07.09.2023

МИСКИНЛАР ОНАСИ

Бир қанча саҳоба ва саҳобия розияллоҳу анҳумлар жамиятдаги турли-хил воқеа-ҳодисалар туфайли доим инсонлар эътибор марказида бўлишган. Айнан ўша воқеа-ҳодисалар сабабли улардаги метин ирода, улуғ ахлоқ ва саховат каби фазилатлар юзага келди. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам ўша улуғ зотларларни холисона баҳолаб, то қиёматга қадар тиллардан тилларга достон бўлиб ўтиб борадиган даражадаги кунялар билан атаганларини кўриш мумкин. Шундай улуғ мақомга эга кишилар силсиласининг энг юқори чўққиларида “Уммул масокин” номига мушарраф бўлган онамиз Зайнаб бинти Хузайма онамиз туради. 

У зотнинг ота-оналари Хузайма ибн Ҳорис аёли Ҳинд бинти Авф билан тинч, осойишта ва мазмунли ҳаёт кечирди. Иккаласи ҳам қиз фарзандлари тарбиясига катта аҳамият беришди. Тинимсиз меҳнат, Аллоҳ таолонинг мадади ила қизлар камол топишди. Хилқатлари каби хулқлари ҳам гўзал бўлди.

Солиҳларнинг солиҳа қизларини ким ҳам ўзига умр-йўлдош қилишни истамайди дейсиз?! Бу борада ҳам хонадон эгаларининг бахти кулди. Уларнинг дилбандларига солиҳ куёвлар насиб этди. Ҳатто шаҳар аҳли орасида: “Араблар орасида Ҳинд бинти Авфдан кўра қудачиликда шарафлироқ аёл бўлмаса керак. Чунки унинг куёвлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аббос ва Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Жаъфар ва Али ибн Абу Толиб, Абу Бакр Сиддиқ ва Шаддод ибн Усома розияллоҳу анҳумлардир”, деган ҳавас тарқалганди.

Мана шу муборак хонадонда вояга етган Зайнаб бинти Хузайма очиқкўнгиллиги, саховатпешалиги билан опа-сингиллари орасида ажралиб турди. У Убайда ибн Ҳорисага турмушга чиқди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Арқамнинг уйига кирмасларидан бурун эр-хотин шаҳодат калимасини айтишди. Имонларини сақлаш учун кейинчалик Мадинага ҳижрат қилишди.

Бадр куни Зайнаб розияллоҳу анҳо бошқа муслималар қатори ярадорларнинг жароҳатларини боғлаш, уларга сув ва таом беришда жонбозлик кўрсатди. Лекин шу куни эридан айрилди. Убайда розияллоҳу анҳу жанг майдонида шаҳид бўлди. Зайнаб розияллоҳу анҳо бева қолди.

Бир куни онамиз келажакда мўминлар онаси шарафига муяссар бўлиши ҳақида муборак туш кўрди. Қалбини самимий туйғулар чулғаб олди. Парвардигорининг ҳақ ваъдасини рўёбга чиқишини интиқлик билан кутар экан, таълим бериш, мискинларга ғамхўрлик қилиш каби вазифаларидан четланмади.

Ниҳоят ҳижратнинг учинчи йили, рабиул аввал ойида, 400 дирҳам маҳр эвазига Пайғамбаримиз алайҳиссаломга турмушга чиқди. Дунё ва охират саййидасига айланди.

Нубувват хонадони вакиллари онамизни буюк самимият билан қарши олишди. Шу ўринда онамиз розияллоҳу анҳо ҳам яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтарди. Атрофдаги ҳар бир инсон билан жуда яхши муомала қилди. Набий алайҳиссаломга бошқа аёллари ҳақида фақат яхшиликни гапирди. Аёллик, оналик вазифаларидан ташқари ибодат билан машғул бўлди. Хайр-саховатда ҳамда ғамгин кўнгилларни юпатишда гўзал намунага айланди. Ҳатто етим-есир, мискинларга кўп эҳсон қилиши туфайли “Уммул масокин”, яъни “Мискинлар онаси” кунясига муяссар бўлди. Эътиборга лойиқ томони шундаки, онамиз жоҳилият даврида ҳам, Исломга кирганидан кейин ҳам мискинларга жуда кўп эҳсон қилар, уларни доим таомлантирар эди.

Исломда яшаб, имон билан вафот этиш – улкан неъмат. Онамиз ана шундай бахтли аёллардан. Турмуш қурганидан саккиз ой ўтиб, ёши ўттизга етганда Мадинада вафот этди. Ибн Калбийнинг ривоятида, ҳижратнинг тўртинчи йили, рабиус соний ойида оламдан ўтгани айтилади. Ибн Ҳажар Асқалоний: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳижратнинг тўртинчи йили, рабиус соний ойида Зайнаб онамизга жаноза намозини ўқидилар ва “Бақиъ” қабристонига дафн қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврида биргина шу аёлининг жаноза намозини ўқиганлар. Хадича розияллоҳу анҳо онамизни Макка шаҳридаги “Ҳажун” қабристонига дафн этганлар. Аммо у вақтда жаноза намозини ўқиш жорий бўлмаган эди”.

Нубувват хонадонида Зайнаб бинти Хузайма онамизнинг ҳаёти, мақоми қисқагина вақтда намоён бўлган бўлса-да, у ҳақидаги маълумотлар сийрат китобларини ҳали-ҳануз безаб келётганини кўриш мумкин.

 

Нормуродов Маҳмуд - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Izoh qoldirish