22.09.2023

АКСА УРИЛГАНДА “ҲАҚҚИ РОСТ” ДЕЙИЛИШИ ҲАҚИДА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ъала расулиллаҳ

Инсонлар ҳаётида хабарлар билим ҳосил қилишнинг муҳим йўлларидан биридир. Ислом дини хабарларни саралаш йўналишида ҳам улкан асосларни ишлаб чиқди ва исломий мерос айнан мана шу илмий қоидалар асосида шаклланди. Халқимизнинг гўзал урф-одатлари ҳам ушбу чуқур ўйланган ва илму ҳикматга баравар асосланган мерос асосида шаклланган. Киши гапириб турганда ўзи ёки бошқа биров акса урса “ҳаққи рост” дейилиши ҳам шулар жумласидандир.

Бу сўзнинг асоси муборак ҳадиси шарифларга асосланган. Тегишли ривоят икки саҳоба: Анас ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. Шунингдек, ушбу ҳадислар маъносига далолат қиладиган бошқа ривоятлар ҳам мавжуд. Қуйида бу тўғрида айрим таҳлилларни тақдим этамиз. 

Аввало, қайд этиш лозимки, ушбу ривоят тўғрисида ихтилоф қилинган бўлиб, айрим олимлар унинг асли йўқлигини айтишган. Буни Ибн Абу Ҳотим (ваф. 327/938) “Илал”ида (2553-рақам) ва Ибн Жавзийлар (ваф. 597/1201) “ал-Мавзуъот”ида (3/77) келтирган. Байҳақий ушбу ривоятнинг айрим лафзларини мункар ривоятлар сирасига киритган. Булар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳақида айтилган.

Аммо яна бир қатор олимлар борки, ушбу ривоятларнинг асли борлигини қайд этишган ёки уни ўз асарларида ҳадис сифатида ривоят қилиб қолдиришган. Булар қаторида умматнинг пешво имомлари бўлган Ҳаким Термизий (ваф. тахм. 320/932), Табароний (ваф. 360/971), Абу Яъло Мусилий (ваф. 307/919), Нававий (ваф. 676/1277), Заркаший (ваф. 794/1392), Суютий (ваф. 911/1505) ва бошқа олимлар бор. Манбалар таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу ҳадисни мутлақ инкор қилувчилар асосан Ибн Жавзий ва Ибн Абу Ҳотим бўлиб, ушбу ривоятни ҳадис сифатида собит қилганлар кўпчиликни ташкил қилади. 

  1. Демак, Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят лафзи қуйидагича:

أَصْدقُ الحديثِ ما عُطِسَ عِنْده

“Сўзларнинг энг тўғриси унинг ҳузурида акса урилганидир”. 

Ушбу ҳадисни Имом Табароний “ал-Авсат” китобида келтирган (3360-рақам). Ҳадис санадида Умора ибн Зозон буни Собит Бунонийдан, у Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Табароний ушбу ривоят ҳақида дейдики, буни Собитдан фақат Умора ривоят қилди ва (санаддаги яна бир ровий) Хозир ҳам буни якка ўзи ривоят қилди.

Ҳайсамий “Мажмаъ аз-завоид”да (12914-рақам) дейди: “Табароний “ал-Авсат”да ўзининг шайхи Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Можиддан ривоят қилган бўлиб, уни танимайман. Имора ибн Зозонни эса Абу Зуръа ва бир жамоат сиқа (ишончли ровий) санашган, шу билан бирга унда заифлик ҳам бор. Қолган ровийлар эса сиқа”. Бу ўринда Ҳайсамий ҳадис ривоятини танқид қилишда қаттиқ кетмаганини сезиш қийин эмас. Шу билан бирга Табаронийнинг шайхи бўлган Ибн Можид “Тарихи Бағдод”да (3658-рақам) зикр қилинган бўлиб, унда сиқа (ишончли) саналган. Уморани эса Ибн Ҳажар “ат-Тақриб” асарида “Содуқ ва хатоси кўп” деб таърифлайди. Содуқ (ростгўй) ровий адолатини белгилашда сиқо (ишончли)дан кейинги даражада туради ва ривояти эътиборга олинадиган ровий саналади.  Балки шулардан келиб чиққан ҳолда Суютий ушбу ривоятни “ал-Жомеъ ал-кабир”да (3342-рақам) “санади жаййид (яхши, яроқли)” дейди.

Бу ўринда бир нуқта бор: ўтган асрда яшаб ўтган Албоний ушбу ривоятни ботилга чиқаришда Имом Аҳмаднинг қуйидаги сўзига таянади: “Умора Собитдан, У Анасдан мункар ривоятларни нақл этган”. Унга эргашган Абу Сулаймон Давсарий ҳам шу нақлни келтирган. Аммо бу гап Имом Аҳмаддан ривоят қилинишида аслида айнан мана шу шаклда учрамаслигини таъкидлаш лозим. Миззий (ваф. 742/1341) “Таҳзиб”да (4184-рақам) ва бошқаларнинг келтиришича, Имом Аҳмаддан “Анасдан мункар ривоятларни келтиради” деган қайд мавжуд. Гўёки ушбу гапнинг асли Ҳофиз Муғлатойнинг (ваф. 762/1361) “Икмол” асарида (3922-рақам) келган: “Миҳна дейди: “Аҳмаддан Умора ибн Зозон ҳақида сўрадим. У деди: “Солиҳ, фақат у мункар ҳадис ривоят қилади, у Собитдан, у Анасдан, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладики, Умму Сулайм...” деб бир ривоятни келтиради. Сўнг дейди: “Мен унга: “Бу ғариб” дедим”. Деди: “Шунинг учун у мункар ҳисобланди”. Сўнг Ҳофиз Муғлатой дейди: “Асрамнинг Аҳмаддан: “Анасдан мункар ҳадисларни ривоят қилади” дейиши баён қилганимиздек худдики у Собитдан, у Анасдан ривоят қилгандек”. Бунда Уморани Аҳмад бир ривоят туфайли мункар санаган бўлиши мумкинлиги ҳам келиб чиқиши мумкин. Агар Собит орқали қилган ривоятларини ҳам мункар санашини мумкин деб ҳисобласак, бунда ҳам айрим тафсилотлар бор. 

Умора ҳақида Абдуллоҳ отаси Имом Аҳмаддан: “Сиқа шайх, унинг ҳечқиси йўқ” (Шайхун сиқа маа биҳи баъсун) дегани ҳам ривоят қилинган. Миззийнинг “Таҳзибул камол”да келтиришича (21/245), буни Имом Муслим ҳам Имом Аҳмаддан шундай ривоят қилган. Уморанинг Собитдан қилган ривоятини Имом Абу Довуд ўзининг “Сунан”ида келтирган (4034-рақам). Ундан Имом Термизий ва Ибн Можалар, шунингдек, Имом Бухорий ундан “ал-Адаб ал-муфрад”да ривоят қилган. Уни Яҳё ибн Маъин сиқо ва солиҳ деб таърифлайди. Имом Бухорий эса баъзи ҳадисларида изтироб борлигини қайд этади. Ибн Адий (ваф. 365/976) “ал-Комил”да дейди (1257-рақам): “У менинг наздимда ҳечқиси йўқ (лаа баъса биҳи), ҳадиси ёзиладиганлардан” Шу билан бирга Ибн Ҳажарнинг (ваф. 852/1449) ушбу ровийни содуқ деб эътироф этишига қаршилик қилган замонавий айрим тадқиқотчилар ҳам бу ровий ҳақида шундай дейишган: “Балки у заиф, аммо у қилган ривоятнинг мутобиъот ва шавоҳидлари (яъни ундан бошқалар ҳам шу маънода қилган ривоятлари) бўлса, унинг ривоятига эътибор қилинадиган ровийдир” деб баҳолашади ва Имом Аҳмад уни танқид қилса-да, сиқа ҳам санаганига эътибор қаратишади ҳамда Ибн Адийнинг гапини хулоса сифатида олишади (Таҳрир тақриб ат-таҳзиб, 4847-рақам). Бунга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим бўлади!

 Яна бир муҳим жиҳати Имом Аҳмад ўз “Муснад”ида Уморанинг бошқа киши орқали Анасдан ёки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятларидан ташқари, Уморанинг Собитдан, унинг Анасдан нақл қилган икки ривоятини ҳам келтирган (13539 ва 13731-рақам), китоб тадқиқотчилари ушбу ривоятлар изоҳида Имом Аҳмаднинг Умора Собит орқали Анасдан мункар ривоятлар қилиши ҳақидаги сўзини келтиришган ҳеч бири бу ҳадисни мана шунга асосланиб ботил ёки мавзуъ санашмаган, балки ушбу сўз ёки иллат туфайли унинг исноди заиф бўлади, дейишган. Демак, бунда тадқиқотчилар оддий мантиққа таянишган: Имом Аҳмад ўзи танқид қилган санаддан ҳадис чиқаряптими, демак бу санаддан келган ривоят буткул мавзуъ ёки ботил эмас.

 

2. Ушбу ҳадиснинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир лафзи қуйидагича: 

مَنْ حَدَّثَ بِحَدِيث فَعَطَسَ عِنْدَهُ فَهُوَ حَقٌّ

“Ким бир сўзни сўзласаю, унинг ҳузурида акса урилса, ўша ҳақдир”.

Ушбу ривоятни Табароний “ал-Авсат”да (6509-рақам), Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул”да (1059-рақам), Байҳақий (ваф. 458/1065) “Шуъаб ал-иймон”да (8920-рақам), Абу Яъло “Муснад”да (6352-рақам) келтирган. Табаронийнинг келтиришича, ушбу ривоятни Абу Зиноддан фақат Муъовия ибн Яҳё ривоят қилган ва Бақийя ҳам уни бир ўзи келтирган. Байҳақийнинг келтиришича, Ибн Адийнинг фикрига кўра ушбу Муъовия ибн Яҳё Абу Мутийъ Атроблусий бўлиб, унинг Абу Зиноддан қилган ривоятлари мункар. Аммо таъкидлаш лозимки, бу ўриндаги Муъовия ибн Яҳёнинг Атроблусий эмас, балки Садафий эканлиги тўғрироқ. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бу санадни мавзуъ ёки ёлғонга чиқарадиган иллат топилмаслигини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу ривоят ҳақида отасидан сўрагани ва отаси уни ёлғон деганини айтган Ибн Абу Ҳотим ҳам “ёлғон” деган сўздан бошқасини ишлатмаган ва иллатни баён этмаган (2553-рақам). Айни вақтда Заҳабий (ваф. 748/1348) “Мезон”да (8636-рақам) ва бошқалар келтиришича, Ибн Абу Ҳотим отасидан ва Абу Зуръа Розийдан ушбу ҳадис ровийларидан бири саналган Муъовия ибн Яҳё Атроблисий ҳақида сўраганида улар унинг “ҳадиси мустақим содуқ” дея эътироф этишган. Шунингдек, Абу Зуръанинг ўзи, Жазара, Абу Али Нишопурийлар уни сиқа ҳам дейишган. Дорақутний эса уни заиф ёки мункар ривоятлари борлигини қайд этган. 

