (Барча муҳаддисларнинг пешвоси) номи билан машҳур бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, кўҳна ва навқирон Термиз заминида яшаб ижод қилган ва бутун дунёда “Дунёнинг Имоми” номи билан машҳур бўлган улуғ муҳаддис – Абу Исо Муҳаммад Термизий, Авлиёлар ҳакими –Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий асарларидаги маънавий-ахлоқий тарбия ҳақидаги ҳадисларини чуқур ўрганиш ва баркамол авлоднинг таълим-тарбиясига фойдаланиш талаб этилмоқда. Чунки Имом Бухорий, Имом Термизий ва Ҳаким Термизий ва бошқа муҳаддисларнинг маънавий-ахлоқий тарбияга оид ривоят қилган ҳадислари бутун жаҳон халқларининг маънавий бойлиги ҳисобланиб, минг йиллардан бутун дунёда маънавият-маърифат хазинаси сифатида эътироф этилиб дунё тамаддунига ўз ҳиссасини қўшиб келган ва ҳозирги кунда ҳам хизмат қилиб келмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, фан-техниканинг жуда ҳам жадаллик билан ривожланиши натижасида глобаллашув жараёни жуда ҳам тез суръатлар билан кундалик ҳаётимизга кириб келиши натижасида ёш авлод мактаб ёки олий таълим даргоҳларидан ўзи учун керакли билимларни, яъни дунёвий-замонавий билимларни олаётгани билан бир қаторда оммавий ахборот воситалари орқали (кино, турли хил порнографик рекламалар, матбуот, замонавий қўл телефонлари ҳамда интернет тармоқлари) ранг-баранг товланиб, ҳаётимизга ва турмуш-тарзимизга тўғри келмайдиган керакли ва кераксиз ахборот ва маълумотларни қабул қилиб, унга кўр-кўрона муносабат билдирмоқда. Баркамол ёш авлодни миллатимизга, динимизга ва урф-одатларимизга ёт ғоялардан асраб авайлаш мақсадида уларни ота боболаримиз мерос қилиб қолдирган маънавий-ахлоқий мерос, миллий қадриятлар, урф-одат ҳамда динимизнинг муқаддас китоби “Қуръон”и карим ҳамда ҳадиси шарифнинг маънавий-ахлоқий тарбия намуналари асосида таълим-тарбиялаш тақозо этмоқда.
Ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялаш барча давр замонларда ота-боболаримиз, олимларимиз ва мутафаккирларимизнинг диққат марказида бўлган ва бу мавзуга бағишлаб минглаб асарлар ижод қилинган. Жумладан, буюк муҳаддис Имом Термизий ҳадис илмига оид турли асарлар тортиқ этганларини олимлар таъкидлашади. Уларнинг фикрига кўра, ҳадис илмига оид энг машҳур асарлари “Сунани Термизий”, “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя”, “Ал-Илал фи-л-ҳадис” (“Ҳадис санадларидаги иллатлар ёки нуқсонлар”). Бу тасниф икки мустақил асардан иборат: 1) “Ал-илал ас-сағийр”; 2) “Ал-илал ал-кабир” ёки “Ал-муфрад” ҳисобланади. Бу асарларнинг асосий мазмун ва моҳияти инсониятнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига оид ривоят қилган ҳадисларни ўз ичига олиб барча китобхонлар учун тушунарли ва содда қилиб баён этилган.
“Одамларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳ таолога ҳам шукрона келтирмайди” [1, б. 32]. Ҳақиқатдан ҳам аввало одамларга яхшилик қилиб яратганга шукрона қилиш керак.
Имом Термизий, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳ ҳамр (ароқ)ни, унинг ичувчисини, қўйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади” дедилар [1, б. 44]. Ароқнинг инсон соғлигига шунчалар зарар ва наслни ўлдирувчи сифатида шундай қоралаганки, ундан ортиқча қоралаб, бўлмайди. Шунинг учун шаробни инсоният учун зарар эканлигини билиб олишимиз зарур. Чунки жамиятдаги барча жиноятлар ва тартибсизликлар, оиладаги келишмовчиликлар ва ёш оилаларнинг бузилиши ва зино ичкиликдан бошланишини барчага маълум. Шунинг учун Аллоҳ таоло унга яқин бормасликларини таъкидлайдилар.
