23.08.2023

Икки нарсани танлаб бўлмайди!

Инсон зотига икки нарсада ихтиёр берилган эмас. Ота-онани танлаш ва Ватанни танлаш ҳуқуқи. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ўзига хос, энг ажиб қисмати ва тақдиридир! Бошқа барча нарсаларда инсоннинг жузъий ихтиёри бор. Масалан, ризқ ҳам Аллоҳнинг қисмати ва тақдири. Бироқ, ризқни қандай топиш, ейиш-емаслик, танлаб-танлаб ейиш ихтиёри банданинг ўзида. Аҳли суннат ва жамоатнинг ақидавий таълимоти шуки, банда учун ҳатто ҳаром ҳам ризқ ҳисобланаверади. Ҳаромни еб бўлса ҳам жон сақлашга рухсат берилган шариатда. Шунинг учун Аллоҳ таоло: كلوا من طيبات ما رزقناكم – “Кулу мин тоййиботи ма разақнокум!” (“Биз ризқ қилиб берган нарсалардан энг покизаларидан енглар!”) деб бир неча оятларида ризқу рўзимизнинг покизасини, яхшисини, афзалини танлаб-танлаб ейишни буюрган (Бақара, 172; Аъроф, 160; Тоҳа, 81).

Инсон ота-онани танлай олмайди! Яхши-ёмонга ажратиб, ёмонини ташлаб, яхшисини ота-она қилиб кета олмайди. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида алоҳида иршод қилганлар:

ومن ادعى إلى غير أبيه أو انتمى إلى غير مواليه فعليه لعنة الله والملائكة والناس أجمعين لا يقبل الله منه يوم القيامة صرفا ولا عدلا

“Кимки ўз отасидан бошқани (ота деб) даъво қилса ёки ўзини бошқа хўжайинга мансуб деб билса, бас, унга ҳам Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва жами одамларнинг лаънати бўлсин! Ундан қиёмат кунигача фарзи (ёки тавбаси) ҳам, нафли (ёки каффорати) ҳам қабул бўлмайди” (Муслим, 2/1370; Термизий, 4/2120; Абу Довуд, 4/5117; Доримий, 2/2584; Аҳмад, 4/17701-17702; Дорақутний, 3/166; Табароний, 17/60; Абу Яъло, 3/1508).

لعن الله من ادعى إلى غير أبيه - “Отасидан бошқани (ота деб) даъво қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин!” (Табароний, 5/5057).

و لعن الله العاق لوالديه – “Ота-онасига оқ бўлганни Аллоҳ лаънатласин!” (Муслим, 3/1978; Ҳоким, 6/7254).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "ал-Адаб ал-муфрад" асарида: لعن الله من لعن والديه – “Ота-онасини лаънатлаган кимсани Аллоҳ лаънатласин!”, деганлар  (Бухорий, "ал-Адаб ал-муфрад", 1/17; Ҳоким, 6/8052; Табароний, 11/11546; Байҳақий, 2/17473, 19424).

Ҳа, шунинг учун ҳам ота-онани уриш у ёқда турсин, ҳатто “Уфф!” деган оддий сўзни айтиб ранжитишдан Аллоҳ таоло муқаддас Китобида қайтарган (Исро, 23).

Инсон Ватанни ҳам танлай олмайди! Ватан ҳам унинг ихтиёрисиз унга инъом қилинган қисматдир. Ёқса ҳам, ёқмаса ҳам ота унинг отасидир, шунингдек, ёқса ҳам, ёқмаса ҳам Ватан унинг ватанидир. Ўз ота-онасидан бошқани “ота-она” деб тутганни лаънатлангани каби ўз Ватанини ташлаб бошқа Ватанни “ватан” қилиб олганлар лаънатга маҳкумдирлар! Манбаларда: حبّ الوطن من الايمان – “Ҳубб ул-Ватани мин ал-иймони!” (“Ватанни севмоқ иймондандир!”) деган ҳикмат мавжуд. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг табаррук ҳадислари деганлар ҳам бор. Ушбу ҳикматни ҳадис эмас дейдиганларнинг энг аввалгиси Ватанини севмайдиган кимса бўлса керак, менинг назаримда. Уни ҳадислар жумласидан чиқариб ташлашни кўзлаган ўз Ватани хоини бўлса эҳтимол. Зотан, Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ унинг лафзи сохта бўлса-да, маъноси албатта саҳиҳдир, дея қайд қилади (Мирқот ал-мафотиҳ // Мактабат аш-шомила. 5/316). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни ибора билан “Ҳубб ул-Ватани мин ал-иймони!” (“Ватанни севмоқ иймондандир!”) деганлари исботланган эмас, бироқ, ушбу маъно саҳиҳ ҳадиси шарифлардан ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётлари-фаолиятларидан олингандир.