Бошқа олимлар эса бу ривоятни ушбу даражага туширишмаган, балки масалани атрофлича таҳлил этишган, шунингдек, унинг гувоҳлари борлигини қайд этишган. Бундай вазиятда эса биргина киши ўз ҳолича изоҳсиз айтган сўз эмас, балки таҳлили келтирилган ва кўпчилик иттифоқ қилган нарса олиниши табиий. Масалан, Ҳайсамий “Мажмаъ аз-завоид”да (12913-рақам) буни Табароний ривоят қилганини ва унинг фақат ушбу иснод билан ривоят қилинганини айтганини келтириб: “Унда Муъовия ибн Яҳё Садафий бор ва у заифдир” дейди. Бусирий (ваф. 840/1436) ҳам “Итҳаф ал-хияра”да (5521-рақам) ровий Бақийянинг тадлиси туфайли ҳадиснинг заифлигини қайд этади. Ушбу Муъовиянинг Садафий эканлиги тўғрироқлигини Заҳабий ҳам “Мезон”да (4/140) келтирган. Ушбу Садафий Атроблисийдан кўра ҳам қуйироқ даражада қайд этилса, баъзилар Садафийни Атроблисийдан яхшироқ санашган. Умуман олганда Садафий заиф, Атроблисий эса содуқ ровий ҳисобланади ва уларнинг ривоятлари у ёки бу шаклда “Кутуби ситта” муаллифлари Термизий, Насаий, Ибн Можаларда учрайди, яъни улар мутлақ инкор қилинадиган ёлғончи ровийлар сирасига киришмайди. Масаланинг бошқа тафсилотлари ҳам бўлиб, уни қуйида ўз ўрни билан баён қилиб борамиз. Агар бу ривоят Атробулисийдан бўлса, Ибн Ҳажар “Таҳзиб”ида (10/21) бу унинг инкор қилинган ривоятларидан эканлигини Ибн Адий “ал-Комил”да (6/401) зикр этганлигини қайд этган. 

Ушбу ривоятни Абу Яъло “Муснад”ида келтирилган ўрнидаги изоҳда китоб тадқиқотчиси унинг заифлигини келтирган. Бунда икки иллат бор: Муъовия ибн Яҳё Садафийнинг заифлиги, у ҳақда жуда кўп ихтилоф қилинган ва бу борада зарбулмасал ҳам бўлган ровий Бақийя ибн Валиднинг “ҳадисни эшитдим” ёки “бизга ривоят қилди” демай, “фалончидан” деб ривоят қилиб кетиши (аммо Табаронийда “бизга ривоят қилди” (حدثنا) (ҳаддасана)ни билдирувчи (نا) (наа) белгиси қўйилган...). Ундай ҳолларда унинг ҳадиси текширилади. Аслида унинг ўзи содуқ – ростгўй олимлардан бўлиб, Шомнинг ҳофиз таба тобеинларидан бўлган йирик муҳаддис ҳисобланади.   

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳақида Суютий “ад-Дурар ал-мунтасара” асарида (387-рақам) дейди: “Буни Абу Яъло Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Уни Имом Нававий ўзининг “Фатово” асарида ҳасан санаган. Уни ботил деганлар хато қилишди. Табаронийнинг Анасдан қилган ривоятида: “Сўзларнинг энг тўғриси унинг ҳузурида акса урилганидир” дейилган”. 

Абу Ҳурайра ва Анас розияллоҳу анҳумоларнинг ривояти ҳақида Ажлуний (ваф. 1162/1749) “Кашф ал-хафо” асарида (1793 ва 377-рақам): “Бу икки ҳадиснинг санадида заифлик бор” дейди. Бошқа бир ўринда эса (2461-рақам) Заркаший ва Суютийларнинг Имом Нававийдан нақл қилган ҳадиснинг асли борлиги ва ҳасанлиги ҳақидаги сўзларини нақл этади, Саховийнинг (ваф. 902/1497) эса  бу ривоятнинг Анасдан ривоят қилинган бошқа гувоҳи борлиги ҳақидаги сўзини келтиради. Шунингдек, Абу Нуъайм Асбаҳоний (ваф. 430/1038) “Маърифату саҳоба” ва Дайламий (ваф. 509/1115) “Муснад”ида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси бўлган Абу Роҳмдан марфуъ (санади Пайғамбар алайҳиссаломгача кўтарилган – етиб борган) тарзда шундай ривоят қилган: “Дуо вақтидаги акса кишининг саодатидандир”. Саховий ҳам ўзининг “ал-Мақосид ал-ҳасана” асарида (1111-рақам) мана шу каби таҳлилларни келтириб ўтган. Бундан ушбу икки муаллифнинг ҳам ҳадиснинг асли борлигини хулоса қилишганини тушуниш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳақида мавзуъ ҳадислар борасида асар битган яна бир олим Ибн Арроқ (ваф. 963/1556) ўзининг “Танзиҳ аш-шарийъа ал-марфуъа ъанил ахбар ал-шанийъа ал-мавзуъа” (Олийқадар шариатни айбли мавзуъ хабарлардан тозалаш) (бу асарни муаллиф 954/1547 йилда Мисрда ёзиб тугатиб, Усмонийлар ҳукмдори Султон Сулаймонга тақдим этган) асарида (2/293, 39-рақам) ҳадисни мавзуъ санашга мойиллик кўрсатгандек бўлса-да, Суютийнинг фикрларини келтирган ва фикрини Нававийнинг сўзлари ва унинг қуйида келтириладиган хулосаси билан якунлаган. 

