"ОДАМЗОДГА МАЪРИФАТ БЕРИЛГАНЛИГИ"
Аллоҳ таоло одамларга (ўзини танитувчи) маърифатини берди, улар уни қабул қилдилар. Сўнг уларга (хоҳиш-истакларига) эътироз қилган эди, қабулдан юз ўгирдилар.
Аллоҳ таоло фақат унинг ягоналигини тан олганларнинг маърифатини қабул қилди, уларндан бошқаларникини қабул қилмади. Тавҳид аҳли уни таниганликларида саботли бўлдилар ва бунда мустаҳкам турдилар. Бошқалар эса саботли бўлмадилар, натижада шайтонлар уларнинг нафсу ҳаволарига пуфлади. Яъни шайтон васваса қилган ширкка уларнинг ҳаволари даъват қилди. Улар арз этиш мақомидан тойилдилар ва Аллоҳ таолони қўйиб, унинг душмани томонга оғдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънодир.
Бу ҳадисни бизга Абу Толиб ал-Ҳиравий Юсуф ибн Атиядан у Қатодадан у Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Унда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Роббингиз бундай деди: "Бандаларимни ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган қилиб яратдим, кейин уларнинг олдига шайтонлар келиб, уларни динларидан оғдирди. Шунда мухлис бандаларимни менга шукр қилишларига буюрдим", - дейилган.
Ал-Жоруднинг Абдуҳдан, унинг Қатодадан, унинг Мутарриф ибн Абдуллоҳдан ёки бошқадан, унинг Иёз ибн Ҳаммоддан, у кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу маънода ҳадис айтганлари хабар қилинади.
Аллоҳ таоло ўзини танишлари борасидаги маърифатларини Мазкур фирқадан қабул қилди. Чунки уларга маърифатнинг зимнида ўз муҳаббатини ҳам қўшиб ато қилди. Улар Аллоҳга бўлган муҳаббат билан бирга маърифатни қабул қилдилар. Улар эътироз қилганларида ҳам маърифатларини ўз муҳаббатига қўшиб қабул қилди.
Бошқаларнинг маърифати эса, мазкур собит муҳаббатдан холи бўлгани учун уларнинг қабулларига мос келмади, чунки уларда сабот топилмади. Шу боис шайтонлар уларни ўз овозлари билан чалғитдилар, шайтоний чақириқлари билан алдадилар.
Мазкур фирқа аҳли эса шундай бир қавмки, Аллоҳ таоло уларни ўзи учун холис қилиб танлаб олган ва уларга ўз муҳаббатини бергандир. Бу ушбу ояти каримада келган: "Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир)" (Ҳижр сураси, 40 - оят).
Аллоҳ таоло уларга берган маърифати билан уларга душманни ҳам танитиб қўйди. Шу боис шайтон улардан умид узди ва ўз сўзида уларни истисно қилди. Робб ал-оламин бу хақда Каломи шарифда бундай деди: "Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳ-ларнигина (йўлдан оздира олурсан)” (Ҳижр сураси 42 - оят).
Демак, адашганлар - қалблари мазкур муҳаббатдан холи қолган бандалардир. Шунинг учун ҳам шайтоннинг овози ва чақириғига эргашдилар ва шайтон уларни чалғитишга қодир бўлди.
Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Яширин масалалар” (Ал-Масоил Ал Макнуна) асаридан
Izoh qoldirish