11.09.2023

КЎЗЛАР УНИ ИДРОК ЭТМАС

Аллоҳ таоло бир ояти каримада бундай деди: "Кўзлар уни идрок этмас" (Анъом сураси, 103-оятдан).

Кўзларни зикр қилди, бошқа аъзоларни зикр қилмади. Масалан, “Қўллар Уни ушлай олмас” ёки “Бурунлар Уни ҳидлай олмас" ёхуд "Қулоқлар Уни ҳис этмас", демади. Чунки кўзда руҳнинг ҳаёти бордир. Руҳнинг кўзи кўзнинг кўзида бирлашгандир, иккаласи биттадир ва бошқа аъзолардан бақувватроқдир. Кўз шунча ўткир ва қувватли бўлиб Аллоҳ таолони идрок қила олмас экан, қўллар жуда ожиздир.

Сунгра Аллоҳ таоло ояти карима давомида айтди: "Кўзларни У идрок этар" (Анъом сураси, 103-оятдан).

Яъни Аллоҳ таоло кўздаги ҳаётни идрок қилади. Ким ушбу оятларни Аллоҳни кўриш масаласида ҳужжат қилиб, кўришни инкор қиладиган бўлса, у одам учун бу оят далил бўла олмас. Чунки кўриш дегани бир нарсанинг кенгликда тинч туришидир. Араб тилида "рао ва раҳо" - "кўрди ва тинчиди", дейилади. Аллоҳ таолонинг сўзи ҳам бор: "Денгизни сокин қўявергин!" (Духон сураси, 24-оятдан).

Яъни денгизни кенгликда тинч ҳолида қўй, дегани. Чунки денгизга таёқ билан урилганда иккига бўлинди. "Бас, Биз Мусога: “Асойинг билан денгизни ургин!” - деб ваҳий юбордик. Бас, (денгиз) бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув баландга кўтарилиб) улкан тоғ каби бўлди" (Шуаро сураси, 63 - оят).

Бани Исроил денгиздан очилган жойда юришди. Бу икки тараф ўртасида очиқ йўл эди. Шу нарса раҳв - сокинликдир.

Мусо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Мусо Биз белгилаган вақтда (Туртоғига) келгач, у билан Рабби бевосита гаплашди. Мусо: “Раббим! (Ўзингни) менга кўрсатгин, Сенга бир назар қилай!" - деди (Аъроф сураси, 143 - оятдан).

Яъни менга ҳижобни очгин, Сенга бир назар килай, деганларидир. Назар қилиш эса кўзнинг феъли бўлиб, куз Парвардигорнинг Жалолига, Азаматига ва Муҳаббатига қарайди. Назар деганда кўзнинг қувончи тушунилади. Мусо алайҳиссалом руъят - кўришни сўрадилар, бу эса Аллоҳнинг Жалоли ва Азаматига боқиб кўзқувончи бўлиши учун ҳижобни олиб ташлаш эди.

Аммо идрок - тутмоқ ва топмоқ маъносидадир. Жаннат аҳли Парвардигорларига қараб турадилар. Уларнинг кўзлари зоҳирдан кўраётганларини қамраб ололмайди. Аммо ботиний жиҳатдан ҳеч кимда Аллоҳ таолога қарашга қувват ҳам, йўл ҳам йўқ. Зеро, У Зот кайфиятсиздир.

Аммо Аллоҳ таолонинг: "Кўзлар Уни идрок этмас", - деганига келсак, бу ибора тўлиқ англанолмайди. Зеро, бандалар сифатларни кўрадилар. Аммо Аллоҳнинг ўзи эса дунёда ҳам, охиратда ҳам кўзлар билан идрок этилмас!


Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Яширин масалалар” (Ал-Масоил Ал Макнуна) асаридан

Izoh qoldirish