Муновий (ваф. 1031/1622) ҳам “Жомеъ ас-сағир”нинг шарҳи “Файзул қодир”да (8632-рақам) барча масалани умумлаштиргач, дейди: “Хуллас, бу заиф ҳадис, Ибн Жавзий айтгандек мавзуъ эмас. Бу борада Имом Нававийнинг “Фатово”сида унинг мустаҳкам асоси борлиги ҳақидаги сўзи етарли”. Сўнг сўзида давом этиб дейдики, баъзилар буни исноди агар қуёшдек ёруғ бўлса ҳам ботил, ахир қандай қилиб, Пайғамбар алайҳиссалом акса урган барча кишиларни тасдиқлаши мумкин, бу ақлга тўғри келмайди, дейилса, Заркаший бунга (“ат-Тазкира”сида, - Б. 210) раддия берган: саҳиҳ ҳадисда келганки, акса Аллоҳдандир, демак бу иш Аллоҳга нисбат берилмоқда, Аллоҳга эса фақат ҳақ ишлар нисбат берилади.  Шунингдек, Абу Иброҳим Амир Санъоний (ваф. 1182/1768) “Жомеъ ас-сағир”нинг яна бир шарҳи бўлган “ат-Танвир”да (8613-рақам) ўтган олимларнинг сўзларини нақл этадики, агар ҳадис санади ишончли бўлса, унда ақл уни инкор этишга уриниши тўғри эмас, балки уни қабул қилиш лозим бўлади. Сўнг дейди: “Ибн Жавзий буни мавзуъ деди, аммо имомлар уни рад қилишди ва: “Нававийнинг ўз “Фатово”сида бунинг мустаҳкам асли борлиги ҳақидаги сўзи етарли” дейишди”. Ҳадиснинг заифлигига Рудоний Мағрибий (ваф. 1094/1683) ҳам “Жамъ ал-фавоид” асарида қўшилган (7768-рақам).

 Ҳадиснинг заиф ёки ҳасанлиги ва асли борлигини барча асрдаги етакчи олимлар эътироф этиб келишганини қуйидаги мисолларда кузатиш мумкин.

Ҳадиснинг турли тарафдан гувоҳлари борлигига ҳинд диёри алломаси, “маликул муҳаддисин (муҳаддислар шоҳи) номи билан лақабланган Фаттаний Ҳиндий (ваф. 986/1578) ҳам ўзининг “Тазкиротул-мавзуъот” (Тўқима ривоятлар тазкираси) асарида қўшилган (- Б. 165).

Алиюл Қорий (ваф. 1014/1605) ҳам ўзининг “ал-Мавзуъот ал-кабир” (Тўқима ривоятлар ҳақида катта китоб) номи билан машҳур бўлган “ал-Асрор ал-марфуъа фил ахбар ал-мавзуъа” (Тўқима хабарлар борасида нозик жиҳатлар) асарида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривояти ҳақида уни ботил деганларнинг сўзларини келтирар экан, дейди (483-рақам): “Яширин эмаски, бу баҳсли масала. Дарҳақиқат, уни Нававий ҳасан санади ва бу ҳадиснинг ботиллигини айтганлар хато қилди. Табаронийнинг Анасдан ривоят қилган “Сўзларнинг энг тўғриси унинг ҳузурида акса урилганидир” дейилади”. 

Бу ҳадиснинг гувоҳлари борлиги Абуссаъуд Нажмиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Омирий Димашқий Шофеъийнинг (ваф. 1021/1612)  “Итқон маа яҳсуну мин баянил ахбар ад-даиро алал-алсун” (Яхши саналиб, тилларда айланиб юрувчи хабарларнинг тўғри баёни) номли китобида ҳам қайд этилган. Унинг ушбу асарини кейинчалик невараси, Димашқ муфтийси Аҳмад ибн Абдулкарим Омирий (ваф. 1143/1730) “ал-Жиддул ҳасис фий баяни маа лайса бил-ҳадис” (Ҳадис бўлмаган нарсаларни баён қилишда қатъий ҳаракат) номи билан мухтасар шаклга олиб келган (416-рақам).

Ҳадиснинг асли борлиги ҳақидаги гувоҳликлар Ибн Абдулҳодий Солиҳий Ҳанбалийнинг (909/1503) “ат-Тахриж ас-сағир” (898-рақам), Азҳарнинг энг аввалги шайхи Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хороший Моликийнинг (ваф. 1101/1690) “Шарҳи мухтасар Халил” (1/325), Муҳаммад ибн Муҳаммад Дарвеш Ҳут Байрутий Шофеъийнинг (ваф. 1277/1860) “Аснал матолиб фий аҳадис мухталифатил маротиб” (Турли мартабадаги ривоятларни билишда улуғ мақсадларга эришиш) (1387-рақам) асарларида ҳам келтирилган. Нуриддин Ҳалабий (ваф. 1044/1635) ҳам ўзининг “ас-Сийратул ҳалабийя” асарида (1/95) ушбу ҳадиснинг ҳасанлигига қўшилган. Шавконий (ваф. 1250/1834) ҳам ўзининг “ал-Фаваид ал-мажмуъа” асарида ушбу ҳадис ҳақидаги сўзларини ҳадиснинг бошқа гувоҳларини келтириш билан бирга Суютий ва Нававийнинг хулосалари билан якунлаган (- Б. 224).   

Умуман, ушбу ривоятнинг яна бир қатор гувоҳлари бор: “Калом вақтидаги акса рост гувоҳ”. Дейиладики, бу аслида “Дуо вақтидаги акса рост гувоҳ” шаклида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (Кашфул хофа, 1793-рақам). Ёки Байҳақий “Шуъаб ал-иймон”да (8924-рақам) Анас розияллоҳу анҳудан санади билан шундай ривоят қилади: “Дуо вақтидаги акса саодатдандир”. “ал-Жомеъ ас-сағир”да келишича (5695-рақам), “Дуо вақтидаги акса рост гувоҳдир” лафзини Абу Нуъайм “Тиб”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган (“Файзул қодир”, 5695-рақам). 

Абу Нуъайм “Маърифатус саҳоба”да (1116, 6785-рақамлар), Табароний “ал-Кабир”да (22/336) Абу Руҳм Самаъийдан ҳадис сифатида ривоят қилишича: “Дуо вақтида у билан ижобат бўлувчилардан бири аксадир”. Ушбу ривоят эгаси Абу Руҳмнинг саҳобалиги борасида ихтилоф қилинган бўлиб, у жоҳилиятни кўрган ва Шомга тушган ишончли тобеинлардан. Ушбу ривоят ҳақида фикр билдирган қаттиқ олувчи, олдинги икки ривоятни ботил ва мавзуга деб ҳисоблаган “замонавий муҳаддислар” ҳам уни мавзуъга чиқаришмаган ва заиф дейишган. Балки аслида Ҳайсамий (ваф. 807/1404) “Мажмаъ”да (6922-рақам) шундай деган: “Ровийлари сиқа, уларнинг баъзилари ҳақида (ривоятга) зарар бермайдиган сўзлар бор”. Чунки бу ривоят у ҳақда сўз юритилган Атроблусий сабабли заифга чиқарилган ва буни Ибн Мулаққин (ваф. 804/1401) “ат-Тавзиҳ”да (27/620) шундай қайд этган.

Шунингдек, бу тўғрисида Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул”ида яна айрим ҳадис ривоятлари ҳамда саҳоба ва бошқалардан қилинган ривоятларни, жумладан, яна бир санад орқали Абу Руҳмнинг ривоятини ҳам келтиради. Булар саҳиҳ даражасига етган ривоятлар бўлса-да, бир-бирини қувватловчи аҳамиятга эга.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни ҳам ёлғонга чиқарган Албонийга замонавий айрим муаллифлар ҳам раддия беришган. Жумладан, унинг бу борада ваҳмга берилгани, Атроблусий қолиб, Садафий кескин танқид қилинган сўзни олиб уни ботилга чиқаргани, аслида бу Атроблусий эканлиги, ҳадиснинг бошқа йўллари ҳам борлиги шулар жумласидандир. Бу раддияни Ибн Ҳажарнинг “ал-Матолиб ал-олия”сидаги 2595-рақамли ҳадис ҳошиясида батафсил ўқиш мумкин (11/505-508). 

Бу ҳадисни инкор қилувчилар мантиққа таянишгани яна бир ажабланарли жиҳат. Уларга кўра, ҳис-туйғунинг ўзи бу ривоятнинг асли йўқлигига гувоҳлик берар экан, чунки ёлғон сўз ёки ёлғон ҳадиси шариф айтилганда бир киши акса урса, у рост бўлиб қоладими ёки унга рост деб эътиқод қилинадими? Бу аслида жавоб беришга ҳам арзимайдиган “мантиқ”. Аммо ушбу ўринда бунга ҳам аниқлик киритиб кетилиши зарурияти мавжуд. Шариатда рост ва ёлғонни ажратиш ва гувоҳлик масалаларида тегишли оят ва ҳадисларга суянилган ҳолда катта асослар ва қоидалар ўртага қўйилган ва ўрнатилган. Буларнинг ичида акса йўқ ва бўлмайди ҳам! Чунки бу ҳукм олиш даражасидаги қоидалар сирасига кирмайди ва буни тушуниш учун улкан савия ҳам керак эмас. Акса фақат аломат, холос. Аломат бўлганда ҳам тақво ва фаросатга асосланган аломат. Қолаверса, бир вақтда уч марта акса урганда бу шамоллаш белгиси эканлигини айтиш саҳиҳ ҳадислар билан ворид бўлган.

Умуман, бу ҳадис шарҳи борасида Ҳаким Термизий “Наводир”да шундай дейди: “Акса – руҳнинг нафас олиши ва Аллоҳга бўлган соғинчидир. Чунки у малакут оламидандир. Энди у бирон сўз вақтида ҳаракатга келса, ўша сенга унинг рост ва ҳақлидан хабар берувчи гувоҳдир”. Термизийнинг ушбу изоҳини Суютий, Муновий ва бошқалар ҳам келтиришган. Яъни бу ўринда қуруқ мантиқ ва зоҳирий илм эмас, балки ҳикмат ишлатилади. Термизий айнан мана шу жиҳатлар эътибордан четда қолмаслиги учун “Наводир ал-усул” асарини ҳадисларни илм билан бирга ҳикмат билан шарҳлаш услубида битган. 

