04.09.2023

ПАРВАРДИГОРИНГИЗНИНГ НОМИНИ ПОКЛАНГ

Аллоҳ таоло: "(Эй, Муҳаммад!) Энг олий зот бўлмиш Раббингизнинг исми билан тасбеҳ айтинг!", - деб марҳамат қилган (Аъло сураси, 1-оят).

Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга Раббнинг исмини поклаб, унинг исми билан тасбеҳ айтишни амр қилди. Бу яширин хазинадаги исмдир. Жаннатнинг яратилишига сабаб бўлган ушбу исмни поклаб тасбеҳ айтиш зоҳирий ибодатнинг асос-моҳиятини белгилайди. Ушбу исмнинг халойиқдан яширин қилинганига сабаб, бошқа исмлар билан баробар насиба олишлари учундир. Ҳожатларини чиқаришлари учун ушбу исмдан инсонларнинг оладиган насибаси - ошиқ зотлар ва олим бандалар борасида мулоҳаза қилмоқдир. 

Аммо Аллоҳ таолонинг: "Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан!" (Алақ сураси, 1-оят), - деган амри эса, пайғамбарликнинг бошланиши ва илк нозил бўлган оят эди. Бунда ҳам мана шу Рабб исми ила ўқишга амр қилинди. Рабб дегани подшоҳ маъносидадир. Мана шу исм билан халойиқни яратди, Аллоҳ таоло Алақ сурасининг биринчи ояти каримасида: “(Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Рабб..." деб, кейинидан: "(У) инсонни лахта қондан яратди" (Алақ сураси, 2-оят), деб марҳамат қилди. Яъни мазкур исм ила яратди.

Шунинг учун ҳазрати Али (разияллоҳу анҳу) ўз дуоларида бундай деганлар: "Сендан ҳижобинг ҳам хабардор бўлмаган, у билан махлуқотингни яратганинг, яширин исмингдан келиб чиққан иззатинг ила сўрайман".

Унинг ҳижоби - раҳмат мулки, азамат мулки, жалол мулки, - жамол мулки, баҳо мулки, баҳжат мулки, султон мулкидир. Ҳа, уларнинг барчаси пардадир. 

Izoh qoldirish