31.08.2023

ҲАР БИР ЖОН ЎЗИ ҚИЛГАН АМАЛИ БИЛАН ГАРОВЛИДИР

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Ҳар бир жон ўзи (дунёда) қилган (яхши ва ёмон) амали билан гаровлидир", деб марҳаматқилган (Муддассир сураси, 38-оят). Ушбу ояти каримадан сўнгра истисно тарзида "Фақат ўнг томон эгаларигина (нажот топгувчидирлар)" деди (Муддассир сураси, 39-оят). Бу нафснинг қилган амалига биноан бўлиб, нафс Ҳақ қошида гаровли бўлади, чунки у ҳақиқий ибодат учун яратилгандир. Шу боис ҳақ уни ўз амали билан гаровга олмишдир, шунда ўзини озод қиладиган нарсани ҳосил қилади. Нафснинг озодлиги маърифат ҳосил қилиши ва "Ла илаҳа иллаллоҳ" дея шаҳодат келтиришида бўлиб, бундан кейин шунга вафо қилгани бўйича ҳисобга тортилади. Натижада баъзи қийинчиликларга дучор бўлса-да, охири ҳисобдан қутулади ҳамда маърифат ва шаҳодатдан келиб чиққан раҳмат уни қамраб олади. Нафс гарчи амал ва вафода камчиликка йўл қўйса-да, ҳосил қилган маърифати уни Ҳақнинг азобидан халос этади.
Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада: "Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир", - деб марҳамат қилган (Тур сураси, 21-оят) Бу ояти каримада истисно келмаган. Демак, бу ерда ҳар бир кишининг касби - амали назарда тутилган бўлиб, бу ҳукм инсон боласининг ҳаммасига тегишлидир. Чунки Одам боласига маърифат омонат тарзида берилган бўлиб, ҳар бир киши шу омонат учун гаровга олинмишдир. Шу жиҳатдан инсонларни фақат Аллоҳ таолонинг жуду (жуд -саховат) карамигина (карам-яхшилик, эҳсон)қутқаради, холос! 

Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Яширин масалалар” (Ал-Масоил Ал-Макнуна) асаридан

 

Izoh qoldirish