“Тафсир”ида эса Ҳаким Термизий бу сўзни янада кенгроқ шарҳлайди ва дейдики (- Б. 438), “атса” (акса) ва “сатъа” маънодош. “Сатъа” – бирон нарсанинг тепага кўтарилган ҳолда кетиши. Масалан, тутун ёки ғуборнинг кўтарилиб бориши каби ва бу тор жойдан кенгликка чиқиш ҳамдир. Ана шундай бўлганда “сатоъа” дейилади. Бу сўз ҳам “сатҳ” сўзига боғланиб кетадики, у ҳам бўлса текисликда ёйилиш ва тарқалишдир. Араб тилидаги айн ва ҳо ҳарфлари махражи яқин ҳарфлар. “Атса” вақтида ҳам руҳ “сатъа” бўлиб кўтарилади ва “сатҳ” бўлиб, кенгайиб, ёйилади”.   

Умуман, Ибн Жавзийнинг “Мавзуъот” асари ҳақида дейиладики, унда заиф ёки ҳасан ҳадислар тугул, айрим саҳиҳ ҳадислар ҳам мавзуъга чиқариб юборилган. Бу тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун Суютий “ал-Лаъолий ал-маснуъа фил аҳадис ал-мавзуъа” (Тўқима ҳадислар борасида асл гавҳарларни териш) номли асар ёзган. Унда жумладан, ушбу ҳадис борасида ҳам узун таҳлилларини келтирган (2/242-244). Масалан, унда келтирилишича, ушбу ҳадиснинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган саҳиҳ ривоят орқали ҳам асоси бор, у ҳам бўлса акса Аллоҳдан, эснаш эса шайтондан эканлигидир. Бу мантиқ аслида Ҳаким Термизийга тегишли бўлиб, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятини келтирар экан, унинг изидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ аксани хуш кўриши, эсноқни ёмон кўриши ҳақидаги бошқа бир саҳиҳ ривоятини санади билан келтирган (1061-рақам). Бу ўтмиш олимларимизнинг чуқур фаҳмидан, ривоятлар орасини дироят билан боғлай олиш малакаларининг ниҳоятда чуқурлигидан далолатдир.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Суютий ушбу ҳадисни “ал-Жомеъ ас-сағир” асарида (8632-рақам) “ҳасан”, “Нукат” китобида исноди лайн, яъни юмшоқ дейди (Муновий. Тайсир. 1/160). Таъкидлаш лозимки, ҳадис истилоҳиларида “лайн” (юмшоқлик) атамаси танқиднинг энг енгил тури бўлиб, заифдан бир даража юқори туради, яъни ундан сўнг заиф келади. Демак, бу ўринда Суютийнинг тасарруфи шуни кўрсатадаки, бу ҳадис ё ҳасан ёки заифлик ва ҳасанлик орасидаги мартабада.

Имом Нававийдан: “Кишилар сўзлашаётганда бир инсон акса урса “Бу ушбу сўзнинг тасдиғидир” дейишларининг асли борми йўқми?” деб сўралганида шундай жавоб берган (- Б. 72-73): “Ҳа, бунинг мустаҳкам асли бор (наъам, лаҳу аслун асийлун). Абу Яъло Мусилий ўз “Муснад”ида жаййид ҳасан (яхши ва ҳасан) санад билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан риоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким бир сўзни сўзласаю, унинг ҳузурида акса урилса, ўша ҳақдир”. Бунинг санадидаги барча ровийлар сиқа ва моҳирлардир, улар орасида фақат Бақийя ибн Валид мустасно бўлиб, у ҳақда ихтилоф қилинган. Аксар ҳофизлар ва имомлар унинг шомликлардан қилган ривоятини ҳужжат санашган, у эса ушбу ҳадисни Муъовия ибн Яҳё Шомийдан ривоят қилмоқда”. Шунга ўхшаш савол-жавоб Мисрнинг шофеъий фақиҳи Шиҳобиддин Рамлий (ваф. 957/1550) “Фатово”сида ҳам муаллиф томонидан берилган жавобда қайд этилган (4/212-213).  

Ушбу фикрларни Имом Нававий ўзининг “ал-Азкор” китобида ҳам келтирган бўлиб (792-рақам), уммат ушбу асарни қанчалик қадрлаши илм аҳлига сир эмас.

Яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш лозим. Ҳаким Термизий ўз “Тафсир”ида (- Б. 438-441) ушбу ривоятнинг бошқа санадларини ҳам келтириб ўтади: Буни Муъовия ибн Яҳё орқали Зуҳрийдан, у Абу Саламадан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинганини қайд этган. Ушбу ўринда Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилган шахс Муъовия ибн Яҳё “Садафий”дир, чунки у Зуҳрийдан ривоят қилган. Унинг ровийлик ҳоли Атроблусийдан ёмонроқ бўлса ҳам, айнан Зуҳрийдан қилган ривоятлари борасида Имом Бухорий шундай деган: “У Зуҳрийдан мустақим ҳадисларни ривоят қилган, худди китобдан ривоят қилгандек”. Шунинг учун Имом Термизий ва Ибн Можалар ўз “Сунан”ларида унинг Зуҳрийдан қилган ривоятларини келтиришган. Ушбу ривоятнинг Ҳаким Термизий “Тафсир”ида келганидек  санади  бошқа манбаларда учрамайди. Нима бўлганда ҳам маълум бўладики, ушбу ривоятни Бақийя ибн Валид иккала Муъовиядан ривоят қилгани ҳам эҳтимол қилинади.

Шунинг учун Ибн Арроқ дейди: “Дейманки, бу Нававий тарафидан Муъовия ибн Яҳёни сиқа санашдир ва бу ўзи шундай. Агар у Ибн Жавзий ва ундан олдин Ибн Адий айтгандек Абу Мутийъ бўлса, унинг ҳадисини Насаий ва Ибн Можалар келтиришган ҳамда уни Ибн Маъийн, Абу Ҳотим, Солиҳ Жазара, Абу Али Нишопурийлар сиқа санашган. Агар у Заҳабий гумон қилгандек, Ҳайсамий “ал-Мажмаъ”да очиқ айтгандек Абу Руҳ Садафий бўлса, унда ҳам бу ровийнинг ҳадисини Термизий ва Ибн Можалар келтиришган ва Бухорий уни сиқа санаган. Аллоҳ таоло билувчироқ”.

Маълум бўлмоқдаки, ушбу ҳадис борасида олимлар сўзлари асосан унинг заифлиги ва ундан юқорилиги атрофида айланмоқда. Ҳайсамий, Муновий, Ажлуний ва бошқалар ҳадис заиф эканлигига ишора қилишса, Нававий ва Суютийлар ҳадиснинг мустаҳкам асли борлиги ҳамда унинг санади лаййин (юмшоқ), жаййид (яхши, яроқли) ва ундан ҳам ўтиб ҳасан (яхши) даражасида эканлигини айтганлар.

Бунга ҳадис атрофидаги унинг маъносига далолат қилувчи бошқа ривоятлар мавжудлигини ҳам қўшиш мумкин. Илмнинг энг оддий қоидаларига асосланганимизда ҳам бундай вазиятда кескинлик билан ҳадиснинг ёлғонлиги ёки асли йўқлигига мутлақ ҳолда ҳукм қилиб бўлмайди, демак, бунга амал қиладиганларга ҳам нотўғри иш қилганлик тамғаси қўйилмайди. Яна бунга агар ҳадисни заиф деб эътибор қилганимизда ҳам фазилатли амаллар борасида заиф ҳадисга амал қилишда ҳеч бир ихтилоф йўқлигини қўшсак ва бу ҳадисга амал қилиш халқимизнинг урфига кириб, кенг тарқалган ҳодиса эканлигини эътиборга олсак масала яна ҳам ойдинлашади ва бу борада ихтилоф қилиш умуман кераксиз иш эканлиги қуёшдек маълум бўлади.    

Агар ким ушбу ожизона уринишни ўқиб, унинг асносида акса урган бўлса, иншааллоҳ, бу ушбуларнинг бари ҳаққи ростлигига бир аломат. Акс ҳолда ҳам келтириб ўтганимиздек, бу каби ҳолатлар фазилатли амаллар ҳисобида бўлиб, шариатимизга рост ва ёлғонни ажратадиган тарздаги гувоҳлик ўрнига ўтадиган қилиб киритилмаган. 

Хуллас, тўғри йўлнинг аломатлари сирасига кўпчиликка эргашиш, нодир нарсалардан четланиш ва уларни оммалаштиришдан тийилиш ҳам кириб, бу хислатларга эга бўлиш диндаги саломатликдир.

 

Адабиётлар:

 

Абу Абудуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан Ҳаким Термизий:

  1. Китаб тафсир ал-Қуръон ал-мусамма баҳр ат-тафсир. – Истанбул, 1444/2023. 
  2. Наводир ал-усул фий маърифати аҳадисир-расул. – Байрут, 1431/2010.
  3. Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал. Муснад. – Байрут, 1421/2001. 
  4. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас. Сунан Аби Довуд. – Байрут, 1430/2009.
  5. Абу Яъло Аҳмад ибн Али ибн Мусанна Мусилий. Муснад. – Дамашқ, 1404/1984.

Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад Табароний:

  1. ал-Мўъжам ал-кабир. – Мўсул, 1404/1983.
  2. ал-Мўъжам ал-авсат. – Қоҳира, 1415/1994.
  3. Ибн Абу Ҳотим Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Муҳаммад. ал-Илал. – Риёз, 1427/2006.
  4. Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Адий. Ал-Комил фий зуъафаир-рижал. – Байрут, 1409/1988.
  5. Абу Нуъайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳоний. Маърифатус-саҳоба. – Риёз, 1419/1998.
  6. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий. Шуъаб ал-иймон. – Риёз,  1423/2003.
  7. Жамолиддин Абдураҳмон ибн Али ибн Муҳаммад Жавзий. ал-Мавзуъот. – Мадина, 1386-1388/1966-1968. 

