24.08.2023

ФАРЗАНД АЗИЗ, ОДОБИ УНДАН АЗИЗ

Ислом алломалари, файласуф ва мутафаккирлари азал-азалдан ёш авлод тарбияси борасида бебаҳо панд-насиҳатларга бой бўлган дурдона асарлар ёзиб қолдирганлар. Жумладан форс мутафаккири ибн Муқаффанинг “ал-Адаб ал-важиз” номли рисоласи, ибн Синонинг “Тадбирул манзил” номли рисолаларида фарзанд тарбияси борасида амалга оширилиши лозим бўлган чоралар гўзал тарзда ифодалаб берилган. Ушбу рисолалар ҳажман кичик бўлса ҳам, мазмунан бепоёндир. Ушбу рисолаларда ота-онанинг фарзанд одоби борасидаги вазифалари, уларга адаб ўргатишда амал қилиниши лозим бўлган тамойиллар, ахлоқий сифатларни фарзанд қалбида жойлаштириш усуллари тўғрисида насиҳатлар қилинган.

Айтиш жоизки, инсон ожиз ва нотавон бўлган вақтларида унинг эҳтиёжини қондирадиган, қариган чоғида мақсадларини ва эзгу ишларини амалга оширишга кўмаклашадиган, ўлимидан кейин унинг номини тирилтириб, хотирлайдиган фарзандларга муҳтождир. Фарзандлар Аллоҳ таоло томонидан ота-оналарга ато этилган энг бебаҳо ҳадялардир, улар инсон ҳаётини янада гўзаллаштирувчи, ота-оналар ҳаётининг cҳин маънодаги давомчиларидир. 

Отанинг фарзанд тарбияси борасидаги илк тадбири дунёга келажак фарзандлари учун оқила, гўзал ахлоқий фазилатлар билан зийнатланган бир она танламоқдир. Ота-она ахлоқан етук, маънан баркамол бўлсалар, фарзандлар ҳам гўзал ахлоқли бўлиб вояга етадилар. Фарзанд дунёга келиши билан ота-онанинг фарзанд олдидаги энг биринчи вазифаси унга чиройли бир исм танламоқдир. Исмнинг инсон келажагига кўрсатадиган таъсирини улугъ аллома, ватандошимиз ибн Сино ўзининг “Тадбирул манзил” номли рисоласида гўзал тарзда ифодалаб берган. Аллома таъбири билан айтганда, исм қанчалик тўғри танланган бўлса, фарзанднинг руҳиятига, унинг келажагига шу даражада ижобий таъсир кўрсатади. Айнан гўзал исм қўйиш орқали ота-она фарзанд тарбияси борасида илк чора-тадбирлардан бирини амалга оширади. Сўнгра, бола ёмон истаклар ва салбий одатларга ошно бўлмасдан, уларни қалбига жойламасдан, уни гўзал ахлоқ, муносиб сифатлар ва мақтовга лойиқ одатларга рўбароъ қилиши, вужудини мана шундай гўзал фазилатлар билан тўлдириши лозим. Бу орқали болани ёмон ишлардан, айб ҳисобланадиган одатлардан узоқ тутади.

Ота-онанинг фарзанд тарбиялаш борасидаги маҳорати таълим ва тарбияни муштарак тарзда сингдиришда бўлган ҳаракатларида намоён бўлади. Зеро, Шарқ оламида, хусусан ислом ижтимоий-фалсафий фикр тараққиётида таълим ва тарбия ҳеч қачон бир-биридан алоҳида тарзда амалга осҳирилмаган. Боланинг суяклари қотиб, тили дуруст гапира бошласа, катталарни тинглашга ҳаракат қилса, уларнинг насиҳатларини қабул қилишга интилса, вужуди илм ва адаб эгаллашга тайёр бўлса, унга илм ва адаб ўргатишга ҳаракат қилиш лозим. Аввало, бола учун муаллим ва тарбиячи танлаш масаласига алоҳида аҳамият бериш керак. Муаллим оқил ва диндор бўлиши, болани ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, унга таълим беришда ва адаб ўргатиш борасида фаросатли, виқорли, қаттиққўл, мурувватли, покиза қалбли бўлиши ва муомала қилиш маданиятини билиши керак. Таълим ва тарбия борасига намунали муаллим фарзанд тарбиясида бебаҳо аҳамият касб этади, унинг келажагига, жамиятнинг муносиб аъзоси бўлиб етишишида асосий таянч устунлардан бири вазифасини бажаради.

Демак, ота-она фарзанд тарбиясига у дунёга келмасдан олдин киришиши, улар дунё юзини кўргандан кейин эса, гўзал ахлоқий сифатларни улар онгига сингдириш борасида ғайрат кўрсатиши, дунё ва охират саодатига эришишда кўмаклашувчи диний ва дунёвий билимларни ўргатиши зарур.

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Замонавий тадқиқотлар бўлими катта илмий ходими

Izoh qoldirish