“Мўъмин бандалардан кимки кўчат ўтқазса ёки зироат экса, ундан инсон ёки қуш ёки ҳайвонлар баҳраманд бўса, у банда учун бир садақа ҳамдир” [6, б. 68]. Кўчат экишни, зироат экишни қанча фойдали эканлиги ундан ҳатто қушлар еганда ҳам ёки ҳайвонлар озуқаланганда ҳам катта савоби тегишини айтадилар. Кўчат ва ё зироат экканида ундан фақат фойда олишни кўзламаслик, балки ундан сиздан кейин авлодлар фойдаланса ҳам ажри, савоби сизга ёзилади деган мазмунида айтилган. Яна бир ҳадисда айтилган “Биронтангиз экиш учун қўлингизда бирор кўчатни ушлаб турган вақтингизда қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, қоим бўлишидан илгарироқ уни экиб олишга кўзингиз етса, албатта экиб қўйинг” дейилгани ҳам инсонни ҳаётга, яшашга, келажакка умид билан қарашга ундайди.
“Бир кишилик таом икки кишига ҳам етади, икки кишилик таом тўрт кишига, тўрт кишилик таом саккиз кишига ҳам етади” [3, б. 152]. Яъни таомни баҳамжиҳатлик билан истеъмол қилинглар. Агар камроқ есангиз бир кишилик таом ҳақиқатдан ҳам икки кишига кифоя қилади. Одамнинг кўзи тўқ бўлиши керак. Икки кишилик таом тўрт кишига етади деб одамларни камроқ ейишга ҳамда фақат ўзини эмас бошқаларни ҳам уйлашини ўргатадилар. Таомнинг баракаси бир товоқда кўп қўл узатишидадир дейилган ҳадиси шарифда. “Ота рози Аллоҳ рози. Отанг ғазабга келса, Аллоҳ ғазабга келади” [3, б. 154]. Қуръон”и каримда яхшиликни биринчи навбатда ота-онага қилишни буюради. “Ал-Исро” сурасининг 23-247 оятларида ота-онага яхшилик – Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейин иккинчи вазифа сифатида таъкидланади.
Маълумки, исломий тарбияда инсонларнинг энг яхши фазилатларидан бири сифатида ота-онага ғамхўрлик қилиш, уларни эъзозлаш, ота-она ҳаққини ўз ўрнига қўйиш, фарзанд ҳаққи масалаларига эътибор берилади. Ҳадисларда ҳам ана шу тарбия талаблари ўз ифодасини топган.
Ота-онани рози қилиб яшаш, ота-онанинг ҳолидан хабар олиб туриш, уларга маошидан ҳақларини юбориш, уларга гап қайтармаслик, нима деса албатта одоб ахлоқ доирасида йўқ демаслик, уларни хизматини қилиш, қариликда уларни парвариш қилиш инсоннинг энг яхши фазилатларидан ва хулқларидан ҳисобланади. Ота-онани қариялар ўйига ташлаш ҳолатлар ҳам учрайди. Бу хусусият бизнинг халқимиз динимиз ва урф-одатларимизга тўғри келмайдиган одатдир. Шунинг учун ота-онанинг тириклигида қанча бўлса ҳурмат-эҳтиром қилиши кераклиги айтилади. Вафотидан кейин одамларга кўз-кўз қилиб дабдабали дастурхонлар қилишнинг ҳеч фойдаси йўқ. Ота-онани ҳаққини адо этиш ҳар бир фарзанд учун фарздир. “Учта дуо, шак-шубҳасиз мустажобдир: жабрланган мазлум кишининг дуоси, мусофир кишининг дуоси, ота-онанинг ўз фарзандидан ризо ёки норизо бўлиб қилган дуоси” [4, б. 35]. Аллоҳнинг олдида шу уч тоифа инсонларнинг дуоси мустажоб бўлишини билиб одамларга зулм қилмаслигимиз ва мазлумларга ёрдамлашишимиз, мусофирларга кўмаклашамиз ва ота-онамизни рози қилиб яшашимизни кераклигини ҳамда тириклигида қанча бўлса ота-онанинг хизматини қилиб дуосини олишини кераклигини ёш авлодга тарбиялашимиз лозим. Халқимизда “Олтин олма дуо ол” деган мақол бежиз айтмаган. Яна бир ҳадисда “Жаннат оналар оёғининг остидадир” ёки “Онанга яна онанга ва яна онангга кейин отангга ва қариндошларингга яхшилик қил” [4, б. 43] ҳадислар бунинг исботидир.
