13.09.2023

ИНСОН МАЪНАВИЙ КАМОЛОТИДА

ИНСОН МАЪНАВИЙ КАМОЛОТИДА - МАЪНАВИЙ МАНЗИЛЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ – ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “МАНОЗИЛ УЛ-ИБОД МИН АЛ-ИБОДА” (БАНДАЛАРНИНГ БАНДАЧИЛИКДАГИ МАНЗИЛЛАРИ) АСАРИ МИСОЛИДА

Ҳаким Термизийнинг  “Манозил ул-ибод мин ал-ибода”(Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари) асари тасаввуфга бағишланган бўлиб, ушбу асар алломанинг  тасаввуфдаги тариқат мартабалари ҳақидаги қарашлари мукаммалроқ очиб берилган асарлари сирасига киради. Ҳаким Термизийнинг «Манозил ул-ибод мин ал-ибода» асари илк бор Қоҳирада 70 йилларда Иброҳим Жуюший тадқиқотларида акс этган. Ушбу асарнинг 3 қўлёзмаси: Асад Афанди (№1479), Исмоил Соиб (№1571) ва Париж миллий кутубхонларида (№5018-ИХ) бизгача етиб келган. Иброҳим Жуюший асарни тайёрлашда ана шу 3 нусхадан фойдаланган [2, б. 33]. Ушбу китоб ўзбек тилига таржима қилиниб, унинг араб тилидаги матни ҳам нашр этилди [3, б. 1].

Ҳаким Термизийнинг «Манозил ул-ибод мин ал-ибода» асари икки бобдан иборат, биринчи бобда аллома аввал Аллоҳга етишиш йўлидаги манзилларни зикр этади, сўнгра бандалар ушбу манзилларга етишиш учун эга бўлиши керак бўладиган ахлоқ ва сифатларни тасвирлайди. Тасаввуф  таълимотидаги бундай манзиллар хол ва мақомлар деб айтилади. Ҳаким Термизий ушбу китобида мўминларнинг, хоссатан, нафсларни ёмон хулқлардан поклаб, гўзал хулқлар билан зийнатлаш йўлига кирганларнинг диндаги етти манзилига таъриф беради. 

Ҳаким Термизий Қуръони карим ва ҳадислардан далиллар асосида етти манзилни келтириб ўтади.  Бу манзиллар қуйидагилар: 

Биринчиси — тавба манзили; 

Иккинчиси — дунёда зоҳидлик манзили; 

Учинчиси — Адоват ун-нафс манзили (нафс душманлиги манзили);

 Тўртинчиси — муҳаббат манзили; 

Бешинчиси — Қатъул-ҳаво манзили (ҳою ҳавасни узиб ташлаш ва ундан покланиш манзили); 

Олтинчиси — қўрқув манзили 

Еттинчиси — қурбат манзилларидир. 

Бунда ҳар бир манзил ва унинг аҳлини васфлаб, ўз фикрини Қуръони карим оятлари ва ҳадислар билан далиллайди.

Асарнинг 2-бобида ана шу талаб этиладиган сифатларга батафсил тўхталиб, уларга эришиш  йўллари кенгроқ шарҳланади. 

Мутасаввиф асарда биринчи манзил Тавба манзили бўлиб, Аллоҳни изловчилар ва унга талпинувчиларнинг энг аввалги манзилидир. Ҳаким Термизийнинг фикрларича, бу манзилга етишиш шарафига муяссар бўлган бандалар Аллоҳнинг буйруқларига сўзсиз итоат этгувчи, унинг ман этган нарсаларидан ҳеч иккиланмай тийилувчи бўлиб қолади. Бундай қалб соҳиблари эзгу амалларини беихтиёр бажарадиган, ёмон ишлардан ўзини сақлай оладиган иродага эга бўлади. Тавба қилувчилар ўзларини барча гуноҳлардан пок қилиб, Аллоҳ муҳаббатига сазовор бўладилар.

Аллоҳ муҳаббатига етиш учун тавба амали ҳам жиддий ўрин тутади. Инсон ҳар бир гуноҳдан сўнг тавба қилса, ана шу тавба уни охир-оқибат жаннатий қилади. Лекин тавба шунчаки, тавба бўлмай балки тавбанинг сидқидилдан бўлмоғи талаб этилади. Тавба юзаки бўлса, ўша инсон азобга маҳкум этилади [3, б. 36].

