Ёлғон қасам ҳақида
(Пайғамбар алайҳиссалом) “Ёлғон қасам ичишдан қайтардилар” ва бундай дедилар: “Кимки аччиқ ёлғон билан қасам ичса, бу иши билан мусулмон кишининг обрўсини тўкса, Аллоҳ таолога йўлиққанда Аллоҳ таоло унга ғазаб қилган ҳолатда бўлади”. (Бу ҳадис Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можжа, Имом Аҳмаднинг ҳадис китобларида келган.)
Биз юқорида қайд қилганимиздек, ёлгон Аллоҳ таоло бор қилган нарсани бўлмаган деб даъво қилишдир. Бундай одам Аллоҳ таолога нисбатан бўҳтон қилувчидир. Энди бунинг устига бу хусусда ёлғон қасам ҳам ичса, инкорини Аллоҳнинг исми билан таъкидлашни истаган бўлади. Бу эса қўрслик устига қўрслик бўлади. [Бу ўриндаги] сабр эса мана шу қўрслик билан, қалби чўчимасдан ва қўрқмасдан [бир нарсани] Аллоҳ таоло бор қилмаган деб таъкидлаб туриб олишдир. Бундай одам Аллоҳнинг буюк исми билан ўз ёлғонини исботлашга уринади. Бу [нокас] шу йўл билан Аллоҳ таоло унинг бир биродарига ризқ қилиб берган моли дунёсидан бир парчасини қирқиб олишни истайди. Шунинг учун бу борадаги кўрсатма қаттиқ бўлди. Бундай иш Аллоҳнинг ғазабига муносиб топилди.
Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло “Эй Мусо, менинг номим билан ёлғон қасам ичма! Исмим билан ёлғон қасам ичган кимсани қаттиқ хушсизлик ҳолатига (“Сиқол ал-филут”)га ташлайман”, - деди. Мусо (алайҳиссалом) “Эй Роббим, филут нима?” дедилар. Аллоҳ таоло “Филут шароб ичмасдан маст бўлишдир”, - деди.
Аллоҳ таоло ҳушини олиб қўйган кимсанинг нимаси қолади? Аллоҳ таолонинг унга бўлган ғазабидан ҳушини йўқотиб маст ҳолда унинг ҳузурига келган кимсани аҳволи қандай ҳам бўларди?
Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Қайтарилган амаллар” (Ал-Манҳийёт) асаридан
Izoh qoldirish