СОФ ИСЛОМ АҚИДАСИГА ЙЎҒРИЛГАН АСАР
Ақоид илми – Аллоҳнинг зот ва сифатлари, охират, пайғамбарлик ва у билан боғлиқ эътиқод қилиш лозим бўлган масалаларни ўз ичига олган. Ақоид илмидан мақсад ислом динининг ақида асосларини ақлий ва нақлий далиллар билан аниқлаш ва бу асослар юзасидан юзага келадиган шубҳа ва иккиланишларни бартараф этишдир. Шунга кўра, ақоиднинг икки томонлама вазифаси бор. Биринчиси, исломий ақида асосларини белгилаш, иккинчиси эса бу асосларни ҳимоя қилишдир. Бу жиҳатдан уларни баъзан мутакаллимлар дея файласуфларга ўхшатсаларда, уларнинг аксар қисми «насс» (Китоб ва суннат)дан ташқарига чиқмаганликларини шу билан бир қаторда ақлдан имкон қадар тўғри фойдаланганларини кўришимиз мумкин. Бироқ, сабаблар оламида Аллоҳга олиб борувчи ҳақ йўл бўйлаб ҳаракатланувчи ақлнинг ўзи баъзан шахсни ҳақиқатга етказиш учун етарли бўлмай қолиши бу ўринда қалбнинг таскинлиги ва ҳис-туйғулар муҳим аҳамият касб этиши кўплаб олимлар томонидан таъкидланади. Ушбу ўринда тасаввуф ақл етмайдиган ишларга қалбни жалб қилиб, таслим бўлган ҳолда йўлда давом этишга ўргатади. Тасаввуфнинг мақсади, Аллоҳнинг розилигини олиш, ёмон ахлоқ ва хунук одатлардан узоқлашиш, нафс поклиги, инсонларга Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан ўргатилган ахлоқни гўзал тарзда етказиб уларни «комил инсон» қилишдир. Бошқача айтганда, тасаввуфдан мақсад ислом илмларининг умумий мақсади бўлган «дунё ва охират» саодатига мўминларни етказишдир (Yılmaz, 2010). Улуғ мутасаввиф олим Абул Қосим Қушайрий бу борада шундай дейди: «Билингки! Аҳли тасаввуф имомлар ўз ишларининг асосини саҳиҳ бир тавҳид аталмиш соғлом эътиқод асосида қурдилар ва у билан ўз эътиқодларини бидъатлардан ҳимоя қилдилар... Эътиқоднинг асосий масалаларини аниқ ва қатъий далиллар билан мустаҳкамладилар... Абу Муҳаммад Жаририй: «Кимки тавҳид илмини далиллари билан билмаса, оёғи сирғалиб, ҳалок бўлади», дедилар» (Қушайрий, 1995). Ақоид илми ва тасаввуф орасида умумий муштарак жиҳатлар бўлсада, икки соҳа ҳам ўз мақсад ва вазифаларига мувофиқ турли хил усулларни қўллайди. Калом ва ақоид ақлий тафаккур, истидлол ва жадалга асосланган усулни қўллаган бўлсада, тасаввуф кўпроқ кашф, илҳом ва таслимият асосланган йўлдан боради. Шу нуқтаи назардан тасаввуф олимлари томонидан ақидавий масалаларни ўз ичига олган ўзига хос йўналишдаги асарлар ёзилди. Хусусан, ушбу йўналишни Ҳаким Термизий, Абу Ҳомид Ғаззолий, Шаҳобиддин Суҳравардий каби мутасаввиф олимларнинг асарларида кўришимиз мумкин. Ана шундай олимларнинг асарларидан яна бири Саййид Бурҳониддин Термизийнинг «Маориф» асаридир. Олимнинг тўлиқ исми Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий бўлиб, насл-насаби Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга бориб етгани учун «Саййид» ва «Ҳусайний» нисбаси билан номланган. Шунингдек ўз даврида «Муҳаққиқ», «Саййиди сирдон» («Сирларнинг саййиди») номлари билан ҳам шуҳрат қозонган. Тахминан 1165 йили Термизда туғилиб, у ерда таълим олганлиги сабабли «Термизий» нисбаси билан машҳур бўлган (О.Жўраев, 2021).
Илм йўлида кўплаб азият чекиб, устозлик даражасига етган. Устози Султон ул-уламо Баҳоуддин Валадга содиқ мурид сифатида йиллар давомида хизмат қилади. «Маориф» асарини унинг маънавий таъсири остида ёзган. Қуръон, ҳадис, фиқҳ, калом, мантиқ илмларида замонасининг пешқадам бўлган. Жалолиддин Румий камолотида муҳим роль ўйнаган устозларидан бири бўлди. Умри давомида ўз панд-насиҳатлари билан халқ орасида шуҳрат қозонган. Устоз шогирдлик муҳаббати ўлароқ Термиз заминидан умрининг охирида Онадўлига сафар қилади. Масжид, мадраса, хонақоҳларда шариат ва тариқат аҳкомларидан толиби илм ва мухлисларига ваъз қилади. Бурҳониддин Термизий нафақат тасаввуф илмини, балки тафсир, ҳадис, ва калом фаннинг бошқа соҳаларини ҳам мукаммал ўрганган. «Маориф» асарининг охирги қисмида «Фатҳ» ва «Муҳаммад» сурасининг баъзи оятларини тафсир қилган (О.Жўраев, 2021).
Бурҳониддин Термизий устози Баҳоуддин Валад изидан бориб, Кубравия тариқати муршиди сифатида кўплаб илм аҳлига таълим берган. Жумладан, Жалолиддин Румийни ҳам бу йўлда тарбиялагани нақл қилинади.
Термизий Онадўлининг Қайсария шаҳридаги фаолияти давомида халқ орасида машҳур бўлади. Шу сабабли ҳам манбаларда Онадўли Салжуқий давлати вазири Шамсуддин Исфаҳоний Соҳиб у зотнинг шогирдлари орасидан жой олганлиги манбаларда келтирилади.
Бурҳониддин Термизий, 1241 йили Туркиянинг Қайсария шаҳрида вафот этган ва ўша жойда дафн этилган (О.Жўраев, 2021).
Олимнинг беназир мероси «Маориф» асар тасаввуф илмига қаратилган, унда исломий ҳикмат, фиқҳ, Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф намуналари, мавъизалари, шогирдлари ҳалқасидаги баҳслари, ҳикмат аҳлининг сўзлари, Шарқ мумтоз шоирларнинг шеърлари намуна тариқасида келтириб ўз илмий-ирфоний мулоҳазалари жой олган. Шу билан биргаликда «Муҳаммад» ва «Фатҳ» сураларининг баъзи оятларининг ирофний шарҳини келтирилган. Муаллиф ўз асарида, Аттор, Робияи Басрий, Жунайд Бағдодий, Ҳаким Термизий, Ҳорис Муҳосибий, Мансур Ҳаллож, Ибн Ато, Саҳл Тустарий, Ҳасан Басрий, Жаъфар Хулдий ва Усмон Мағрибийлардан келтиради. Бундан ташқари Саноий Ғазнавий адабий меросидан кўплаб тасаввуфий шеърлари ва ҳикматлар келтиради.
«Маориф» асарнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки унда аҳли сунна вал жамоанинг ақидавий қарашлари ўзига хос тасаввуфий услубда тушунтирилган. Хусусан, муаллиф иймон ҳақида шундай дейди: Иймон нури мўминнинг танасида кўзгу кабидир. Орифнинг танаси мужоҳада ва риёзат билан кўзгуга (шишага) айланади. Иймон нури ўшанда ташқарига чиқиб порлай бошлайди. Орифнинг танаси шу қадар нозик (юпқалашади) бўладики, оятда таъкидлаганидек: “Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас”. (Қуръони карим. – Сажда сураси, 17 оят) Шу нурни инсоннинг вужудига инъом этганлар. Бу нур фақат мужоҳада билан зоҳир бўлади. Пўстлоқ (қобиқ) қанча қалин бўлса, мағзи шунча заиф ва яширин бўлади. Пўстлоқ қанча заифлашиб торайса, мужоҳада шунча порлай қувват олади. (Худди ёнғоқнинг пўстлоғи заифлигидан мағзи унумдор бўлгани билан, бодом ва пистанинг пўстлоғи қалинлигидан мағзи юпқа бўлгани каби). Агарда лаъл конида ортиқча тошлар кам бўлса, қуёш таъсири уни тошлик сифатидан лаъл тоши сифатига тезроқ келтиради. Лекин лаъл кони устида ортиқча тошлар кўп бўлса, қуёш лаъл конига озроқ таъсир қилиб, унинг лаъллик сифатига зарар етказади. Ҳозир халқ инсон тоғига қўнган ва маърифат нурининг устига тош ташламоқда. Шу сабабли қуёш нури ҳар куни уларга нур сочмасдан ботмоқда (Термизий, 1241 ҳ-ш).
