15.09.2023

АЛОЪ ИБН ХАЗРОМИЙ (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ)

Бугунги кунда ислом алломаларининг бой илмий меросини ўрганиш бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Термиз заминида яшаб ижод этган улуғ аллома Ҳаким Термизий мероси бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар сўнгги йилларда жадаллашганлигини кўришимиз мумкин. 

Ҳаким Термизийнинг “ал-Фарқ байнал оят ва каромат” асари ислом тарихида муҳим аҳамият касб этувчи асарлардан бири бўлиб, қуйида асардаги Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан келтирилган улуғ саҳобий  Алоъ ибн Хазромий ҳақидаги баъзи ривоятларни келтирамиз. Бизга Солиҳ ибн Мухаммад, у киши Робиъ ибн Бадрдан, у киши Жаррор ибн Адий ас-Салилдан, у киши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бизга ҳадис айтиб берди: “Мен Алоъ ибн Хазромийдан[1] одоб ўрганар эдим. У киши Баҳрайн волийси эдилар. Кунлар иссиқ бўлди, сувларимиз ҳам оз қолганлигини у кишига шикоят қилдик. У киши таҳорат олдилар, сўнгра икки ракат намоз ўқидилар ва шундай дуо қилдилар: “ Ё, Ҳалим, ё, Алим, ё, Алий, ё, Азим ! Сендан шундай, шундай сув сўрайман”. Шу пайт Аллоҳ таоло бизнинг устимизга  қушнинг қанотидек бир булутни жўнатди. Бирдан момоқалдироқ бўлиб, ёмғир ёғди ва ҳамма жой сув бўлиб кетди. Идишларимизни тўлдириб, чорваларимизни суғориб олдик”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Алоъ ибн Хазромий билан Баҳрайнни фатҳ қилиш учун  сафар килдик. Яманда бизнинг каршимиздан катта денгиз чиқди. Денгизни кечиб ўтишимиз учун кема излаб тополмадик. Шунада Алоъ ибн Хазромий уловидан тушиб таҳорат қилди, сўнг икки ракат намоз ўқиди. Намоз сўнгида шундай дуо қилди: “Ё, Ҳалим, ё, Алим, ё, Алий, ё, Азим  бизларни бундан ўтказиб қўй”. Уловига миниб икки кулоғини ушладида, денгиз устига караб йўл олди ва бизларга ҳам уловларимизнинг икки кулоғини ушлашни буюрди. Биз ҳам айтганларидек уловларимизнинг кулоғини ушлаб изларидан бордик.  Шу тарзда денгизни кечиб ўтдик, бирортамизнинг уловимизнинг туёғи хўл бўлмабди ва бирортамизнинг товонимизга ҳам сув тегмабди. Мен Алоъ ибн Хазромийнинг (розияллоҳу анҳу) ушбу икки кароматининг қай бири мен учун  ажиб эканлигини билмай қолдим.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “У киши Баҳрайнда исломни кенг тарқатиб,  бир қанча вақтдан сўнг вафот топдилар. Мен у кишини  ғусл қилдириб, атир сепиб кафанлашда иштирок этдим. Сўнгра жаноза намозини ўқиб қабрга қўйдик.  У кишини кўмиб, қабр устига тупроқ тортиб бўлгач, ҳали қўлимизнинг чангини ҳам қоқмагандик. Баҳрайн тупроғи жуда майин бўлганлиги учун йиртқичлар ковлаб олмасин деб, қайтадан қабрни очиб мустаҳкамлаш кераклигини бизга баъзи кишилар айтишди. Биз қабрни очиб қарасак, қабрда ҳеч ким йўқ эди”.

 

Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими               


 

[1] Алоъ ибн Хазромий саҳобий ва Байҳрайннинг фотиҳи 618 мелодий йилда.

Izoh qoldirish