06.09.2023

САБР ҚИЛУВЧИНИНГ ХИСЛАТЛАРИ

Сабр қилувчи кишининг ҳар бир ишида олтита сабрли хислат бор. Биринчиси, Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтган: "Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар" (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Иккинчиси, собир ҳар бир нарсада Аллоҳнинг муҳаббатини кўради. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганлари ривоят қилинган:

Аллоҳ таоло ақлни яратди ва "Иззатимга қасамки Ўзимга сендан кўра маҳбуброқ нарсани яратмаганман ва мен сени сабрдан кўра афзалроқ нарса билан икром қилмадим", - деди.

Учинчиси, Аллоҳ таолонинг сабр қилувчига берган каромати. Чунки у Исломга тўлиқ амал қилувчи комил банда бўлиб, ўшал вақтда (бало билан имтиҳон қилинган пайтда) ўз нафсини ва молини Аллоҳ таолога топширади.

Тўртинчиси, собир бандага Рабб ал-оламин саловот айтади, яъни уни мағфират қилади. Бешинчиси, Рабб ал-оламиннинг раҳматига сазовор бўлади.

Олтинчиси, унга хушхабар бор - у ҳидоят топган бандалардан ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда хабар берган: “Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 157-оят).

Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Яширин масалалар” (Ал-Масоил Ал Макнуна) асаридан

Izoh qoldirish