Қуръони карим исмлари
АЛ-МАСТУР (САТРЛАНГАН)
وَكِتَابٍ مَّسْطُورٍ
САТРЛАНГАН КИТОБ БИЛАН ҚАСАМ (ВАТ-ТУР, 2 оят).
Ушбу оятдаги сатрланган, яъни сатрларга туширилган китоб ҳақида муфассирлар унинг Қуръон, Лавҳул маҳфуз ёки Таврот эканлигини айтишган. Имом Замахшарий ва Насафийлар оятнинг изидан шундай дейишган: “Бу Қуръондир. Унинг “сатрланган” деб мажҳул ҳолда келиши сабаби шуки, чунки у бошқа китоблар ичра махсус китобдир”. Оятнинг давоми эса шундай тафсир қилинади:
فِي رَقٍّ مَّنشُورٍ
“Ёйилган терига” (Ват-Тур, 3 оят).
Оятдаги “роққ” тури ёки саҳифани, “маншур” – “ёйилган” эса унда муҳр ёки тўсиқ бўлмаган очиқликни ифодалайди.
Имом Мотуридийга кўра, ояда келган сатрланмиш Китоб – Пайғамбар алайҳимуссаломларга нозил қилинган барча китобларга тегишли бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Пайғамбарларнинг оят-мўъжизалари, қилиш мумкин ва мумкин бўлмаган нарсалар, само хабарлари, аҳком ва шариат чегаралари ва шу каби турли ҳикматларни ифода этувчи ишлар ушбу китоблар билан тушуниб етилади. Аллоҳ эса улар билан қасам ичиб айтдики, инсонлар учун азоб воқе бўлувчи – келувчидир. Аллоҳ билувчироқ.
Ушбу қасам Таврот, Инжил ва Забур каби бир неча таниқли Китобларга тегишли бўлиши ҳам мумкинки, иймон аҳли ўшалар орқали уларнинг ҳақлиги ва самодан нозил қилинганлигини яхши билишади.
Ушбу қасам китоблар ичидаги махсус сифатга эга бўлганига тегишли бўлиши ҳам мумкин. Бу эса Қуръон бўлиб, бу унинг одамлар наздида қадри улуғ бўлгани ва башар зоти унинг мислини келтиришдан ожиз бўлгани туфайлидир.
Ушбу қасам таъвил аҳли келтириб ўтган унда Одам болаларининг амаллари ёзиладиган китоблар бўлиши ҳам мумкин.
Албатта, Имом Мотуридий ва бошқа муфассирлар Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини аниқлашда ноқисликка йўл қўймасликка, балки ҳақиқатга мувофиқ бериш мумкин бўлган барча маъноларни келтириб ўтишга ҳаракат қилишган. Ояти каримада эса Китоб бирлик лафзида келмоқда ва зеҳнга ҳам Китоб деганда аввало қадри улуғлиги туфайли Қуръон келади. Оятнинг давомида унинг ёзилиши саҳифа ва териларга эканлиги ҳам ушбу тафсирни қувватлайди.
Қуръоннинг сатрланиши унинг ёзилишда тартиблилиги, кишиларга етказиб беришда аниқ низомга асосланган шаклга эга бўлиши, буларни Аллоҳ Ўзининг илму ҳикмати билан белгилаб қўйганлигини ифодалайди. Оятларнинг ўзида келган маънолар билан айтганда, Қуръон ҳам Китоб ҳолида, ҳам Китоб ичра жойлаштирилган саҳифаларда пухта сатрланган ҳолда бўлиши белгиланмоқда. Аллоҳнинг Ўз Китобини бандалари ичра мана шундай тартиб-низомли ҳолда бўлишини ирода қилиши Унинг инсониятга, хоссатан Пайғамбар алайҳиссалом умматига кўрсатган улкан марҳаматидир. Агар у парча ва бўлаклардан иборат бўлиб, одамлар уни бирлаштириб олишга мукаллаф қилинганларида не машаққат юзага келарди?! Маълум бўладики, Оламлар Роббиси Ўз хитобини бир Китоб ичра жамлаб ва сатрлаб бериши улкан раҳмат ва чексиз шафқатдир!
Маълум ва машҳурки, Ислом уммати ўз илоҳий Китобини сақлаб қолишда уни китоб ва сатрларга жойлаши улкан аҳамият касб этди. Бошқача айтганда, Аллоҳ таоло:
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
“Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (Ҳижр, 9).
оятида келган ваъдасини Ўз қудрати билан сақлаши, Қуръонни ёдлашни осон қилиши кабилар билан бирга, Китоб қилиш орқали ҳам амалга оширди. Олдинги умматларда эса бу борада ўтган камчиликлар натижасида илоҳий таълимотдан адашиш ҳолатлари юз берганлигини кузатиш мумкин.
Айни вақтда, ушбу жамлаб бериш бандалар учун улкан масъулият бўлиб, уларга Қуръонни англаш учун монеликни йўқотади ва бу борада узрхоҳлик қилишларига йўл қолдирмайди. Зеро:
وَإِنَّهُ لَذِكْرٌ لَّكَ وَلِقَوْمِكَ ۖ وَسَوْفَ تُسْأَلُونَ
“Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар” (Зухруф, 44).
Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish