26.09.2023

ПАЙҒАМБАРНИНГ ТАВАЛЛУД КУНИНИ НИШОНЛАШНИНГ ЖОИЗЛИГИ ҲАҚИДА

Бемазҳаблар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларида жамланиб, зикр, сийрат, Қуръон тиловати ўқилиши ҳақида ихтилоф қилиб: “Бу ҳақида бирон саҳиҳ ривоят келмаган, агар машруъ амал бўлганида эди, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари жамланишган бўларди?” деб, ёлғон иддао қилмоқдалар.

Аслида саҳиҳ санад билан келган ривоятлар буни аксини кўрсатмоқда. Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобайи киромлар билан бирга жамланганлари, у мажлисда, Аллоҳнинг исми зикр қилингани, Қуръон тиловат қилингани, у зотни уларга Аллоҳ таъоло томонидан элчи қилиб, юборилгани сабаб, саҳобалар Аллоҳга ҳамд-сано айтганлари, натижада бу амаллар сабаб, малоикалар шодлангани ҳақида маълумот берилади.

حَدَّثَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ أَبِي شَيْبَةَ، حَدَّثَنَا مَرْحُومُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ، عَنْ أَبِي نَعَامَةَ السَّعْدِيِّ، عَنْ أَبِي عُثْمَانَ، عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ، قَالَ: خَرَجَ مُعَاوِيَةُ عَلَى حَلْقَةٍ فِي الْمَسْجِدِ، فَقَالَ: مَا أَجْلَسَكُمْ؟ قَالُوا: جَلَسْنَا نَذْكُرُ اللهَ، قَالَ آللَّهِ مَا أَجْلَسَكُمْ إِلَّا ذَاكَ؟ قَالُوا: وَاللهِ مَا أَجْلَسَنَا إِلَّا ذَاكَ، قَالَ: أَمَا إِنِّي لَمْ أَسْتَحْلِفْكُمْ تُهْمَةً لَكُمْ، وَمَا كَانَ أَحَدٌ بِمَنْزِلَتِي مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَقَلَّ عَنْهُ حَدِيثًا مِنِّي، وَإِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَرَجَ عَلَى حَلْقَةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ، فَقَالَ: «مَا أَجْلَسَكُمْ؟» قَالُوا: جَلَسْنَا نَذْكُرُ اللهَ وَنَحْمَدُهُ عَلَى مَا هَدَانَا لِلْإِسْلَامِ، وَمَنَّ بِهِ عَلَيْنَا، قَالَ: «آللَّهِ مَا أَجْلَسَكُمْ إِلَّا ذَاكَ؟» قَالُوا: وَاللهِ مَا أَجْلَسَنَا إِلَّا ذَاكَ، قَالَ: «أَمَا إِنِّي لَمْ أَسْتَحْلِفْكُمْ تُهْمَةً لَكُمْ، وَلَكِنَّهُ أَتَانِي جِبْرِيلُ فَأَخْبَرَنِي، أَنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يُبَاهِي بِكُمُ الْمَلَائِكَةَ»

Абу Саъид Худрий розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Муовия масжиддаги бир ҳалқанинг олдига чиқиб, «Нима қилиб ўтирибсизлар?» деди. «Аллоҳни зикр қилиб ўтирибмиз», дейишди. «Аллоҳ ҳаққи, фақат шунинг учун ўтирибсизларми?» деган эди, «Аллоҳга қасамки, фақат шунингучун ўтирибмиз», дейишди. У шундай деди: «Мен сизлардан гумон қилиб қасам ичтирганим йўқ. - Биласизларки, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга мен каби яқин бўла туриб, менчалик кам ҳадис айтган одам йўқ. - Бир куни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам саҳобаларидан бир ҳалқанинг олдига бориб, «Нима қилиб ўтирибсизлар?» дедилар. «Аллоҳни зикр қилиб, бизни Ислом ҳидояти билан неъматлантиргани учун ҳамд айтиб ўтирибмиз», дейишди. «Аллоҳ ҳаққи, фақат шунинг учун ўтирибсизларми?» дедилар. «Аллоҳга қасамки, фақат шунингучун ўтирибмиз», дейишди. Шунда у зот: «Мен сизлардан гумон қилиб қасам ичтирганим йўқ. Лекин ҳузуримга Жаброил келиб, Аллоҳ азза ва жалла фаришталарга сизлар билан фахрланаётганини айтди», дедилар». [Имом Муслим “Саҳиҳ Муслим”. 48-китоб, 11-боб, 6710-ҳадис.]

Ҳадисни Имом Термизий “Саҳиҳ Термизий” 3379-ҳадисда, Имом Насоий “Сунан Насоий” 5426-ҳадисда, Имом Аҳмад “Муснаду Аҳмад” 16835-ҳадисда ривоят қилишган. Барча ҳадислар ишонарли, саҳиҳ ривоят қилинган.

Имом Насоий “Сунан Насоий” 5426-ҳадисда, Имом Аҳмад “Муснаду Аҳмад” 16835-ҳадисда: “وَمَنَّ عَلَيْنَا بك” (“Сизни бизга юборгани учун ҳамд айтиб ўтирибмиз”, дейишди.) ибораси билан келган.

Уламолар ушбу ҳадисларни далил қилиб Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари мавлидда жамланишни жоиз деб ҳукм қилишган. Қуйида Пайғамбаримизнинг мавлидларига жамланишни рухсат берган олимлар:

Ҳофиз ибн Жавзий, (ваф. 510/1155 )

Ҳофиз Ироқий, (ваф. 806/1403)

Ҳофиз Саховий, (ваф. 902/1496)

Имом ибн Ҳажар Ҳайтамий (ваф.973/1565)

Имом Мулла Али ал-Қорий (ваф.1014/1605)

Имом Абу Шама ал-Мақдисий (ваф. 665/1266)

Имом Ҳофиз Заҳабий (ваф. 748/1347)

Имом Жалолиддин ас-Суютий (ваф.911/1505)

Имом Ал-Муқри ат-Толисмоний (ваф.1040/1630)

Имом Ҳофиз ибн Касир (ваф. 774/1372)

Ибн Носириддин Димашқий (ваф. 842/1438)

Имом ибн Дайба аш-Шайбоний (ваф. 944/1537)

Имом ал-Хатиб аш-Шербиний (ваф. 977/1569)

Имом Ар-Разанжий (ваф.1103/1691)

Имом Ибн Халликон (ваф.1282/1865 )

Ибн Аббод Нафзий ал-Моликий (ваф. 792/1390)

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, “Саҳиҳ ал-Бухорий” нинг шарҳловчиси, (ваф. 852/1448)

Ҳофиз Шиҳоб ал-Қасталоний, (ваф.923/1517)

Шайх ибн Обидин Ҳанафий, (ваф.1252/1836 йил)

Ибн Ҳаж ал-Моликий, (ваф.1336/1917 йил)

Имом Нававий, Риёз ас-Солиҳин муаллифи.

Ибн Таймия ўзининг “Иқтидаъ ас-сиротул-мустақим” китобининг 297-бетида айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таваллудларини нишонлаш жоиз, у зотнинг нурлари пайдо бўлганини нишонлаш эса ман этилган эмас, балки у зотнинг раҳмати ва муҳаббатларига шодлик ифодасидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг тақлид қилиниши лозим бўлган ахлоқи, мўжизалари ва фазилатларини эслаш учун фурсатдир”.

Хулоса ўрнида, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлашни ман қилиш ҳақида бирон уламо сўз юритмаган. Кўриниб турганидек, бу амални жоизлигига, юқоридаги уламолар ҳижрий VI асрдан буён иттифоқ қилишган.

Барчаларимизни ўзи рози бўладиган амалларга мушарраф айласин!

Имом-Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими                                          Худойназаров Фахриддин

Izoh qoldirish