ДАЪВАТ ҲИКМАТ ВА ГЎЗАЛ НАСИҲАТ БИЛАНДИР
Аллоҳ азза ва жалла: “(Эй, Муҳаммад) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг!" - деб марҳамат қилган (Наҳл сураси, 125-оят). Демак, ҳикмат билан чақирмоқ – кишиларни алоқасиз даъват қилмоқдир. Алоқа деганда уларни қабул қила олишларига қараб даъват қилмоқ тушунилади. Аллоҳ таоло пайғамбарларни (Ўз ҳукмларини) бандаларга етказиш, башорат бериш, огоҳлантириш ва Ўзининг йўлига ҳидоят қилишлари учун юборди. Бандалар ўзлари тушуниб, қабул қилгунларигача муҳлат берди. Уларнинг қалбларига пайғамбарларни ҳукмрон қилиб қўймади. Ҳа, улар фақат сўз орқали етказиб, ҳидоятга чақирдилар, холос. Ваҳоланки, қалблар Аллоҳнинг қудрат қўлида бўлиб, қандай хоҳласа шундай айлантиради!
Кимки пайғамбарларнинг етказиши билан ҳидоятланган бўлса, Аллоҳнинг ҳидояти билан ҳидоят топган бўлади. Кимки ҳидоят топмаса, ўзининг залолати гумроҳлиги билан қолгандир. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошлайди. Хоҳлаганини ўз ҳолига ташлаб қўяди. Ўзининг нозил қилган китобида бундай Марҳамат қилган: "(Эй, Муҳаммад!) Агар Сиз у (мушрик) ларнинг ҳидоят топишларига қизиқувчан бўлсангиз (билингки), Аллоҳ ўзи адаштирадиган кимсаларни сира ҳидоят қилмас" (Наҳл сураси, 37-оят).
Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот: "Мен даъватчи ва муаллим этиб юборилдим, ҳидоятдан бирор нарса менинг ихтиёримда эмас. Иблис эса зийнатловчи этиб яратилган, унинг ихтиёрида залолатдан ҳеч вақо йўқ", - деганлар. Бу ҳадисни бизга Исо ибн Аҳмад ал-Асқалонийдан, у Исҳоқ ибн ал-Фурот ал-Мисрийдан у Холид ибн Абдирраҳмон Абулҳайсамдан, у Саммок ибн Ҳарбдан, у Торик ибн Шиҳобдан, у Умар ибн ал-Хаттобдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин), у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган.
Демак, мана шу Раббоний ҳидоят ва Раббоний залолатга Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким эгалик қилолмайди. Аммо халойиқнинг қўлида бўлган залолат ва ҳидоят эса гумроҳликка элтувчи сўз ва ҳақ йўлга ишоратдир.
Ҳикмат билан даъват қилмоқ-Парвардигорини кўриб турганини ҳис қилиб, қайси сўз мумкинлигини, сўзни қулоқ тутувчи қайси қалбга қўйиш кераклигини идрок этиб, яна буларнинг барчасини Аллоҳга топшириб, ўзининг ожиз банда эканлигини ёдда тутиб халойиқни Аллоҳнинг йўлига чакирмокдир. Албатта, Раббимиз бандаларга нима берса, ёки уларга нимани ман этса, ҳикмат билан қилади, тахминан эмас. Ҳа, бу ишлар ундан шу тарзда бўлиб келган. Шунингдек, пайғамбарлар ҳам ҳикмат билан даъват қилмоқлари тақозо қилинади. Улар ҳам Парвардигорнинг Ҳикматига кўз тутадилар - қани бандага тавфиқ (тавфиқ - ёрдам, мадад, кўмак) ато қиладими, расуллар келтирган амрга бу банда учун изн бериладими ёки йўқми?
Дастлаб гўзал мавъиза, сўнгра таъсирчан насиҳат бўлади. Чунки банданинг жасади руҳ, зеҳн, ақл, илм, хотира, зийраклик кабилардан таркиб топган. Булар эса руҳнинг аскарларидир. Қачонки, бир нарса эсга тушса, уни ёдга олишдан мазкур аъзоларга бир таъсир бўлади. Чунки бу нарсаларнинг барчаси қалб тириклиги боис тирикдирлар. Аллоҳни бир деб билган киши учун эса маърифатдан ҳам тириклик ҳосил бўлади. Аммо мазкур воситаларни шаҳватлар эгаллаб олса, улар ўликка айланадилар. Зеро, уларни шаҳватлар ўз кўйига (кўй - йўл, кўча) солса, улар ўз ҳолича қолади ва бўшашиб, заифлашади. Худди тепасини кул қоплаган чўғ каби бўлиб қолади ва нур бериши-ю иситиши кетиб қолади. Қачонки унга худди пуфловчи босқондек зикр етиб келса, ундаги кулларни учириб юборади. Шунда чўғ шуълаланади ва уйни ёритади. Шу каби мазкур эслатувчи насиҳатгўй инсон ҳам ўз панду насиҳатлари билан қалб ва кўксига ҳамда уларда ухлоқ ёки ўлик бўлган мазкур воситаларга таъсир қилади. Натижада уйқусидан уйғонади ва ўлганидан сўнг тирилади.
"Ваъз" дегани мазкур воситаларни ҳушёр тортиши, қувватга кириши ва кучли бўлиши учун уйқусидан уйғотиш демакдир. "Наъз" дегани, бу - нафсу шаҳватнинг қўзғалиши бўлиб, шундан ваъзнинг маъноси кенг тушунилади. Яъни ваъз дегани биз сифатлаган мазкур воситаларнинг тўлқинланмоғидир.
Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Яширин масалалар” (Ал-Масоил Ал-Макнуна) асаридан
Izoh qoldirish