 Ҳаким Термизий «Манозил ул-ибод мин ал-ибода» асарида Қуръоннинг “Тавба” сурасининг 111-112 оятларига [1:204-205] таяниб, мўминларнинг қуйидаги сифатларини санаб ўтади: тавба қилувчилар, ҳамд ва шукрона айтувчилар, жавлон қилувчилар, руку этувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар ва ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳ ҳудуди (буйруқлари) риоя қилувчилар. Қуръони каримда уларга жаннат ваъда қилинган. Ҳаким Термизий мўминлар қандай бандалар деган саволга шундай жавоб берадилар: Ҳақиқий мўминлар юқорида зикр этилган бандалардан фарқли бошқа гуруҳдаги зотлардир. Улар Аллоҳ томонидан нафслари эвазига жаннатга эришган ҳимматсиз кишилар каби эмас. Ҳақиқий мўминлар Аллоҳни таниганликлари туфайли қалблари шавқ билан Унинг ҳузурига учиб борадиган, икки қўллари билан нафсларини итқитиб юборадиган ва нафсга асло қайрилиб қарамайдиган зотлардир. Улар ўзларининг банда эканликларини ва Аллоҳни раббилари, холиқлари, одам суратига киргизувчи зот ва хожалари эканлигини англаб, вужудлари билан унинг пойига йиқиладиган бандалардир.

Мутасаввиф асарда иккинчи манзил — Дунёда зоҳидлик манзили ҳақида тўхталиб, бу манзилга кирган бандалар: Аллоҳнинг хоҳиш-истагига кўра, дунёга ҳирс қўйишни тарк этганлар, унинг фоний зебу зийнатларини хаёлга келтиришдан ўзларини тийганлар, унга эришиш воситаларини четлаб ўтганлар, унга яқинроқ келишдан ўзларини олиб қочганлар, уни ҳатто ёдларига келтирмайдилар, уни ёмонлаш ва мазаммат қилишдан ҳам тийиладилар. Чунки улар дунёга ҳирс қўйиш туйғусини хотирадан мутлақо сиқиб чиқариб, мангу унутишлик қаърига итқитиб ташлаганлар. Иккинчи манзилда зикр қилинганлар дунёда зоҳидлик қилувчилардир [3, б. 28].

Асарнинг учинчи Адоват ун-нафс манзилини босиб ўтган бандалар мутассаввиф фикрича, нафсга қарши жиҳод қилишга буюрилганлар ва жиҳод қилганлардир. Бундай бандалар нафсни тарбият этишга жонларини фидо қилганлар ва натижада нафснинг ҳою-ҳавасини ва шаҳвоний эҳтиросни сўндиришга муяссар бўлганлар. Оқибатда нафс ўзларига итоатгўй бўлиб қолган.

Учинчи манзилда айтилган фикрларни Ҳаким Термизий нақл, ривоят  ва ҳадис билан мустаҳкамлаб, хулоса қилади. Аввало аллома нафснинг чиркин томонларини тушунтиради. “Дарҳақиқат нафс на хотиржамликни, на ҳаёни, на ғурурни ва на ҳаловатни билади. У бамисоли молга ўхшайди” [3, б. 12]. Шундан сўнг аллома нафс мисоли молдек ўз эҳтиёжини қондирмагунча “асло ҳаловат билмаслиги”ни, бошини ердан кўтармаслигини айтиб ўтади. Нафсга қарши кураш, нафсга жиҳод нафсни ўзига бўйсундириш, нафснинг устидан ғолиб келиш, нафсни жиловлаш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Нафсни ўзларига итоат эттирганлар ўзларини нафсга эргашиб кетишдан ҳимоялаган бўладилар. 