Шунингдек иймоннинг кўпайиши ва камайиши борасида ҳам олимнинг ифодаси эътиборга молик. Саййид Бурҳониддинга кўра иймон кўпаймайди, камаймайди. Инсон гоҳ ўлик, гоҳ тирик бўлиши мумкин эмас. Инсоннинг қалбидаги иймон худди осмонда порлайдиган тўлин ойга ўхшайди (Термизий, 1241 ҳ-ш).
Ақоид илмининг самъийёт қисмига кирувчи пайғамбарлик масаласи ислом эътиқодининг энг муҳим ва асосий масалалардан биридир. Саййид Бурҳониддиннинг таъкидлашича, пайғамбарлар барча нарсада Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, ўзларини Аллоҳнинг бандаси деб билганлар ва ҳамма нарсада ҳукмни берувчи Аллоҳ таоло эканига гувоҳлик келтирган бандалардир. «Маориф» асарида Пайғамбаримиз Муҳаммад алаҳиссаломнинг даражалари, у кишига иймон келтириш ҳамдда унинг йўлидан иймоннинг бир қисими эканлиги таъкидланади. Бу борада қуйидагича байт келтиради:
“Сар дар пайи давлати абад неҳ,
Сар бар хати Аҳмаду Аҳад неҳ”.
Мазмуни: Бошингни абадий давлат ҳисобланган Аҳад (Аллоҳ) ва Аҳмад (Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган йўл-йўриқларига қўйгин (Термизий, 1241 ҳ-ш).
Калом ва ақоид илмининг яна бир муҳим масалаларидан бири бу «руъятуллоҳ» – яъни Аллоҳ таолони охиратда кўриш бўлиб, Саййид Буроҳиддин Термизий бу борада ўз қарашларларини қуйидагича баён қилади: “Илоҳий нурнинг қуёши ориф қалбидан нур таратса ҳам, хабардор бўлмайди. Тажаллий нури унинг кўзини заиф қилиб ҳайратда қолдирган бўлса, ўша кўз хабар топмайди. Бундай (нурдан) кўз хароб ва титроқга келар. «...Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди...» (А.Мансур, 2014).
Энди юзингни машриқ томон борасан, қол (зоҳир) нури сенга таратади. Агар сенга бир ботиний ҳол бўлса, ҳол нури сенга таралади. Сўнгра бир дўст ва бир мусулмон киши олдига бор, токи сени эҳтиёт қилсин.
“Осмонҳост дар вилояти жон,
Корфармой осмони жаҳон”.
Мазмуни: Жон вилоятида самолар бордир, сен дунё осмонини жон вилоятидаги самолар билан ишга сол (Термизий, 1241 ҳ-ш).
Мазкур масалалар билан бир қаторда Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий «Маориф» асарида таваккул, ўлим, ирода, қадар, охират, жаннат ва дўзах масалаларини ҳам ўзига хос тасаввуфий жиҳатдан изоҳлаган. Умуман олганда, Термизийнинг ушбу асари ақоид ва тасаввуф ўртасидаги муносбатини тушунтиришда ўзига хос манба бўлиб хизмат қилади.
Жониев Музаффархон –
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази директори в.в.б.,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
- O.Joʻrayev. (2021). Buyuk Termiziylar // Burhoniddin Trmiziy. Toshkent: Shamsiddin Boboxonov.
- Қушайрий, А. Қ. (1995). Ар-рисолатул Қушайрийя. Қоҳира.
- Yılmaz, H. K. (2010). Ana Hatlarıyla Tasavvuf ve Tarîkatlar. Ankara: Ensar Neşriyat.
- Мансур, Ш. А. (2014). Қуръони Карим: маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент: Тошкент ислом университети.
- Термизий, С. Б. (1241 ҳ-ш). Маориф. Теҳрон:: Донишгоҳи Теҳрон.
Izoh qoldirish