Илк ваҳий келган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқиб кетганлари боис онамиз Хадижа разийаллоҳу анҳо амакиси Варақа ибн Навфал олдига бориб, вазиятни тушунтирадилар. Қари чол бўлиб қолган Варақа: “Сенга қавминг душманлик қилиб, юртингдан чиқарган вақтда, қанийди мен бўлсам, сенга ёрдам берган бўлардим!” дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳайрон бўлиб, роса хафа бўлиб, “Мени ҳайдаб чиқарадиларми?!”, деб хитоб қиладилар (Муҳаммад ал-Хузарий. Нур ул-яқин. – Миср: Тижория, 1926. – Б. 26). Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Ватанларини севар, халқини ардоқлар, ўзининг буюк одоб-ахлоқлари ила уларнинг меҳрини қозонган эдилар. Шу ҳолларида Ватандан айро тушишга чидай олмай, “Мени ҳайдаб чиқарадиларми?!”, дея беихтиёр хитоб қилиб юборган эдилар. Ҳа, ҳақ динни олиб келган барча пайғамбарларга шу хилда муомала қилинган:

و قال الذين كفروا لرسلهم لنخرجنكم من ارضنا او لتعودنّ فى ملتنا فأوحى اليهم ربّهم لنهلكنّ الظالمين

“Куфр йўлидаги кимсалар ўз пайғамбарларига: “Албатта, биз сизларни ерларимиздан (ҳайдаб) чиқарурмиз ёки сизлар бизнинг динимизга қайтурсиз”, - дедилар. Шунда Пайрвардигорлари уларга (пайғамбарларга): “Албатта, Биз золимларни ҳалок қилурмиз”, деб ваҳий қилди” (Иброҳим, 13).

Яъни, пайғамбарлардан нафратланган оломон уларни ватанларидан бадарға қилиш билан дағдаға қилганлар, қўрқитганлар, Аллоҳнинг энг севимли бандаларини ватанларидан чиқариб юборишларини айтиб, ўзларининг нафратларини ошкора қилганлар.

Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло одамни Ватанидан жудо қилишни золимлик деб атаган. Бошқа оятда эса инсонни Ватандан бадарға қилишни, мажбурлаб чиқариб юборишни оғир гуноҳлигини таъкидлаган:

و اذ أخذنا ميثاقكم لا تسفكون دماءكم و لا تخرجون انفسكم من دياركم ثمّ اقررتم و انتم تشهدون. ثمّ انتم هؤلاء تقتلون أنفسكم و تخرجون فريقا منكم من ديارهم تظاهرون عليهم بالإثم و العدوان

“Эсланг, сизлардан “Бир-бирингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, - деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз. Сўнгра сизлар яна ўша, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдираяпсиз, бир қисмингизни юртларидан чиқариб юбораяпсиз, уларга қарши гуноҳ ва зулм ила ҳамкорлик қилаяпсиз” (Бақара, 84-85).     

Инсон бошқа жойга мажбуран кўчиб кетса ҳам унинг фикру хаёли, орзу-истаклари ўзи туғилиб-ўсган Ватани билан боғлиқ бўлиб қолаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқиб, қайтиб келаётганларида, жуда тезлашар, “Биз Мадина томонга тезлашиб кетамиз, ким хоҳласа, биз билан шошилсин!” дер эдилар, агар узоқдан Уҳуд тоғини кўриб қолсалар, хурсандликларидан “Аллоҳу акбар!”, деб юборар ва “Уҳуд бизни севадиган ва биз ҳам уни севадиган тоғдир!”, дер эдилар (Бухорий, 2/1481-1482; Муслим, 2/1365, 1392-1393; Термизий, 5/3922; Ибн Можа, 3/3115; Аҳмад, 2/8431; Байҳақий, 5/9737; Табароний, 7/6467; Ибн Ҳиббон, 9/3725; Абу Яъло, 5/2948; Баззор, 2/6233; Ибн Абу Шайба, 14/37928; Абдурраззоқ, 9/17170).

Тоғларни инсон нимага севади? Инсон тоғларни Ватани бўлгани учун севади. Тоғлар ҳам уни севиши эса, ўз Ватанида инсон роҳат олади, об-ҳавосига ўрганиб яшайверади. “Мадина мунофиқларни ўзига сиғдирмайди!”, демишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Мунофиқлар, кофир-мушрикларга Мадина об-ҳавоси ёқмай, у ердан кетишга мажбур бўлади. Ватанини севганларни эса Ватани об-ҳаво ва табиати ёмонлиги-бузуқлиги ҳайдаб чиқармайди. Тўғрими?! 

Имоннинг еттита рукнларидан бири тақдирнинг яхши-ёмонлигини Аллоҳдан деб билиш ҳисобланади. Яъни, Аллоҳ таолонинг қисмати ва тақдирига рози бўлмаслик, яхши-ёмонликни Аллоҳ таолодан эканини инкор қилиш инсоннинг имонига путур етказади. Шундан келиб чиқиб, ўз Ватанига хоинлик қилганлар, ўз Ватанини ҳадеб ёмонлайверадиганлар, ҳуда-беҳудага ўз Ватанини ташлаб кетганлар, менимча, ана шу Аллоҳ таолонинг қисматига норизо бўлганлар, Аллоҳнинг яхши-ёмон қисматига бўйинсунмаган нокаслардир! 

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Izoh qoldirish