Ҳаким Термизий “Ғоврул-умур” (“Ишларнинг асоси”) китобида нафсни тарбиялашнинг йўлларини илмий жиҳатдан асослаб берган. Ҳаким Термизий бир ҳадисни мисол келтиради: “Абу Дардо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: Бирор нарсага бўлган муҳаббатинг сени кўр ва кар қилиб қўяди” [3, б. 13]. Аллома айтади: “Ким нафсни севса, нафс уни Аллоҳга нисбатан кўр ва кар қилиб қўяди ва аксинча..”, кимки Аллоҳни севса, Аллоҳ уни шубҳасиз, нафсга нисбатан ҳам кўр, ҳам кар қилиб қўйиши муқаррар. Бу халқ учун мезон, у билан одамларнинг даражалари ўлчанади. Нафсни севувчи бандада Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги пардани кўтариб, унинг висолига эришишга умид йўқ. Чунки нафс — Аллоҳга зид, айни замонда нафс Аллоҳнинг чинакам душманидир. Душманга юзланувчи кимса, Аллоҳдан юз ўгирувчи, Аллоҳни севгувчи банда эса қалбини нафсдан ҳимоя қилгувчи, ундан юз ўгирувчи ва Аллоҳга юзланувчи бўлади.  Эътиборлиси шуки, ҳар бир манзилда нафс ва унга қарши жиҳод бош ва етакчи масала сифатида жаранглайди. Ҳар бир масаланинг ибтидосида ҳам, интиҳосида ҳам нафс туради. Чунки нафс инсон ҳаётида муҳим. Нафс яхши жиҳатдан ҳам, ёмон жиҳатдан ҳам инсон борлиғининг сирларини намоён этади. Тавба манзилида ҳам нафс муаммоси марказда туради. Чунки нафсга жиҳод тавба воситасида рўёбга чиқади. Гуноҳ нафсга етакласа, нафсга жиҳод тавба воситасида гуноҳлардан фориғ бўлишга олиб келади.  Тавба қилувчи банда бирор гуноҳни тарк этса, унинг қалби мазкур гуноҳ қолдирган қорадоғ изидан фориғ бўлади. Рисола муаллифи шунга монанд ҳадисни, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисни келтиради. “Банда гуноҳ қилса, унинг қалбида қора доғ пайдо бўлади, агар у гуноҳдан қайтиб тавба қилса, унинг қалби доғдан фориғ бўлади” [3, б. 27]. “Дунёда зоҳидлик” деб номланган иккинчи манзилда [3, б. 28-29], яъни иккинчи бобга тегишли мавзу марказида ҳам нафс мавзуси етакчи саналади.

Қуръони каримда ва ҳадисларда нафсни енгишда сабрнинг ўрни алоҳидалиги, бу дунё неъматлари фонийлиги, улар жаннат ҳаловати олдида арзимаслиги таъкидланган. Ўткинчи дунё бойликларига кўнгил қўймаслик, мафтун бўлмаслик маслаҳат берилган.

Асарда дунё зебу зийнатларидан юз ўгириш хусусида ҳадислардан далиллар келтирилган. Жумладан, Муставрид, ибн Шаддод Қураший саҳобий Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Бу дунё бойликлари охират неъматларига нисбатан денгизда тиқиб олинган бармоққа илашиб чиққан нарса кабидир” [3, б. 29]. Абу Саид Худрий ҳикоя қилишича, Пайғамбаримиз алайҳисаллом айтган эканлар: “Зеро, умр жуда қисқа, мен дунё учун…. дунё мен учун яратилган эмас, бу дунё бамисоли ўйингоҳ… эртага охиратда эса мусобақа бошланади” [3, б. 27].

Асарнинг иккинчи бобида, учинчи манзилни Нафснинг душманлиги деб номлаб, биринчи бобдаги адоват ун-нафс қисмидаги фикрлар тўлдирилади. Муаллиф Қуръони каримдаги Юсуф сураси 53-оятини “Нафсни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир” келтиради. Аллома шахсан таъкидлайди: Биз Қуръони каримда нафсга нисбат берилган бирорта яхши таърифни топмадик [3, б. 30]. Қуръони каримнинг аксар оятларида нафс танқид остига олиниб, барча ёмонликларнинг, бузғунчиликларнинг, ёвузликларнинг манбаи сифатида танқид қилинади. 