Бир саҳрои араб Пайғамбар алайҳиссаломдан: “Одамларнинг энг яхшиси ким – деб сўраганида, “Узоқ умр кўриб яхшилик қилган киши”, - деб жавоб қилганлар [4, б. 46]. Ҳақиқатдан ҳам одамларнинг энг яхшиси у одамларга яхшилик қилган одам ҳисобланади. Яхши одамларни ҳамма яхши кўради ва доим унинг ҳаққида дуо қилиб туради. Ёмон одамларни ҳам яхши кўриш керак, чунки ёмон одамларни яхши кўриш ҳаммани ҳам қўлидан келмайди. Ёмон одамларни яхши кўриш фақат яхши одамларни қўлидан келади. “Ўзингдан юқори турганларга эмас, ўзингдан пастда бўлганларга қара, чунки бу сени Аллоҳнинг неъмати ёғилишини менсимасликдан асрайди” [4, б. 47]. Мазмуни ўзингдан пастда турганларга қаранг, яъни камбағал, бева-бечораларга, етим-есирлар, қари ота-онанг ва қариндош уруғ ҳамда қўшнига қараш уларга ёрдам бериш, аҳволидан хабар олиб турган одамнинг бошида Аллоҳнинг неъмати ёғилишини айтади. “Киши фарзандини ёки бирингиз фарзандини одобли этиб тарбиялаши ҳар куни ярим динор садақа қилишдан яхшироқдир” дедилар [4, б. 49].
Ҳар бир киши отасига яхшилик қилганидек, болаларига ҳам яхшилик қилиши шартлиги, чунки инсон бўйнида ота ҳаққи бўлганидек, боланинг ҳам ҳаққи борлиги Қуръони каримда ҳам ҳадисда ҳам уқтирилади. Тарбия тўғрисида таниқли ўзбек педагоги Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё фалокат, ё саодат ё ҳалокат масаласидур” деб таъкидлаган. Ушбу фикрлардан англашиладики, таълим-тарбия хусусий мулк ёки иш эмас, балки давлат сиёсати миқёсидаги ижтимоий, миллий умумбашарий ишдир. Зеро, ҳар бир халқнинг тараққий этиши, давлатларнинг қудрати бўлиши авлодлар тарбияси билан боғлиқ.
“Мунофиқнинг аломати учтадир: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъдасига турмайди, омонатга хиёнат қилади” [4, б. 44]. Ислом динида ва бошқа динларда ҳам инсоннинг энг ёмон хусусиятларидан бири бу ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик беришдир. Халқимизда шундай мақол бор. “Ёлғончи худонинг душмани”. Иккинчиси ваъдасига турмайдиган одам яъни ваъдага вафо қилмайди ва ваъдасига вафо қилмайдиган одам хиёнаткор бўлади, омонатга хиёнат қилади. Амонатга хиёнат эса энг катта гуноҳ ҳисобланади.
“Мен учун заифларингизга қарашингизлар. Чунки, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасизлар ва ёрдам кўрасизлар” (Абуд Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган) [3, б. 159].
Иккинчи уйда сақланадиган ҳайвонларимиз, қушлар ҳамда дарахтлар ва ўсимликларимиз ҳам бизнинг тарбиямизга муҳтождир. Уларга вақтида емишини, сувини таъминлаб беришимиз керак. Улар ҳам инсонларга муҳтож ҳисобланади. Уларни овқат ва сувини вақтида бера олмас эканмиз яхшиси уларни сотишимиз ё бошқа кишига беришимиз даркор. Бизнинг ризқимиз шулар туфайли келишини унутмаслигимиз керак. Ушбу юқоридаги сўзларни исботига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан яна битта намуна келтирамиз. “Ўзи яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўъмин бўла олмайсиз” [4, б. 46]. Ҳақиқий мўъмин бўлишини хоҳласангиз ўзингга нима мол-давлат ва шарт-шароит бўлса биродарингга ҳам раво кўришингиз керак. Минг афсуслар бўлсинки, кўп одамлар, ўзига қилган шароитини биродарига раво кўрмайди. Қасрлар қуриди ва қимматбаҳо машиналар миниб юради, лекин ака-укасига бир тийинни ҳам раво кўрмайди. Бахиллик, кўролмаслик ва очкўзлик натижасида ака-ука ва қариндош-уруғлар ўртасида совуқлик тушади ва борди-келди ришталари узилади.