Абу Закариё Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф Нававий:

  1. ал-Азкор. – Байрут, 1414/1994.
  2. Фатово ал-Имом ан-Нававий ал-мусамма бил-масаил ал-мансуро. – Байрут, 1417/1996.
  3. Абулҳажжож Юсуф ибн Закий ибн Абдураҳмон Миззий. Таҳзибул камол фий асмаир-рижал. – Байрут: 1400/1980.
  4. Алоуддин Абу Абдуллоҳ Муғлатой ибн Қулайж ибн Абдуллоҳ Мисрий Ҳанафий. Икмал таҳзибил-камол фий асмаир-рижол. Қоҳира, 1422/2001. 
  5. Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Мезон ал-эътидол фи нақдир рижал. – Байрут, 1382/1963. 
  6. Абу Абдуллоҳ Бадриддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Баҳодир Заркаший. ал-Лаолий ал-мансуро фил аҳадийс ал-машҳуро ал-маъруф би-тазкиро фил аҳадийс ал-машҳуро. – Байрут, 1406/1986. 
  7. Ибн Мулаққин Сирожиддин Абу Ҳафс Амр ибн Али Мисрий. ат-Тавзиҳ ли-шарҳ ал-жамиъ ас-саҳиҳ. – Дамашқ, 1429/2008. 
  8. Абулҳасан Нуриддин Али ибн Абу Бакр Ҳайсамий. Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид. – Қоҳира, 1414/1994. 
  9. Абулаббос Шиҳобиддин Аҳмад ибн Абу Бакр Бусирий. Итҳаф ал-хияро ал-маҳра би-заваидил масанийд ал-ашро. – Риёз, 1420/1999. 
  10. Абулфазл Ибн Ҳажар Асқалоний Аҳмад ибн Али. ал-Матолибул-олия би-заваидил-масанидис-самания. – Саъудия, 1419/1998. 
  11. Шамсиддин Абулхайр Муҳаммад ибн Абдураҳмон Саховий. ал-Мақосид ал-ҳасан фий баяни касирим-минал аҳадийс ал-машҳуро ъалал-алсина. – Байрут, 1405/1985. 902
  12. Жамолиддин Ибн Абдулҳодий Солиҳий Юсуф ибн Ҳасан. ат-Тахриж ас-сағир ват-таҳбир ал-кабир. – Сурия, 1432/2011. 

Абдураҳмон ибн Абу Бакр Жалолиддин Суютий: 

  1. ал-Лаолий ал-маснуъа фил аҳадийсил мавзуъа. – Байрут, 1417/1996.
  2. ад-Дурарул-мунтасаро фил аҳадийсил-машҳуро. – Риёз, 1399/1979.
  3. Жамъ ал-жавомиъ ал-маъруф бил-жамиъил-кабир. – Қоҳира, 1426/2005. 
  4. ал-Жомеъ ас-сағир фий аҳадисил-баширин-назир. – Байрут, 1429/2008. 
  5. Шиҳобиддин Аҳмад ибн Ҳамза Ансорий Рамлий. Фатово Рамлий. Жамаъаҳа ибнуҳу Шамсиддин Муҳаммад ибн Абулаббос. Фатово ар-Рамлий. Ибн Ҳажар Ҳайтамий Маккийнинг “ал-Фатово ал-кубро ал-фиқҳийя” асари ҳошиясида. – Миср, Абдулмажид Аҳмад Ҳанафий матбааси.   
  6. Нуриддин Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдураҳмон ибн Арроқ Киноний. Танзиҳ аш-шарийъа ал-марфуъа ъанил-ахбар аш-шанийъа ал-мавзуъа. – Байрут, 1399/1979.   
  7. Муҳаммад Тоҳир ибн Али Содийқий Ҳиндий Фаттаний. Тазкиротул-мавзуъот. – Миср, 1343/1924. 
  8. Абулҳасан Нуриддин Али ибн Султон Ҳаравий Қорий. ал-Асрор ал-марфуъа фил ахбар ал-мавзуъа ал-маъруф бил-мавзуъот ал-кубро. – Байрут, 1406/1986. 

Зайниддин Абдуррауф ибн Тожулорифин Муновий Қоҳирий: 

  1. Файзул қодир шарҳ ал-жомеъ ас-сағир. – Миср, 1356/1937.
  2. ат-Тайсир би-шарҳил жамиъис-сағир. – Риёз, 1408/1988.
  3. Абулфарож Нуриддин Али ибн Иброҳим ибн Аҳмад Ҳалабий. Сийратул Ҳалабийя. Инсан ал-уюун фий сийротил аминил маъмун. – Байрут, 1427/2006. 
  4. Муҳаммад ибн Муҳаммад Рудоний Мағрибий Моликий. Жамъ ал-фавоид мин жамиъил усул ва мажмаъ аз-завоид. – Қувайт-Байрут, 1418/1998. 
  5. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хароший Моликий. Шарҳ мухтасар Халил. – Миср, 1317/1899. 
  6. Аҳмад ибн Абдулкарим Омирий. ал-Жиддул ҳасис фий баяни маа лайса бил-ҳадис. – Риёз, 1412/1991. 
  7. Абулфидо Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний Димашқий. Кашфул хофа ва музилул албас. – Байрут, 1420/2000. 
  8. Абу Иброҳим Иззиддин Муҳаммад ибн Исмоил Каҳлоний Санъоний. ат-Танвир шарҳ ал-жомеъ ас-сағир. – Риёз, 1432/2011. 
  9. Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Шавконий. Ал-Фаваид ал-мажмуъа фил аҳадийсил мавзуъа. – Байрут, 1416/1995. 
  10. Абу Абдураҳмон Муҳаммад ибн Муҳаммад Дарвиш Ҳут. Аснал матолиб фий аҳадийс мухталифатил маротиб. – Байрут, 1418/1998. 
  11. Башшор Аввод Маъруф, Шуъайб Арнаут. Таҳрир тақриб ат-таҳзиб. – Байрут, 1417/1997.

 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий ХИТМ катта илмий ходими

Izoh qoldirish