Рисолада Ҳаким Термизий Ҳасан Басрий тилидан айтилган нақлни келтиради: фараз қилингки, сизнинг бир биродарингиз бор. Уни меҳмон қилдингиз, тўйдирдингиз, чанқоғини қондирдингиз, кийим-кечак билан сийладингиз. У эса сизни ёмон йўлга бошлайди. Бу биродарингиз ҳақида нима деган бўлардингиз? деб сўрадилар. Саҳобалар бир овоздан: “У ер юзидаги энг ёмон одам”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Менинг жоним қўлида бўлган Зот – Аллоҳга қасамки, мазкур одам ичингиздаги нафсингиздир [3, б. 31]. Шу ҳадиснинг ўзи нафсга жиҳоднинг муҳим қирраларини намоён этади. Зеро, нафс ва унинг тарбияси борасида қониқарли жавоб бундан ортиқ бўлмайди. Шу ҳадис туфайли кишиларнинг нафсидан ғазабланиш, ундан нафратланиш ҳиссини туйиш ҳамда уни имонга етаклаб, уни итоатга рағбатлантиради. 

Иккинчи бобнинг тўртинчи манзили “Муҳаббат аҳли” тўғрисида бўлиб, унда ҳам асосан гуноҳларни тарк этишнинг мавжуд йўли такрор нафсга жиҳод экани эътироф этилган. Шу ўринда Абу Дардодан бир ривоят нақл этилади. Унга кўра Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан жиҳоднинг қайси бири яхшироқ деган саволга Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай жавоб бердилар: “Банданинг ўз нафсига қарши қилган жиҳоди энг яхши жиҳоддир” [3, б. 34].

Аллоҳ муҳаббатига эришиш учун  зоҳидлик манзилидан ўтиш кераклигини нафсни таомдан, ичимликдан, уйқудан ва одатланиб қолган нарсасидан тиймоқ, уни риёзат билан тарбият етмоқликка чақиради муаллиф. Бу манзилдан ўтгандан кейин, нафснинг ҳою ҳавасини узиб ташлаш ва уни мурдага айлантириб юбориш манзилига ўтилишини таъкидлайди. 

Иккинчи бўлимнинг бешинчи манзили ҳою ҳавасни узиб ташлаш ва ундан покланиш манзили бўлиб, бу манзилга оид зикр қилинганлар куфр ва гуноҳлардан покланадилар. Покланиш Аллоҳдан йироқлашишга ёки у билан банда ўртасида парда тушишига сабаб бўладиган амаллардан холи бўлишдир. Аллоҳнинг номини зикр қилиш, унинг номини тилга олиб дуо-илтижолар қилиш ва Аллоҳдан нафсини поклашни сўраш демакдир. Бундай қилган бандани Аллоҳ ҳою ҳавасдан халос қилади ва уни поклайди. Банда эса унинг ҳузурида қурбат ҳосил қилади.  Ҳою ҳавасга қарши жиҳод ҳам нафс жиҳодига бориб тақалади. Зеро, ҳою ҳавасга қарши жиҳод қилиш ўзликни поклаш демакдир. Ҳою ҳавас сўзи “Ҳаво” сўзидан олинганлиги сабабли қалб фақат ўшанга интилади. Ҳою ҳавас сўзининг синоними “етишиш”дир, яъни роҳатланмоқ демакдир. Ҳою ҳавасдан қутулишга интилганлар ўзларини Аллоҳ йўлида покланганлардир.

Бешинчи манзилда Абдуллоҳ ибн Умардан ҳикоя қилинади. Банда нимадан қўрқса, Аллоҳ ўша нарсани банда устидан ғолиб қилиб қўяди. Агар одам боласи Аллоҳдан ўзгадан қўрқмаса, Аллоҳ унга ҳеч кимни ва ҳеч нарсани ғолиб қилиб қўймайди [3, б. 39]. Демак, одам боласи ўз тақдирини Аллоҳга топшириб қўйса, Аллоҳ унинг тақдирини Ўзидан бошқага топшириб қўймайди.

