29.08.2023

ИСТИҚЛОЛ – БЕБАҲО НЕЪМАТ

Ҳар қандай халқ ва мамлакат тараққиёти, шубҳасиз унинг истиқлоли, халқ эркинлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Буни ривожланган мамлакатлар мисолида ҳам бемалол кўриш мумкин. Худди шундай мамлакатимиз ўз истиқлолини қўлга киритиши унинг тараққиёти, ривожи учун чексиз имкониятлар тақдим этди. Шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб, мамлакатимизда барча соҳалар, хусусан диний-маърифий соҳа ривожи учун ҳам тамал тошлари қўйилди, аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш, ушбу ғояларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилган ҳолда, қандай буюк зотларнинг авлоди эканлигини улар онгига сингдириш, бу орқали эса мустақиллик пойдеворини мустаҳкамлаш масаласи долзарб аҳамият касб этди. 

Мустақиллик, энг аввало халқимизга эътиқод эркинлигини берди. Истиқлол йилларида қабул қилинган энг муҳим қонунлардан бири ҳам “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун бўлиб, юртимизда истиқомат қилиб келаётган барча дин вакиллари учун гуманистик тамойилларга асосланган ҳолда, виждон эркинлигини тақдим этди. Айниқса, 2021 йил 5 июльда мазкур қонуннинг янги таҳрирининг қабул қилиниши виждон эркинлиги соҳасидаги ишларнинг янги босқичга кўтарилиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, виждон эркинлиги тўла таъминланган мамлакатларда мустақиллик кучли пойдеворга эга бўлади. 

Истиқлол йилларида, айниқса сўнгги йилларда ватан ва халқ мустақиллиги учун курашган, бу йўлда жонини фидо этган асл ватанпарварларнинг номини оқлаш, уларнинг номларини абадийлаштириш масаласига катта эътибор қаратилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Айниқса, 2021 йил 25 августь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1920-1930 йилларда истиқлол учун курашган ва қатағон қилинган 115 кишининг оқланиши ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Бу ватанпарварларнинг фаолияти, эрк учун олиб борган кураш тарихи бугунги кун учун ҳам ибрат намунаси бўлиб, мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини, унга эришиш йўлида не-не зотлар жонини фидо қилганлигини доимо бизга эслатиб туради. 

Мустақиллик йилларида амалга оширилган энг катта ислоҳотлардан яна бири илмий-тадқиқтот марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши бўлди. Бугунги кунга келиб республикамизда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотурудий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушба марказлар ҳақиқий маънода Мустақиллик халқимизга аждодлар меросини ўрганиш учун тақдим этган имкониятнинг меваларидир.

Сарвар СаидовИмом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish