ИСТИҚЛОЛ – УЛУҒ НЕЪМАТ
Инсон зоти доимо эркинликда фаровон ҳаёт кечиришни хоҳлайди. Чунки, Аллоҳ таоло инсониятга ихтиёр ва эркинликни инъом этган. Эркинлик дейилганида нафсимиз хоҳлаган ишни амалга ошириш дегани эмас. Балки, эркинлик инсоний ахлоққа муносиб бўлган ишларни бажаришдир. Фитна, ёмон амаллар инсоний табаитга зид ҳаракатлар бўлиб, инсониятнинг фаровон ва эркин яшашига доимо тўсиқ бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам шу каби фитна, фисқу фасод каби ишлар дунё халқларининг фаровон ҳаёт кечиришига халақит бераётганини кўриш мумкин.
Аллоҳ таоло инсон зотига берган ихтиёр ҳар бир кишининг эркин ва фаровон яшашига ҳақли эканлигини кўрсатади. Бироқ, эркинликнинг белгиланган чегараси борлигини ислом дини ва бошқа динларда очиқ ойдин кўрсатиб ўтилган. Тарихий ва диний китобларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳаддан ошган ва ўз нафсига эрк берган кўплаб кишилар ҳаётининг охири залолат ва фожиа билан тугаган. Қуръони каримда Фиръавн ҳаёти ва қилмишлари борасида кўплаб оятлар нозил бўлган. Бу борада Аллоҳ таоло Қасос сураси 4 оятида марҳамат қилиб айтади: «Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди. У ўша(ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди».
Фиръавн Миср подшоҳи бўлган. У Мусо алайҳиссалом даврларида яшаган. Асл исми Рамсис II бўлганлигини кўплаб тарихчилар таъкидлайди. Фиръавн ўз нафсига бино қўйганлиги, одамлар ҳаққини поймол этганлиги, ёш болалар ва ҳомиладор аёлларни ўлдирганлиги, ер юзида бузғунчилк қилганлиги, жамиятни ўзининг хоҳишиги бўйсундиришга интилганлиги учун исёнкор ва золим кишилар рўйхатидан жой олган. Одамларнинг эмин-эркин яшашини хоҳламаган бу каби кишилар тарихда кўп учрайди. Ўз нафсининг ҳавосига гирифтор бўлган кишилар жамиятни ўзининг хоҳиш-истакларига бўйсиндиришга ҳаракат қилади. Ёмон нафсга муккасидан кетган ва одамларга зулм қиладиган кишилар золим кимсалардир. Зеро, Аллоҳ таоло ҳеч инсон зотини ўз тоқатидан ташқари ишларга мажбурламайди. Балки, инсон иродаси ва имконияти етадиган нарсага буюради. Бу қоиданинг ҳудидан ташқарига чиққан кишлар одамлар зулм қилган ҳисобланади.
Шундай экан, ҳар бир инсон зоти ҳаётда фаровон яшашга, эмин-эркин ибодатини адо этишга ва инсоний бурчларини адо этишга ҳаққи борлигини унутмаслигимиз лозим. Агар жамиятда озодлик бўлмаса, истибдод ҳукмрон бўлса, жамият пароканда бўлиб, одамлар ўз ҳаётларидан эзилиб яшайди. Натижада халқнинг иттифоқлигига дарз кетиб, одамлар фитна, уруш, зулм, машаққат, исён, фасод, таҳқир ва адолатсизлик гирдобида кун кечиради. Энди истиқлол, илму маърифат ҳукмрон бўлган халққа боқсангиз, ҳалоллик, поклик, адолат ва ҳаёт фаровонликнинг гувоҳи бўласиз. Истиқлол неъматини Аллоҳ таоло азиз этган ва шукр айтувчи бандаларига беради. Ушбу неъматни бизнинг халқимизга Аллоҳ таоло 32 йил олдин берганлиги катта бир мукофотдир. Халқимиз шу олий неъмат туфайли ўз миллий ва диний қадриятларига эмин-эркин амал қилиб келиши – киши қалбига ҳузур, ҳаётига сурур ва тилига шукр айтишни бағишлайди. Мовароуннаҳрнинг илм бешиги бўлган Янги Ўзбекистонда истиқлолнинг меваси кун сайин ўз самарисини бериб келмоқда. Аллоҳ таолодан ушбу улуғ неъматнинг қиёматгача бардовом бўлишини ва халқимиз фаровон яшашини сўраб қоламиз.
Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро
илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Izoh qoldirish