Олтинчи манзил Хашият аҳлининг манзилидир. Хашият( Қўрқмоқлик) дегани, Хашият қалбнинг Аллоҳ нури билан ўраб олиниши ва унга қурбат пайдо бўлишини ҳис этишдир. Бу ҳолатда қалбнинг юмшаши ва мушфиқлиги намоён бўлади. Банда Аллоҳ зикрини қилганида, унинг кўнглида таскинлик ва хотиржамлик пайдо бўлади, унинг танаси ва қалби майинлаша бошлайди. Чунки у нафсидан юз ўгириб, Аллоҳ зикри билан банд бўлади. Улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзгани маъбуд қилмайдилар, яхшилик қилишга шошадилар ва унда ўзиб кетадилар. Улар Аллоҳнинг танлаб олган бандалари ва авлиёларидир. Ҳаким Термизий  Анъом сураси 152 оятида: “Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр қилмаймиз), яъни мен тоқатига яраша бандаларга масъулият юклайман (булар мол-дунё, фарзандлар билан фахрланмаган, сийланмаган, авлиёларнинг сифатларидир” деб ёзилган фикрни келтиради.

Еттинчи манзил Қурбат аҳлининг манзилидир. Ушбу манзил ҳою ҳавасни занжирбанд этган ва ундан ҳазар қилган бандаларнинг манзилидир. Аллоҳ уларга раҳмат назари билан боқди ва улар бор кучларини унинг йўлига сарф қиладилар. Бунинг учун Аллоҳ уларга шундай имконият бериб қўйди. Ҳою ҳавасни бартараф этишдаги машаққатлар эвазига улар олий мақсадлари бўлмиш ҳою ҳавасдан покланиш мақомига эришдилар. Бу манзил аҳли Аллоҳ ихтиёр қилган бандалардир. Улар Аллоҳ паноҳида, унинг қабзатида (муштининг орасида) ва хифзу ҳимоятидадирлар. Аллоҳ рози бўлган бандаларга улар раҳнамолик қиладилар, У раҳм қилганига раҳм қиладилар, келишгани билан келишадилар, ёрдам берганига мададкор бўладилар. Ғазаб қилганлардан нафратланадилар, унга юзланганларга илтифот қиладилар.

Ҳаким Термизий ўз асарининг биринчи бобида етти сурадан ўнта оят келтириб, шулар воситасида фикрлар изҳорини қувватлашга ҳаракат қилади. Иккинчи бобда айни шу ният учун турли суралардаги оятларга жуда кўп мурожаат этилади, чунончи олтмиш битта оят келтирилгани ҳам бунинг исботидир. Ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломдан келтирилган ҳадислар сони биринчи бобда бешта, иккинчи бобда ўн учта бўлиб, улар орқали аллома ўз фикрлари ғоясини англатиш учун интилади.

Одатда инсон бирор дунёвий манзил-жойни кезмоқчи бўлса, аввало у ернинг шарт-шароитларини ўрганади, манзилга боргач, ўша ернинг қонун-қоидаларига риоя қилиши, ҳурматини сақлаши лозим. Агар бу манзилда “имтиҳондан яхши ўтиб”, малака ҳосил қилса, бошқа манзилларни кезишда қийналмайди. Қарори қатьий бўлса, бутун дунёни кезиб, мақсадига етиши мумкин. Лекин йўловчи сайёх бирор жойда ножўя қадам қўйса, уни ё юртига қайтарадилар ёки жазога тортадилар. Маънавий манзилларни кезиш эса дунё манзилларини сайр этишдан кўра қийинроқ, жиддийроқ, аммо шарафлидир. Зеро, дунё манзилларини ҳар қандай инсон кезиши мумкин. Бандачилик манзилларини кезиш эса фақат хос кишиларга насиб этур. Чунки маънавий манзилларни кезиш учун илм, адаб, ихлос, эътиқод, муҳаббат, садоқат, ахлоқ каби фазилатларга ҳамда йўл кўрсатувчи бир муршид (пир)и комилга боғлиқ бўлиш лозим. Акс ҳолда, бу мақомларда ўзбошимчалик, авомлик билан мақсадга етиб бўлмайди.