Инсонларнинг энг катта ютуғи бу ҳаромдан сақланишидир. “Ҳаромдан сақлансанг Аллоҳга энг итоаткори бўласан” ёки Аллоҳ берган ризққа рози бўл ва қаноат қил” [1, б. 72]. Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиш энг катта бойлик ҳисобланади. Сиз Аллоҳ берган ризққа қаноат қилсанг ҳеч нарсага муҳтож бўлмайсиз. Қўшнингга яхшилик қил тинч ва хотиржам яшайсиз. Чунки халқда “Қўшнинг тинч сиз тинч” деган мақол бор. Исломда қўшнининг ҳаққи жуда ҳам баланд қилиб кўрсатилган. Қариндош қўшнингни учта ҳаққи бор; мусулмончилик, қариндошлик ва қўшничилик ҳаққи. Бегона қўшнининг иккита ҳаққи бор. Бу мусулмончилик ва қўшничилик ҳаққи. Кофир қўшнининг ҳам бир ҳаққи бор бу қўшничилик ҳаққи.
Ҳадисларда ёмон ишлар, ёмон иллатлар, ёмон хатти-ҳаракатлар ва хулқ-атвор “гуноҳ” сифатида қораланса, инсон манфаати ва фаровонлиги, жамият равнақи учун қилинадиган яхши эзгу хатти-ҳаракатлар, фаолият “савоб” ҳисобланади ва қўллаб-қувватланади. Шунга кўра, етимни молини ейиш, мол-дунёга ҳирс қўйиш, ёлғончилик, ғийбатчилик, гап ташиш, туҳмат, зино, ичкиликбозлик, ҳаёсизлик ва бошқа иллат ва нуқсонлар гуноҳ ҳисобланади. Ота-она, кексалар, заифлар ва муҳтожларга ғамхўрлик, уларни йўқлаб туриш, марҳумларни яхши сўзлар билан хотирлаш, бировларнинг устидан кулмаслик, омонатга хиёнат қилмаслик кабилар савоб ҳисобланади.
Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва шу асосда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Ҳаким Термизий ва бошқа муҳаддислар баён этилган ҳадисларда ҳамда маънавий-ахлоқий тарбия тўғрисидаги ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган асарлари, панд-ҳикматлари ва шу асосда шаклланган урф-одатларни узлуксиз маънавий тарбия жараёнида мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб олий таълимгача, дарсликларига ҳамда маънавият соатларига ҳадис илмининг маънавий ахлоқий тамойилларини алоҳида мавзу қилиб киритиш ва буюк муҳаддис алломаларимиз тўғрисида алоҳида мавзу қилиб уларнинг ҳаёт ва фаолияти ҳамда илмий мероси тўғрисида кенг ва чуқур маълумотларни ёритиб бериш ва шу асосда оиламиз, халқимиз, миллатимиз ва ватанимизни келажаги бўлган баркамол ёш авлодни маънавий-ахлоқий таълим-тарбиясида фойдаланиш ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
А.Самиев
Термиз давлат университети ўқитувчиси
Фойдаланилган адабиётлар:
1.Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий. Сунани Термизий. – Т., 1999.
2.Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий. Аш-Шамоил ан-набавия. – Т., 2017.
3.Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар. – Т., 2017.
4.Ҳошимов К., Нишонова С., Иномова М., Ҳасанов Р. Педагогика тарихи. – Т.: Ўқитувчи, 1996.
5.Олимов Ш. Маънавий-ахлоқий тарбия асослари. – Т., 2015.
6. Қодиров Қ. Имом ат-Термизий ҳадисларида тарбия ва ислом маданияти (монография). – Т., 2011.
7. www.mehrob.uz
Izoh qoldirish