Бу мақомларнинг хусусиятлари, талаблари ва аҳамияти ҳақида сўз юритилганда, муаллиф шундай далиллар, Қуръони карим ва ҳадислардан ҳужжатлар келтирадики, улар нафақат ўз даврида, бугунги кунда ҳам тасаввуф илмининг моҳиятини чуқурроқ англаш ҳамда баркамол авлод шахсини шакллантириш бўйича жамиятимизда амалга оширилаётган вазифаларни бажаришда ўз долзарблигини асло йўқотгани йўқ. Зеро,  асарда Пайғамбаримизнинг ушбу сўзлари келтириладики: “Банданинг ўз нафсига қарши қилган жиҳоди энг яхши жиҳоддир. Шундан сўнг, Аллоҳ йўлида одамларни эзгуликка буюриш ва ёвузликдан қайтариш – камолотдир” [3, б. 31]. Булар заволга ҳеч қачон юз тутмайдиган фикрлар бўлиб, бизни доимо огоҳликка даъват этади. 

Буюк юртдошимиз Ҳаким Термизий илмий ижоди ҳали тўлиқ ўрганилмаган бир хазина сифатида тарихчилар, файласуфлар, адабиётшунослар, шоирлар, диншунослар учун очилмаган қўриқдир. 

Хулоса қилиб айтганда, 

1.Ҳаким Термизий икки бобдан иборат “Манозил ул-ибод мин ал-ибода” (Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари) рисоласида бандаларнинг маънавий камолот манзилларини таъриф қилиб, Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далиллар келтириб, уларни баён қилиб беради. 

2. Муаллиф инсон камолотини “тавба” манзилидан то “қурбат” (Ҳаққа яқинлик) манзилига қадар ҳар бир манзилнинг хусусияти, талаби ва аҳамиятини баён қилади.

3. Асарнинг биринчи бобида манзиллар номи қисқа изоҳларда берилган бўлса, иккинчи бобда  улар шарҳланади. 

4. Асар таҳлили кўрсатадики, дунё манзилларини ҳар қандай инсон кезиши мумкин, аммо бандачилик манзилларини кезиш фақат хос кишиларга насиб этади.

5. Маънавий манзилларни кезиш илм, адаб, ихлос, эътиқод, муҳаббат, садоқат, ахлоқ каби фазилатларга ҳамда йўл кўрсатувчи бир муршид (пир)и комилга боғлиқ.

6. Мутасаввиф асоси Қуръон ва суннат бўлган етти манзилга оид тавсиялар беради. Шариат ва тариқатда собит бўлишга чақиради. 

7. Мутасаввиф илм, амал ва ихлос билан ҳаракат қилишга, тўғри мушоҳада юритишга ундайди. 

8. Мутасаввиф ўз нафси ва Ҳақ маърифати ҳақида тафаккур қилишга, ибодатни ихлос билан бажаришга, хайрли йўлни танлашга тарғиб этади.

9. Асарда энг хавфли душман бўлган нафсни ислоҳ қилиш йўлларини ўргатади. 

10. Баркамол авлод бу рисолани ўқир экан, маънавий манзилларни босиб ўтиб, Ҳаққа қурбат ҳосил қилиш туйғуси пайдо бўлади. 

11. Бу рисола саодатли манзилга йўлловчи дастур ва зарур қўлланмадир. 

Ҳаким Термизий “Манозил ул-ибод мин ал-ибода” асарида мўминларнинг хоссатан нафсларини ёмон хулқлардан поклаб, гўзал хулқлар билан зийнатлаш йўлига кирганларнинг диндаги етти манзилига таъриф беради. Бунда ҳар бир манзил ва унинг аҳлини васфлаб, ўз фикрини Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан далиллайди.

Лазизбек Азаматович Хаитов

Бухоро Давлат Университети  таянч доктаранти

 

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

1.Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2004. 

2.Жуюший И. Ал-Ҳаким ат Тирмизийнинг “Манозил ал-уббод мин ал-ибода” асари нашрининг кириш қисми. — Қоҳира: Дор ан-наҳда ал-арабийя, 1974.

3.Ҳаким ат-Термизий Абу Абдуллоҳ ибн Али. Манозил ул-ибод мин ал-ибода., Шоший A. таржимон. – Т.: Мовароуннаҳр, 2018. 

 

Izoh qoldirish